Бош саҳифаЯнгиликларАuchan Ўзбекистонга «Би1» мини-формати орқали кирмоқда, EastFruit эса тармоқнинг дўконлари сифатини баҳолади (фото)
Долзарб Махсус Фотосуратлар тўплами Янгиликлар

Аuchan Ўзбекистонга «Би1» мини-формати орқали кирмоқда, EastFruit эса тармоқнинг дўконлари сифатини баҳолади (фото)

EastFruit экспертлари бир неча бор таъкидлаганидек, Ўзбекистон халқаро супермаркетлар тармоқлари учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айланган. 2021 йилнинг сўнгги кунларида мамлакатда фаолият бошлаган хорижий ритейлерлар рўйхати яна бир янги тармоқ – Франциянинг «Би1» озиқ-овқат дўконлари тармоғи билан бойиди. Кенг оммага кам танилган «Би1» бренди ортида, аслида, жаҳондаги энг йирик ритейлерлардан бири –  Ашан (Аuchan) турибди. У Европадаги бешта энг йирик ритейлердан бири саналади.

Бир ҳафта ичида – 2021 йилнинг 30 декабридан 2022 йилнинг 5 январига қадар «Би1» тармоғи Ўзбекистонда учта дўкон очди. EastFruit мутахассислари Ўзбекистондаги супермаркетлар тармоғининг мева-сабзавот бўлимлари бўйича ўтказиладиган аудитларда тармоқ нечоғли юқори позицияда бўлиши мумкинлигини баҳолаш учун ушбу дўконларга ташриф буюриб, мева-сабзавот маҳсулотларининг жойлашуви, сифати ва ассортиментини ўрганишга қарор қилишди.

«Би1» дўконларининг Тошкентдаги жойлашуви жуда яхши. Бу кичик форматдаги дўконлар бўлиб, HAVAS тармоғи билан тахминан бир хил майдонга эга. Дўконнинг барча параметрлари «уйга яқин» форматига мос келади.

«Би1» тармоғи дўконларидаги мева-сабзавот бўлими кираверишда жойлашмаган, озиқ-овқат чакана савдосига замонавий ёндашувлар ҳисобга олинса, бу салбий ҳолатдир. Бироқ, Тожикистонда анчадан бери фаолият юритаётган худди шу тармоқ мазкур мамлакатда, умуман, мева-сабзавот маҳсулотларини сотмай қўйди. Ваҳоланки, «Би1» дўконлари Тожикистонда эндигина очилган пайтда мева-сабзавот бўлими мавжуд эди.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон: мева-сабзавотчиликда 2021 йилги Топ-10 асосий воқеликлар

Тошкентдаги “Би1”нинг сархил сабзавот ва мевалар бўлими маҳсулот сифати, ассортименти ва қулайлиги бўйича шундай форматда ишлайдиган рақобатчиларга қараганда яхшироқ кўринади. Умуман олганда, биз ташриф буюрган ҳар бир дўконда сархил сабзавотларнинг 45 дан 53 тагача позицияси бор эди. Бу эса Тошкент шаҳридаги дискаунтер ва “уйга яқин” форматидаги дўконлар ассортиментининг юқори чегараси ҳисобланади. Дарвоқе, Тошкент супермаркетларининг 2021 йил ноябрь ойида ўтказилган аудити натижалари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Биз кейинги аудит пайтида сабзавот ва меваларнинг чакана нархлари даражасини ишончли таққослай оламиз. Бироқ, бугунги кунда улар жуда рақобатбардош кўринади – шунга ўхшаш форматдаги бошқа рақобатчилар билан тахминан бир хил даражада. Дарвоқе, дўконлардан бирининг ходими шаҳарда «Би1» савдо белгиси остида олтита маркет очилганини айтди, ваҳоланки, бизда бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.

«Би1» тармоғи Ўзбекистон, шунингдек, Тожикистонда Schiеver компаниялар гуруҳи томонидан бошқарилади. Schiеver турли мамлакатлардаги 5 та савдо тармоғини бошқаради: «Би1″, Аuchan/ Ашан, АТАC, Маximarché ва Proximarché. Ушбу чакана савдо тармоқларининг аксарият дўконлари Францияда жойлашган. Хорижда» Би1″ Польша, Тожикистон ва Россияда мавжуд. Ушбу тармоқнинг турли форматдаги дўконлари умумий сони ҳозирги кунда 160 тадан ошади ва бу рақам фаол ўсишда давом этмоқда.

2021 йилнинг декабрида EastFruit йилнинг сўнгги ойи Ўзбекистон бозорига янги тармоқлар кириб келиши билан қизғин бўлганини ёзган эди. Қозоғистондан Маgnum, Россиядан Доброцен ва Франциядан «Би1» – бу хорижий тармоқларнинг бари Ўзбекистон бозорига 2021 йилнинг декабрь ойида кириб келди. Шу тариқа, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган мева-сабзавот савдоси билан шуғулланувчи озиқ-овқат тармоқларининг умумий сони 12 тага етди. Уларнинг ярми хорижий инвестициялар иштирокидаги тармоқлардир!

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил бошида Маkro супермаркетлар тармоғи менежери Роман Сайфулин EastFruit нашрига берган эксклюзив интервьюсида тармоқ Аuchanнинг Ўзбекистон озиқ-овқат чакана савдо бозорига кириши бўйича музокаралар олиб бораётганини айтган эди.

«Би1» тармоғининг биринчи дўкони қўшни Тожикистонда 2018 йилнинг август ойида мамлакат пойтахти – Душанбеда очилган бўлиб, у ерда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлар ҳамда Россиядан импорт қилинган 5 мингдан ортиқ асосий товарлар намойиш этилган.

Қуйида «Би1» тармоғи дўконларидан олинган фотосуратларни тақдим этамиз.

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2026 йилга қадар 36 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилади, фермерларга эса имтиёзлар берилади

EastFruit

Қувайт компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда

EastFruit

Куз фаслида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин