Бош саҳифаЯнгиликларИссиқхоналарни экология мусаффолиги ва аҳоли саломатлигига зарар етказишига нима мажбур қилмоқда?
Долзарб Янгиликлар

Иссиқхоналарни экология мусаффолиги ва аҳоли саломатлигига зарар етказишига нима мажбур қилмоқда?

2020 йилнинг ноябрь ойида EastFruit жамоаси Ўзбекистон иссиқхоналарининг газ таъминотига уланиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида резонансли мақола чоп этган эди. Газ таъминотига уланишнинг бюрократик ва мураккаб тартиблари ёки умуман газ олиш имконсизлиги  фермерларнинг кўплаб шикоятларига сабаб бўлди.  Улар орасидан таъминотга улана олганлар ҳам газ идораси ёнилғини узлуксиз етказиб беришга кафолат бермаганини айтди. Бундан ташқари, газ, кўпинча, шунчаки ўчириб қўйилганлиги ҳам ҳақиқат ва бу баъзи ҳолларда бутун ҳосил нобуд бўлишига олиб келди. Аслида, табиий газ Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулоти ҳисобланади. Биз материалимизда табиий газдан фойдаланган ҳолда етиштирилган иссиқхона сабзавотларини экспорт қилиш мамлакат учун анчайин фойдали эканини рақамлар билан кўрсатиб берган эдик.

Газнинг энг кенг тарқалган муқобили кўмирдир. Бироқ, кўмир ёрдамидаги иссиқлик генерацияси газдан фойдаланишга нисбатан маҳсулот таннархини сезиларли даражада оширади. Бундан ташқари, кўмир ёқиш атроф-муҳит кучли ифлосланишига олиб келади, аҳоли саломатлигига зарар етказади ва плёнка ёки иссиқхона ойнасини хиралаштиради. Зеро, ўсимликлар иссиқликдан ташқари, ёруғликка ҳам муҳтож. Умуман олганда, қишда қуёш нури етишмаслиги Ўзбекистон иссиқхона комбинатларининг асосий муаммоларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам кўмир энг яхши муқобил бўла олмайди.

Бугун ўз корхоналарига катта сармоя киритган инвесторлар ечим излашга мажбур. Масалан, Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидаги «Тутзор» маҳалласи иссиқхоналари газ таъминотига уланишдаги муаммолар ва иссиқхона комбинатларига табиий газ етказиб беришдаги узилишлар фонида маҳсулот таннархини пасайтиришнинг ўзига хос “инновацион” усули топишди. Улар иссиқхоналарни иситиш учун ёқилғи сифатида маиший чиқиндилар, хусусан, ёғоч қириндиси, кўмир ва кезак (ёки тезак) аралашмасидан фойдаланишга қарор қилишди.

Ўз-ўзидан аёнки, бу «янгилик»нинг оқибати – сўнгги йилларда куз-қиш мавсумида бутун турар-жой ҳудудларини доимий қамраб оладиган куйинди ҳидидир. Бошқача айтганда, совуқ мавсумда иссиқхона сабзавот ва кўкатларининг таннархини пасайтиришдаги бу усул «Тутзор» маҳалласида ҳам, унга яқин аҳоли пунктларида ҳам маҳаллий экологик муаммони келтириб чиқарди.  Маълумки, ҳаво ифлосланиши жаҳон аҳли саломатлигининг ёмонлашуви ҳамда умр қисқаришига асосий сабаблардан биридир.

Рodrobno.uz таҳририятига Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ва Тошкент вилоятининг «Тутзор» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар иссиқхона комбинатлари ҳавони заҳарлаётгани сабаб мурожаат қилишди. Нашр ушбу мурожаатни чоп этишга қарор қилди, қуйида ушбу мурожаатни қисқартирилган ҳолда келтирамиз:

“Биз, қуйида имзо чекувчилар – Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани аҳолиси ва Тошкент вилоятининг “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси шуни маълум қиламизки, ўтган бир неча йил давомида куз-қиш мавсумида Юнусобод тумани (Тошкент шаҳри) ҳудуди ва “Тутзор” маҳалласи (Тошкент вилояти)да ҳар куни оқшомдан то тонгга қадар куйинди ҳиди анқиб туради. Шу сабабли, хонадонлар ва уйларнинг деразаларини очиб бўлмайди, бутун маҳаллаларни аччиқ тутун ҳиди қуршаб олади… Бундай ҳодисалар туфайли Юнусобод тумани ва «Тутзор» маҳалласи аҳолисининг ҳаёти қўрқинчли тушга айланди.

… Аҳоли атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манба Тошкент ҳалқа йўли ортида жойлашган иссиқхона хўжаликлари эканлигини аниқлади… Шундай иссиқхона хўжаликларидан бирига аҳоли ташриф буюрди, маълум бўлишича, иссиқхонани иситиш учун ҳар қандай чиқиндидан – пластмасса, лампа, шунингдек, ёғоч қириндиси, кўмир, кезак (ёки тезак) ва бошқа номаълум элементлар аралашмасидан фойдаланилар экан.

…Бу қўрқинчли фильм эмас, балки ўтмишда Тошкентнинг энг мусаффо ҳаволи туманларидан бири саналган Юнусободнинг бугунги ҳолати… Фото ва видеотасвирлар Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилингандан кейингина воқеа жойига Тошкент тумани Давлат экология қўмитаси инспекторлари келиб, иссиқхона эгаларига эмас, балки ёлланма ишчига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишди ва атиги 270 минг сўм жарима солишди.

Иссиқхона эгалари бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ва бундан буён иссиқхонани иситишда фақат кўмирдан фойдаланилишига ишонтиришди. Аммо орадан бир неча кун ўтиб, юнусободликлар яна ўткир куйинди ҳидини ҳис қила бошлашди… Одамларнинг мунтазам равишда заҳарланиши шу кунгача давом этмоқда…”.

Мурожаат сўнгида Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани аҳолиси ва Тошкент вилоятининг “Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари маҳаллий ҳокимликлардан Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган барча иссиқхона хўжаликларида ўрганиш ўтказилишини, ҳавони мунтазам равишда заҳарлайдиган иссиқхона хўжаликлари фаолиятига чеклов қўйилишини, шунингдек, ҳавони ифлослантирувчи иссиқхона хўжаликларининг мансабдор шахслари жавобгарликка тортилишини сўрашди.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистонда иссиқхона хўжаликларини узлуксиз газ билан таъминлаш муаммоси ҳамон ҳал этилмаган. Аслида, мамлакат қишлоқ хўжалигининг энг юқори технологияларга асосланган тармоғи ўз фаолияти билан фахрланса арзийди, аммо, у бугун имкон қадар омон қолиш йўлида ҳаракат қилишга мажбур. Айни пайтда қўшни Туркманистонда иссиқхона бизнеси табиий газни ниҳоятда арзон нархларда узлуксиз олмоқда, бу эса тармоқнинг жадал ривожланишига имкон беради. Туркманистон бир неча йил ичида Россияга иссиқхона помидорини етказиб бериш бўйича Ўзбекистондан деярли ўзиб кетди. Маълумки, помидор Ўзбекистон сабзавотчилигининг асосий экспорт позицияларидан бири ҳисобланади.

Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда Туркманистондан Россияга иссиқхона сабзавотларини етказиб бериш ҳажми ушбу маҳсулотлар бўйича Ўзбекистон экспорти ҳажмидан ошиб кетиши мумкин. Яна ҳам аниқроғи, агар давлат мамлакатда қўшилган қийматни ошириш муҳимлиги ва қишлоқ хўжалигининг юқори технологияли сегментларида атроф-муҳитга зарар етказмасдан янги иш ўринларини яратиш тўғрисида стратегик қарор қабул қилмаса, шундай ҳолат юз бериши аниқ.  Чунки, ҳозир аҳоли ҳам, кўп миллионли экспорт даромадларини келтирувчи истиқболли ва муҳим саноат ҳам жабр кўрмоқда.  Шундай қилиб, иссиқхона саноати ривожининг сустлашуви ва яратилмаган янги иш ўринлари туфайли тўғридан-тўғри иқтисодий йўқотишлар билан бирга Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам қўшимча харажатлар миқдори ортади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2026 йилга қадар 36 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилади, фермерларга эса имтиёзлар берилади

EastFruit

Қувайт компаниялари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда

EastFruit

Куз фаслида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин