Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонга Покистон ва Эрондан импорт қилинган картошкаларда олтинранг ва нимранг нематодалар билан зарарланиш ҳолатлари тизимли равишда аниқланган
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонга Покистон ва Эрондан импорт қилинган картошкаларда олтинранг ва нимранг нематодалар билан зарарланиш ҳолатлари тизимли равишда аниқланган

EastFruit бир неча бор хабар қилганидек, 2021/22 йилларда Ўзбекистон учун маҳаллий аҳолини мақбул нархларда картошка билан таъминлаш осон бўлмайди. Ҳукуматнинг картошка импортини камайтиришга қаратилган жиддий саъй-ҳаракатларига қарамай, импорт ҳажми ҳар йили рекордларни янгилашда давом этмоқда. Биз жорий йил бошида бу ҳолатни батафсил таҳлил қилиб, Ўзбекистон картошканинг нисбатан юқори ички нархларини сезиларли даражада пасайтира олмаслигига аниқлик киритдик.

Бироқ, Россия ва Беларусь картошка экиладиган майдонларни қисқартиришдан ташқари уни етиштириш учун ноқулай об-ҳаво муаммосига ҳам дуч келганидан кейин вазият ёмонлаша бошлади. Бу йиғим-терим даврида картошка нархи кескин ошишига ва Россияда ҳам, Беларусда ҳам импорт ўсишига олиб келди.

Одатда, Россия Ўзбекистонга картошка етказиб берувчи асосий давлатлардан бири бўлгани учун ўзбек импортёрлари дарҳол Эрон ва Покистондан картошка олиб киришга эътибор қаратишди. Улар Россиянинг жиддий рақибини топишди. Натижада, ҳозир Ўзбекистонда картошканинг улгуржи нархлари шу давр учун рекорд даражада — ўтган йилнинг айни санасига нисбатан 36 фоиз, 2019 йилдаги картошка нархи даражасидан эса икки баравар қиммат.

Маълум бўлишича, Покистон ва Эрондан олиб келинган картошканинг бир қисми хавфли карантин организмлари билан касалланган бўлиб, улар нафақат картошка етиштирувчилар, балки помидор, қалампир ва ҳатто қовун етиштирувчиларга ҳам потенциал хавф туғдиради.

2021 йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мамлакат картошкачилиги ва сабзавотчилигини ўта хавфли карантин зараркунандалари кириб келишидан ҳимоялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди. Ахборотда айтилишича, бу хавфли карантин объектлари Ўзбекистонга 2021 йилда Эрон ва Покистондан импорт қилинган картошкада тез-тез аниқланган олтинранг  ва нимранг картошка нематодалари (Globodera rostochiensis ва Globodera pallida)дир.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг август ойидан буён Ўзбекистонга 110 минг тонна истеъмол картошкаси импорт қилинган бўлиб, шундан 104 минг тоннасига фитосанитария талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги фитосанитария сертификатлари берилган. Шу билан бирга, 3,5 минг тонна (3,2 фоиз) картошкада хавфли нематодалар аниқланганлиги сабаб, ушбу маҳсулотни экспорт қилган давлатларга қайтарилган, 775 тонна (0,7 фоиз) маҳсулот эса тадбиркорлик субъектлари томонидан қайтариш имконияти йўқлиги туфайли махсус объектларда йўқ қилинди.

Шунингдек, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенсияга биноан Aгентлик томонидан 2021-йил Эрон ва Покистон давлатларига Ўзбекистон фитосанитария талабларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан эътирозномалар юборилди.

Ушбу эътирозномалар юзасидан Покистон давлати барча касаллик аниқланган юкларнинг фитосанитар сертификатларини ўрганиб чиқиб, уларнинг қалбакилаштирилганлиги тўғрисида маълум қилди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ўта нохуш вазиятга тушиб қолди. Жаҳонда картошка етказиб берувчи муқобиллар у қадар кўп эмас, маҳсулотни керакли ҳажмда етказиб бера оладиган давлатлар эса анча узоқда. Демак, Ўзбекистонда аллақачон қимматлаган картошка Эрон ва Покистондан етказиб бериш таъқиқланса, ундан ҳам қимматга тушади.

Шу боис, мамлакатнинг картошкага бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда Агентлик таъқиққа бормасликка, Покистон ва Эрон карантин хизматлари билан музокаралар ўтказишга қарор қилди. Натижада, ушбу давлатлар карантин назоратини кучайтириб, Ўзбекистоннинг фитосанитария талабларига мувофиқ, картошка етиштирувчилар рўйхатини тақдим этиши ҳақида қарор қабул қилинди. Ва бу рўйхат агентлик сайтида эълон қилинган.

Қайд этиш жоизки, олиб борилган музокаралар натижасида 2021 йилнинг 3-10 ноябрь кунлари Покистондан олиб келинган картошка маҳсулотларида нематодалар билан зарарланиш ҳолатлари аниқланмади. Демак, олдинга силжиш бор ва таъминотни меъёрлаштиришга, энг муҳими, Ўзбекистонда мева-сабзавот бизнеси учун хавфни камайтиришга умид қилиш мумкин.

Нематодаларнинг ҳар икки тури ҳам Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқида карантин объекти ҳисобланади.

Ҳозирча ушбу нематодаларга қарши самарали кимёвий ҳимоя воситалари мавжуд эмас. Зараркунандалар бўлган жойларда 30 йилгача картошка, қалампир, помидор, бақлажон ва полиз экинлари етиштирилмаслиги керак.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда нематодалар топилса, бу ердан сабзавот маҳсулотлари, жумладан, иссиқхона сабзавотлари (айни пайтда мамлакат ишлаб чиқарувчиларига кўп миллион долларлик даромад келтираётган)ни Россия ва минтақанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилиш таъқиқланиши мумкин. Шунга кўра, Ўзбекистон учун бу жиддий таҳдиднинг олдини олиш жуда муҳим.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистонда картошка нархи бироз пасайди. Бу етказиб бериш меъёрига келганини англатади.

2021 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон Эрон картошкаси сотиладиган иккинчи йирик бозорга айланди. Шу вақт ичида Эрон Ўзбекистонга 121,7 минг тонна картошка экспорт қилди ва бу кўрсаткич мазкур йўналишда етказиб бериш бўйича рекорд ҳажм. Эрон сабзавотларининг энг катта ҳажми Афғонистонга юборилган – 125 минг тоннадан зиёд. Айтганча, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Россияга Эрон картошкаси Ўзбекистонга юборилган картошка билан тенг миқдорда экспорт қилинган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

2021 йилнинг ўтган 11 ойида Ўзбекистонга картошка импорти 2020 йилги умумий кўрсаткичдан ошиб кетди

EastFruit

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги фаолияти учун 100 кг гача оғирликдаги дронлардан фойдаланишга рухсат берилди

EastFruit

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин