Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонлик трейдерлар баҳорда Россия бозорида сабзи нархи уч баробар ошишига умид қилиб, беҳуда пул тикишмоқда
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонлик трейдерлар баҳорда Россия бозорида сабзи нархи уч баробар ошишига умид қилиб, беҳуда пул тикишмоқда

Ўзбекистон сабзи бозоридаги вазият кўпчилик учун тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Ўзингиз баҳо беринг, ҳозирги кунда сабзи нархи ўтган йилга нисбатан деярли уч баробар ва йилнинг шу даври учун одатдагидан олти баробар юқори! Бироқ, шундай баланд даражага қарамай, нархлар келгусида ҳам кўтарилиш тенденциясига эга.

EastFruit таҳлилчилари бундай ноодатий вазиятнинг сабабларини аниқлашга ҳаракат қилишди.  Балки Ўзбекистонда сабзи етиштириш камайгандир? Бироқ, аслида бунинг тескариси. Балки, яна Россия сабабдир, зеро, 2021 йил ёзида Ўзбекистон сабзисининг Россияга экспорти кескин кўтарилди. Йўқ, бундай деб ҳам бўлмайди, ҳозир Ўзбекистонда сабзининг улгуржи нархи Россиядагидан ҳам баланд, шунинг учун уни Россияга экспорт қилишда маъно йўқ. Хўш, унда Ўзбекистон учун муҳим сабзавот тури бўлмиш ушбу маҳсулот нархи юқори эканининг сабаби нимада?

Даставвал Ўзбекистонда сабзи етиштириш ҳажмини кўриб чиқамиз. EastFruitнинг ўзбек жамоаси фермерлардан 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида йиғиб олинадиган сабзи ҳосили ва 2022 йилнинг март ойида йиғиб олинадиган сабзи ҳосили истиқболлари ҳақида сўради.

Ижтимоий тармоқларда ушбу сабзавотнинг рекорд нархлари ҳақида кўплаб мемлар тарқалган баҳор-ёз даврида Россияга юқори нархлар ва рекорд даражадаги экспорт ўзбек фермерларини сабзи экиладиган майдонларни кескин оширишга ундади.  Фермерларнинг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг июлида октябрь ва ноябрь ойларида йиғиб олинадиган кечпишар сабзининг экин майдонлари камида икки баробар кўпайтирилди. Бу сабзининг ҳосилдорлиги ўтган йиллардагидан унчалик фарқ қилмагани боис, табиийки, 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ҳосил ҳажми икки баробардан зиёд ошди.

Бироқ, Россия ва Беларусдаги нархларнинг юқори даражасига қарамай, (уларни ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак, чунки, ҳозир ушбу икки мамлакатда минтақадаги барча мамлакатлар орасида сабзининг энг юқори нархлари қайд этилмоқда), 2021 йилнинг октябрь-декабрь ойларида Россия бозорига сабзи экспорти фақат 9 фоизга ўсди. Бундан ташқари, биринчи графикда кўриб турганингиздек, Ўзбекистонда сабзи нархи ҳозир Россиядагидан ҳам юқори. Шунинг учун экспортнинг сезиларли таъсири аталмиш омил ўз-ўзидан йўққа чиқади.

Табиийки, суҳбатлашилган фермерларнинг фикрига кўра, ҳозир Ўзбекистонда сабзи кўп, экспортнинг иқтисодий маъноси йўқ ва ушбу ҳажмлар бозорга катта босим ўтказиши, нархлар тушиши керак.  Аммо улар ўсиб бормоқда!  Бундан ташқари, биз биламизки, бир ойдан камроқ вақт ичида, яъни март ойида қишки сабзи йиғим-терим бошланади. Бу ерда ҳам фермерлар  майдоннинг икки баробар оширилиши ҳақида гапиришяпти.

Мазкур ҳолатнинг биргина изоҳи бор ва буни биз суҳбатлашган Ўзбекистон сабзавот бозори вакиллари ҳам тасдиқлайди – трейдерларнинг 2021 йил сценарийси такрорланишига ишончи комил. Ва шуни айтиш жоизки, бу жуда дадил тахмин.

Трейдерлар нимани кутмоқда?

Улар Россия бозорида сабзи нархи камида уч баробар ошиб, ўтган йилгидек ҳар бир килограмм учун 90 АҚШ центига етишини кутишмоқда. Акс ҳолда, ҳозир Ўзбекистонда катта ҳажмда сабзи сақлашнинг иқтисодий маъноси йўқ.

Қизиғи шундаки, фермерларнинг тасдиғига қараганда, трейдерлар ҳозир ҳам сабзини катта ҳажмда сотиб олиб, сақлашмоқда. Яъни, Ўзбекистонда сабзи савдоси анча фаол, лекин сақлаш учун катта ҳажмлар олиб қўйилаётгани – трейдерларнинг сабзини экспорт эҳтиёжлари учун сотиб олишаётгани ҳақидаги фикрни яна бир бор тасдиқлайди.

Ўзбекистоннинг жанубий вилоятидагилар кечпишар сабзи ҳосилининг бир қисмини ерда  қолдириб, уни йиғиб олишга шошилишмаяпти. Агар  қаттиқ совуқ бўлмаса, бу сабзини сақлашнинг арзон ва сифатли усули.  Шунингдек, бозор иштирокчилари сабзавот омборларида сабзи жуда кўп эканини тасдиқлашмоқда ва уларнинг баъзилари айтишмоқдаки, «омборлар  2021 йилги кечпишар сабзи ҳосилига тўла».

Айниқса, эртаги сабзи ҳосили икки баробар ошиши мумкинлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистоннинг ички бозори бундай ҳажмдаги сабзини ўзлаштира оладими-йўқми, деган савол туғилади. Жавоб эса аниқ – албатта йўқ. Зеро, трейдерлар нархлар ошишини кутишмоқда ва Ўзбекистонда сабзи нархи, одатда, Россия бозорида кўтарилсагина кескин қимматлайди.

Россияда яқин ойларда  сабзи нархи уч баробар ошиши мумкинми?

Аслида, кетма-кет икки йил давомида бу ҳолат ҳеч  содир бўлмади, аммо бу мумкин эмас дегани ҳам эмас. Ўтган йили Россияда сабзи етиштириш учун об-ҳаво шароити мақбул бўлмагани ва ушбу сабзавот ҳосилдорлиги пасайгани мазкур сценарийни қўллаб-қувватлаши мумкин. Аммо ўтган йили сабзи экиладиган майдонлар кенгайди, шунинг учун уни етиштириш ҳажми ҳам кўпайди.

Шунингдек, Россиядаги сўнгги сабзи мавсуми бир қанча ноодатий хусусиятлари билан фарқ қилди, уларнинг такрорланиши Ўзбекистон трейдерларининг 2022 йилнинг март-июнь ойларида ушбу сабзавотни Россияга экспорт қилишдан юқори даромад олиш орзуси рўёбга чиқиши учун зарурий шарт бўлади.

2021 йилги совуқ баҳор Россияда маҳаллий эртаги сабзавот ҳосилини йиғиб олиш бошланишини кечиктирди ва шунга ўхшаш вазият Россия Федерациясига қўшни мамлакатларда ҳам кузатилди. Иккинчидан, кучли ёмғир мавсуми эртаги лавлаги ва сабзи ҳосилини йиғиб олишга тўсқинлик қилди. Учинчидан, қўшни мамлакатларда ҳам ўтган йилги сабзавот захиралари тез якунига етди. Натижада, бозор талабини қондириш учун ҳеч нима қолмади ва нархлар кескин кўтарилди.

Бу 2022 йилда яна такрорланиши мумкинми?  Мазкур эҳтимолни истисно қилиб бўлмайди, аммо, воқеаларнинг бундай ривожи эҳтимоли жуда паст.

Бироқ, 2021 йил баҳорини 2022 йил баҳоридан сезиларли даражада ажратиб турадиган яна бир муҳим жиҳат бор. Ва у Россия билан эмас, балки, Ўзбекистон билан боғлиқ. Ўтган йили баҳорда Ўзбекистоннинг сабзи захираси эртаги сабзи ҳосили ҳисобга олинганда 2022 йилга нисбатан бир неча баробар кам эди.

Россияда сабзи нархи кўтарила бошлаган тақдирда ҳам, Ўзбекистон фермерлари ва экспортёрлари нархни тезда пасайтириб, уни катта ҳажмда экспорт қила бошлашади.

Шу боис, Ўзбекистон сабзи бозоридаги воқеалар ривожига оид прогнозимиз у қадар тасалли бера олмайди: агар бозор иштирокчиларидан олинган маълумотлар реал вазиятни англатадиган бўлса, ўзбекистонлик сабзавот трейдерларининг аксарияти катта зарар кўриши мумкин, чунки, сабзи нархининг Ўзбекистонда баҳор фаслида, яъни, март ойидаёқ пасайиши эҳтимоли юқори. Бу вақтда омборлардаги кузги сабзи сифати тез ёмонлаша бошлайди ва зарарга кирмаслик учун уни сотишга шошилиш керак бўлади.

Шу билан бирга, бозорда  эртаги қишки сабзининг янги ҳосили пайдо бўлади, у ҳам нархларга босим ўтказади, жанубий ҳудулардаги фермерлар эса куздан қолган сабзини қазий бошлайдилар, у ҳам сотувга чиқарилади. Ана шу пайтдаёқ, воситачилар ва улгуржи савдогарлар учун 2021 йил сценарийси амалга ошмаслиги аён бўлади, демак, захираларни арзон нархда сотиш  бошланади. Ахир, улар ҳозир жуда баланд.

Шунга ўхшаш ҳолатлар аксарият мамлакатларда кўп бор содир бўлган. Бундан бир неча йил аввал Тожикистонда кўплаб трейдерлар катта зарар кўрган эди. Ўрта ҳисобда, ҳар уч-тўрт йилда бир бор баҳорда сабзавот ва картошка нархининг кескин пасайиши ҳолати (ҳатто кузги нархларга нисбатан ҳам) Украинада ҳам содир бўлади.

Такрор айтамиз, бу бозор ва об-ҳаво омиллари ўзгартириши мумкин бўлган эҳтимолий сценарий.  Бироқ, аниқ айтиш мумкинки, бугунги кунда баҳор ойларида қайта сотиш мақсадида жорий юқори нархларда ва катта ҳажмда сабзи сотиб олиб уни сабзавот омборларида сақлаш – юқори даражада рискли операциядир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Қувайт компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда

EastFruit

Куз фаслида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади

EastFruit

Покистон ва Афғонистон Ўзбекистон мева-сабзавотлари импорти бўйича етакчи бўлди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин