Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларҚандай қилиб боғ ва токзорни совуқ уришидан сақлаш мумкин? Ҳимоя усуллари, уларнинг самарадорлиги, нархи ва фойдаланиш имконияти
ДолзарбМахсусТехнологиялар

Қандай қилиб боғ ва токзорни совуқ уришидан сақлаш мумкин? Ҳимоя усуллари, уларнинг самарадорлиги, нархи ва фойдаланиш имконияти

EastFruit маълумотларига қараганда, сўнгги йилларда иқлим ўзгаришларининг жадаллашуви энг кўп мева-сабзавотчилик тармоғига таъсир кўрсатмоқда ва бу боғбонлар ва миришкорларга миллиардлаб зарар етказяпти. Табиийки, фермерлар ҳолатни шундай қолдиришни исташмайди ва иқлимий хатарларни камайтириш йўлларини излашга фаол киришганлар. Кўпинча уларни топишяпти ҳам.

“Мевачилик – агробизнеснинг иқлим ўзгаришларига энг таъсирчан сегментидир. Йил давомида ҳароратнинг нормадан бироз четга чиқиши ҳам меваларнинг ҳосилдорлиги ва сифати пасайишига, баъзан эса дарахт ва буталарнинг нобуд бўлишига олиб келади. Европа ва, умуман, дунёнинг исталган еридаги боғбон ва миришкор учун энг катта хавф баҳорги совуқ уришдан келади – аёз бир неча соат ичида фермернинг бутун ишини чиппакка чиқариб, уни бир йиллик даромаддан маҳрум қилиши мумкин. Аммо қишда ҳаво ҳароратининг аномал даражада совиши ва ёзда ҳаддан ташқари исиб кетиши ҳам мева, резаворлар, узум ва ёнғоқ етиштирувчи фермерларга жиддий зарар келтириши мумкин. Шунингдек, куздаги эрта тушган совуқ анчагина хавф туғдиради. Об-ҳаво шароитларининг боғдорчилик ва узумчиликка салбий таъсиридан ҳимояланиши бўйича жаҳон тажрибасини ўрганишдан сўнг бизга аён бўлдики, бу борада АҚШ ва Янги Зеландия етакчи ҳисобланади, ЕИ мамлакатларида эса боғларнинг иқлим инжиқликларидан ҳимояланганлик даражаси энг паст даражада”, – дея изоҳ берди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) инвестициялар департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

EastFruit маълумотларига кўра, боғлар, токзорлар ва резавор мевазорларни совуқ уришдан сақлашнинг асосий воситалари қуйидагилар:

  • Боғ устидан спринклер суғориш (уни яна “музли зирҳ” деб ҳам аташади) – эҳтимол совуқ уришидан сақлашнинг энг самарали усули. Тўғри, ушбу усул бошқалари каби бир қатор жиддий чекловларга эга бўлиб, улар ҳақида қуйида тўхталамиз.
  • Боғ остидан спринклер суғориш – биринчи усулга ўхшайди, бироқ самараси пастроқ.
  • Ёмғирлатиб суғориш – боғларни совуқ уришидан сақлашнинг янада самараси камроқ усули.
  • Тутун билан димлаш – совуқдан муҳофаза қилишнинг энг қадимги усулларидан бири бўлиб, шунга қарамай жуда катта меҳнат, харажат талаб қилади ва унинг самарадорлиги чекланган.
  • Боғни иситиш – совуқдан ҳимоялашнинг самарасиз ва эскирган хавфли усули.
  • Шамол машиналари ёки “виндмашиналар” – совуқдан ҳимоялашнинг универсал усули бўлиб, ёзги даврда ҳаддан зиёд юқори ҳарорат пайтида боғни совитишда ҳам қўлланилиши мумкин.
  • Ёпиқ ер – совуқ уришидан сақланишнинг энг яхши воситаси эканлиги аниқ. Бироқ у талаб этадиган инвестициялар боғ ёки резавор мевазорнинг ўзидан ҳам қиммат тушади. Шу боисдан мазкур материалда уни кўриб чиқмаймиз.

Совуқ уришнинг турлари ва уларнинг ҳимоя услубини танлашга таъсири

Совуқ уриши (ёки аёз)нинг турли шакллари борлигини кўпчилик билмаса керак. Нохуш хабар шуки, совуқ уришининг асосий иккита тури, яъни адвектив аёз олдида энг кўп қўлланиладиган ҳимоя усулларининг аксарияти ожиздир.

Адвектив аёз (уни яна кўчма аёз деб ҳам аташади, чунки совуқ ҳаво массаларини шамол бошқа минтақалар, кўпинча, шимолдан олиб келади) одатда, анчагина кучли шамол билан кечади ва ҳаво булутли бўлади. У узоқ туриб қолиши ва совуқ уришидан ҳимоялаш учун қилинган сайъ-ҳаракатларни чиппакка чиқариши мумкин. Булут ҳам кундузи ҳаво ва тупроқнинг исишига йўл қўймайди ҳамда ҳарорат инверсияси, яъни ҳавонинг юқори қатламида илиқ қатлам шаклланишини тўсади. Бундай совуқ пастликда жойлашган боғларга энг кўп зарар етказади. Чунки совуқ ҳаво айнан шу ерда тўпланади ва узоқ туриб қолади.

Ўз-ўзидан келиб чиқадики, аёзнинг ушбу турига қарши ҳимоя йўлини топиш мушкул. Боғ устидан суғориш ёки “музли зирҳ” усули нисбатан самарали йўл бўлиши мумкин. Аммо бу масалада ҳам кўплаб чекловлар ва ўзига хосликлар мавжуд. Боз устига, кўплаб ишлаб чиқарувчилар бундай усулни қўллашга жисмонан қодир эмас. Бироқ бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.

Радиацион аёзлар эса нурланиш таъсирида тупроқнинг совиши оқибатида келиб чиқади ва кўп ҳолларда тунда, очиқ ва шамолсиз об-ҳаво шароитида кузатилади. Бу пайтда ер сиртининг нурланишга таъсири юқори бўлиб, гирдобли ҳаракат кам бўлади. Натижада, совиган ер усти ҳаво қатламининг юқоридаги илиқроқ қатламлар билан аралашиши қийин кечади. Бундай совуқгарчилик Шарқий Европа ва Марказий Осиё иқлим зонасида кўп учрайди. Уларга қарши курашиш фермерлар учун анча осон, унинг воситалари ҳам, маълум бўлишича, самаралироқ экан. Ушбу ҳолатда турли мураккабликдаги ҳар хил усулларни қўллаш мумкин.

Совуқ уришига қарши курашиш самарадорлигини тўғри тушунишдаги муҳим жиҳатлар

Соғлом боғ, резаворзор ёки токзорлар заифроқларига қараганда аёзга бардошлироқ бўлади. Шу сабабли, совуқдан ҳимояланиш кўчат экишдан тортиб то унга қарашгача – барча асосий агротехник тадбирларга қатъий риоя қилишдан бошланади. Касалликлар ва зараркунандалар ўчоқларининг йўқлиги, мувозанатлашган озуқа, боғнинг тўғри жойлаштирилиши, шамолдан ҳимоя қилувчи йўлакларнинг мавжудлиги каби омиллар критик ҳарорат кунларида ҳосилнинг қанчалик сақлаб қолинишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.

Мевалар, резаворлар, ёнғоқлар ва узум етиштиришда, албатта, навлар ва кўчатларни оқилона танлашни ҳам унутмаслик лозим. Кўпинча бизнинг минтақамизда боғбонлар иссиқ ўлкалардан кўчатлар сотиб олади. Улар эса ё қиш даврида паст ҳароратга бардош бера олмайди, ёки эрта гуллаб кетиб, баҳорги совуқгарчиликларда нобуд бўлади.

Боғ, резаворзор ёки токзорни йирик сув ҳавзаси яқинида жойлаштириш ҳам доим боғни кучсизроқ аёздан қисман ҳимоялаш ёки ҳарорат пасайиши оқибатида келадиган зарарни камайтириш имконини беради.

Совуқдан ҳимоялашнинг қайси турини танлаш керак? Боғларда совуқдан ҳимоялаш усулини танлашдаги асосий чекловлар.

Боғ устидан суғориш (боғ устидан ёмғирлатиб суғориш ёки “музли зирҳ” усули)нинг самараси анча юқори. Қолаверса, мазкур усул адвектив совуқлар юз берганда ҳам қўлланилиши мумкин. Айрим ҳолларда боғбонлар ушбу усулдан фойдаланиш орқали ҳатто Цельсий бўйича 9 даражалик совуқда ҳам боғдаги дарахтлар мева тугунларини сақлаб қолишади. Гуллар, тугунчалар ва барглар муз билан қопланиб қолиши туфайли унинг ичидаги ҳарорат нолга яқин даражада сақланиб туради. Бу шуни англатадики, ўсимлик ҳужайрасининг ичи музламайди, барглар ва дарахтга зарар етказиши мумкин бўлган муз кристаллари ҳосил бўлмайди.

Бироқ ҳамма хўжаликлар ҳам мазкур усулни қўллай олмайдилар. Нега? Сабаби:

  1. Асосий муаммо шундаки, бунинг учун боғбон ёки миришкор музлаб қолмаган катта миқдордаги сув захирасига эга бўлиши, ҳаво ҳарорати ноль ва ундан паст бўлиб турган кунлар давомида ўша сув билан боғни суғориши керак бўлади.
  2. Бундан ташқари, мазкур усулни қўллаш учун аввалбошданоқ сув беришнинг қимматроқ воситалари: янада қувватлироқ ва қимматроқ насослар, қувурлар ва бошқаларни режалаштириш талаб этилади.
  3. Боғбон анча қиммат турадиган ва фақат интенсив боғларда ишлатиладиган баланд шпалераларга эга бўлиши лозим.
  4. Ушбу усулда қўлланиладиган сув пуркагич спринклер ҳам одатдагиларидан қиммат, чунки пластик спринклерлар паст ҳароратга дош бера олмайди.

Баланд шпалераларни айтмаса, айнан шу чекловларга боғ остидан спринклер суғориш усулида ҳам дуч келамиз.

Аммо, устига устак, бу методнинг самараси аввалгисига қараганда кам ҳам.

Ёмғирлатиб ёки жўяклар оралаб суғориш асосан, қисқа муддатли радиацион аёзлар пайтида боғни ҳимоя қилиши мумкин. Аммо шунда ҳам ҳарорат Цельсий бўйича 2-3 даражадан пастга тушиб кетмаса. Шунга қарамай, совуқгарчиликлар тушиши арафасида жўяклар бўйлаб оддий суғориш боғдаги намлик даражаси ва ҳаво ҳароратининг ошиши ҳисобига зарарни камайтиришга ёрдам беради.

Аммо бу усулда ҳам катта сув захираси талаб этилади. У эса, айниқса баҳор пайтида кўплаб боғбонлар учун муаммодир. Шу билан бирга, катта миқдордаги сувни тезлик билан қўйиш учун анча кучли суғориш тизимига эга бўлиш керак.

Боғни ёки токзорни тутун билан димлаш – муҳофазанинг қадимий, қиммат ва энг самарасиз усулидир. Гап шундаки, тутун боғ бўйлаб ёйилиб, дарахтларни қоплаб олади, унинг ҳарорати эса ҳаво ҳароратидан бир мунча юқорироқ бўлади. Бундан ташқари, тутун иссиқлик ердан кўтарилиб кетмай, боғда сақланиб туришини таъминлайди.  Мана, нима учун боғни сақлаб қолишнинг ушбу усули фақатгина айрим ҳолларда ва фақатгина кичик майдонли боғларда қўлланилиши мумкин:

  1. У катта меҳнат ресурсларини, боз устига, тун пайтида ишлашни талаб қилади. Буни эса уддалаш осон эмас;
  2. Катта ҳажмда ёнувчи материал (одатда қуриган сомон) ёки юзлаб тутантириқ шашкалар керак бўлади;
  3. Метод анча қимматга тушади;
  4. Аҳоли яшаш пунктлари яқинида ишлатиб бўлмайди, чунки тутун аҳоли саломатлиги учун зарарли;
  5. Адвектив аёзлар пайтида самара бермайди, чунки шамол тутунни осонгина учириб кетади.

Тутатиш методининг афзаллиги шундаки, у ускуналар учун алоҳида инвестициялар киритишни ва ҳимоя қатламини ўрнатишни талаб этмайди, агар ҳамма нарсангиз бўлса, дарров ишга солишингиз мумкин.

Боғни иситиш, яъни тутун ҳосил қилиш эмас, балки ҳароратни кўтариш мақсадида турли ёнилғи воситаларини ёқиш. Биз бу усулни чуқур кўриб чиқмаймиз. Чунки у барча тарафдан олиб қараганда мутлақо самарасиздир: қиммат, улкан меҳнат ресурсларини талаб этади, ёнғин чиқиш хавфи бор ва боққа ёки токзорга зарар келтириши, ҳатто бутунлай ер билан битта қилиб юбориши мумкин.

Албатта, сиз тунда аланга ичида қолган боғ ёки токзорнинг ажойиб суратларига эга бўлишингиз мумкин. Аммо буни афзаллик деб бўлмаса керак. Одатда, миришкорлар ушбу усулдан ўта қиммат навли узумни сақлаб қолиш мақсадида ва фақатгина бунинг учун етарли ток новдалари захираси бўлганда фойдаланишади.

Шамол машиналари ёки “виндмашиналар” – бу, эҳтимол, ҳамма жойда қўлланилиши мумкин бўлган, аёздан сақлашнинг энг осон ва универсал усулидир. Қолаверса, шамол машиналари боғбон ва миришкорларга ёз пайтида боғдаги ҳаво ҳароратини пасайтиришда ҳам қўлланилиши мумкин. Ушбу методнинг моҳияти шундаки, бунда илиқ ҳавонинг юқори инверсион қатлами боғдаги совуқроқ ҳаво оқими билан аралаштирилади.

Агар шамол машиналари усули иссиқ пушка усули билан биргаликда қўлланилса, совуқдан ҳимоялашнинг мазкур усули боғ устидан суғориш усулидан кам самара бермайди.

Бироқ, бошқа методларда кўрганимиз каби, у ҳам ўзига хос камчиликларга эга:

  1. Агар аёзли ҳаво кучли шамол ва булут билан бирга юз берса, адвектив совуқда у самара бермайди – булут ҳавонинг инверсион қатлами юзага келишига тўсқинлик қилади, шамол тезлиги 7-8 км/соатга етганида эса автоматика шамол ҳайдаш ускунасини ўчириб қўяди;
  2. Шамол машиналарини турар жойларга 120-150 метрдан яқин масофада ўрнатиб бўлмайди. Қанча узоқ бўлса, шунча яхши. Чунки машиналар тунда ишлайди ва етарлича шовқин кўтаради. Бу эса маҳаллий аҳолига ёқмаслиги турган гап.
  3. Шамол машиналарининг яна бир камчилигини вақтинчалик дейиш мумкин – айни дамда уларга талаб таклифдан анча баланд. ЕИ мамлакатлари ва Янги Зеландиядаги кўплаб етакчи етказиб берувчилар 2023 йилга қадар ускуна етказиб бериш бўйича буюртма қабул қилмаяпти. Чунки уларнинг заводлари шусиз ҳам тўла қувват билан ишламоқда.

Аммо шамол машиналарининг афзалликлари уларнинг камчиликларини ёпиб юборади. Мана, ўша афзалликлар:

  1. Исталган боғ, резаворзор ёки токзорга ўрнатилиши мумкин ва боғ устидан суғориш усулидаги каби алоҳида инфратузилма мавжуд бўлишини талаб этмайди;
  2. Суғориш тизимларидан фарқли ўлароқ тезлик билан ўрнатилиши мумкин (ҳимоя тизими бир неча кун ичида барпо этилади);
  3. Боғ устидан суғориш методи билан таққослаганда, ҳар гектарга ҳисобланган инвестициялар кам;
  4. Шамол машиналаридан нафақат совуқдан ҳимоялаш пайтида, балки ёзда юқори ҳарорат пайтида боғни совитиш мақсадида ҳам фойдаланиш мумкин;
  5. Шамол машиналарини кузги совуқчиликдан ҳимоя қилиш ва илк аёзлардаёқ мева тугиши тўхтаб қоладиган айрим экинларнинг очилиш даврини узайтириш учун ҳам қўллаш мумкин;
  6. Тизимни ишлатишнинг осонлиги;
  7. Узоққа чидаши – одатда, ишлаб чиқарувчилар фойдаланиш муддати учун 10 йилга кафолат беради, бироқ, амалиётнинг кўрсатишича, шамол машиналари бундан ҳам узоқ йиллар ишлайди.

Совуқдан ҳимоялаш тизимлари ўзига ишлатилган инвестицияларни оқлайдими? Агар оқласа, қанчалик тез?

Бу ерда биз аёздан муҳофаза қилишнинг фақатгина инвестиция талаб қиладиган ва самарали усуллари, яъни боғ устидан суғориш ва шамол машиналари методларини таҳлил қиламиз.

Ҳар иккиси ҳам қилинган харажатларни совуқ уриб кетган илк йилдаёқ қоплайди. Бошқача қилиб айтганда, агар боғбон ёки миришкор ушбу машиналардан фойдаланиш даврида бирор марта ҳам аномал об-ҳаво шароитига дуч келмасагина, улар ўзига қилинган харажатларни қопламаган ҳисобланади.

Хўш, аёзга қарши ҳимоя воситаларига қилинган инвестициялар нега совуқ урган илк йилдаёқ ўзини оқлайди? Биламизки, бундай инвестиция киритувчи фермерлар унчалик кўп эмас. Шу сабабдан, совуқгарчиликлар ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам, маҳсулот сифатини ҳам пасайтириб юборади. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, бундай шароитда сифатли мева-резавор маҳсулотлари бўйича таклифлар кескин камайди ва нарх шиддат билан ўсади.

Демак, аёздан ҳимоялаш тизимларига инвестиция қилган боғбонлар катта миқдорда сифатли ҳосилга эришадилар, шу тариқа, одатдаги йилларнинг даромадидан ҳам ошириб фойда олишлари мумкин. Кўпинча, олма, голубика, малина, ёнғоқ ва бошқа мева экинлари билан кўп бора кузатилганидек, нархлар бир ярим-икки бараварга ошиб кетади. Демак, совуқдан ҳимоя қилиш тизимларига эга бўлган фермерлар бундай йилларда икки баравар кўп фойда кўришлари мумкин!

Хўш, бизнинг минтақамизда совуқ уришлар қанчалик тез учрайди? Келинг, кўриб чиқамиз.

Украина ва Молдованинг кўплаб минтақаларида сўнгги 5 йил ичида боғбонларга зарар келтирган совуқгарчиликлар икки-уч марта юз берган. Ўзбекистон, Тожикистон ва Грузиядаги аксарият минтақаларда сўнгги 5 йилда аёзлар 1-2 марта содир бўлди.

Биз минтақамизда сўнгги йилларда рўй берган совуқ тушиш ҳолатларининг барчасини санаб тугата олмаймиз ҳам. 2021 йилда Ўзбекистон совуқ уришидан жуда катта зарар кўрди, шафтоли ва бошқа данакли экинлар ҳосилининг анчагина қисми нобуд бўлди. Дарвоқе, маҳаллий олма ҳосили борасида ҳам муаммолар келиб чиқди. Худди шундай вазият Тожикистонда ҳам юзага келиб, асосан эрта пишар, шафтоли ва гилоснинг энг қиммат навларига зарар етди. Бу қуритилган мевалар нархларига ҳам таъсир кўрсатди. 2020 йилда бир неча аёз тўлқинлари Украинадаги голубика ҳосилининг каттагина қисмини йўқ қилди, шунингдек, олма ҳосили ҳам кескин камайиб кетди. 2019 йилда ҳам айнан шундай ҳодиса рўй берди – яъни Украинада қаторасига икки йил совуқ уриши туфайли олма ҳосили жуда паст бўлди.  2020 йил Молдовада қисман совуқгарчиликлар туфайли энг кам олма ҳосили олинган йил бўлди. Украина ҳам, Молдова ҳам ҳар йили баҳорги совуқ уриши туфайли данакли ва резавор мевалар ҳосилининг улкан қисмидан айрилмоқда.

Бошқача қилиб айтганда, совуқдан ҳимоялаш тизимларини ўрнатган ишлаб чиқарувчилар Украина ва Молдовада 1,5-2,5 йилда, Ўзбекистон, Тожикистон ёки Грузияда эса 3-5 йилда сарф-харажатларини чиқариб оладилар.

Совуқдан ҳимоялаш тизимларининг боғдорчилик бизнеси учун қўшимча афзалликлари

“Замонавий бизнесда мева-сабзавот маҳсулотларининг сифати ва етказиб беришнинг ишончлилиги аҳамияти жиҳатидан биринчи ўринда туради. Мева, ёнғоқ, резавор ва узум етиштириш билан шуғулланувчи кўплаб йирик боғбонлар ёки кооперативлар ҳосил йиғиштиришдан бир йил олдиноқ кутилаётган маҳсулотнинг 70-80 фоизига шартнома тузиб бўлган бўлади. Табиийки, аёз уришидан ҳимоя қилиш тизимларининг мавжуд бўлиши харидорлар (супермаркетлар тармоғи ёки импортёрлар) наздида ишлаб чиқарувчининг даражасини бир поғона кўтаради. Чунки харидорнинг ишончи комилки, бундай фермер билан ҳамкорлик қилишда хавф-хатарлар камроқ. Худди шундай, аграр соҳага кредит берувчи банклар ҳам боғбоннинг ўз бизнесини хатарлардан сақлашга интилишига алоҳида аҳамият берадилар, бундай фермерларга арзонроқ кредит беришга мойил бўладилар. Бу эса турган-битгани иқтисоддир”, дея қўшимча қилди ФАО иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Нуфуз ва обрў омилини ҳам назардан четда қолдирмаслик керак. Агар бошқа рақобатчилар уддасидан чиқа олмаётган, қийин об-ҳаво шароити юзага келган бир пайтда ишлаб чиқарувчи ўз ҳамкорларини сифатли маҳсулот билан таъминлай олган экан, унинг харидорлар олдидаги обрўси ортиши шубҳасиз.

Хулоса қилиб айтганда, Украина, Ўзбекистон, Молдова, Грузия, Тожикистон ва минтақамизнинг бошқа мамлакатларида ҳар йили ўн ва ҳатто юз минг тонналаб гилос, олма, голубика, ёнғоқ, узум, шафтоли ва бошқа экинлар ҳосилидан айрилаётган боғбонлар учун ҳозир ўз бизнесидаги хавф-хатарларни камайтириш ҳақида ўйлашнинг айни вақтидир. Ахир бу жуда фойдали бўлиб, бозорда рақобат кучайиб борар экан, узоқ муддатли истиқболда ажойиб устунлик тақдим қилади.

2021 йил 2-3 декабрь кунлари Киев шаҳрида (Украина) бўлиб ўтадиган “Украина сабзавотлари ва мевалари – 2021” 17-халқаро анжуманида совуқ уришидан ҳимоялашнинг самарали тизимлари намойиш этилади.  Ушбу воқеани ўтказиб юбормаслик учун, мана бу ҳавола орқали рўйхатдан ўтишингиз керак.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин