Бош саҳифаЯнгиликларПокистон Ўзбекистондан пиёз импортини оширди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Покистон Ўзбекистондан пиёз импортини оширди

Жорий йилнинг август ойидан бошлаб, Покистон 2022 йилда ҳалокатли сув тошқинлари оқибатида маҳаллий экинлар нобуд бўлиши сабабли, Ўзбекистондан пиёз импорт қила бошлади. Бироқ октябрь ойининг дастлабки йигирма кунлигида Ўзбекистондан Покистонга пиёз жўнатиш ҳажми август ва сентябрь ойларига нисбатан бир неча баробар ошди. Бунинг асосий омилларидан бири Ўзбекистон ички бозорида ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари пасайиши ҳисобланади, дея қайд этмоқда EastFruit экспертлари.

Тошқинлар билан бирга кечадиган Муссон ёмғирлари Жанубий Осиё мамлакатларида ҳар йили такрорланадиган табиий ҳодисадир. Бироқ, 2022 йилда ушбу табиат ҳодисаси ҳалокатли даражага етиб, Покистоннинг барча ҳудудларига таъсир қилди. Бу ерда Муссон мавсуми июнь ойининг иккинчи ярмидан сентябргача давом этади. Аммо 2022 йилнинг ўзига хос хусусияти Покистонда июнь ойи ўрталаридан бошлаб ёға бошлаган кучли ёмғирдир. Улардан мамлакатнинг ғарбий ва жанубий вилоятлари энг кўп зарар кўрди, зеро, ушбу ҳудудларда сўнгги 30 йилдаги ўртача ёғингарчиликдан қарийб 400% (беш баробар) кўпроқ ёмғир ёғиши кузатилди.

Тошқинлар Покистон иқтисодиётига катта зарар етказди, мамлакат қишлоқ хўжалиги ҳам жиддий зиён кўрди, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари кўплаб турдаги экинлар ҳосили бой берилиши оқибатида катта йўқотишларни бошдан кечирди. Шу боис, Покистон асосий озиқ-овқат турларини, жумладан, мамлакатда истиқомат қилувчи халқларнинг анъанавий ошхонасида муҳим ўрин эгаллаган сабзавотлардан бири — пиёзни фаол равишда импорт қила бошлади.

2022 йил январь ойининг бошидан июль ойи охирига қадар Ўзбекистондан Покистонга пиёз экспорти деярли амалга оширилмаган. Аммо фалокатли табиий ҳодиса савдонинг одатий вазиятини ўзгартирди ва шу йил август ойидан бошлаб, Покистон ушбу маҳсулотни Ўзбекистондан импорт қила бошлади.

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг август ойи бошидан октябрь ойининг 20-санасига қадар Ўзбекистондан Покистонга пиёз экспорти:

Августда: 2,3 минг тонна,

Сентябрда: 2,9 минг тонна

Октябрда (1 дан 20 санага қадар): 9,7 минг тонна ҳажмда амалга оширилган.

Маълумотлардан кўриниб турибдики, 2022 йил октябрь ойининг дастлабки йигирма кунлигида Ўзбекистондан Покистонга пиёз жўнатиш ҳажми август ва сентябрь ойларидаги ҳажмга нисбатан камида 3,3 баробар ва мазкур икки ойда жўнатилган умумий ҳажмга нисбатан 1,8 баробар кўп бўлди.

Ўзбекистондан Покистонга пиёзи экспортининг бундай кескин ошишига асосий омиллардан бири 2022 йил октябрь ойининг биринчи ярмида Ўзбекистон ички бозорида ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари сезиларли даражада пасайганлигидир. EastFruitнинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2022 йил 7 октябрдан 14 октябрга қадар Ўзбекистонда пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 33 фоизга – 1 кг учун 3000 сўмдан 2000 сўмга пасайган.  Бироқ экспортёрларнинг фаол талаби бир ҳафтадан сўнг нархларни яна кўтарди – 2022 йилнинг 14 октябридан 21 октябрига қадар пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 2000 дан 2500 сўмгача, яъни, 25% га ошди. Бироқ, жорий ўртача улгуржи нарх сентябрь ойидаги ўртача нархдан 17% ва 2022 йил август ойидаги ўртача қийматдан деярли 40% паст.

Шуни қайд этиш жоизки, Покистон сўнгги уч ойда Ўзбекистон пиёзининг асосий харидори бўлиб, унинг Ўзбекистондан ушбу маҳсулот умумий экспортидаги улуши: август ойида – 70 фоизни, сентябрда – 79 фоизни, октябрь ойининг дастлабки икки ўн кунлигида — 92%ни ташкил этди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистондаги корхонада брокколи карамидан пюре ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

EastFruit

Хитойда қулупнайга талаб ортиши туфайли ушбу турдаги резаворни етиштириш ҳажми ортмоқда

EastFruit

Андижонда тўрт қаватли бино томида иссиқхона барпо этилди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин