Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиЎзбекистон: мева-сабзавотчиликда 2021 йилги Топ-10 асосий воқеликлар (1-қисм)
Бозорлар шарҳи Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистон: мева-сабзавотчиликда 2021 йилги Топ-10 асосий воқеликлар (1-қисм)

Ўзбекистон мева-сабзавот бизнеси иштирокчилари 2021 йилни қайси воқеалари билан эслаб қолишди ва умуман, бу йилги қандай муҳим воқеаларни қайд этиш мумкин?

Ўтган йил каби бу йил ҳам мамлакатимиз мева-сабзавот сектори, айниқса, шу йўналишдаги бизнес учун оғир кечди.  Қиш фаслидаги об-ҳаво аномалиялари ва эрта баҳор совуқлари кўплаб данакли мевалар ҳосилига жиддий зарар етказди.  Натижада, ушбу меваларнинг нархи юқори бўлиб, экспорт ҳажми ва ички истеъмол пасайишига олиб келди.

Сабзавот етиштирувчиларнинг эса шикоят қилишларига ҳеч бир асос йўқ: «олтин» сабзи, қиммат карам ва лавлаги ҳамда пиёз экспорти ҳажмининг ўсиши яхши даромад орттиришга ёрдам берди. Шунингдек, Ўзбекистонга картошка импортининг рекорд ҳажми ҳам жаҳондаги етакчи картошка экспортерлари эътиборини ўзига тортди.

Бундан ташқари, биз мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда янги қизиқарли тенденциялар, мамлакат мева-сабзавот саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли дастур қабул қилингани, иссиқхона бизнесининг давомли муаммолари ва Ўзбекистон бозорига хорижий чакана савдо корхоналарининг фаол экспансиясини қайд этдик.  Қолаверса, нишали экинлар ва янги имкониятларни ҳам унутмаймиз, айниқса, резаворларнинг рекорд даражадаги юқори нархлари фонида!

Материал катта ҳажмга эга бўлгани сабабли, EastFruit мутахассислари уни икки қисмга бўлиб эълон қилишмоқда. Биринчи қисмда Топ-5 асосий воқеалар, иккинчисида эса яна бешта муҳим вазият ҳамда охиригача ўқиганлар учун бонус! Шундай қилиб, келинг, асосийсидан бошлай қолайлик.

1.Қиш фасли ва эрта баҳордаги об-ҳаво аномалиялари

Шубҳасиз, айнан об-ҳаво аномалиялари ўзбекистонлик сабзавот, мева ва ёнғоқ етиштирувчилар ҳамда мева-сабзавотларни сотиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчилар фаолияти, энг муҳими, истеъмолчилар учун бош мавзуга айланди.

2021 йилнинг илк ойидан бошлаб, об-ҳаво Ўзбекистон боғбонлари учун кутилмаган ҳодисалар, нохуш сюрпризларни тақдим эта бошлади.  Январь ойи охиридаги йилнинг шу даври учун  аномал иссиқ саналган об-ҳаво табиат жуда эрта уйғонишига олиб келди – февраль ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида Ўзбекистоннинг жанубий қисми ҳамда марказий зонасида бодом, ўрик, гилос гуллади. Бу об-ҳавонинг биринчи нохуш сюрпризи бўлди ва бундай аномал исиш календарь баҳорининг бошида кескин совуқ ёки музлама эҳтимолини оширди.

Кейинги сюрприз узоқ куттирмади, февраль ойи охирида боғбонларнинг хавотири реал ҳаётга кўчди – совуқ антициклон Волга минтақасидан етиб келди. Данакли мева дарахтларининг айни гуллаш даври (15-20-февраль)да Ўзбекистон пойтахтида ҳаво ҳарорати кундузи +26, кечаси +18 бўлди. Бироқ бор-йўғи бир ҳафтадан сўнг ҳаво ҳарорати куннинг иккинчи ярмида -5 даражага тушиб кетди,  кечаси эса -9 даража совуқ қайд этилди. Шундай об-ҳаво 2-3 кун давом этди ва бу дарахтлардаги гулларни нобуд қилиш учун етарли бўлди. EastFruit мамлакатнинг турли ҳудудларидан кўп йиллик тажрибага эга бир қатор боғбонлар ва фермерлар ўртасида кичик сўров ўтказиб,  бу совуқлардан кўрилган зарарнинг дастлабки ҳисоб-китобларини эълон қилди.

Учинчи сюрприз ва иккинчи совуқ февраль ойи охиридаги биринчи совуқдан кейинги икки ҳафталик исишдан сўнг «келди». 13 март куни шимолдан янги совуқ циклони етиб келди.  14 март куниёқ Фарғона водийсидан ташқари бутун республика бўйлаб ҳаво ҳарорати кескин пасайди.  Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий ва Самарқанд вилоятларининг айрим туманларида ёққан қор ва кучли шамол электр узатгичларнинг узилишига олиб келди. Оқибатда, республикамизнинг марказий ва ўрта зонасидаги данакли мевалар ҳосили яна иккинчи аёзга учради.  EastFruitнинг Ўзбекистон жамоаси яна бир бор сўров ўтказиб, данакли мева ва бодом ҳосилига келгусида етадиган зарарни баҳолади. Бу сафар барча ҳудудлар қамраб олиниб, Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан 30 нафардан зиёд боғбон ва фермерлар билан суҳбат ўтказилди, ушбу ҳудудларнинг умумий улуши республикада етиштириладиган жами мева ва резаворларнинг 95 фоизини ташкил қилади. Ўрик, гилос, шафтоли, олхўри ва бодом ҳосилининг республика ҳудудлари бўйича бой берилишига оид ҳисоб-китоблар 2021 йилнинг март ойи охирида эълон қилинди.

Айтганча, совуқдан кейин боғбонлар аёздан ҳимоялаш борасидаги жаҳон тажрибаси ҳақида маълумот беришимизни сўраб бизга мурожаат қила бошлашди. Шунинг учун биз “Қандай қилиб боғ ва токзорни совуқ уришидан сақлаш мумкин? Ҳимоя усуллари, уларнинг самарадорлиги, нархи ва фойдаланиш имконияти” деб номланган катта ҳажмли материал тайёрладик ва ҳатто ушбу воситаларнинг етказиб берувчиларини топдик.

2. Ўзбекистонга картошка импорти илк бор ярим миллион тоннадан ошди

2021 йилнинг январь ойи бошидан 20 декабрига қадар Ўзбекистон 516,2 минг тонна картошка импорт қилди, бу бутун 2020 йилда импорт қилинган ҳажмдан 23 фоизга кўпдир. Аввалги рекорд ўтган йили қайд этилган: EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонга истеъмол картошкаси импорти 421 минг тоннани ташкил қилган.

Сўнгги бир неча йил ичида картошка Ўзбекистон мева-сабзавот секторида асосий импорт маҳсулотига айланди. 2016 йилгача картошканинг йиллик импорти ҳажми йилига 50 минг тоннадан ошмаган бўлса, 2017 йилда ушбу маҳсулотнинг импорт ҳажми 194 минг тоннани ташкил этди.  Шунга кўра, 2017 йилдан 2021 йилгача импорт ҳажми 2,7 баробар ошди.

Дарвоқе, 2021 йилда картошканинг шу даражадаги юқори импортини ютуқ деб ҳисоблаш мумкин, чунки, Россияда картошка етиштириш кескин камайиши ва бошқа бир қатор сабаблар фонида Ўзбекистон, ҳақиқатан ҳам, картошка тақчиллиги муаммосига дуч келиши мумкин эди. Бироқ, ҳозирги вақтда вазиятни назорат остида деб ҳисоблаш мумкин ва нархни барқарорлаштиришга эришилди. Тўғри, нархлар  2021 йилнинг шу даврига нисбатан 56 фоизга юқори.

Картошка импорти ҳажмини камайтириш учун мамлакат келгуси йили картошка экиладиган майдонларни кескин оширишни режалаштирмоқда.  Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда 122 минг гектар ерга картошка экиш режалаштирилган, бу 2021 йилга нисбатан 40 фоизга кўпдир. Қишлоқ хўжалиги ерларига турли экин турларини жойлаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори билан 2021 йилда картошка экиш учун 86,5 минг гектар майдон ажратилиши режалаштирилган эди.

Бироқ, бу режалар амалга ошмаслиги эҳтимоли баланд. Буларнинг бари экин материалининг объектив тақчиллигига боғлиқ, чунки, Ўзбекистон иқлим хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳозирча юқори сифатли картошка уруғини етиштира олмайди ва уни импорт қилишга мажбур.  Хориждан келтирилган уруғлик картошка жуда қиммат, бу эса Ўзбекистонда етиштириладиган истеъмол картошкасининг таннархи юқори бўлишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, 2021 йилда Ўзбекистон уруғлик картошка сотиб оладиган жаҳоннинг аксарият мамлакатлари (Россия, Қозоғистон, Голландия, Германия ва Покистон)да унинг нархи кескин кўтарилди. Шунингдек, транспортировка нархи ҳам ошди.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Халқаро картошка маркази (СIP) ҳамкорлигида “ Картошка ва батат селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш” деб номланган беш йиллик дастур ишга туширилди. Мазкур дастурдан кутилаётган натижа республикада етиштирилаётган картошка ҳосилдорлигини камида 30 фоизга оширишдир.

2021 йил бошида EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистонда картошка импорти билан боғлиқ вазиятни батафсил ўрганиб чиқиб, “Ўзбекистонда картошка нархларининг кўтарилишига нима сабаб бўлди ва келажакда уни пасайтириш мумкинми?” сарлавҳали катта материалда яқин йилларда Ўзбекистонга ушбу сабзавот импортини кескин камайтириш нима сабабдан жуда қийин бўлишини тушунтириб беришган эди. Кўриб турганингиздек, таҳлилчиларнинг прогнозлари ҳозирча ўз тасдиғини топмоқда.

3. Олма, нок, цитруслар ва бошқа мевалар импортида божхона божларидан озод қилиниши

2021 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати бир қатор мевалар импортини рағбатлантириш, бошқа мамлакатлардан олиб кирилишида уларни импорт божларидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бундай мевалар рўйхатига сархил олма, нок ва беҳи каби кенг истеъмол қилинадиган ва экзотик мевалар –  банан, плантайнлар (сархил ёки қуритилган), киви, цитрус меваларнинг сархили ёки қуритилгани, сархил ёки қуритилган хурмо, анжир, ананас, авокадо, гуайява, манго ва мангостин ёки гарциния ва сархил папайя кирди. Ушбу қарорга қадар мазкур турдаги меваларни олиб киришда 10 фоиздан 20 фоизгача, лекин ҳар бир килограмм учун 0,2 АҚШ долларидан кам бўлмаган божхона божи тўланар эди.

Ўзбекистон ҳукуматининг тегишли қарори эълон қилингач, ЕastFruit дарҳол бунга оид материал эълон қилди. Унда таҳлилчилар мазкур қарор мамлакат мева бизнеси учун нимани англатишини, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар даромадини камайтирадими, мевалар ва уларнинг савдосига қандай таъсир кўрсатади – шуларни тушунтириб беришган.

Мамлакат ҳукумати ушбу қарорни эълон қилганига икки ойдан сал кўпроқ вақт ўтди. Божхона тўлови олиб ташланган мевалар рўйхатидан EastFruit ҳар ҳафта улгуржи нархларни қуйидагилар бўйича кузатиб боради: банан, апельсин, мандарин, олма ва нок. Шунинг учун ҳукуматнинг бундай қарори самарадорлигини қисман баҳолашимиз мумкин.

Ўзбекистонда апельсиннинг улгуржи нархи ҳозирги кунда 1 кг учун 16 000 сўмни ташкил этмоқда.  Бу шуни англатадики, айни дамда Ўзбекистонда апельсин 2020 йилнинг худди шу санасига нисбатан 33 фоиз арзон. Агар ўтган йили логистика харажатларининг кескин ўсганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу натижа, айтиш мумкинки, барча кутилганларидан зиёдроқ ва иқлим шароитлари туфайли апельсинни катта ҳажмда ўстира олмайдиган мамлакат истеъмолчилари учун жуда ижобийдир.

2021 йилнинг 24 декабрь ҳолатига кўра, мандариннинг улгуржи нархлари 1 кг учун 11 000 сўмни ташкил этмоқда ва бу нарх 2020 йилнинг шу санасига нисбатан деярли 2 баробар арзон! Бананнинг улгуржи нархлари 1 кг учун 16 000 сўмгача тушди ва 2021 йилнинг декабрь ойи охирига келиб, 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 11 фоиз арзонроқ бўлди. Бошқача айтганда, импорт божларининг камайтирилиши ўзбекистонлик истеъмолчиларга қиш учун муҳим саналган ва Ўзбекистонда етиштирилмайдиган меваларни анча арзон нархларда харид қилиш имконини берди.

Олма ва нокка келсак, ҳозирча вазият бутунлай тескари. 2021 йилнинг 22 октябридан 24 декабригача олманинг ўртача улгуржи нархлари 40-64 фоизга ошди. Олма навлари бўйича нарх ошиши қуйидагича: Ренет Симеренко 64%, Голден Делишес 60%, Грэнни Смит эса 40% қимматлашди.  Ўзбекистонда олма 2021 йилнинг декабрь ойи охири ҳолатига кўра, ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан ўртача 2,3 баравар қимматроқ сотилган.

Худди шу даврда нокнинг ўртача улгуржи нархлари 25 фоизга ошди. 24 декабрь ҳолатига кўра, нокнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 25 000 сўмни ташкил этди, бу 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 25 фоиз юқори кўрсаткичдир.

Аммо шуни қайд этиш жоизки, бу Ўзбекистонга ушбу меваларни олиб киришда божларнинг нолга туширилиши ҳеч қандай натижа бермади, дегани эмас.  Агар бож бекор қилинмаганида олма ва нок нархи янада қимматлашган бўлиши мумкин эди. Нархлар кўтарилишининг асосий сабаби шарҳимизнинг биринчи бандида қайд этилган об-ҳаво аномалиялари бўлиб, бу маҳаллий мева етиштириш ҳажмининг пасайишига олиб келди. Жорий йилда транспорт нархи 2-3 баробар ошгани ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон бўйича олма етиштирувчи асосий марказлардан узоқда жойлашгани туфайли импорт қилинган олма ҳам нисбатан қиммат бўлиши мумкин.

4. 2021 йилнинг “олтин” сабзиси

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига сабзи истеъмол қилиш даражаси Шарқий Европа мамлакатларига нисбатан юқори. Бунинг асосий сабаби шундаки, сабзи энг машҳур анъанавий ўзбек таоми – паловнинг ажралмас қисми ҳисобланади. 2021 йилгача палов нархи асосан гўшт, гуруч ва ўсимлик ёғи нархлари билан белгиланган бўлса, бу йилги сабзи нархлари унинг палов тайёрлаш таннархидаги улушини ошириб юборди, чунки, сабзи нархи том маънода барча рекордларни янгилади.

Ҳаммаси Россия бозорида сабзи ва лавлагига талаб ортиши билан бошланди. У ерда одамлар ҳазил тариқасида сабзи ва лавлагини истеъмол қилиш бойликнинг янги рамзлари деб атайдиган ҳам бўлишди. Табиийки, Россия импортёрлари сабзи ва лавлагини барча қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистондан ҳам харид қила бошлашди, бу эса ички бозордаги нарх тез ошишига сабаб бўлди. 2021 йилнинг июнь ойида чоп этилган “Россияда сабзи қимматлиги сабаб, Ўзбекистонда паловнинг таннархи ошмоқда!” сарлавҳали материалда Ўзбекистондаги сабзи нархлари динамикаси ушбу маҳсулотнинг Россия, шунингдек, қўшни Тожикистондаги нархлар ҳаракатини қандай такрорлаши кўрсатилган.  Умуман олганда, хулоса аниқ эди – Россия Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг энг йирик ва асосий экспорт бозори бўлгани сабабли у ердаги айрим маҳсулотлар нархи ошиши Ўзбекистонда ҳам айнан шу товарлар нархи ўсишида акс этади.

Бироқ, 2021 йил июль ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистонда сабзи нархига ташқи бозорларнинг таъсири барҳам топди, чунки, бу вақтга келиб Россиядаги ушб  сабзавотга бўлган ажиотаж аллақачон пасайган эди. EastFruit таҳлилчилари 2021 йилнинг 16 июлидаёқ, Ўзбекистонда сабзи нархларининг кейинги динамикаси ички бозордаги талаб ва таклиф нисбатига боғлиқ бўлишини, бироқ, сабзининг улгуржи нархлари юқорилигича қолишда давом этаётганини ва аввалги йилларга нисбатан бир неча баробар юқори бўлганини қайд этишган эди.

Иқлим шароитидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда сабзи йилига тўрт бор экилади ва ҳосил йиғиб олиш даври – март-апрель, май-июнь, июль, кечпишар сабзи ҳосили йиғиб олиш даври эса сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. Бироқ, 2021 йилда ҳатто учинчи ҳосил йиғиб олингач ҳам сабзи нархи мисли кўрилмаган даражада юқорилигича қолди. Нархлар 2021 йил август ойининг учинчи ўн кунлигидан бошлаб пасая бошлади, бироқ пасайиш суръати суст ва нархлар эса ўтган йилгидан бир неча баробар юқори эди.

2021 йилнинг октябрь ойи ўрталарида EastFruit 2021 йилда Ўзбекистонда сабзи етиштириш ҳажми камайган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди, чунки, эрта баҳордаги аёзлар эртаги сабзи ҳосилига салбий таъсир кўрсатгани, қуруқ ва иссиқ ёз эса ўртапишар ва кечпишар сабзи ҳосилини камайтириб юборган бўлиши мумкин. Таҳлилчилар фикрига кўра, Ўзбекистонда сабзи нархининг бундай кескин ошиши катта эҳтимол билан икки омил уйғунлиги – биринчи ярим йилликда экспорт ҳажми ошиши ва сабзи ҳосили камайиши билан боғлиқ.

Сабзи нархининг сезиларли даражада пасайиши ва ўтган йилги кўрсаткичлардан фарқнинг қисқариши фақат 2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида, кечпишар сабзи йиғим-терим якунида содир бўлди. 2021 йилнинг 5-12 ноябрь кунлари сабзининг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 4500 сўмдан 3000 сўмга тушди ва шу кунга қадар худди шу ҳолатда сақланиб турибди (яъни, 2021 йилнинг декабрь ойи охиригача). Шунга қарамай, сабзи ҳали ҳам улгуржи харидорлар учун 2020 йилнинг декабрига нисбатан 2 баробар ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробар қимматга тушмоқда. Ва келгуси йили сабзи сегментида, албатта, экин майдонлари кенгайтирилиши ва маҳсулот етиштириш ҳажми ўсишини кутиш мумкин.

5. Пиёз ва карам етиштирувчилар учун омадли йил

2021 йилда эртаги пиёзнинг биринчи партиялари улгуржи бозорларда апрель ойининг биринчи ўн кунлигида пайдо бўлди ва ўша ой Россияда ўтган йилги ҳосилдан юқори сифатли пиёз танқислиги кузатилди. Россия супермаркетлар тармоқлари сифатсизлиги сабабли маҳаллий пиёз харид қилишни сезиларли даражада камайтирди ва Марказий Осиё давлатларидан юқори сифатли янги ҳосил маҳсулотлари етказиб берилишини кутаётган эди. Шундай қилиб, Россия бозорига экспорт мавсуми ушбу минтақа мамлакатларининг пиёз етиштирувчилари учун жуда муваффақиятли бошланди.

Бундан ташқари, Россияда маҳаллий эртаги пиёзни бозорга чиқиши мавсуми ўтган 2020 йилга нисбатан деярли 2 ҳафта кеч бошланди, бу эса ўз навбатида, Марказий Осиёдан Россия бозорига пиёз экспорти мавсумини яна икки ҳафтага узайтирди.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистондан пиёз экспорти мавсуми июль ойида тугайди, бироқ 2021 йилда Ўзбекистон экспортёрлари учун ташқи бозорларда юзага келган қулай вазият жорий йилги мавсумни октябргача узайтириш имконини берди. Хусусан, 2021 йилнинг август-октябрь ойларида Ўзбекистон 11,3 минг тонна пиёз экспорт қилди.  Умуман олганда, 2021 йилнинг апрель-декабрь ойларида Ўзбекистондан ушбу турдаги сабзавот экспорти 184,3 минг тоннани ташкил этди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 20 фоизга кўпдир.

Худди шундай ҳолат карамда ҳам кузатилди. 2021 йил март ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистондаги деҳқон бозорлари ва супермаркетларда эртаги оқ бошли карам пайдо бўлди.  Эртаги карам мамлакат экспортидаги энг муҳим маҳсулотлардан бири бўлиб, унинг экспорти, кўпинча, маҳсулот ички бозорда пайдо бўлишидан аввал бошланади. Асосий импортёрлар Россия, Украина ва Беларусь бўлиб, ушбу мамлакатларда маҳаллий карам кечроқ пишиб етилади.

2021 йили Украина, Россия ва Беларусда баҳор совуқ келгани сабаб  эртаги карам йиғим-теримининг бошланиши ўртача икки ҳафтага сурилди. Шу боис, Ўзбекистондан оқ бошли карам экспорти мавсуми қўшимча икки ҳафтага узайди. 2021 йилнинг апрель ойидаёқ, EastFruit таҳлилчилари 2021 йилда эртаги ўзбек карамининг экспорти ҳажми ошишини тахмин қилишган эди.

Натижада, 2021 йилнинг март-май ойларида Ўзбекистон 67,5 минг тонна оқ бошли карам экспорт қилди, унинг қиймати эса 10,2 миллион долларни ташкил қилди. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний жиҳатдан 30 фоизга кўпдир. Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилнинг март-декабрь ойларида Ўзбекистон 81,3 минг тонна оқ бошли карам экспорт қилган (қиймати 12,4 миллион долларлик), бу 2020 йилнинг март-декабрь ойларига нисбатан жисмоний жиҳатдан 35 фоизга кўпдир.

Қайд этиш жоизки, карам нархлари прогнози ва уни экспорт қилиш имкониятлари ўзбекистонлик сабзавот етиштирувчилар ва экспортёрлар учун анчайин қулайлигича қолмоқда, чунки, Россияда оқ бошли карам тақчиллиги  сақланиб турибди.

Ўзбекистон мева-сабзавотчилик тармоғида 2021 йилги Топ-10 асосий воқеликларга бағишланган мақоланинг давомини (2-қисмини) қуйидаги ҳаволада ўқишингиз мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистондан гилоснинг синов партияси Хитойга авиатранспорт орқали етказилади

EastFruit

Ўзбекистонда помидорнинг янги “Универсал” нави яратилди: унинг асосий хусусиятлари қандай?

EastFruit

Иордания Ўзбекистон анорлари учун ўз бозорларини очди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин