Бош саҳифаЯнгиликларАнор – Ўзбекистон мева секторининг янги стратегик йўналиши: режалар қандай амалга ошади?
Долзарб Махсус Янгиликлар

Анор – Ўзбекистон мева секторининг янги стратегик йўналиши: режалар қандай амалга ошади?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон фермерлари анор плантацияларини  кўпайтиришга катта эътибор қаратишмоқда. Шу билан бирга, анор  етиштиришни  фақат боғбонларгина эмас, балки амалдорлар ҳам истиқболли деб ўйлаётган кўринади.

Анор етиштиришга қизиқиш ортиб бормоқда, айниқса режаларда!

Ўтган йилнинг сентябрь ойида EastFruit Фарғона  вилоятидаги  анорзорларнинг умумий  майдонини 20 минг гектарга етказиш  режалари ҳақида ёзган эди. Бу анорзорлардан  йилига 200 минг тоннадан ортиқ мева йиғиб-териб олинади. Орадан икки ой ўтгач, Қишлоқ хўжалиги  вазирлиги  Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида ҳам  анор  плантациялари яна 2 минг гектарга  оширилишини  маълум қилди.

Анорга иштаҳа янада кўпроқ очилмоқда. Мана, ўтган  ҳафтада республиканинг энг жанубий ҳудудида ушбу мева яна ҳам кенг кўламда етиштирилиши маълум бўлди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, Сурхондарё вилоятида анор етиштиришни ошириш ва йиллик ҳосил ҳажмини яқин истиқболда 300 минг тоннага етказиш кўзланмоқда. Аммо «яқин истиқбол»нинг моҳиятини айтиш анча  қийин.

Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари, шунингдек, мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги мавжуд плантациялар режалари ҳисобга олинса, яқин 5-10 йил мобайнида  республикада анор етиштиришнинг йиллик ҳажми камида 600 минг тоннага етиши мумкин.

Режаларнинг амалга ошиш эҳтимоли қандай?

Тўғри, буларнинг бари  ҳозирча фақат улуғвор режалар, уларнинг амалга ошишига кўплаб омиллар халақит бериши мумкин.

Энг аввало, анор етиштириш учун  етарлича қулай бўлмаган Ўзбекистон иқлим шароити. Ҳатто мамлакатнинг жанубий ҳудудларида ҳам  анор қишки даврда баъзан яхлаб қолади. Шунинг учун унинг буталари қишда, кўпинча, ўраб қўйилади. Бу эса ҳатто 1 гектарлик  майдондаги  анорни  етиштиришда ҳам  жуда кўп меҳнат   талаб қиладиган  жараён ҳисобланади.  Агар ўнлаб ва юз минглаб гектар ерда боғ яратиш режалари  амалга оширилса, унда бу майдонларни қишки совуқлардан қандай ҳимоялаш мумкинлигини тасаввур қилишнинг ўзи бўлмайди.

Иккинчи омил – бизнесни ривожлантиришни режалаштиришга киритиладиган ҳосилдорликнинг юқори кўрсаткичлари. Аниқ воқелик, одатда, режаларга нисбатан камроқ оптимистик бўлиб чиқади.

Ниҳоят учинчи омил – бу навлар таркиби. Ҳа, жаҳонда анор бозори ўсиб бормоқда, бироқ, унга юқори сифатли ва маълум навлардаги мевалар керак, айни вақтда Ўзбекистонда   маҳаллий навларга урғу берилмоқда.

Агар анор етиштириш  жуда тез суръатлар билан ўсадиган, мазкур жараёнда бундан кейин ҳам анъанавий маҳаллий навлардан  фойдаланиладиган бўлса, эҳтимол, Ўзбекистон уни қайта ишлаш саноати тўғрисида ўйлагани маъқулдир. Зеро, анор нафақат янги мева бозори учун, балки озиқ-овқат ва косметика, ҳатто дори-дармон сифатида ҳам қайта ишлаш бозорига ўта керакли  мевадир. Бу хусусда биз қуйида сўз юритамиз.

Ўзбекистон  ҳозирча янги анор халқаро бозорининг йирик иштирокчиси  эмаслигини  қайд этиш жоиз. Шунинг учун у  агар  маҳсулотни янги мева кўринишида сотадиган бўлса,  шубҳасиз, экспорт билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келади. Мамлакат  йилига ўртача 10 мингдан 15 минг тоннагача янги анор экспорт қилади, уларнинг деярли ҳаммаси собиқ СССР мамлакатларига кетади. Шу ўринда Ўзбекистондан Жанубий Корея ва БАА бозорига анор етказиб бериш ҳажми ўсиб бораётгани муайян умид уйғотаётганини ҳам  таъкидлаш лозим.

Жаҳон бозори: анор – янги авокадо!

Шундай қилиб, Ўзбекистон жаҳонда анор  етиштирувчи етакчилардан бири ва Марказий Осиё минтақасининг энг йирик мамлакати бўлишга  интилмоқда. Бу эса осон эмас.

Жаҳон мева-сабзавот маҳсулотлари айланмаси умумий ҳажмида анорнинг улуши  унча катта эмаслигига қарамай, истеъмол  даражаси жадал ўсиб бормоқда. Жаҳон бўйича анор импортининг умумий  ҳажми 2014 йилдан 2018 йилгача 24% ўсди. Шу билан бирга, кўплаб  экспертлар жаҳон анор бозори деярли авокадо бозори каби юқори суръатларда ўсишини кутишмоқда. Айниқса, коронавирус пандемияси фонида антиоксидантларга бой анор иммунитетни ошириши сабаб, қолаверса, «суперфуд» хусусиятларга эга мева-сабзавотларни топиш ҳақида кўп ўйлаётган Ер юзи аҳолисининг диққат марказида турибди.

Косметика ва фармацевтикада ҳам қўлланадими?

Анор  саломатлик учун жуда фойдали ҳисобланадиган икки ноёб таркибга эга. Пуникалагин (Punicalagin) – анор илдизи ва пўстидаги кучли антиоксидант бўлиб, у қизил шароб ёки кўк чойга нисбатан қарийб 3 баравар юқори антиоксидант фаолликка эга. Анор дони ёғидан олинадиган пуничид кислотаси (PunicidAcids) эса биологик самарадор воситадир. Фойдали хусусиятлари сабаб, анор жаҳон бозорида доим юқори талабгир, кўпгина мамлакатлардаги анорзор майдонлар ўсиб бораётганига қарамай, ушбу меванинг жаҳон бўйича нархлари ўсиш тенденциясини сақлаб келмоқда.

Ҳиндистон тижорат ва саноат вазирлигининг қишлоқ хўжалиги ва ишлов берилган озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ривожлантириш бўйича махсус муассасаси тадқиқотларига кўра, анор ҳамда унинг донининг жаҳон бозоридаги умумий ҳажми 2018 йили $8,2 млрд миқдорида баҳоланган, 2026 йилга келиб $23,14 млрд.га ўсиши, яъни, қарийб 3 баравар(!) кўп бўлиши прогноз қилинмоқда. Бундай прогноз негизидаги асосий омил  анор хом ашёсидан тайёрланадиган маҳсулотларга талаб ўсиб бораётганидир. Масалан,  анор  меваси  экстракти (pomegranatepowder), шарбати ва ундан тайёрланадиган турли ичимликларни олайлик. Улар дармондори хусусияти билан ном қозонган. Бундан ташқари, анордан нафақат озиқ-овқат, балки косметика саноатида  ҳам  фойдаланилади ва  бу йўналишда ҳам талаб тобора кўпроқ ўсмоқда. Анор ҳатто фармацевтикада ҳам қўлланади.

Ушбу маҳсулотни қайта ишлаш бозорининг энг йирик сегменти мева экстракти (pomegranatepowder) кўринишидаги истеъмол ҳисобланади. Яқин 5 йил ичида бу сегментнинг ўсиш суръати 4,8%  даражасида прогноз қилинмоқда. Бозор улуши бўйича иккинчи ўринни анор шарбати, сироп ва қайлалар тайёрлашда ишлатиладиган концентратлар эгаллайди. Бундан ташқари, анор шарбати ва ундан тайёрланадиган косметика воситалари (дон экстрактлари, уруғ, пўстлоқ ва ҳоказо) истеъмоли ҳам  кенг  оммалашмоқда.

Энг йирик импортчилар ва истеъмолчилар

Жаҳонда  анорнинг энг йирик  истеъмолчиси – Осиё-Тинч океани минтақаси(ОТМ) ҳисобланади. Жаҳон миқёсидаги анор истеъмоли ҳажмининг ярмига яқини(45-50%) унинг ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринларни Европа  (20%), Шимолий Америка (15%), Яқин Шарқ ва Африка (10%)  ҳамда Лотин  Америкаси (5%) эгаллайди.

Энг йирик  истеъмолчи, яъни Осиё-Тинч океани минтақасида Ҳиндистон, Эрон ва Хитой каби етакчи  анор етиштирувчи мамлакатлар ҳам жойлашган.  Бу ўринда дастлабки икки  мамлакат  ушбу  маҳсулотнинг  ҳақиқий экспортчиси, Хитойда эса анорга бўлган талаб ички ишлаб чиқариш ҳажмидан  анча ортиқ, шунинг учун у йирик импортчи ҳисобланади.

Жаҳон анор  истеъмоли  тузилмасида  барча меванинг  65%га яқини озиқ-овқат саноатига, (ҳўл мева, шарбат, сироп, қайла, мураббо ва ҳоказо кўринишида), тахминан 20%и косметика воситалари ва 15%и фармацевтика соҳасига тўғри келади.

Жаҳонда анорнинг анорнинг энг йирик импортчиси Хитой ҳисобланади. 2018 йили бу мамлакат 857,5 млн. долларлик анор импорт қилган. Агар Гонконг билан бирга қўшиб ҳисоблайдиган бўлинса, унда бу кўрсаткич 1 млрд. АҚШ долларидан  бироз кўпроқни ташкил этади.

Анор  етиштирувчилар ва экспортчилар

Ҳиндистон – жаҳоннинг энг йирик анор  етиштирувчи  мамлакати.  Бу мамлакат анор етиштиришни  йилига 20-25% оширмоқда. Ҳиндистонда  етиштириладиган энг машҳур  анор нави  – Бхагва (Bhagwa) бўлиб, таъми жуда ширин ва сифати юқори.  Мамлакатда  анорнинг  пишиб етилган  даври  йилига 11 ойга чўзилади, бу эса Ҳиндистоннинг бошқа етакчи ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларга нисбатан устунлигини таъминлайди. Ҳиндистондан янги  анор экспорти  географияси жаҳоннинг 35 га яқин  мамлакатларини қамраб олади улар орасида энг йириги Бирлашган Араб Амирликлари (Ҳиндистон экспорти умумий ҳажмининг 32%и), Нидерландия (11%и) Саудия Арабистони, Уммон, Непал ва Қатар ҳисобланади.

Хитой ва Гонконг энг йирик анор импортчилари бўлишига қарамай, мазкур ҳудудлар Ҳиндистондан етказиладиган умумий маҳсулот ҳажмида арзимас улушга эга. Бунга сабаб, Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий  ихтилофлар эканини тахмин қилиш  мумкин.  Табиийки, айни вазият Ўзбекистонга катта устунлик беради, негаки,  жаҳоннинг бошқа  етакчи  анор  етиштирувчи мамлакатлари Хитойдан Ўзбекистонга нисбатан  олисда  жойлашган.

Шу билан бирга, Хитой   йирик анор  етиштирувчи  мамлакат  эканини,  Хитойда  ҳосил  йиғим-терими июлдан ноябргача давом  этишини ҳам ҳисобга олиш лозим. Ўзбекистонда эса анор сентябрь-ноябрь ойларида териб олинади. Яъни Ўзбекистон ва Хитойнинг йиғим-терим мавсуми бир-бирига яқин ва бу ўзбек анорига Хитой бозорининг қизиқишини пасайтиради. Ўзбекистондан Хитой бозорига анор экспорти истиқболларини ошириш учун маҳсулот етказиб бериш мавсумини кенгайтириш, анорни узоқ муддат сақлаш  технологияларини яхшилаш зарур.

Жаҳондаги бошқа йирик анор ишлаб чиқарувчилар – Туркия, Эрон, Тунис, Перу, Исроил ва Озарбайжондир. Бу мамлакатлар географик жойлашуви нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг  Европа мамлакатлари ва Россия бозоридаги рақобатчилари ҳисобланади. Бундан ташқари, улар Ўзбекистон билан бир вақтда анор ҳосилини йиғиб олади.

Дарвоқе, Россия сархил анорнинг асосий ҳажмини Туркиядан сотиб олади. Йирик анор етказиб берувчилар қаторида, шунингдек, Эрон, Озарбайжон, Миср ва Перу ҳам бор.  Охирги йилларда Россияга анор етказиб беришни фаол ривожлантираётган мамлакатлар қаторига Ўзбекистон, ҳатто Грузия ҳам қўшилди.

Ўзбекистонда анор етиштириш кўламини ошириш тенденцияси, шубҳасиз, жуда қизиқарли.  Бу бизнеснинг истиқболлари эса  ишлаб чиқарувчилар томонидан чуқур ўйлаб қабул қилинган қарорлар ва мева етиштириш ҳамда маҳсулотни қайта ишлаш  даражасига боғлиқ.

Ушбу материалда  Ҳиндистон тижорат ва саноат вазирлигининг қишлоқ хўжалиги ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ривожлантириш бўйича давлат муассасасининг жаҳон анор бозори бўйича тадқиқотлари натижаларидан фойдаланилди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Шанхай (Хитой)да ўзбек қовунлари тақдимоти бўлиб ўтди

EastFruit

2021 йилги мавсумда Перу анори экспорти 5,5%га ўсди

EastFruit

ФAО ва ЕИК ҳамкорлиги: ЕОИИнинг мева -сабзавотчилик секторини ривожлантириш истиқболлари баҳоланади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин