Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон узум навларининг рейтинги – тармоқ учун берилган баҳо
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистон узум навларининг рейтинги – тармоқ учун берилган баҳо

Узум савдо ҳажмлари бўйича энг кўп истеъмол қилинадиган мевалар орасида дунёда банандан кейин иккинчи ўринни эгаллайди, жаҳон миқёсида узумлар савдоси эса ҳар йили 3,6% ёки 336 миллион долларга ошиб, мунтазам ўсишда давом этмоқда.

Бироқ, бундай муваффақиятли ўсишда дунёдаги энг йирик узум етиштирувчи ва ҳозирча экспортчилардан бири бўлган Ўзбекистон учун жой йўқ. Ахир, барча узум етиштирувчи мамлакатлар экспорт ҳажмини кўпайтираётган бир пайтда, Ўзбекистонда бу кўрсаткич қисқаришда давом этмоқда. Боз устига, нафақат янги узилган узум, балки ҳатто қуритилган узум (майиз) экспорти ҳажми ҳам камаймоқда.

Бунинг сабаблари нимада? Нима учун Ўзбекистон мева-сабзавот сегментидаги энг муҳим ва анъанавий экспорт маҳсулотларидан бирида ўз бозорларини йўқотмоқда?

Ушбу саволга жавоб бериш учун EastFruit экспертлари етакчи экспортчи мамлакатларнинг ривожланиш тенденцияларини Ўзбекистондаги ҳолат билан таққосладилар.

Дастлаб биз энг кенг тарқалган навлар ва асосий йўналишларни аниқлаш мақсадида Ўзбекистондаги узум саноатининг етакчи мутахассислари ўртасида сўров ўтказдик. Сўровдан олдин ушбу соҳанинг анъанавий, эскирган навларга асосланганлиги аён бўлса-да, бу ҳолатни ўзгартиришга уринишнинг ўзи йўқлигини билиш ҳайратланарли эди.

Респондентлар билан мулоқот давомида чет эл навларига бўлган қизиқиш жуда озлиги маълум бўлди, жаҳон бозоридаги тенденцияларни тушунишга интилиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Соҳа мутахассисларининг бутун эътибори маҳаллий навларни яхшилашга қаратилган. Тўғри, Ўзбекистонда маҳаллий истеъмолчиларга ёқадиган ажойиб маҳаллий навлар мавжуд, бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Зотан, бу чет мамлакатларнинг селекциясига боғланиб қолишни камайтиради ва узумзорлар барпо этишга сарфланадиган маблағ нархини кескин пасайтиради.

Ягона муаммо шундаки, ҳаттоки Ўзбекистон узум саноатининг мутахассислари орасида ҳам истеъмолчиларнинг талаби ўзгариб бораётганини тушуниб етганлар камдан-кам. Россия сингари Ўзбекистон узумининг анъанавий бозорида ҳам ёш авлод мутлақо бошқа навларни афзал кўрмоқда. Соҳани ривожлантириш ва узум экспортини кўпайтириш ҳақида сўз борар экан, у ҳолда фақат Россияга етказиб бериш билан чекланиб қолмаслик лозим, аммо дунёнинг бошқа жойларидаги истеъмолчиларга номаълум ва эскирган навлар билан буни уддалаш мумкинми?

Келинг, респондентларимиз томонидан энг кўп тилга олинган Ўзбекистонда етиштириладиган хўраки узум навларини кўриб чиқамиз.

Кўриб турганидек, энг оммабоп навлар мамлакатда кенг тарқалган нав сифатида барча респондентлар томонидан эсга олинган данаксиз “Қора кишмиш” ва “Оқ ҳусайни” навлари ҳисобланади. Аммо бизнинг рейтингимизда 2-ўринни (“Келинбармоқ”) ва 3-ўринни (“Кетмонсопи”) эгаллаган навлари ҳам, аслида, Ҳусайнининг бир тури ёки дурагайи ҳисобланади. Бу нав жуда қадимги бўлганлиги сабаб унинг турлари кўп.

“Ҳусайни” – Ўзбекистонда азалдан етиштириладиган энг кенг тарқалган нав. У мураккаб қаровни (ишловни) талаб этмайди, яхши ва узоқ вақт сақланиши мумкин. Шу боисдан у ҳамон машҳур. Худди шу сабабидан Ўзбекистонда эски “Тойфи” нави ҳам жуда кўп экилади. Бироқ ҳозир у “модадан чиқиб кетмоқда”, чунки миришкорларнинг айтишича, барча навлар орасида энг арзон сотиладиган узум ҳам айнан шу.

“Қора кишмиш”нинг кенг тарқалганлигига сабаб бу уруғсиз навнинг универсаллиги: янги узилган меваларнинг ички бозорида ҳам, экспорт бозорларида ҳам унга талаб доим яхши бўлади, қолаверса, ундан ички ва ташқи бозорларда кўп сотиладиган қора майиз ҳам тайёрланади.

Агар навларни данакли ва данаксизларга ажратадиган бўлсак, бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, тахминан 71 фоизи данакли узум навларига тўғри келади. Узумнинг уруғсиз навлари эса Ўзбекистонда озчиликни ташкил қилади.

Экспертлар сўрови асосида EastFruit томонидан тузилган хўраки узум навлари рейтинги қизиқ кўриниш ҳосил қилди. Графикнинг чап томонида Ўзбекистонда майдони кенгайиб бораётган, ўнг томонида эса майдони камайиб бораётган навлар кўрсатилган.

Қизиғи шундаки, “Ҳусайни” навининг “Келинбармоқ” деб аталадиган, яъни шакли чўзинчоқ, пўсти юпқа бир тури Ўзбекистонда тобора кўпроқ экилмоқда. Эслатиб ўтамиз, бу данакли узумдир. Аммо майдони қисқараётган навлар орасида анъанавий “Ҳусайни” биринчи ўринни эгаллади.

Иккинчи ўринда Ўзбекистонда етиштирилган уруғсиз “Сўғдиёна” (“Победа”, “Қора кишмиш”) нави эканлиги қувонарли. Бу чиндан ҳам ажойиб нав ҳисобланиб, оддий “Қора кишмиш”га қараганда каттароқ бўлади (дарвоқе, экиладиган майдонлар кенгайиши суръати бўйича учинчи ўринни банд этган). Бундан ташқари, у янги мевалар бозори учун ҳам, майиз тайёрлаш учун ҳам тўғри келади. Ундан тайёрланадиган майиз ҳам катта ўлчамда бўлганлиги сабаб, ушбу нав юқори нархларда сотилади. Бу маҳсулот сотилмай қолиши хавфини камайтиради, чунки узумни янгилигида сота олмаганлар кейинроқ қуритиб, майизини бозорга олиб чиқиши мумкин.

Учинчи ўринни халқ тилида “Мерcедес” деб ном берилган уруғли узум нави эгаллади. Илк бор у Тожикистонда етиштирилган, дейишади. Шунинг учун ушбу навнинг “Тожикистон” деган номи ҳам бор. Бироқ, бу узум Ўзбекистонда “Мерседес” номи билан кўпроқ танилган. “Мерседес” нави ўзининг чиройли кўриниши, катта-катта мевалари туфайли эътибор қозонган. Қолаверса, кейинги пайтларда миришкорлар ундан уруғларни сиқиб чиқариб, майиз тайёрлашни ҳам бошладилар. Йирик ва гўштдор майиз тайёрланганлиги сабабли, улар қиммат сотилади ва бу уруғни ажратиб олиш учун кетадиган меҳнат харажатларини катта эҳтимол билан қоплайдиган кўринади.

“Ризамат F1” нави экиладиган майдонлар ҳам худди шундай  кўпайиб бормоқда. Афсуски, бу ҳам данакли узум навидир. Фермерларнинг айтишича, “Ризамат” янги мевалар бозорида яхши даромад келтиради, августдан октябрга қадар юқори нархда яхши сотилади. Сақлаш учун қулай эмаслиги унинг камчилигидир, яъни қиш даврида уни сотишнинг ҳозирча имкони бўлмаяпти.

Аммо, агар АҚШ ва Чили бозорларига назар ташлайдиган бўлсак, етакчилик қилаётган барча навлар уруғсиз узум навлари: Scarlet Royal, Autumn King, Flame Seedless, Pristine ва бошқалардир. Тўғри, бу ерларда ҳам уруғли навлар етиштирилади, аммо уларнинг нархи анча паст, шунинг учун барча узум экспорт қилувчи мамлакатларнинг миришкорлари данакли навларни йилдан йилга мунтазам  қисқартиришмоқда. Ҳатто сўровномада иштирок этган ўзбекистонлик деҳқонлар томонидан қизиқарли ва истиқболли деб баҳоланган, баъзи ҳолларда Ўзбекистонга лицензиясиз олиб келиниб, етиштириладиган, уруғсиз навлар, масалан “Томсон Сидлес” ҳам ҳозир тезда урфдан қолмоқда.

Дунёда йирик мевали ва уруғсиз хўраки узум навларига қизиқиш тобора ортиб бормоқда, Ўзбекистонда эса бундай узум навлари йўқ ҳисоби. Бундан ташқари, маҳаллий узум навларининг бир боши ўртача ёки камида 1 кг келади, айни дамда вазни 0,3 – 0,5 кг ни ташкил этадиган кичикроқ бошли узумлар жаҳон бозорида оммабоп бўлиб, улар истеъмолчи учун анча қулайдир. Бошқача қилиб айтганда, ўзбек узумининг бир боши жаҳон бозори мезонларига кўра жуда катта. Айрим боғбонлар узум пишиб етилаётган пайтда тупни парвариш қилиш ва унга ишлов бериш техникаси ёрдамида кичик бошли маҳаллий узум ҳам олиш мумкин, дейишига қарамай, ҳеч ким бу йўналишга эътибор қаратмаяпти.

Деярли барча респондентларимиз келажакда уруғсиз навлар кўпайиши, чунки унга талаб ортиши ва, аксинча, данакли узумга талаб пасайиши тўғрисидаги фикрга қўшилдилар. Фермерлардан бири ҳаттоки Ҳиндистонда бўлганида 10 кун давомида бирор жойда ҳам данакли узум нави учратмаганини таъкидлади.

Нега Ўзбекистон глобал жараёнлардан четда қолмоқда ва уларга қўшилишга шошилмаяпти? Бу саволга берилган жавоблар орасида энг кенг тарқалганлари – чет элдан узум кўчатларини расмий равишда олиб кириш деярли имконсиз, ўсимликлар карантини бўйича узоқ муддатли (тахминан олти ой) тартиб-таомиллардан ўтиш керак, ҳозиргача ҳеч ким бу билан шуғулланишни истамайди, чет элдан узумнинг турли хил касалликларини олиб келиш билан боғлиқ жиддий хавф мавжуд ва бу мамлакат бўйлаб тез тарқалиб кетиши ҳамда бутун узумчилик тармоғига таҳдид солади.

Бундан ташқари, глобал бозор тенденциялари ҳақидаги билимлардаги бўшлиқ ҳам катта таъсирга эга. Деҳқонлар, шунингдек, ўзбекистонлик аксарият олимлар ва маслаҳатчилар учун нашр қилинган кўплаб илмий ишларда анъанавий навларни қандай етиштириш ҳақида сўз боради. Уларнинг афзалликлари ва камчиликлари муҳокама қилинади. Гўёки узумнинг бошқа навлари мавжуд эмасдек таассурот уйғонади. Ва агар кимдир уларга қизиқиш билдирса ҳам, бу навларни импорт қилиш имконияти ҳам, уларни маҳаллий шароитда қандай етиштириш ҳақида маълумот ҳам йўқ, кўчатларнинг қимматлиги, демак, муваффақиятга учраш хавфи жуда катта эканлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Давлат фермер ва деҳқонларга узумчилик учун ер ажратиб бермоқда, аммо барча тавсиялар маҳаллий ўзбек навларига тегишли бўлганлиги боис, ўша навлар экилади.

Хўш, ўзбекистонлик экспортчилар бутун дунёни “Келинбармоқ”, “Мерседес” ва бошқа навларини истеъмол қилишга кўндира оладими ёки охир-оқибат жаҳон бозорида талабгир, бошқа мамлакатларда кенг тарқалган замонавий навларни ўстиришга киришадиларми? Балки Ўзбекистон шунчаки ички бозор ва қуритилган узум ишлаб чиқаришга эътиборни қаратиши керакдир? Ахир янги пишган узумдан кўра майизни экспорт қилиш осонроқ-ку?

Биз бу саволга аниқ жавоб бера олмаймиз, лекин фикримизча, янги пишган узум навларини етиштириш ва сақлашга ёндашувларни такомиллаштирмай туриб, уларни Россия ва Қозоғистон бозорларига етказиб бериш Ўзбекистон учун йилдан-йилга қийинлашиб бораверади. Шунинг учун жаҳоннинг илғор тажрибасини янада фаол ўрганиш ва жаҳон бозорида талабгир ҳамда номи чиққан навларни Ўзбекистоннинг узумчилик учун жуда қулай муҳитида етиштиришга уриниб кўриш керак бўлади.

БМТ Озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) инвестициялар департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмакнинг сўзларига кўра, истеъмолчиларнинг кейинги авлоди нафақат узумдаги таъм ва қулайлик сифатларини, балки уни етиштириш ва етказиб бериш билан боғлиқ бутун тизимининг экологик тоза ва барқарорлигини ҳам қадрлай бошлайди. “Келгуси йилларда тобора кўпроқ нуфузга эга бўладиган истеъмолчиларнинг янги авлоди йирик мевали, уруғсиз, органик равишда ўстирилган, атроф муҳитга зарар етказилмаган ҳолда сақланган, қадоқланган ва биологик парчаланадиган қадоқларда етказиб бериладиган узумни афзал кўришади. Улар ҳатто овозли ёрдамчидан фойдаланган ҳолда, телефонсиз ҳам Интернетда онлайн буюртма беришади. Биламан, бу ақл бовар қилмайдиган бўлиб туюлиши мумкин, айниқса, Ўзбекистон шароитида. Аммо бунга тайёр бўлган маъқул, чунки узумчилик кўп йиллар давом этадиган бизнесдир. Бир неча йил олдин ким ўйларди Ўзбекистонда мева-сабзавотларни онлайн етказиб бериш шу қадар шиддат билан ривожланиб кетади деб? Бироқ бу ҳозир кўз ўнгимизда рўй бермоқда!”, деб ўз фикрини изоҳлади Андрей Ярмак.

Айтганча, Ўзбекистонда қуёшли кунларнинг кўплиги ва об-ҳаво шароитини инобатга олсак, бошқа мамлакатларда етиштириладиган замонавий ҳамда жаҳон бозорида талабгир узум навлари янада мазали бўлиб чиқиши аниқ. Шунингдек, EastFruit мутахассисларининг фикрига кўра, Ўзбекистон ўзининг географик афзалликларидан тўлиқ фойдаланмаяпти – ахир бу ерда, жанубий минтақаларда узумнинг эртапишар навларини дунёнинг бошқа мамлакатларидан аввалроқ етиштириш ва жуда юқори нархларда экспортга чиқариш мумкин. Бунинг учун узумни ёпиқ шароитда етиштириш бўйича тажриба қилиб кўрса бўлади. Қолаверса, дунёнинг кўплаб машҳур узум навлари баҳоргача бекаму-кўст сақланиши мумкин, сақлаш технологиялари эса анча олдин ишлаб чиқилган ва маълум. Бу нафақат ўзбек узумлари экспортидаги пасайиш тенденциясини ижобий томонга буриб юбориш, балки мамлакат ички бозорини йил давомида арзон ва фойдали маҳсулот билан тўлдиришга ҳам имкон яратади. Ахир, қанчалар таажжубли эшитилмасин, Ўзбекистонда мева-сабзавотлар, ҳатто узумнинг чакана нархи минтақанинг бошқа мамлакатларига нисбатан юқори бўлиб турибди.
Шунга кўра, Ўзбекистонда узумчиликни янада ривожлантириш учун ҳам мамлакат ҳукумати, ҳам соҳа вакилларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари талаб этилади. Қарашларни ўзгартириш зарурати узоқ вақтдан бери пишиб етилган ва бу ўзгаришни жаҳон узум бозорини ўрганишдан бошлаш керак.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

2020/2021-мавсум: жаҳон бўйича хўраки узум етиштириш 24 миллион тоннадан ошди

EastFruit

2021 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон мева-сабзавот экспортини қисқартирди

EastFruit

Янги Зеландия селекционерлари голубиканинг 11 та янги навини тақдим этди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин