Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиЎзбекистон мева-сабзавотчилигида 2022 йилги Топ-10 асосий воқеликлар (II қисм)
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон мева-сабзавотчилигида 2022 йилги Топ-10 асосий воқеликлар (II қисм)

Ўзбекистон мева-сабзавот бизнесининг асосий воқеликлари ҳақидаги материалнинг  давоми. 

5. 2022 йилнинг «Сабзи пуфаги» ва «Олтин пиёз»и

Агар 2022 йил карамнинг барча асосий турларини етиштирувчи фермерлар учун муваффақиятли кечган бўлса, Ўзбекистон сабзи бозори иштирокчилари учун бу йилги манзара бутунлай бошқача тус олди.

Ўзбекистонлик трейдерлар 2021 йилги кечпишар сабзини сақлашга олиб қўйиб, инқирозга юз тутишди. Улар 2021 йилги сценарий такрорланишига ишонишар эди, зеро, ўшанда бу маҳсулот нархи икки омил уйғунлиги сабаб юқори бўлган: йилнинг биринчи ярмида ташқи бозорларда сабзига юқори талаб ва Ўзбекистонда сабзи ҳосилдорлиги пастлиги.

Бироқ, омад ҳамиша ҳам кулиб боқавермайди, деганларидек, 2021 йилда сабзи бозоридаги маҳсулот етиштирувчилар ва трейдерлар учун шундай муваффақиятли йилдан сўнг 2022 йилда ушбу маҳсулотни етиштириш ҳажми ошиши кутилган эди. Аммо бозор иштирокчилари ўзларига савол бериб кўришлари керак эди — «2022 йил баҳорида ҳам сабзига нисбатан худди шундай ажиотаж талаб бўлиши эҳтимоли қанчалик юқори?».

Кутилганидек, 2021 йилнинг июль ойида октябрь ва ноябрда йиғиб олинадиган кечпишар сабзи экиладиган майдонлар тахминан икки баробар кўпайтирилди. Ушбу сабзининг ҳосилдорлиги ўтган йиллардагидан унчалик фарқ қилмагани боис, 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ҳам сабзи ҳосили ҳажми икки баробарга ошди. Бинобарин, бу кейинги ойларда бозорда сабзи бўйича таклиф сезиларли даражада ошишига олиб келди. Бироқ, шу билан бирга, 2022 йилнинг январь ойи ўрталаридан февраль ойи ўрталарига қадар сабзининг улгуржи нархлари тез суръатлар билан ўсиб борди, бу эса тушунмовчиликка сабаб бўлди — бозорда таклиф сезиларли даражада ошиши, аҳолининг реал талаби ҳажми ўзгаришсиз қолиши ва экспорт бу вақтда иқтисодий мазмунга эга бўлмаган шароитларда нархлар ўсди. Бунинг изоҳи шундай: трейдерлар 2021 йилги сценарий такрорланишига ишонган ҳолда экспорт эҳтиёжлари учун катта ҳажмда сабзи харид қилишди ва уни сақлаш учун олиб қўйишди. 2022 йилнинг февраль ойи ўрталарида EastFruit таҳлилчилари 2021 йил сценарийси такрорланиши мумкинми ёки йўқлигини батафсил таҳлил қилиб, Ўзбекистон бозорида эҳтимоли ошиб бораётган «сабзи пуфаги» ҳақида огоҳлантиришди.

Беш ой ўтгач, трейдерлар катта йўқотишларга дуч келиб, омборлардан сабзи захираларини харид нархидан 5-10 баробар арзонга сота бошлади…

EastFruit мутахассислари доимий равишда ва кўп йиллардан буён айтишмоқда: «Сабзавот ва меваларни сақлаш алоҳида бизнес эмас, балки мева-сабзавот етиштириш ҳамда уни сотиш бўйича тизимли бизнеснинг бир қисмидир. Мен бу иборани 2000 йилларнинг ўрталаридан бери такрорлаб келаман ва умид қиламанки, сабзи билан боғлиқ вазиятдан сўнг Ўзбекистонда кўпчилик бу нечоғли ҳақиқат эканини тушуниб етади», дейди ФАОнинг инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак. Унинг ушбу мавзу бўйича блогини бу ерда ўқишингиз мумкин.

EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, 2021 йилнинг иккинчи ярмида карам (унинг барча асосий турлари) ва сабзи экинлари майдонлари кенгайиши худди шу даврда ҳосили келгуси йил баҳорида йиғиб олинадиган пиёз майдонларининг қисқаришига олиб келди.

Ва табиийки, 2022 йил баҳорида Ўзбекистонда пиёз етиштириш ҳажми ўтган йилларга нисбатан паст бўлди. Ўзбекистон ички бозорида пиёз бўйича таклиф қисқариши фонида ташқи бозорларда ушбу маҳсулотга бўлган талаб олдиндан прогноз қилиб бўлмайдиган омиллар туфайли ошди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг йирик пиёз экспортёри ҳисобланади.

Биринчидан, 2022 йил баҳорида Россиянинг жанговар ҳаракатлари туфайли Украинанинг жанубий вилоятларида сабзавот етиштириш имконсиз эканлиги мазкур мамлакатда пиёз етиштириш 1 миллион тоннадан икки баробар камайишига, Украинанинг эса экспортёрдан импортёр мамлакатга айланишига олиб келди.

Бундан ташқари, Россия ўз валютасини сунъий равишда мустаҳкамлади, бу эса рублда ҳақ тўланганда Россия бозорига етказиб беришни иқтисодий нуқтаи назардан жуда жозибадор кўрсатади.

Иккинчидан, Европада пиёз тақчиллиги вужудга келди, бу 2022 йил ёзида Европа Иттифоқининг кўплаб мамлакатларидаги қурғоқчилик ва аномал иссиқ об-ҳаво туфайлидир.

Пиёз нархи минтақанинг барча мамлакатларида  ошди. Ўзбекистонда пиёзнинг улгуржи нархи август ойи ўрталаригача – баҳорда экилган пиёз ҳосилининг йиғим-терими бошлангунига қадар рекорд даражада юқори бўлди.

2022 йилнинг август ойи ўрталаридан бошлаб, Ўзбекистонда пиёзнинг улгуржи нархлари сезиларли даражада пасайди, бироқ ўтган йилги даражадан қарийб 2 баробар юқорилигича қолди. Шу билан бирга, худди шу ойдан бошлаб, Покистон 2022 йилда ҳалокатли тус олган сув тошқинлари оқибатида маҳаллий ҳосилнинг катта қисми нобуд бўлиши сабабли Ўзбекистондан пиёз импорт қила бошлади.  Кейинги ойларда ҳам Покистонга ўзбек пиёзи экспорти давом этиб, етказиб бериш ҳажми янада ошди.

Якунланаётган йилда пиёз экспорти мавсуми апрель ойининг биринчи ўн кунлигида бошланди ва 2022 йилнинг апрель ойи бошидан 20 декабргача Ўзбекистон 192,2 минг тонна пиёз экспорт қилди. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 фоизга кўпдир.

Юқоридаги графикдан кўриниб турибдики, ўтган бир ой давомида – 2022 йилнинг 25 ноябридан 23 декабрига қадар Ўзбекистонда пиёзнинг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 3000 сўмдан 4500 сўмгача, яъни, бир ярим баробар ошди. 2022 йилнинг 23 декабрь ҳолатига кўра, пиёзнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасидан 2,8 баробар юқоридир.

Шундай қилиб, 2022 йилда сабзи «олтин шоҳсупа»ни пиёзга бўшатиб берди.

Якунланган йил нафақат пиёз бозори иштирокчилари, балки порей пиёзини етиштирувчилар учун ҳам муваффақиятли бўлди. 2022 йилнинг 11 ойи давомида ушбу маҳсулот экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 3 баробар ошди ва 2019 йилги аввалги рекордни янгилади. 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон жами 15 минг тонна ва умумий қиймати 5,8 миллион долларлик порей пиёзини экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний жиҳатдан 2,9 баробар ва 2019 йилнинг аввалги рекорд кўрсаткичидан 2,3 баробар кўпдир. Бу ҳақида «2022 йилда Ўзбекистондан порей пиёзи экспорти қарийб 3 баробар ошди» деб номланган мақолада ўқинг.

6. 2022 йилда истеъмол картошкаси импорти илк бор камаяди ва банан импортининг ўсиш суръати пасаймоқда

Картошка сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон мева-сабзавот секторининг асосий импорт позициясига айланди. 2016 йилгача картошка импортининг йиллик ҳажми йилига 50 минг тоннадан ошмаган бўлса, 2017 йилда бу маҳсулот импорти 194 минг тоннани ташкил этган эди.  Шунга кўра, 2017 йилдан 2021 йилгача импорт ҳажми 2,8 баробар ошди.

Бироқ, EastFruit таҳлилчиларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил якунига кўра, Ўзбекистонга истеъмол картошкаси импорти ҳажми 510-520 минг тонна оралиғида бўлади ва бу 2021 йилги рекорд кўрсаткич билан таққосланганда 5-7 фоизга камаяди. Бошқача айтганда, 2022 йилда Ўзбекистонга истеъмол картошкаси импорти ҳажми 2018 йилдан бери илк бор камайиши мумкин.

*2022 йил учун маълумотлар — EastFruit таҳлилчиларининг прогнози асосида

Ўтган йилги рекорд даража билан солиштирганда прогноз қилинаётган пасайишга қарамай, ушбу маҳсулот импорти ҳажмининг мутлақ қиймати юқорилигича қолмоқда ва Ўзбекистон жаҳондаги энг йирик картошка импорт қилувчи мамлакатлар рейтингида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди.

Ўзбекистон мева-сабзавот сегментида кейинги йирик импорт маҳсулоти банан бўлиб, мамлакатда унинг истеъмол даражаси кетма-кет иккинчи йил ўсиб бормоқда. Бироқ, 2022 йилда банан импортининг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан пасаяди.

EastFruit таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 якунига кўра, Ўзбекистонга банан импорти ҳажми тахминан 140-145 минг тоннани ташкил этади, бу ўтган йилга нисбатан 57%-62% ўсишни англатади.

2021 йилда банан импорти ҳажми 2020 йилга нисбатан 2,4 баробар, 2019 йилга нисбатан эса 2 баробардан зиёд ошгани ҳисобга олинса, жорий йилда ўсиш суръати сезиларли даражада секинлашади.

*2022 йил учун маълумотлар — EastFruit таҳлилчиларининг прогнози асосида

EastFruit таҳлилчилари фикрига кўра, Ўзбекистонда банан импорт ҳажми ўсиши суръатининг пасайишининг асосий сабаби, ушбу турдаги меванинг нархи кўтарилганидир. Бу ҳақида биз 2022 йилнинг декабрь ойи бошида “Ўзбекистонда банан нархи ўсиши уни истеъмол қилиш суръатини пасайтириши мумкин» деб номланган мақолада ёзганмиз.

Ўсиш суръатлари пасайиши 2022 йилнинг октябрь-декабрь ойларида импорт ҳажми камайиши билан боғлиқ бўлиб, худди шу даврда бананнинг ўртача улгуржи нархлари ўтган йилги кўрсаткичдан ошиб кетган ва жорий улгуржи нархлар билан ўтган йилги даражалар ўртасидаги тафовут кенгая бошлаган.

EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, 2022 йилнинг октябрь-декабрь ойларида банан импорти ҳажми 35-40 минг тоннани ташкил этади, ўтган йилнинг шу даврида Ўзбекистон ушбу маҳсулотни 41,4 минг тонна ҳажмда импорт қилган эди. Яъни, бу даврда ўсиш ўрнига импортнинг ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан бироз қисқариши кутилмоқда.

7. Лимон инқирози яқинми?

Сўнгги бир неча йил ичида қўшни Тожикистонда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам лимон етиштириш фаол ривожланмоқда. 2020 йилнинг 1 март санасидан бошлаб, Ўзбекистонда лимон етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар жорий этилган. Хусусан, янги лимон плантацияларини барпо этиш ва кўчатлар сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар субсидия сифатида қопланади, шунингдек, лимон мевалари экспорти билан боғлиқ транспорт харажатлари (темир йўл ва ҳаво транспорти)нинг 25 фоизи қопланади. Бундан ташқари, лимончилик тармоғидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 100 миллион доллар ажратиш режалаштирилган эди.

Кейинчалик, 2020 йилда коронавирус пандемияси авжида лимонга нисбатан талаб ўсиши ҳам ушбу сегмент ривожига туртки бўлди.

Бироқ, Ўзбекистонда лимон саноатидаги ҳозирги вазият, агар бу содир бўлиб улгурмаган бўлса,  ортиқча маҳсулот етиштириш ҳолатига яқин.

EastFruit мутахассислари 2022 йилнинг декабрь ойида эълон қилинган материалда Ўзбекистон ва қўшни Тожикистон лимончилик тармоғидаги мавжуд вазиятни батафсил баён қилган, уни бу ерда ўқиш мумкин.

Қисқача хулоса шуки, Ўзбекистонда лимон етиштириш ҳажми ошиб бормоқда, аммо экспорт ҳажми ўсмаяпти. Янги лимонарийларни барпо этиш жараёни шундай суръатда давом этса, лимон нархи пасайишда давом этиши мумкин. Табиийки, лимон етиштирувчилар янги нарх реалликларига тайёргарлик кўришлари керак, чунки Ўзбекистонда етиштириладиган лимон тури ва ушбу мевани етиштириш усули жаҳон бозорида рақобатбардош эмас.

8. Ўзбекистонда ер ости сувлари муҳофазаси кучайтирилади

2022 йилда EastFruit мутахассислари Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар ва плантацияларни суғориш учун артезиан сувининг “олтин захираси”дан оммавий фойдаланишнинг салбий оқибатлари масаласига бир неча бор эътибор қаратган, ва бу ўз навбатида жиддий хавотирлар ўйғотади. Чунки оқибат ичимлик суви тақчиллигига олиб келиши мумкин. Бу йил матбуотда мамлакатнинг етти ҳудудида ер ости сувлари даражаси 5 метрга камайгани ҳақидаги хабар пайдо бўлди, бу ҳам хавотирли тенденция ва мева-сабзавотчилик саноатига таҳдид соладиган вазиятдан даракдир. Бу яқин йилларда Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштиришнинг ўсиш суръатлари пасайиши ёки ҳатто камайишига олиб келиши мумкин.

Бу йил мамлакат ҳукумати мазкур муаммога жиддий ёндашиб, 2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон ҳукумати ер ости сувлари муҳофазасига қаратилган чора-тадбирларни эълон қилди, хусусан:

  • ер ости сувининг сатҳи 5 метрдан зиёд пасайган ҳудудларда қудуқлар бурғилаш ва ер ости сувларидан фойдаланишга мораторий жорий қилинади;
  • ер ости сувларидан фойдаланувчиларга 2024 йил 1 январга қадар ўз тасарруфидаги иншоотларни сув ҳисоблагич билан жиҳозлаш мажбурияти қўйилади;
  • 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар бир қудуққа алоҳида эмас, балки қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш йўлга қўйилади, сатҳи пасайиб кетаётган ер ости суви конларини тубдан қайта баҳолаш бўйича геология-қидирув ишлари амалга оширилади;
  • ер ости сувларининг ҳолатини кузатиб бориш, хавфли геологик жараёнлардан муҳофаза қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Давлат геологик мониторинг хизмати ташкил этилади.

Эҳтимол, кейинги қадам фойдаланувчилар учун сув нархи орқали Ўзбекистон сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш бўлиши мумкин, дейди EastFruit экспертлари.

Агар бундай қарор қабул қилинса, у ўзини оқлайди ва ҳатто мамлакат боғдорчилигига фойда келтириши ҳам мумкин: «Сув учун мақбул тўловлар жорий этиш ва ундан фойдаланиш  харажатларини ошириш Ўзбекистон фермерларини маҳсулот сифатига кўпроқ эътибор қаратишга ундайди. Чунки бундай харажатлар ошиши ҳар гектардан олинадиган даромадни ошириш заруратини келтириб чиқаради», дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак. Экспертнинг фикр мулоҳазаларини ушбу материалимизда ўқинг.

9. Янги транспорт коридорлари ишга тушди

Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари оқибатида Евроосиёда ўзгарган геосиёсий вазият Марказий Осиё мамлакатлари учун халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификациялашни ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айлантирди. Ўзбекистон Жаҳон океанига чиқиш учун камида икки давлат ҳудудини кесиб ўтиши керак бўлган жаҳондаги икки мамлакатдан бири бўлиб, қолган барча қўшни давлатлар ҳам очиқ денгиз портларига чиқиш имконига эга эмас. Бундан ташқари, Европа мамлакатларига товар етказиб беришнинг муқобил йўналишларини ишлаб чиқишнинг ҳам аҳамияти ошди.

2022 йилда Ўзбекистон бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини, яъни, Европа давлатлари бозорлари, Эрон ва Покистон денгиз портларига янги йўналишларни ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирди.

Биринчи натижалар узоқ куттирмади.

Икки томонлама музокаралар натижасида 2022 йилнинг июнь ойи бошида Туркманистон Ўзбекистондан Эронга ва аксинча йўналишда транзит юк ташувига рухсат берди ва албатта, ушбу мамлакат ҳудуди орқали юклар транзити бўйича қатор талаблар белгиланган.

Орадан бир неча ой ўтиб, 2022 йилнинг ноябрь ойида Туркманистон халқаро юк ташуви учун очилган назорат-ўтказиш пунктлари рўйхатини кенгайтирди.  Эндиликда Ўзбекистон юк машиналари Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасида учта, Туркманистон ва Эрон чегарасида эса камида иккита назорат-ўтказиш пунктидан ўтиши мумкин.  Шунингдек, ушбу чегара пунктлари рўйхатида Каспий денгизидаги «Туркманбоши халқаро денгиз пункти» ҳам ўрин олган бўлиб, у, ўз навбатида, Ўзбекистондан Озарбайжонга, кейин эса Грузияга ва аксинча йўналишда мазкур транспорт коридори бўйлаб — энг қисқа йўналиш билан юкларни етказиб бериш имконини яратади.

2022 йилнинг декабрь ойи бошида EastFruit Туркиядан Ўзбекистонга ва аксинча йўналишда янги темир йўл йўналиши очилиши ҳақида ёзган эди. 2022 йилнинг 3 декабрь куни «Туркия-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон» йўналиши бўйича 40 вагондан иборат биринчи юк поезди Ўзбекистон пойтахтидаги Марказий темир йўл вокзалига етиб келди. Ушбу йўналиш бўйлаб қўшимча 250 та вагондан фойдаланиш режалаштирилган. Мазкур янги темир йўл йўналишининг ишга туширилиши 2022 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида эришилган янги транспорт транзит йўлакларини яратиш ва ривожлантириш бўйича келишувларнинг амалга оширилиши натижасидир.

2022 йилнинг 16 декабрь куни Ўзбекистондан Болгариянинг Бургас портига Транскаспий транспорт йўлаги бўйлаб «Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Болгария/Европа» йўналиши бўйича (4000 км.дан ортиқ масофа) 46 вагондан иборат биринчи контейнерли блок-поезд жўнаб кетди. Ушбу поезд Туркманистон, Озарбайжон ва Грузиядаги хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ), аслида, 2017 йилда иш бошлаган Хитойдан Европага товар етказиб бериш учун Россиянинг Транссиб транспорт йўналишига  муқобилдир. У Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи акваторийси, Озарбайжон, Грузия ва ундан кейин Туркия ҳамда Европа давлатларидан ўтади.  Юк ташишда темир йўл ва денгиз транспорти (Каспий денгизи акваторийси)дан фойдаланилади.

Ўзбекистондан Туркманистоннинг Каспий денгизидаги денгиз портларига темир йўл йўналиши очилиши туфайли Ўзбекистон ТХТЙга шундай қўшиладики, Ўзбекистондан Озарбайжонга, кейин эса Грузияга энг қисқа йўналиш таъминланади. EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистон мева-сабзавотларини Европа мамлакатлари бозорларига етказиб беришда муваффақиятли фойдаланиш мумкин бўлган ушбу йўналишнинг улкан салоҳиятини қайд этишмоқда.

10. Ритейл бозоридаги хорижий иштирокчиларнинг экспансиясида аралаш манзара

Агар 2021 йил хорижий супермаркетлар тармоғининг Ўзбекистон бозорига фаол экспансияси билан ёдда қолган бўлса, жорий йил бу борада турлича манзара кузатилди. Бир томондан, 2022 йил давомида биз Россиянинг «Доброцен» дискаунтерлар тармоғи дўконлари ёпилганига ва Қозоғистоннинг Маgnum Cash&Carry тармоғининг амалга ошмаган экспансиясига гувоҳ бўлдик. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўтган йилнинг сўнгги ойида Ўзбекистон бозорига кирган эди. Бошқа томондан, 2022 йилда Ўзбекистон бозорига 2021 йилнинг сўнгги кунларида кирган француз «bi1» тармоғи фаол ривожланган бўлса, 2022 йилнинг декабрь ойида Россиянинг «Светофор» дискаунтери Ўзбекистонда тўртта дўкон очишини эълон қилди.

Россиянинг «Доброцен» дискаунтерлар тармоғи Ўзбекистон бозорига 2021 йилнинг декабрь ойида кириб келди ва шу ойнинг ўзида Бухоро, Тошкент, Қарши ва Марғилон шаҳарларида тўртта дўкон очди. 2022 йилнинг январь ойида тармоқ Қарши шаҳрида яна бир дўкон фаолиятини йўлга қўйди. Тахминан уч ой ишлагандан сўнг 2022 йилнинг апрель ойи бошида «Доброцен» тармоғи тўсатдан Ўзбекистондаги барча бешта дўконнинг вақтинча ёпилиши, товарлар тугатилиши ва ярим нархда сотилиши ҳақида эълон қилди.

Қозоғистоннинг Маgnum Cаsh&Cаrry тармоғи ҳам 2021 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон ритейл  бозорига кириб, мамлакат пойтахтида бирданига иккита гипермаркет очди. Шу билан бирга, компания Ўзбекистон чакана савдо бозорида ривожланишининг биринчи йилида қарийб 20 миллион доллар сармоя киритиш ва 2022 йилда ушбу мамлакатда яна иккита гипермаркет ва бир нечта супермаркет очишни режалаштираётгани маълум қилинди.

Бироқ Қозоғистон ритейлери 2022 йилнинг январь ойи воқеалари маҳали Қозоғистоннинг бир неча шаҳарларидаги тартибсизликлар вақтида талончиларнинг ҳаракатларидан катта зарар кўрди. Ўшанда Қозоғистондаги энг йирик  чакана-савдо тармоғи талончилар ҳаракатларидан кўрилган зарарни 11 миллиард тенге (25,3 миллион доллар) деб баҳолаган эди. «Атамекен» Миллий тадбиркорлар палатаси маълумотларига кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар чоғида мамлакатнинг 9 вилоятидаги бир ярим мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти талончилар ҳаракатидан жабр кўрган, уларга етказилган зарарнинг умумий миқдори 221 миллион долларга баҳоланган. Энг кўп зарар кўрган тармоқлар савдо, умумий овқатланиш, логистика ва молия секторидир.

25 миллион долларлик зарар ҳолати ушбу ритейлернинг Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш бўйича бевосита режаларига жиддий салбий таъсир кўрсатган кўринади. Ва бу ҳолат компанияни Ўзбекистон бозоридаги экспансияси бўйича режаларни кечиктиришга мажбур қилган бўлиши мумкин.

Бошқа томондан, 2021 йилнинг сўнгги кунларида Ўзбекистон бозорига кирган француз «bi1» тармоғи 2022 йил давомида фаол ривожланди. Ритейлер Тошкент шаҳрида ўзининг биринчи дўконини 2021 йил 30 декабрда очди ва бир ҳафта ичида мазкур шаҳарда яна иккита супермаркет фаолиятини йўлга қўйди. 2022 йилнинг 20 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда «bi1» тармоғига қарашли 23 та дўкон мавжуд бўлиб, уларнинг бари Тошкент шаҳрида жойлашган.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг октябрь ойида компания Ўзбекистон бозоридаги экспансияси бўйича улкан режасини эълон қилди. Компания вакилининг сўзларига кўра, ритейлернинг ушбу бозордаги стратегик мақсади Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги дўконлар сонини 250 тага етказишдан иборат.

2021 йилнинг октябрь ойида EastFruit Россиянинг «Светофор» дискаунтерлар тармоғи Ўзбекистон ритейл бозорига кириш учун фаол фаолият бошлаганини ёзган эди. Мазкур компания Ўзбекистон бозорига кириши ҳақида расмий баёнот бермаган бўлса-да, «Светофор» Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида ишчилар қидира бошлади.

Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 2022 йилнинг декабрь ойида «Светофор» тармоғининг  Ўзбекистон пойтахтида иккита, Фарғона ва Андижон шаҳарларида яна иккита дўкон очиш режалари ҳақида расман эълон қилинди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин