Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистондан Транскаспий йўналиши орқали Европага илк бор юк жўнатилди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистондан Транскаспий йўналиши орқали Европага илк бор юк жўнатилди

2022 йилнинг 16 декабрь куни Ўзбекистондан Болгариянинг Бургас портига «Ўрта транспорт йўлаги» бўйлаб биринчи контейнерли блок поезд жўнаб кетди, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари.

«Ушбу юк поезди мис концентратидан иборат 46 та вагон ва 91 дона 20-футлик контейнердан ташкил топган. Контейнер поезди «Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Болгария/ Европа» йўналиши бўйлаб 4000 км дан ортиқ масофани босиб ўтади.

Ушбу поезд хорижий ҳамкорлар – Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия ёрдамида амалга оширилди»,  дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг тегишли хабарида.

«Ўрта йўлак» ёки Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) деб ҳам аталадиган транспорт йўлаги, аслида, Хитойдан Европага юкларни етказиб бериш учун 2017 йилда фаолият бошлаган Россия Транссиб темир йўлига муқобилдир. У Хитой, Қозоғистон орқали Каспий денгизи акваторияси, Озарбайжон, Грузия ва ундан кейин Туркия ҳамда Европа мамлакатларига ўтади. Юк ташишда темир йўл ва денгиз транспорти (Каспий денгизи акваторияси бўйлаб) жалб қилинган.

Ўзбекистондан Туркманистоннинг Каспий денгизидаги денгиз портларига темир йўл йўналиши очилиши туфайли Ўзбекистон ҳам ТХТЙга қўшилди, бу Ўзбекистондан Озарбайжонга, сўнг Грузияга энг қисқа йўналишни таъминлайди. EastFruit таҳлилчилари ушбу йўналишнинг улкан салоҳиятини қайд этишмоқда, ундан Ўзбекистон мева- сабзавотларини Европа бозорларига етказиб беришда ҳам муваффақиятли фойдаланиш мумкин.

ТХТЙ 8 мамлакат — Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Хитой, Польша, Руминия, Украина ва Туркиянинг 20 дан ортиқ магистрал инфратузилма эгалари ва ташувчиларини бирлаштиради. 2021 йилнинг ёзида Ўзбекистон ҳам лойиҳа иштирокчиларига ассоциатив аъзо сифатида қўшилиш қарорини эълон қилган эди. Ассоциациянинг бош қароргоҳи Остона шаҳрида жойлашган.

2022 йилнинг январь-апрель ойларида ТХТЙ йўналиши бўйича юк ташиш ҳажми 733 минг тоннани ёки 5 минг вагон ва 10 минг ЙФЭ контейнери (йигирма футли эквивалент)ни ташкил этди. Прогнозларга кўра, 2022 йилда ушбу йўналиш бўйича ташув ҳажми олти баробарга, яъни 3,2 миллион тоннагача ошади.

Эслатиб ўтамиз, EastFruit 2022 йилнинг декабрь ойи бошида Туркиядан Ўзбекистонга (ва аксинча йўналишда) янги темир йўл йўналиши очилиши ҳақида ёзган эди. 2022 йилнинг 3 декабрь куни «Туркия-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон» йўналиши бўйича биринчи юк поезди Тошкент Марказий темир йўл вокзалига етиб келди. Қайд этилганидек, узунлиги 4500 км.лик ушбу янги йўналиш катта ривожланиш салоҳиятига эга бўлиб, Ўзбекистон юкларини халқаро миқёсда ташишда қўшимча йўналиш вазифасини ўтайди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин