Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиЎзбекистон: мева-сабзавотчиликда 2021 йилги Топ-10 асосий воқеликлар (2-қисм)
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон: мева-сабзавотчиликда 2021 йилги Топ-10 асосий воқеликлар (2-қисм)

Бу Ўзбекистон мева-сабзавот бизнесидаги 2021 йилги асосий воқеликларга бағишланган мақоланинг давоми, унинг 1-қисмини қуйидаги ҳаволада ўқишингиз мумкин.

  1. Қиммат резаворлар ва ушбу йўналишдаги бизнесда амалга оширилмаган имкониятлар

Якунига етаётган йил  қулупнай ва малинанинг юқори нархлари билан ҳам ёдда қолди. Қулупнай улгуржи бозорларда тахминан 20 апрелдан ўртача 60 минг сўм/кг нархда пайдо бўлди, бу ўтган йилнинг худди шу санасидаги нархдан 3 баробар юқори кўрсаткичдир. Икки ҳафтадан сўнг улгуржи нархлар 25 000 сўм/кг гача тушди, бироқ, бу нарх ҳам 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 2 баробар юқори бўлди.  Қулупнай мавсуми июнь ойининг биринчи ўн кунлигида якунланди ва ўша пайтга келиб, улгуржи нархлар атиги 20 минг сўм/кг гача тушди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоиз қимматроқ кўрсаткичдир.

Ўзбекистоннинг улгуржи бозорларида биринчи йирик партиядаги малиналар июнь ойи бошида пайдо бўлди ва мавсум ноябрь ойининг ўрталарида якунланди. Ўртача улгуржи нархлар 21 000 – 55 000 сўм/кг оралиғида ўзгариб турди. Бутун 2021 йилги мавсумда ўртача улгуржи нархларнинг ўтган йилги даражадан фарқи анча сезиларли бўлди: улгуржи нархлар 2020 йилга нисбатан 20-65 фоиз, 2019 йилга нисбатан эса 2-3 баробар юқори эди. Бироқ, нархларнинг бундай кўтарилиши, малина, асосан, музлатилган ҳолда сотиладиган жаҳон бозорида нархларнинг юқори даражада ошиши билан солиштирилганда жуда оддий эди.

Бундай юқори нархлар фонида 2021 йилда Ўзбекистон илк бор Тожикистондан малина импорт қила бошлади ва бу резаворнинг қўшни мамлакатдаги нархини ошишига олиб келди.

Бироқ, юқори нархларга қарамай, 2021 йилда Россия бозорига Ўзбекистондан музлатилган малинанинг биринчи тарихий экспорти амалга оширилди. 2021 йилнинг биргина август-сентябрь ойларида Ўзбекистон Россияга жами 83 тонна музлатилган малина экспорт қилди.

Ўзбекистон қулай иқлим шароити ва арзон ишчи кучи мавжудлигига қарамай, резавор бизнесидаги имкониятларни амалда эътиборсиз қолдираётгани EastFruit таҳлилчилари томонидан бир неча бор қайд этилган. Аммо мамлакатда вазият ўзгара бошлаганга ўхшайди: 2021 йил кузида Фарғона вилоятининг Фарғона туманида янги малина плантацияларини барпо этиш бўйича ишлар бошланди. Уларнинг умумий майдони 300 гектарни ташкил этади.

Умид қиламизки, қулупнай ва малинанинг юқори нархлари жаҳон мева-сабзавот бозорининг энг даромадли ва тез ривожланаётган ушбу сегментига эътибор бермаётган ўзбекистонлик инвесторлар учун ўзига хос сигнал бўлади.

  1. Мева-сабзавот экспортининг янги трендлари

EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларининг халқаро савдосидаги жуда муҳим ва узоқ кутилган тенденцияни қайд этишди – 2021 йилда музлатилган сабзавот ва мевалар экспорти ҳажми 2020 йилга нисбатан икки баробардан зиёдроқ ошди.  Бундан ташқари, музлатилган мевалар экспорти таркибида юқорироқ нарх тоифасидаги маҳсулотлар томон силжиш кузатилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 9,3 миллион долларлик 12,1 минг тонна музлатилган сабзавот экспорт қилган. Бу 2020 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 2 баробар, экспорт тушумлари бўйича эса 2,3 баробар кўп кўрсаткичдир.

Музлатилган меваларга келсак, ушбу тоифадаги маҳсулотлар экспорти ҳажми 7,6 миллион долларлик 5,8 минг тоннани ташкил этди, бу эса ўтган йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 2,1 баробар, тушум миқдори бўйича эса 2020 йилги кўрсаткичлардан 2,5 баробар кўпдир.

EastFruit 2021 йилнинг октябрь ойи охирида Ўзбекистондан музлатилган сабзавот ва мевалар экспорти структураси ҳақида ёзган эди.

Ўзбекистон 2021 йилда ерёнғоқ экспортини ҳам кескин оширди. Жисмоний жиҳатдан ушбу маҳсулот экспорти 2020 йилдаги кўрсаткичдан 67 фоиз, 2019 йилга нисбатан эса 2 баробар ошди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 23 миллион долларлик 21,7 минг тонна ерёнғоқ экспорт қилган. Шу билан бирга, Ўзбекистондан ерёнғоқ экспортининг энг катта ўсиши Хитой йўналишида кузатилмоқда. 2020 йилгача Хитой бозорига бу маҳсулот етказиб берилмаган бўлса-да, 2020 йили 400 тонна экспорт қилинган, 2021 йилда Ўзбекистон бу мамлакатга ерёнғоқ экспортини 2020 йилга нисбатан 5,5 баробар оширди!  Ва Хитойга ерёнғоқ етказиб беришнинг ўсиш салоҳияти ҳақиқатан ҳам жуда юқори. Асосий импортёр давлатлар бўйича ерёнғоқ экспорти структураси ҳақида 2021 йилнинг 17 декабрида эълон қилинган EastFruit материалини ўқинг.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон фермерлари анор плантацияларини фаол равишда кенгайтирмоқда. EastFruit  мутахассисларининг фикрича, янги плантациялар барпо этиш режаларидан келиб чиққан ҳолда ва мавжудларини ҳисобга олиб, яқин 5-10 йил ичида республикада  йиллик анор етиштириш ҳажми 600 минг тоннага етиши мумкин. Шубҳасиз, ички бозор бундай ҳажмдаги анорни “ҳазм қила олмайди” ва бу билан маҳсулот экспортини кўпайтириш мўлжал қилинмоқда.

Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, ўзбек анори экспортини кўпайтириш борасида сезиларли муваффақиятларга эришилди – кетма-кет иккинчи йилдирки, ташқи бозорларга янги ҳосил анорларини жўнатиш ҳажми ортиб бормоқда.  Ўзбекистондан анор экспорт қилиш мавсуми август ойида бошланади (эртаги навлар ҳосилини йиғиш июль ойи охирида бошланади) ва келгуси йилнинг февраль-март ойларида тугайди. Шундай қилиб, 2021/2022 йилги мавсумнинг катта қисми ортда қолди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилнинг август-декабрь ойларида Ўзбекистон 10,9 миллион долларлик 14,7 минг тонна анор экспорт қилган. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоизга, 2019 йилнинг август-декабрига нисбатан 50 фоизга кўпдир.

2021 йилнинг март ойи охирида EastFruit таҳлилчилари мамлакат мева-сабзавот секторидаги янги стратегик устувор йўналиш – анор етиштиришни кўпайтиришнинг ижобий ва салбий томонларини батафсил таҳлил қилишди.  Ушбу материал Хитой оммавий ахборот воситаларида фаол тилга олинди, чунки, бу мамлакат жаҳондаги энг йирик анор импортёри ҳисобланади.  Гонконг билан биргаликда Хитой йилига 1 миллиард доллардан ортиқ қийматда анор импорт қилади.

  1. Ўзбекистонда банан истеъмолининг ўсиши

2021 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистон 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробар кўп банан импорт қилди.  Боз устига, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида ушбу маҳсулот импорти ҳажми ўтган 2020 йилдаги йиллик импорт ҳажмидан қарийб 2 баробар юқори ва 2019 йилга нисбатан 64 фоиз кўп бўлган.

EastFruit таҳлилчилари 2021 йилда Ўзбекистонда банан истеъмолининг ўсиш тренди давом этиши ва бундай катта ўсишнинг уч сабабини кўрсатмоқда:

Биринчидан, миш-мишларнинг таъсири (коронавирус пандемияси бошланганда бананлар  ҳақидаги асоссиз миш-мишлар), эҳтимол, 2021 йилга йўққа чиққан кўринади.

Иккинчидан, 2021 йилда кузатилган об-ҳаво аномалиялари туфайли кўп турдаги данакли мевалар ва умуман, мева-сабзавотларнинг  нархлари нисбатан юқори бўлди. Ўрик, гилос (камида мавсумнинг биринчи ярмидаги), олманинг эртаги ва ўртапишар навлари ҳамда нок (бутун мавсум давомидаги) билан солиштирилса, 2021 йилда банан нисбатан арзон мева бўлди.

Учинчи сабаб – мамлакатдаги банан савдосига жуда муҳим таъсир кўрсатувчи супермаркетлар тармоғининг кенгайишидир. Супермаркетлар учун банан жуда қулай маҳсулотдир, чунки, уни бутун йил давомида тўғридан-тўғри импорт қилиш ва ҳажми юқори бўлганлиги сабабли бозорлардаги сотувчилардан кўра арзонроқ сотувга қўйиш мумкин. Шундай экан, банан Ўзбекистон супермаркетларида энг кўп сотиладиган мева ҳисобланади. Шунга кўра, мамлакатда супермаркетлар тармоғи дўконлари сони ортган сари банан истеъмоли ҳам ортади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бананни ўта кам истеъмол қиладиган давлатлар қаторига кирар эди.  2019 йил охирига келиб, Ўзбекистон аҳолиси киши бошига ўртача ҳисобда атиги 700 грамм ёки йилига беш дона банан истеъмол қилган. Жаҳон мамлакатлари ва хусусан, бизнинг минтақамизда банан истеъмолининг батафсил таҳлилини бу ердан топишингиз мумкин.  2021 йил охирида Ўзбекистонда банан истеъмоли кескин нисбий ошганига қарамай, унинг ушбу жаҳон рейтингидаги ўрни у қадар ўзгармайди.

  1. Мева-сабзавот секторини кенг кўламда имтиёзли молиялаштириш, субсидиялар ва ушбу тармоқни ривожлантиришнинг янги тизими

EastFruit 2021 йил давомида Ўзбекистон ҳукуматининг мева-сабзавот  етиштирувчиларни рағбатлантириш, ушбу соҳани субсидиялар, имтиёзли молиялаштириш ва янги механизмлар жорий этиш билан қўллаб-қувватлаш бўйича янги ташаббусларини мунтазам ёритиб борди.  2021 йилда иқтисодиётнинг мева-сабзавот секторини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган асосий ташаббусларни қуйида санаб ўтамиз.

EastFruit 2021 йилнинг июнь ойи бошида Ўзбекистон ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий иссиқхоналар ташкил этилиши ҳақида ёзган эди.  Ўзбекистонда иссиқхоначилик билан шуғулланиш истагидаги ташаббускор аҳоли учун унумдорлиги паст ерларда уй-жой ва иссиқхона мажмуалари барпо этилади. Бундай уй-жой ва иссиқхона мажмуаларининг ҳар бири камида 20 сотих майдонга эга бўлади. Ушбу ҳамкорлик доирасида давлат мажмуалар учун ер ажратиб, уй-жой ва иссиқхона мажмуаларига коммуникация тармоқлари (газ, сув, электр, ички йўллар) ётқизилишини таъминлайди ва имтиёзлар беради.

2021 йилнинг август ойи охирида давлат томонидан замонавий иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳаларини мақсадли молиялаштириш учун жами 100 миллион доллар ажратилиши маълум бўлди. Бироқ, шу билан бирга, мамлакат иссиқхона саноатида газдан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда, шунинг учун иссиқхона эгалари вақти-вақти билан атроф-муҳитни ифлослантиришга мажбур бўлмоқда, бу эса аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатяпти. Шу боис, саноатдаги ушбу долзарб муаммога қандайдир ечимлар топилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

2021 йилнинг октябрь ойи охирида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишининг аниқ чора-тадбирлари эълон қилинди. Уларни амалга ошириш 2022 йил бошидан кўзда тутилган.  Имтиёзли молиялаштириш, сабзавот ва мевалар ҳосилини об-ҳаво таъсиридан суғурталаш, қишлоқ хўжалиги техникасини модернизациялаш учун субсидиялар, асбоб-ускуналар ҳамда уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари импортида имтиёзлар, шунингдек, касалликларга чидамли янги қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун имтиёзлар шулар жумласидандир.

2021 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида маълум бўлдики, Ўзбекистон 2022 йилда мева-сабзавотчилик саноатини қўллаб-қувватлаш учун салкам 400 миллион доллар йўналтиради.

2021 йилнинг 24 ноябрида Ўзбекистон мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантиришнинг янги тизими жорий этилиши эълон қилинган бўлиб, унинг асоси кластерлар ролини кучайтириш, кооперациянинг янги механизмларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи корхоналарни молиялаштириш ва агрохизматлар кўламини  кенгайтириш бўлади.  Хусусан, 2022–2025 йилларда пахта ва ғалладан бўшаган 200 минг гектар паст рентабелли экин майдонларини босқичма-босқич захирага қайтариш амалга оширилади. Шундан 2022 йилда аҳолига мева-сабзавот етиштириш учун 80 минг гектар ер майдони бериш режалаштирилган. Бу хусусда батафсил EastFruit 2021 йилнинг 1 декабрь ва 18 декабрида эълон қилган материалларда ўқинг.

Шуни таъкидлашни истардикки, ушбу қарорларнинг аксарияти мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ҳажмини оширишга қаратилган. Шу билан бирга, мамлакатимизда етиштирилаётган меваларнинг нав таркибини модернизациялаш ва такомиллаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда албатта, уларни маркетинги самарадорлигини ошириш каби масалаларни ҳал қилиш бўйича ташаббусларни ҳам кутиб қоламиз. Зеро, экин майдонларининг ўсишда давом этиши фонида Ўзбекистондан сабзавот ва мевалар экспорти кетма-кет икки йилдан буён пасайиб бораётгани каби хавотирли тенденцияга бир неча бор эътибор қаратдик.

  1. Чакана савдо бозорида янги иштирокчилар

2021 йил хорижий супермаркетлар тармоғининг Ўзбекистон бозорига фаол экспансияси билан ёдда қолди. Бу йил Ўзбекистонга иккита хорижий ритейлер кириб келди – Қозоғистоннинг энг йирик чакана савдо тармоғи Маgnum Cash&Carry ва Россиянинг «Доброцен» дискаунтерлар тармоғи.  Ҳар икки ритейлернинг Ўзбекистондаги илк дўконлари шу йилнинг сўнгги ойида очилди.

Маgnum – Ўзбекистонда

Қозоғистоннинг Маgnum Cash&Carry тармоғи қарийб икки йил Ўзбекистон бозорига киришга тайёргарлик кўрди ва ушбу мамлакатнинг Қозоғистон бозори билан ўхшаш жиҳатлари, маҳаллий ўзига хосликларни синчковлик билан ўрганди. Ниҳоят, 2021 йилнинг 11 декабрь куни Тошкент шаҳридаги янгиланган Integro савдо марказида Ўзбекистондаги биринчи Маgnum гипермаркети очилди. Унинг савдо майдонида (5000 м. кв) Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ассортиментидан озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё воситаларидан тортиб, ноозиқ-овқат маҳсулотларигача бўлган 20 мингта товар намойиш этилди. Маgnum сархил сабзавот ва мевалар тоифасига алоҳида эътибор қаратади. Ассортиментда ҳатто Бразилия, Италия, Хитой, Колумбия, АҚШ, Туркия каби мамлакатларнинг мева-сабзавотлари ва албатта, маҳаллий мева- сабзавотлар мавжуд.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 2021 йилнинг 18 декабрида Тошкентнинг бошқа туманида иккинчи Маgnum дўкони очилди.

Қозоғистон ритейлери Ўзбекистондаги ривожланишнинг биринчи йилида қарийб 20 миллион доллар сармоя киритишни ва келгуси 2022 йилда яна иккита гипермаркет ва бир нечта супермаркетлар очишни режалаштирмоқда.

Маgnum Cash & Carry Қозоғистоннинг энг йирик чакана савдо тармоғидир.  Унинг биринчи дўкони 2007 йили Олмаотада очилган.  2021 йил охирига қадар компания Қозоғистоннинг 11 шаҳридаги дўконлар сонини 197 тага етказишни режалаштирган.  Тармоқнинг умумий савдо майдони 220 минг метр квадратни ташкил қилади – ўрта ҳисобда бу кўрсаткич йилдан-йилга 30% га ўсиб бормоқда. Тармоқ тўрт форматда ишлайди – express, daily, супермаркет ва гипермаркет, ассортимент – мавсумийлик ҳисобга олинган ҳолда 35-40 минг SKU.

 «Доброцен» – бир ой ичида 4 дўкон

2021 йилнинг 18 декабрь куни Россиянинг “Доброцен” чакана савдо тармоғи Ўзбекистондаги биринчи дўконини Бухорода очди, унда 1500 дан ортиқ номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё воситалари ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди. 2021 йилнинг 25 декабрь куни «Доброцен» тармоғи Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари – Тошкент, Қарши ва Марғилонда яна учта дўконини очди. Шундай қилиб, Ўзбекистонда «Доброцен» дўконлари сони 4 тага етди.

2021 йилнинг август ойи ҳолатига кўра, Россиянинг «Доброцен» чакана савдо тармоғи 400 та дўконга эга эди. Хорижда «Доброцен» тармоғи Ўзбекистондан ташқари фақат икки давлатда мавжуд: 2019 йили у Беларусда, 2021 йилнинг апрель ойи охирида эса Қозоғистонда биринчи дўконини очган.

«Доброцен» чакана савдо тармоғининг ўзига хос хусусияти – бу савдо майдони ва омборга бўлинмасдан, товарларни пештахталарда эмас, балки тўғридан-тўғри паллетларда тақдим қилиш билан дўкон-омбор форматида ишлаш. Ритейлернинг ассортименти арзон нархлардаги юқори сифатли озиқ-овқат ҳамда кундалик уй-рўзғор буюмларининг 1200 га яқин номларини ўз ичига олади.

Бонус – Ўзбекистон мева-сабзавот бизнесининг даромадли инвестицион нишалари

Ўзбекистон мева-сабзавот бизнесидаги глобал трендларга нисбатан камроқ эътибор қаратишда давом этиб, анъанавий экинларнинг анъанавий навларига кўпроқ эътибор қаратмоқда. Бу қулай, бироқ, бошқа томондан, ўзга давлатлар бундан яхши даромад олайтган бир пайтда Ўзбекистон ушбу имкониятларни бой бериб қўймоқда. Айтганча, Ўзбекистон учун замонавий ва сотиш нархи юқори бўлган товарларга таяниш ниҳоятда муҳим, чунки, мамлакат асосий савдо бозорларидан узоқда жойлашган ва денгиз портларига чиқиш имкониятлари чекланган, шу боис, мазкур мамлакат учун чет давлатларга товар транспортировкаси рақобатчиларга нисбатан қимматроққа тушади.

Ўзбекистон ўз фойдасини олиши мумкин бўлса-да, қўлдан бой бераётган ўша даромадли нишаларнинг ўзига хос рейтингини келтирмоқчимиз.

Голубика – энг қиммат ва трендли резавор бўлиб (дарвоқе, Ўзбекистонга уни импорт ҳажми ошиб бормоқда), мамлакатга ушбу резавор экспортидан юзлаб миллион доллар даромад келтириши мумкин. Мисол учун, Перу голубика экспортидан йилига 1 миллиард доллар ишлайди. Бу хусусда батафсил маълумотни мана бу ерда ўқинг.

Ёнғоқ: писта, бодом, фундук, грек ёнғоғи – Ўзбекистонда ушбу турдаги экинларнинг кўп навларини етиштириш учун жуда қулай иқлим шароитлар мавжуд, аммо бу имкониятлардан амалда етарлича фойдаланилмаяпти.  Мисол учун, АҚШнинг худди шундай иқлимли Калифорния штатида ёнғоқ етиштирувчилар ҳар йили тахминан 9 миллиард долларлик ёнғоқ экспорт қилади! АҚШдаги ички ёнғоқ бозори ҳам катта эканлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистон ёнғоқдан қанча даромад олиши мумкинлигини тасаввур қилиш мумкин. Дарвоқе, АҚШдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда ишчи кучи билан боғлиқ муаммолар йўқ!  Бизнинг YouTube каналимизда “Ёнғоқлар” плейлисти мавжуд бўлиб, унда АҚШ ва Грузияда ёнғоқнинг турли навларини етиштириш, ҳосилни йиғиб олиш ва қайта ишлаш бўйича кўплаб видеолар, шунингдек, ёнғоқ етиштириш бўйича жаҳондаги етакчи мутахассисларнинг видеотақдимотлари бор.

Резаворлар: Ўзбекистон иқлим зонаси ва иссиқхона технологияларидан самарали фойдаланиш эвазига қулупнай, малина, маймунжон ва бошқа анъанавий резаворларни деярли бутун йил давомида экспорт қилиши мумкин. Ушбу резаворлар соғлом овқатланиш трендларининг энг юқори чўққисида ва улар рўйхати тобора кенгайиб бормоқда. Резавор музлатиш сегменти ҳам катта суръатлар билан ўсиб боряпти. Испания резаворлар экспортидан йилига 1,5 миллиард доллар, Польша тахминан 700 миллион доллар даромад олади. Ажойиб иқлимга эга ва арзон ишчи кучи мавжуд Ўзбекистон эса бундан деярли ҳеч қандай фойда кўрмаяпти. Ҳатто Тожикистонда ҳам бу сегмент тезроқ ва муваффақиятлироқ ривожланмоқда. Шунинг учун бу борада ҳам кўплаб имкониятлар мавжуд.

Киви. Ушбу мева етиштириладиган мамлакатларда у фермерлар учун энг даромадли экинлардан биридир. Мисол учун, Италияда кўплаб фермерлар узумзорларни илдизи билан юлиб ташлаб, уларнинг ўрнига киви  экишмоқда. Жаҳон киви савдоси юқори суръатларда ўсиб боряпти. Минтақадаги мамлакатлардан Грузия бу соҳани ривожлантиришда энг муваффақиятли ҳисобланади, у ҳатто кивини Японияга экспорт қиляпти – жаҳондаги энг қиммат ва талабчан бозор!  Ўзбекистонда ҳам киви  ўсади, лекин, афсуски, саноат плантациялари деярли йўқ. Биз бир боғбон тажрибасидан Ўзбекистонда киви етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ушбу мақолада ёзган эдик.

Авокадо – жаҳон боғдорчилик савдосининг энг юқори суръатларда ривожланаётган сегментидир. Ушбу мева дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда жуда муваффақиятли етиштирилиши мумкин.  Мексика авокадо экспортидан йилига тахминан 3 миллиард доллар даромад олади. Грузияда эса биринчи тижорат авокадосининг плантацияси ташкил этилган. Минтақавий авокадо бозори таҳлилини бу ерда ўқишингиз мумкин.

Сарсабил – бу маҳсулот ҳам соғлом овқатланиш трендида мавжуд. Бутун жаҳонда, шу жумладан, Россияда унга талаб тез ўсиб бормоқда. Ўзбекистон иқлим қулайликларини ҳисобга олсак, бундан фойдаланиши мумкин. Ўзбекистоннинг сарсабил етиштириш имкониятлари ҳақида биз ушбу мақолада батафсил ёзганмиз.

Дарҳақиқат, мева-сабзавот бизнесининг Ўзбекистон учун анъанавий тармоқларида ҳам кўплаб нишалар мавжуд. Масалан, тўғри совутилган, қадоқланган ва Хитойга етказиб берилган бир хил сифатли йирик гилос анъанавий усулда етиштирилган ва Россия бозорига экспорт қилинадиган гилосдан бир неча баробар кўпроқ даромад келтириши мумкин.  Айтганча, “Ўзбекистонда гилос етиштиришнинг анъанавий технологиялари” ва “Ўзбекистонда гилоснинг ультразамонавий технологиялари” номли иккита видеомизни томоша қилиб, ушбу ёндашувларни солиштиришингиз мумкин.

Шундай ўхшашликларни бошқа сегментларда ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон экспорт тушумлари ўсиши ва ушбу соҳа билан шуғулланаётган ҳар бир кишининг фаровонлигини таъминлаш учун замонавий ва қиммат маҳсулотларга, шунингдек, уларнинг юқори сифатига эътибор қарата бошлайди, деб умид қиламиз.

Агар биз муҳим трендларнинг бирортасини ёддан чиқарган бўлсак, ушбу материалга шарҳларда қўшимчалар киритсангиз миннатдор бўламиз.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин