Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғи кенг кўламда имтиёзли молиялаштириш ва субсидиялар билан қўллаб-қувватланади
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғи кенг кўламда имтиёзли молиялаштириш ва субсидиялар билан қўллаб-қувватланади

2021 йилнинг ноябрь ойи охирида EastFruit Ўзбекистонда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича янги тизим белгилангани ҳақида ёзган эди. Кластерлар ролини кучайтириш, кооперациянинг янги механизмларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчиларни кенг миқёсда молиялаштириш ва қишлоқ хўжалиги хизматлари кўрсатилишини кенгайтириш мазкур тизимнинг асосини ташкил этади.

Материалда таъкидланганидек, янги тизим шартларининг бир қисми, яъни, экин майдонларини кўпайтириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчиларга ер ажратиш тартиби; интенсив боғлар, узумзорлар барпо этиш, шунингдек, сабзавот, полиз маҳсулотлари ва дуккакли экинлар етиштириш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш манбалари, ҳажми ва механизми; йиғим-теримдан кейинги хизматлар кўрсатиладиган корхоналарнинг молиялаштирилиши – буларнинг бари Президентнинг 2021 йил 23 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган эди.

Кейинчалик бу йўналишда қабул қилинган ҳукумат ҳужжатлари мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича бошланган жараённинг давомидир.  Хусусан, 2021 йилнинг 15 декабрь санасидаги «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва  кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ноябрь ойи охирида асосий параметрлар билан бирга тезис шаклида белгиланган механизмлар тасдиқланди. Бу мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар, қайта ишловчилар, сақловчилар ва экспортёрларни имтиёзли шартларда айланма маблағлар билан таъминлаш, ҳосилнинг нобуд бўлиши хавфини суғурталашда тўлов тартиби ва субсидиялар миқдорига тааллуқлидир. Қолаверса, мазкур ҳужжатда малакали хорижлик мутахассисларни жалб этиш ва Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан кичик агрологистик марказлар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Шундай қилиб, мамлакат мева-сабзавотчилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича янги ҳужжатга кўра:

  1. 2022 йил 1 январдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали қуйидагиларга:

а) фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга – мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 14 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар ажратилади;

б) мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга – етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз ставкада 12 ойлик “револьвер” кредит ажратилади.

Ушбу тадбирларни молиялаштириш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига республика бюджетидан 2 триллион сўм миқдорида бюджет ссудаси ажратилади.

  1. 2022 йилнинг 1 мартидан бошлаб:

а) мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига – экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади. Бунда, суғурта пули хавф-хатардан суғурта қилинаётган ҳосил қийматининг 70 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас;

б) мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) – хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади. Бунда, мева-сабзавотчилик кластерларига ўзига бириктирилган маҳсулот етиштирувчилар учун боғ ва токзорларни барпо этиш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш бўйича семинар-тренинглар ўтказиш тавсия этилади;

  1. Республиканинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизациялаш” лойиҳаси доирасида жалб қилинган 65 миллион доллар миқдоридаги Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан кичик агрологистик марказлар ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг 16 декабрь санасидаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ:

  1. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали:

а) томорқалар эгаларига қуйидаги мақсадларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларида белгиланган шартларда имтиёзли кредитлар ажратилади:

– ихчам иссиқхоналар қуриш ва “дала-дўкон”лар фаолиятини ташкил этиш;

– кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик;

– полиз маҳсулотлари, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва бошқа турдаги сабзавотлар етиштириш;

– артезиан қудуқларини бурғулаш.

б) кооперация ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш асосида аҳолининг томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун айланма маблағларни тўлдиришда етакчи тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратилади.

Ушбу мақсадлар учун миллий валютадаги 100 миллион доллар эквиваленти миқдоридаги қарз маблағлари Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади.

  1. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2026 йилнинг 1 январигача қадар томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия берилади.
EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин