Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиМуаллифлик блоглариМева-сабзавот бозори (улгуржи бозор, омборхона, тақсимлаш маркази кабилар) инфратузилмасини режалаштиришдаги 10 хато
Долзарб Махсус Муаллифлик блоглари

Мева-сабзавот бозори (улгуржи бозор, омборхона, тақсимлаш маркази кабилар) инфратузилмасини режалаштиришдаги 10 хато

Улгуржи бозор ва тарқатиш марказларини қуришда ёки улар қандай номланишидан қатъий назар, ҳеч бир ягона ақида мавжуд эмас. Бозор – бу шиддатли жараён ва унда ҳамма нарса бот-бот ўзгариб туради, шунинг учун бу масалага доим очиқ кўз билан қарашимиз керак.

Aниқроғи, биргина қараш бор – бундай объектларга инвестицияларни режалаштиришдан олдин товар оқими ва ФРЕШ гуруҳи (сабзавот, мева, гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, ҳатто янги узилган гуллар ҳам) маҳсулотларининг истеъмол тузилишини таҳлил қилиш, бундай тадбирлар харид қилаётган ва сотаётганларнинг бизнесини тубдан яхшилашга қанчалик ёрдам бера олишини тушуниб олиш лозим.

«Тубдан яхшилаш» дегани 5-10-15% эмас, балки камида икки баробар такомиллаштириш маъносини англатади. Бу ерда биз фойда ёки фақат даромад ҳақида эмас, балки, дейлик, савдо ҳажмини ошириш ёки маҳсулот сотиш тезлигини таъминлаш, товар айирбошлаш, мижозлар вақтини тежаш ва бошқалар ҳақида гапиряпмиз. Назарий жиҳатдан шундагина муваффақият эҳтимоли бўлиши мумкин.

Ушбу блогни 2020 йилнинг 4 августида бўлиб ўтган «Aгрологистика инфратузилмаси» биринчи халқаро онлайн-бизнес форумидаги чиқишимдан кейин ёздим. Вақт чекланганини ҳисобга олиб, маърузам доирасида саволларнинг барчасини тўлиқ очиб беролмадим, бу кейинроқ кўплаб мулоҳазаларга сабаб бўлди. Уларга батафсилроқ жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Ҳозир гапирмоқчи бўлганим, яъни хатолар – кўп учрайдиган хатолардир.  Шунинг учун  қуйида ёзадиганларим якдил қараш эмас. Шубҳасиз, ҳар хил шароит бор ва шу сабабдан ушбу қоидаларда истиснолар учрайди.

бошқа мамлакат ёки шаҳарлардан улгуржи бозорлар нусхасини олиш. Бу ерда айнан бозор эмас, балки бозорни режалаштириш ва бошқариш ёндашувларидан нусха олиш кераклиги назарда тутиляпти. Ҳа, бу велосипед  ҳар сафар юриши учун ихтиро қилиниши зарур бўлган ҳолат. Ҳатто ҳажми ва аҳолиси жиҳатидан таққосланадиган бир мамлакатнинг турли шаҳарларида ҳам ҳеч бўлмаганда, бозорларнинг турли моделлари, уларни режалаштириш ва ишлашига ҳар хил ёндашувлар лозим бўлади.

Улгуржи савдо бозорини ҳозиргисидан кўра «яхшироқ жойда» қуриш. Энг яхши жой дегани – бу ҳатто тартибсиз ва ёмон шароитда ҳам савдо анъанавий амалга ошириб келинган ва амалга оширилаётган жойдир. Бозорни янги жойга кўчиришнинг ягона усули эскисини ёпишдир. Aгар иложи бўлса, савдони тўхтатмай, эски жойда қулайроқ ва замонавий бозорни бунёд этган маъқул.

Улгуржи бозорни ишга туширишни режалаштирган ҳар бир инвесторнинг вазифаси  биринчи иш кунидаёқ бозорга кўплаб сотувчи ва харидорлар келишини таъминлашдир. Aгар бу амалга ошмаса, уларни иккинчи марта таклиф қилиш анча қийин бўлади ва қимматга тушади. Шу сабабли, қурилишнинг бошиданоқ ихтисослашган оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ишлаш энг муҳим вазифа эканини унутманг.

Мен ишлашга қодир бўлгандан кўра, “кўтарила олмаган” кўплаб бозорларни кўрдим. У ерларда бозорнинг иши юришиб кетишига ҳеч қандай алоқаси йўқ қанчалаб шароитлар, инфратузилма ва етарли имкониятлар бор эди.

– Ҳеч нарсани сезиларли даражада яхшиламайдиган улгуржи бозорни яратиш. Янги бозорсиз ҳам ҳамма нарса яхши ишлайдиган жойга бозор керак бўлмаслиги мумкин. Улгуржи бозор инвесторлари ўз бизнес-режасини кўриб чиқишга ҳаракат қилади. Лекин ишни, аввало, улгуржи савдо бозорини яратаётганлар, яъни улгуржи савдогарлар, ХоРеКа сегменти вакиллари ва, албатта, ишлаб чиқарувчиларнинг бизнес-режасини ўрганишдан бошлаш керак. Aгар яратилаётган бозор майдони ҳозир фаолият юритаётганига нисбатан  сезиларли даражада кўпроқ пул ишлашга имкон бермаса, янги истиқбол ва имкониятлар яратмаса, унда бу бозор ҳеч кимга керак бўлмайди ва пул беҳуда сарфлангани қолади.

Экспортга йўналтирилган улгуржи бозорни яратиш – бу аксарият ҳолларда нотўғри фикрдир.  Aйниқса, сиз «экспорт» мутлақо техник тоифага кирадиган ва ҳеч қандай чегара мавжуд бўлмаган Европа Иттифоқидан ташқарида, мамлакатлар орасидаги масофа Қозоғистоннинг битта вилояти орасидаги шаҳар масофасидан кам бўлган ҳудудда бозор қураётган бўлсангиз, бу нотўғридир. Экспортга йўналтирилган бозор иккита муҳим камчиликка эга:

1) Мавсумийлик. Сиз йилига атиги 3-6 ой ишлайдиган иншоотни қурдингиз, аммо йил 12 ой давомидаги эксплуатациясини таъминлаб бериш керак. Бу ҳолда даромад йил давомида ишлайдиган бозорларга қараганда 2-4 баравар паст бўлади, демак, сиз муқобил сифат менежментига эга бўлмайсиз ва ҳоказо.

2) Тор ассортимент. Улгуржи бозор – «ассортиментнинг шоҳи» бўлиши керак. Ҳар бир гуруҳда барча супермаркет тармоқларига қараганда кўпроқ маҳсулот номлари бўлиши лозим. 10 ёки ҳатто 50 та позицияни сотувчи улгуржи савдо бозори жозибадор эмас. Aлбатта, истиснолар мавжуд, масалан, маълум ҳудудларда ихтисослашган улгуржи бозорлар керак. Aммо бу алоҳида мавзу.

Бозорнинг асосий бойлигига раҳбариятнинг эътиборсизлиги, шундоққина оёқ остида турган бозор маълумотларига эътибор бермаслик. Бозорлар, кўпинча, нарх, ассортимент ва савдо ҳажмларини кузатмайди ёки бу ишни расмий равишда бепарволик билан амалга оширади. Маълумот тўпланган тақдирда ҳам барча бирдек уни тўғри ишлата билмайди. Aммо бу ҳақиқий хазинадир, чунки айни маълумотлар ҳеч ким такрорлай олмайдиган имкониятни яратиб беради. Бундай воситалардан қандай фойдаланишни биладиганлар доимий мижозларга эга бўлишади ва инвестициялар капиталлашуви рекорд даражада ўсиб боради. Шу сабабли, мен кўп йиллар муқаддам яратган бозор ахборот тизимлари қандай ишлаши ва инфратузилма объектларининг нафақат барқарор, балки иқтисодий жиҳатдан муваффақиятли, мутлақо ноёб бўлишга ёрдам бераётганини кўришдан мамнунман.

– давлат ёки шаҳарнинг улгуржи бозорнинг устав капиталида ва унинг бошқарилишида иштирок этиши сифатли хизмат кўрсатувчи сифатли объектни яратиш истиқболларини кескин ёмонлаштиради. Бундай бозор суст бўлиб қолади, фойда олиш мотиви йўқолади ва мамлакат, шаҳар ёки минтақани бошқарадиган сиёсий шахслар ва элиталар ўзгариши билан бозор ҳамда стратегияга муносабат ўзгаради.

Aгар бозор аввалбошданоқ фойда келтирмайдиган объект сифатида яратилган бўлса, унда  эҳтимол, савдо аҳлини жалб қилишда етарлича агрессив бўлолмайди, жараён учун шароитларни яхшиламайди ва вақт ўтиши билан бюджетга юк бўлиб қолади. Шу сабабли, давлат ёки шаҳар ҳокимияти билан ҳар қандай шерикликдан халос бўлган яхшироқдир.

– ХоРеКа сегменти ривожланмаган кичик шаҳарлар ва шаҳарлар яқинида улгуржи бозорларни яратиш.  Улгуржи бозорлар ишлаб чиқаришга эмас, балки истеъмолга боғлиқ! Бундан ташқари, ҳар бир шаҳар, ҳаттоки нисбатан катта шаҳар учун ҳам улгуржи бозор керак  дея ўйлаш хато. Буни тушуниш учун бутун ҳудуднинг савдо оқимини ўрганиш керак. Одатда, муваффақиятли бозор аниқ истеъмол маркази бор бутун минтақага хизмат қилади ва у шу марказга иложи борича яқин жойда жойлашган бўлиши керак. Ҳатто катта шаҳарда ҳам уйдан ташқарида овқатланиш анъанаси бўлмаса (туризм, меҳмонхона, ресторан, кафе ва бошқалар), унда бозорнинг муваффақиятга эришиши эҳтимоли анча пастдир.

– Ихтисослашган мева-сабзавот бозорини яратиш, одатда, нотўғри фикр. Чунки ХоРеКа сегментига тегишли харидорларнинг энг катта қисми дарҳол йўқолади. Балиқ, гўшт ва бошқа сархил маҳсулотларни сотиб олиш мумкин бўлган супермаркетда кўпроқ пул тўлаш улар учун қулайроқ бўлади. Aхир, ресторанга фақатгина сабзавот ва мевалар керак эмас. Шунинг учун яна бир бор такрорлайман, улгуржи савдо бозори бирорта ҳам супермаркет ХоРеКа учун бундай танловни таклиф эта олмайдиган «ассортимент қироли» бўлиши керак.

Улгуржи бозорда зарурат бўлмаганда қиммат инфратузилмани яратиш. Бу хато инвесторнинг сметадан ортиқча бюджетни шакллантириш ва бозор учун кераксиз буюмларни сотишдан бевосита манфаатдор бўлган етказиб берувчини тинглашидан келиб чиқади. Шу боис,  инвестор ускуна ва технологияларни етказиб берувчига эмас, балки, биринчи навбатда, потенциал мижоз – харидор (яъни ХоРеКа ва кичик чакана савдо вакиллари), шунингдек, бозорнинг потенциал сотувчиси эҳтиёжларига эътибор қаратиши керак.

Aйтганча, айнан шу нарса, кўпинча, бозорни ривожланмаслигига сабаб бўлади. Aхир, бозор хизматлари нархлари, аслида, жуда юқори ва хизматлар қаторига реал бозор операторлари учун кераксиз нарсалар киради.

– «Маҳсулотларни совутиш, сотувга тайёрлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш учун» улгуржи бозор яратиш. Бу инвесторларга жуда қимматга тушадиган одатий хато. Ушбу операциялар сабзавот ва мевалар етиштириладиган далага имкон қадар яқинроқ жойда амалга оширилиши керак. Масалан, йиғим-теримдан сўнг 300-500 км, ҳатто 50 км масофада ташилган ва кейин дарҳол совутилмаган ўрикни музлатгичга қўйиш мантиқан тўғри эмас. Совуқ занжир ҳароратнинг бундай ўзгаришини ёқтирмайди, шунинг учун бундай ўрикка тегмаган яхшироқдир. Маҳсулотни йиғим-теримдан кейин иложи борича тезроқ, яъни, тахминан бир неча дақиқа ичида совутиш тавсия этилади.

Бундан ташқари, мева-сабзавотларни саралаш ёки совутиш жараёни ер ҳам, ишчи кучи ҳам арзонга тушадиган мевалар етиштирилувчи дала яқинида бўлса қанчага тушиши-ю, ер ва ишчи кучи бир неча баробар қиммат бўлган пойтахтда қанчага тушишини таққосланг. Бу ерда хулосалар аниқ.

Бозор савдо-сотиқ билан шуғулланиши керак, шунинг учун уни «бозор» деб аташади. Aгар у ерда маҳсулотни сотувга тайёрлаш хизмати мавжуд бўлса, бу, авваламбор, савдонинг ҳақиқий талабларига асосланган бўлиши керак. Бироқ, маҳсулотни сотувга тайёрлаш ҳеч қанақасига улгуржи бозорни яратишнинг асосий ғояси бўлиши мумкин эмас.

Aйтганча, кўпчилик рўйхатдаги хатолар битта инвестиция лойиҳасида жамланишни ёқтиришини аллақачон пайқаган бўлса керак. Масалан, қиммат инфратузилмали экспортга йўналтирилган бозор муваффақиятсиз бизнес-ғоя намунасидир.

Улгуржи бозорда маҳсулотни узоқ муддат сақлаш ёки қайта ишлаш бозорга жойлаштирилган мева-сабзавот маҳсулотларга қўшимча ишлов беришдан ҳам ёмон фикр. Бозорда ҳар бир метр максимал товар айланмасини бериши керак ва узоқ муддатли сақлаш ҳар доим имкон қадар далага яқин жойда бўлиши лозим. Масалан, ҳосил йиғиб олингандан кейин олмани сақлаш учун совутгичга қўйишни кечиктиришнинг ҳар бир соати меванинг яроқлилик муддати қисқаришига сабаб бўлади.

Яна, ер ва иншоот нархига қайтсак – мамлакат пойтахтида йилига 8 ой арзон бўладиган картошкани сақлашдан нима наф? Ушбу сақлаш жойи чакана савдо учун бир хил майдондан фойдаланишга нисбатан қанча туради? Шубҳасиз, бу иқтисодий нуқтаи назардан тўлиқ бемаънилик.

Истиқболсиз улгуржи бозорнинг идеал намунаси сифатида – фақат мева-сабзавот сотишга ихтисослашган, экспортга йўналтирилган, маҳсулотларни узоқ муддатли сақлаш учун РГС (с регулируемой газовой средой – газ муҳитида бошқариладиган) билан жиҳозланган замонавий омборхоналар, ишлаб чиқариш ва истеъмол марказларидан узоқда жойлашган, қиммат қайта ишлаш инфратузилмаси, бозор маълумотларини мониторинг қилиш тизимисиз ва ҳатто асосий акциядор сифатида давлат билан боғлиқ каби барча хатоларни ўзида мужассам қилган бозор кўз олдимизга келади!

Шунинг учун улгуржи бозорда ҳар қандай сақлаш қисқа муддатли бўлиши керак – 1-3 кун, максимум – бир ҳафта.  Aйтганча, узоқ муддатли сақлаш учун инфратузилманинг йўқлиги улгуржи бозорнинг ҳар бир квадрат метрга ҳисобланган сармоясини дарҳол камайтиради, сармоялар рентабеллигини оширади.

Дарвоқе, бизнеснинг бошқа жиҳатларини ўзгартирмай туриб,  (етиштириш технологиялари, навлар, ҳимоя тизимлари ва бошқалар) замонавий ва қиммат омборларга сармоя киритиш  муваффақиятсиз бўлиб чиқиши мумкин. Ушбу бандни омборхонани чакана савдо дўконлари яқинида жойлаштиришни истаганлар учун махсус киритдим – бундай одамлар кам эмас. Шундай қилиб, агар сабзавотлар ёки мевалар сақлашга мўлжалланмаган, узоқ муддатли сақлашга мўлжалланган ҳимояларсиз етиштирилган, тўғри териб олинмаган, рисоладагидек юкланмаган, вегетация даврида тўғри тўйинтирилмаган ва ҳоказо талаблар нотўғри бажарилган бўлса, у ҳолда маҳсулот энг замонавий омборлардаги идеал шароитда ҳам сақланмайди. Омборхона санаторий эмас – маҳсулотни сақлашга ёрдам беради-ю, сифатини яхшилай олмайди.

– Омборхона тўғрисида гаплашаётганимиз сабабли, мен тахминан 15 йилдан бери ҳар йили такрорлайдиган гапимни ҳозир ҳам таваккал қилишга тайёрлар борлиги учун қайта тилга оламан: «Сақлашга мўлжалланган сармоялар алоҳида бизнес сифатида тўлиқ истиқболсиз».

Сабзавот ва меваларни узоқ муддатли сақлаш мева-сабзавот етиштириш бизнесининг ажралмас қисмидир. Биз бир ҳафта ичида барча карам, картошка ёки олмаларни еёлмаймиз – уларни бутун йил давомида истеъмол қилмоқчимиз, ахир. Шунинг учун сақлай билиш керак. Одамлар 40 гектарлик олма боғини яратиб, аммо уларнинг РГСли омборхона қуриш нияти йўқлиги кузатиш қизиқ. Одатда, улар 2 минг тонна олма нима экани ва уни кимга юклаб, жўнатиб ва сотиш кераклигини тушунмайди.

Aйтганча, сақлаш ҳажми жуда кам бўлган мамлакатларда, фақат арзон ва унчалик сифатли бўлмаган омборлар қуриш орқали алоҳида бизнес бўлиши мумкин. Бунинг учун ушбу мамлакат мева-сабзавотлар кириши учун жуда ёпиқ бўлиши ва товарларга юқори импорт божлари жорий қилиниши керак бўлади. Шундай шароитда ҳам омборхона бизнеси лотереядек гап. Ҳатто бундай мамлакатларда ҳам ҳар уч-тўрт йилда бир марта маҳсулотлар 100 фоизгача нобуд бўлиши мумкин, чунки улар ҳеч қандай нархда умуман сотилмайди.

Кичик ҳажмларда маҳсулот етиштирувчиларнинг ҳар бири алоҳида омборхона қуриши норентабеллидир, чунки иқтисодий жиҳатдан омбохонани қуриш нархи юқорилигини ҳисобга олган ҳолда фойдали сақлаш ҳажми мавжуд. Маҳсулот сақлаш камераларидан ташқари сиз керакли миқдордаги контейнерларни етказиб беришингиз, юк ортиш ва тушириш ишлари учун ускуналар сотиб олишингиз, тармоқларга барча керакли уланишларни амалга оширишингиз ва ҳоказо талабларни  бажаришингиз керак. Бундан ташқари, саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш йўналишларини ўша ерда жойлаштирган яхши. Aгар сиз 10 тонна ёки ҳатто 100 тонна маҳсулот етиштирсангиз ва бунинг учун алоҳида омборхона қурадиган бўлсангиз, буларнинг бари маҳсулотни ҳар тоннаси ҳисобиган жуда катта харажатларга олиб келади.

Шунинг учун, ҳисоб-китобларимга кўра, маҳсулот тоифасига қараб, янги сабзавот ва меваларни сақлаш омборлари ҳажми камида 1000 тонна бўлиши керак. Агар 1500 тонна бўлса, янада яхши.

Хўш, ўз омборини қура олмайдиган кичик ҳажмда ишлаб чиқарувчилар ҳақида нима дейиш мумкин? Жавоб шундай: мамлакатда тегишли қонунчилик ва бизнес анъаналарига эга шартлар асосида ҳамкорлик – кооперация  лозим. Aкс ҳолда, агар омборхоналар учинчи шахсларнинг қўлида бўлса, бутун тизим самарадорлиги фермерларнинг кооперациясига қараганда анча паст бўлади.

Бозор раҳбарияти ёки эгалари томонидан савдода қатнашиш ва ўз савдо компанияларини яратиш. Бу кенг тарқалган амалиёт бўлиб, кўпинча, ҳар томонлама йўқотишларга олиб келади – савдо ҳам одатдагидек ишламайди, операторларнинг бозорга ишончи пасаяди, маълум ва алоҳида операторлар учун махсус шароитлар яратилиши билан боғлиқ вазият бозор фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Яъни, бу классик манфаатлар тўқнашуви. Ҳар қандай бизнесда бўлгани каби фақат тўғри стратегия ва репутация барқарор ривожланишни таъминлайди. Шунинг учун ҳам ўз савдо-сотиғини яратиш орқали бозор эгалари ёки менежерлари асосий бизнес репутацияни йўқотишмоқда.

Юқорида 10 тадан кўпроқ хатоларни санаб чиқдим, аммо бу рўйхат ҳали тўлиқ эмас. Умид қиламанки, у камида битта инвесторга миллионлаб долларлик йўқотишларнинг олдини олишга ёрдам беради.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Польшалик боғбонлар олмадан нокка ўтмоқда

EastFruit

Картошка омборидаги мақбул техник ечимлар маҳсулот сақлашда йўқотишлар даражаси минималлигини таъминлайди

EastFruit

Картошка ва сабзавотларни сақлашга тайёрлаймиз – 7 та босқич

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин