Бош саҳифаЯнгиликларТурк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

Туркияда амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ғалаба қозонган президентлик сайловлари якунланганидан сўнг бутунлай тасодифан (эҳтимол) турк валютаси яна бир бор қулади. Бу эса EastFruit таҳлилчилари фикрига кўра, бутун минтақа — Марказий Осиё, Кавказ мамлакатлари, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва ҳатто Европа Иттифоқининг мева-сабзавот савдосига катта таъсир кўрсатади.

Сайловлар якунланганидан бери турк лирасининг АҚШ долларига нисбатан қиймати 14 фоизга пасайиб улгурган ва валюта қийматининг пасайиш тенденцияси сақланиб қолмоқда. Қизиғи шундаки, роппа-роса икки йил аввал бир доллар 8,67 турк лирасига тенг бўлган бўлса, бугун у аллақачон 23,37 лирага чиққан. Шундай қилиб, икки йил ичида турк валютаси 2,7 баробар арзонлашди.

Маълумки, миллий валютанинг қадрсизланиши ҳар доим экспортни рағбатлантиришга ёрдам беради ва импорт имкониятларини кескин чеклайди. 2023 йилнинг дастлабки 4 ойида Туркиядан мева-сабзавот экспорти 10 фоизга ошди ва бу валюта курси барқарор даражада турган бир пайтда содир бўлди. Унинг девальвациясидан сўнг сархил мева-сабзавотлар, шунингдек, Туркиянинг қуритилган мевалари ва ёнғоқлари экспорти ҳажми ўсишининг янги босқичини кутиш мумкин.

Қайд этиш жоизки, Туркия минтақада сархил мева-сабзавот экспорти бўйича биринчи ўринда туради ва унинг бундан йиллик даромади йилига 6 миллиард доллардан ошади. Европада фақат Нидерландия Туркиядан кўпроқ экспорт қилади.  Яқин Шарқда Туркиянинг энг яқин рақобатчиси сифатида ундан деярли икки баробар кам маҳсулот экспорт қиладиган Марокашни кўриш мумкин.  Шунингдек, Туркиядан мева-сабзавот экспорти ҳажми Миср экспортидан икки баробар кўп. Шу боис, минтақамизда сабзавот, мева ва ёнғоқ савдосига Туркиянинг таъсири, шубҳасиз, катта.

2022 йилда Туркия мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти ҳажми бироз қисқарди, аммо, бу биринчи навбатда, Туркиянинг асосий мева-сабзавот экспорти — фундукнинг паст рентабеллиги ва Украина ҳамда Россияда турк сабзавот ва меваларига талаб даражаси пасайиши билан боғлиқ. Бошқа позицияларнинг аксариятида Туркия барибир экспорт ҳажми ўсишини кўрсатди. Навбатдаги девальвациядан сўнг Туркиядан минтақамиз мамлакатларига экспорти кескин ошиши мумкин бўлган асосий позициялар иссиқхона помидори ва бодринги, гилос, ўрик, шафтоли, олхўри, қуритилган мевалар, биринчи навбатда, қуритилган ўрик ва тарвуздир. Ҳозирча Туркияда пиёз ва картошка экспорти таъқиқланган, бироқ, яқин кунларда бу бекор қилинса, ушбу турдаги маҳсулотлар ҳам фаол экспорт қилинади.

Туркияда девальвацияга ҳамроҳлик қиладиган масала — мева-сабзавот сектори муаммолари ҳақида гапирмасак бўлмайди. Бу импорт қилинадиган уруғлик, ўғитлар, ўсимликларни ҳимоялаш воситалари, техника ва жиҳозлар нархини автоматик равишда оширади (гарчи уларнинг катта қисми мазкур мамлакатда ишлаб чиқарилса-да). Бу етиштирилган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари пасайишига олиб келиши мумкин, аммо меваларнинг янги ҳосилини йиғиб олиш бошланишида Туркия олма, лимон, мандарин, фундук, бодом, авокадо ва бошқа мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кўпайтиришга интилади. Туркияда етиштирилган бананларнинг биринчи йирик экспортини ҳам кўришимиз мумкин, чунки Туркияда банан етиштириш даражаси ортмоқда.

Албатта, девальвация маҳаллий истеъмолчилар учун ёмон янгилик. Зеро, турк истеъмолчилари учун озиқ-овқат ва бошқа товарлар нархи ошади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Ўзбекистондан тарвуз экспорти рекорд ҳажмлар билан бошланди!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин