Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда мева-сабзавот етиштирувчиларга субсидия ва янги имтиёзлар берилади
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштирувчиларга субсидия ва янги имтиёзлар берилади

2022 йилдан бошлаб, Ўзбекистон мева-сабзавот секторида фаолият кўрсатувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Имтиёзли молиялаштириш, сабзавот ва мевалар ҳосилини об-ҳаво таъсиридан суғурталаш, қишлоқ хўжалиги техникасини модернизациялаш учун субсидиялар, асбоб-ускуналар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари импортини рағбатлантириш, шунингдек, касалликларга чидамли янги экинлар экиш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун бериладиган имтиёзлар шулар жумласидандир.

Яқинда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш, жумладан, мева-сабзавот кластерлари ва кооперативлар учун қўшимча имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда мева-сабзавот  етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича 2022 йил бошидан жорий этиш ва амалга ошириш кўзда тутилган аниқ чора-тадбирлар тилга олинди.

Қуйида EastFruit мамлакатнинг мева-сабзавот секторида амалга оширилиши режалаштирилган қўллаб-қувватлов ва рағбатлантирув чораларини санаб ўтади:

  1. Мева-сабзавот кластерларининг айланма маблағлари учун Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 10 фоизли ставкада 1 йил муддатга кредит ресурсларини ажратади.
  2. 2022 йилдан бошлаб, суғурта компаниялари ўртасида сабзавот ва мевалар ҳосилини об-ҳаво таъсиридан суғурталаш бўйича танлов ўтказилади. Экспорт шартномасига эга кластерлар ва фермерлар учун суғурта мукофотларининг 50 фоизи давлат томонидан қопланади.
  3. Пахта ва ғалла етиштириладиган 200 минг гектар кам ҳосилли майдонларни қисқартириш режалаштирилган. Улар танлов асосида аҳолига узоқ муддатли ижарага берилади. Шунинг баробарида кам таъминланган оилаларга алоҳида эътибор қаратилиб, улар қишлоқ хўжалиги бўйича ўқитилади ва бу борада тегишли кўмак берилади. Бунинг учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури шартлари асосида 100 миллион сўмгача мева-сабзавот лойиҳалари учун кредитлар ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасидаги кредитлар бўйича фоиз ставкалари Ўзбекистон Марказий банкининг асосий ставкасидан ошмайдиган миқдорда белгиланади. 2021 йилнинг 28 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Марказий банкининг асосий ставкаси 14 фоизга тенг.

  1. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мева-сабзавот кластерлари ва қайта ишлаш корхоналарини инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида агрологистик марказлар ташкил этиш топширилди.
  2. Қишлоқ хўжалиги техникасини модернизациялаш учун 2022 йилдан бошлаб, фермер ва кластерларнинг техника сотиб олиш учун олган кредитларини фоизли тўловларининг 10 фоиздан ортиқ қисми давлат томонидан қопланади.
  3. Импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар 3 йил муддатга божхона тўловларидан озод қилинади. Бунинг натижасида кластерлар ва фермерлар ускуна сотиб олаётганда 35 фоизгача маблағ тежашга эришади.
  4. Лазерли текислаш, қишлоқ хўжалиги экинларининг касалликка чидамли янги навларини экиш, уруғчиликни ривожлантириш ва сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.
EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

2021 йилнинг ўтган 11 ойида Ўзбекистонга картошка импорти 2020 йилги умумий кўрсаткичдан ошиб кетди

EastFruit

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги фаолияти учун 100 кг гача оғирликдаги дронлардан фойдаланишга рухсат берилди

EastFruit

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин