Бош саҳифаЯнгиликларҚозоғистоннинг энг йирик ритейлери талончилар босқинидан кўп миллион долларлик зарар кўрди
Долзарб Махсус Янгиликлар

Қозоғистоннинг энг йирик ритейлери талончилар босқинидан кўп миллион долларлик зарар кўрди

Қозоғистондаги энг йирик чакана савдо тармоғи –  Маgnum Cаsh & Cаrryнинг талончилар босқинидан кўрган зарари 11 миллиард тенгега (25,3 миллион доллар) баҳоланмоқда, дея хабар берди EastFruit мутахассислари Аdindех.Аsia ҳаволасига таяниб.

Маgnum компаниясининг PR менежери Дмитрий Шишкиннинг сўзларига кўра, фақат Олмаота шаҳрида жойлашган филиаллар, яъни дўконлар зарар кўрган. Жами 25 та дўконга талончилар ҳужум қилган, шундан 15 таси тўлиқ, 11 таси қисман талон-тарож қилинган. Дмитрий Шишкиннинг аниқлик киритишича, Олмаота шаҳрида жами 68 та филиал (дўкон) мавжуд бўлиб, уларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи зарар кўрган.

“Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатаси маълумотларига кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар чоғида мамлакатнинг 9 та минтақасидаги 1500 дан зиёд тадбиркорлик субъекти талончилар ҳаракатларидан жабр кўрган. Бизнесга етказилган зарарнинг умумий миқдори 221 миллион долларга тенг экани айтилмоқда, шундан 217 миллион доллари (98 фоизи) Олмаота шаҳри улушига тўғри келади. Энг кўп зарар кўрган тармоқлар савдо, умумий овқатланиш, логистика ва молия секторларидир.

Маgnum савдо тармоғи вакилининг қўшимча қилишича, 2022 йилнинг 13 январь ҳолатига кўра, деярли барча дўконлар қайта тикланган, Олмаота шаҳридаги 68 та дўкондан 63 таси очилган.  Аммо Олмаотадаги барча филиаллар ҳали ҳам қисқартирилган жадвал бўйича ишламоқда, компания яқин орада уларни одатдагидек иш жараёнига ўтказишга тайёр.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон 2021 йилда Эрон мева-сабзавотларининг энг тез ўсаётган экспорт бозорига айланди

Эслатиб ўтамиз, узоқ вақт тайёргарликдан сўнг Қозоғистон ритейлери 2021 йил охирида Ўзбекистон чакана савдо бозорига кирган эди. 2021 йилнинг 11 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистондаги биринчи Маgnum гипермаркети, орадан бир ҳафта ўтиб эса шу шаҳарда Маgnum супермаркети очилди. Қозоғистон ритейлери Ўзбекистондаги ривожланишнинг биринчи йилида қарийб 20 миллион доллар сармоя киритишни ва 2022 йилда яна иккита гипермаркет ҳамда бир нечта супермаркет очишни режалаштирган.

Бироқ, Қозоғистондаги талончилар ҳаракатларидан ритейлернинг 25 миллион доллар зарар кўргани билан боғлиқ вазият Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш бўйича бевосита режаларга қандай таъсир қилиши номаълум.  Бу савол ҳозирча очиқ қолмоқда.

Маgnum Cаsh & Cаrry Қозоғистондаги энг йирик савдо тармоғи саналади. Унинг биринчи дўкони 2007 йили Олмаотада фаолият бошлаган. Аdindex.Аsia маълумотларига кўра, Маgnumнинг турли форматдаги 184 та дўконлари бор, улардан иккитаси Тошкентда ва 182 таси Қозоғистонда фаолият кўрсатмоқда. Мазкур савдо тармоғи тўрт форматда ишлайди – express, daily, супермаркет ва гипермаркет.  Ассортименти мавсумга қараб, 35-40 минг SKUни ташкил этади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Олмаота шаҳри (Қозоғистон)да ўсимликларни микроклонал кўпайтириш лабораторияси иш бошлайди

EastFruit

Қозоғистонда картошка ва сабзи экспортига вақтинчалик таъқиқ жорий қилинди

EastFruit

Аuchan Ўзбекистонга «Би1» мини-формати орқали кирмоқда, EastFruit эса тармоқнинг дўконлари сифатини баҳолади (фото)

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин