Бош саҳифаЯнгиликларФранциянинг Ўзбекистондаги bi1 тармоғи: стратегик мақсад – дўконлар сонини 250 тага етказиш
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Франциянинг Ўзбекистондаги bi1 тармоғи: стратегик мақсад – дўконлар сонини 250 тага етказиш

Ўзбекистон чакана савдо бозорига тахминан ўн ой аввал кирган “bi1” француз тармоғи Ўзбекистон бозоридаги экспансия бўйича улкан режасини эълон қилди. Компания вакилининг сўзларига кўра, ритейлернинг ушбу бозордаги стратегик мақсади Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жами 250 та дўкон фаолиятини йўлга қўйишдир, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари “Узбекский Ритейл” («Ўзбек Ритейли») портали маълумотларига таяниб.

«Ўтган давр мобайнида ҳар ҳафта биттадан дўкон очдик ва худди шу суръатда ҳаракатланишда давом этяпмиз. 2022 йил охирига қадар дўконлар сонини 25-30 тага етказиш режалаштирилган, стратегик мақсад эса Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 250 та дўкон фаолиятини йўлга қўйишдир. Кўп нарса омборнинг ҳозирлигига боғлиқ, чунки етказиб берувчиларимизнинг харажатларини камайтириш мақсадида барча етказиб беришлар тарқатув маркази орқали амалга оширилади», дейди Schiever Uzbekistan компаниясининг харидлар бўйича директори Ольга Кондратьева 2022 йилнинг 12-13 октябрь кунлари Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган “Retail Days Uzbekistan” халқаро конференциясида.

Эслатиб ўтамиз, кенг оммага у қадар маълум бўлмаган «bi1» бренди (кириллча транслитерацияда «Би1»), аслида, жаҳондаги энг кучли чакана савдо тармоқларидан бири — «Ашан» (Аuchan) таркибида бўлиб, у Европанинг бешта энг йирик ритейлерларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистондаги “bi1” тармоғи турли мамлакатлардаги bi1, Аuchan/Ашан, АТАC, Махimarché ва Proximarché номли 5 та савдо тармоғини бошқарувчи Schiever компаниялар гуруҳи томонидан юритилади. Ушбу тармоқларнинг аксарияти Францияда жойлашган.

Ўзбекистонда биринчи “bi1” дўкони 2021 йилнинг декабрь ойи охирида мамлакат пойтахти Тошкентда очилган эди.  Бу ерда биринчи bi1 дўкони очилгач, орадан бир ой ўтиб, ритейлер Ўзбекистон бозорида тез экспансия режасини эълон қилди, яъни, 2022 йил охирига қадар ўша пайтда мавжуд бўлган 4 та супермаркетдан ташқари яна 40 та дўкон очиш мақсад қилинган эди.

Айни пайтда “bi1” супермаркетлар тармоғининг Ўзбекистонда 16 та дўкони мавжуд бўлиб, уларнинг бари Тошкент шаҳрида жойлашган. Ушбу тармоқ дўконлари кичик ҳажмга эга ва барча параметрлар «уй яқинида» (ҳар бир мижоз уйдан чиқиб, пиёда юриб бориши ва зарур харидлар қилиши учун мос масофада) форматига мос келади. Ритейлернинг ўзига хос хусусияти шундаки, у ўз савдо белгилари (ЎСБ) остида товарлар таклиф этади.  Компания маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг турли тоифадаги товарларини жалб қилади, ушбу компанияларни ўз маҳсулотини яратишга ўргатади ва сифат назоратини амалга оширади.

2022 йилнинг июль ойида EastFruit “bi1” тармоғининг Тожикистонга ЎСБ остидаги  маҳсулотларни кенг миқёсда экспорт қилганини ёзган эди. Ўшанда қўшни мамлакатга “сабзавот ва мева консервалари”, “зираворлар”, “снеклар ва газаклар”, “қандолат маҳсулотлари”, “қуруқ нонушта”, «чой, қаҳва, ичимликлар», «болалар озуқалари», «ем ва уй ҳайвонлари учун товарлар»,      «маиший кимё ва уй-рўзғор буюмлари», «тўқимачилик саноати маҳсулотлари» тоифалари бўйича 340  номдаги 90 минг дона маҳсулот жўнатилди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин