Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда картошка нархларининг кўтарилишига нима сабаб бўлди ва келажакда уни пасайтириш мумкинми?
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистонда картошка нархларининг кўтарилишига нима сабаб бўлди ва келажакда уни пасайтириш мумкинми?

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда картошканинг улгуржи нархи ўтган йилнинг шу даврида қайд қилинган даражадан бир ярим баравар юқори. Ушбу маҳсулот нархларининг худди шунақа кескин ошиши Тожикистонда ҳам кузатилмоқда, бу ерда улгуржи нархлар 52 фоизга ошган. Ўзбекистон картошка нархларининг мутлоқ қийматлари бўйича минтақада етакчи бўлиб турди ва ўтган ҳафтадагина биринчи ўринни қўшни республикага бўшатиб берди.

Сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистонда картошка нархларининг кескин ўзгарувчанлиги кузатилмоқда. EastFruit мутахассисларининг фикрига кўра, 2017 йилда ушбу маҳсулот нархи 90 фоизга ўсган, ўтган йил якунларига кўра эса республика Давлат статистика қўмитаси нарх 42 фоизга ўсганлигини маълум қилди. Албатта, бу йиллар ичида инфляция ҳам тезлашди, аммо картошка нархларининг ўсиш суръати умумий инфляция даражасидан ҳам, озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи ичида ҳам бир неча баравар юқори бўлди.

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда картошка нархининг бундай кескин ўсишига нима сабаб бўлди? EastFruit мутахассислари сўнгги йигирма йил ичида картошка етиштириш, импорт ҳажми ва истеъмол қилиш тенденцияларини таҳлил қилдилар ва ушбу ўсишнинг асосий сабабларини аниқладилар.

Талаб ва таклифдаги тенденциялар

2000 йилдан 2020 йилга қадар (йил якунига кўра) республика аҳолиси 24,8 млн кишидан 34,6 миллион кишига етди (яъни 39,3 фоизга). Ушбу даврда Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми 731,1 минг тоннадан 3143,5 минг тоннагача ошди (330% ёки 4,3 баравар). Аммо бу фақат ушбу даврдаги умумий ўзгаришларни акс эттирувчи умумий кўрсаткичлар холос. Бу даврда республикада аҳоли сонининг динамикаси ва картошка етиштириш ҳажмларини синчковлик билан ўрганиш, ушбу жиҳатларни таққослаш уларнинг динамикасида вақт ўтиши билан юз берган бир неча муҳим жиҳатларни ажратиб кўрсатиш имконини беради.

Биринчидан, Ўзбекистонда аҳоли нафақат ўсиб бормоқда, балки «ўсиш суръати» деб номланидан нисбий кўрсаткич ҳам ортиб бормоқда. Масалан, 2000 йилдан 2006 йилгача аҳолининг йиллик ўсиши ўртача 1,2 фоизни ташкил этган. Аммо кейинги 11 йил ичида (2007 йилдан 2017 йилгача) аҳоли сонининг йиллик ўсиш суръати ўртача 1,7 фоиз бўлган (катта эҳтимол билан ҳисоблаш методологиясининг ўзгариши ёки бошқа омиллар билан боғлиқ  4 фоизлик ўсиш юз берган 2010 йилги маълумотлар бундан мустасно). Қолаверса, сўнгги 3 йил ичида (2018 йилдан 2020 йилгача) республика аҳолиси ўртача 1,9 фоизга ўсди. Бошқача қилиб айтганда, сўнгги 21 йил ичида аҳолининг ўсиш суръатлари йилига ўртача 1,2 фоиздан 1,9 фоизгача кўтарилган. Ушбу факт аҳолининг рационида нондан кейин иккинчи ўринда турадиган маҳсулот истеъмоли бўйича прогнозларда жуда муҳимдир.

Иккинчидан, Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажмлари йилдан-йилга аҳоли сонидан ҳам тезроқ ўсиб борган. Картошка етиштиришнинг йиллик ўсиш суръатлари аҳоли ўсишидан анча юқори бўлган. Натижада 2000 йилдан 2020 йилга қадар аҳоли жон бошига картошка етиштиришнинг йиллик ҳажми 29,5 кг дан 91 кг гача, яъни 3 баравардан кўпроқ ўсди.

Картошка ҳосилининг ўсиш суръатлари динамикасига эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги 4 йилдаги кўрсаткичлар алоҳида ажралиб туради. 2017 йилдан 2020 йилгача ўртача ўсиш суръати йилига 3,1 фоизни ташкил этди – бу аҳоли сонининг ўртача йиллик ўсишидан ҳамон юқори, аммо аввалги 4 йилга нисбатан анча паст: 2013 йилдан 2016 йилгача картошка етиштириш ҳажми ўртача 8,2 фоизга ошиб борган.

Бундан ташқари, аҳоли сони ва картошка ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиш суръатларини таққослаганда умумий манзарада иккита ҳолат ажралиб туради: 2017 йилда ишлаб чиқаришнинг ўсиши аҳоли ўсиш суръатларидан бир неча баравар паст бўлган, иккинчи ҳолатда (2020 йил) ҳам у даражада бўлмаса-да пасайган. Айнан шу йилларда картошка нархларининг юқори даражада ўсиши кузатилди: 2017 йилда нарх деярли икки бараварга, 2020 йилда эса 42 фоизга ўсди.

Вазиятни тўлиқ тасаввур қилиш учун яна икки жиҳат – импорт ва экспорт ҳажмларини инобатга олиш лозим. Ўзбекистон картошкани деярли экспорт қилмаслиги сабабли (экспорт ҳажми шунчалик кичикки, уни эътиборсиз қолдириш ҳам мумкин), талаб ва таклиф мувозанатининг тўлиқ кўринишини соддалаштирилган шаклда тасвирлашга имкон берадиган тизимни ифодалаш учун импортни қўшиш кифоя: ишлаб чиқариш + импорт = истеъмол + экспорт.

Нима учун картошка нархлари бу қадар кескин кўтарилди?

Жадвалдан кўриниб турибдики, 2017 йилда картошка етиштириш ҳажми ўсишидаги турғунлик аввалги йилга нисбатан деярли 4 баравар кўпайган импорт ҳисобига қопланди. Ички бозорнинг импорт қилинган картошка билан «тўйинишига» қарамай нархларнинг 90 фоизга ўсиши шу билан изоҳланадики, нарх кўтарилиши импортдан олдин юз бериб, импортчилар учун иқтисодий рағбатни келтириб чиқарган, чунки импорт қилинадиган маҳсулотлар таннархи жаҳон бозоридаги конъюнктура ва логистика харажатларига қараб шаклланади. Логистика харажатлари ички бозорда импорт қилинадиган картошка нархида сезиларли таъсирга эга. Бироқ, импорт нархларнинг янада ошишига тўсқинлик қилган.

2018 йилда учта омил картошка нархини 28 фоизга пасайтиришга туртки берди:

а) ишлаб чиқариш 4,2 фоизга ўсди (ўша йилги аҳоли ўсиш суръатидан 2,3 баравар кўп);

б) картошка нархи ҳамон юқори эди ва бу импорт ҳажмининг ўсишига тўсқинлик қилмаган;

в) йил бошида ҳукумат 2019 йил 1 январгача картошка импортини ҚҚСдан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Кейинги 2019 йилда картошка ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 6 фоизга ўсди (шу йилги аҳоли ўсиш суръатидан 3 баравар кўп), импорт ҳажми қарийб 300 минг тоннага этди, маҳаллий картошкани сотиш бўйича товар айланмаси ҚҚСдан озод қилинди ва буларнинг барчаси нархларнинг барқарорлигини таъминлашга имкон берди. Картошка нархининг ўсиши инфляция даражасидан пастроқ бўлиб, атиги 12 фоизга кўтарилди.

2020 йилда картошка нархи 42 фоизга ўсди, яъни йиллик умумий инфляция даражасидан деярли 4 баравар юқори. Бу ерда бирданига бешта омилни ажратиб кўрсатиш мумкин.

  1. Дунёдаги коронавирус билан вазият ва иш жойларининг йўқолиши ортидан 600 мингга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ватанларига қайтиб келишди. Бундан ташқари, потенциал меҳнат муҳожирларининг катта қисми мавсумий ишчилар бўлиб, улар эрта баҳорда ишлашга кетишади ва кузда – совуқ тушиши билан уйларига қайтадилар. 2020 йил март ойининг иккинчи ярми ва апрель ойи бошларида Ўзбекистон карантин режимини жорий қилди ва чегараларни ёпди, бошқа томондан, ўзбеклар учун анъанавий меҳнат бозорлари бўлмиш Россия ва Қозоғистон ҳам худди шундай йўл тутди, шу сабабдан мавсумий меҳнат мигрантлари уйда қолди. Чегаралар йил охиригача ёпилганди, Россия ҳанузгача меҳнат мигрантларини қабул қилмаяпти. Қайтиб келган 600 минг киши ва уйида қолган мавсумий мигрантлар картошкага қўшимча талаб яратди.
  2. Нархларнинг бундай кўтарилишида фақат пандемия “айбдор” эмас. Картошка ишлаб чиқариш 2020 йилда атиги 1,7 фоизга – ўша йилги аҳолининг ўсиш суръатларидан (1,9 фоиз) паст даражада ўсди. Йилига аҳоли жон бошига истеъмол ҳажмининг ўсиб бораётган тенденциясини ҳисобга олсак, картошка етиштириш ҳажмларининг ўсиши ички бозорда нархлар барқарорлигини (умумий инфляция даражасига «яқин» нархларни) сақлаб туриш учун етарли таклифни таъминлайдиган даражадан анча паст бўлиб чиқди .
  3. Импорт ҳажми ҳам ишлаб чиқаришдаги «суст» ўсиш суръатларини қоплаш учун етарли бўлмади.
  4. Чегаралардаги карантин чекловлари туфайли импорт логистикаси нархи, шунингдек, савдо хатарлари кескин ошди. Бу импортёрларни нархга қўйиладиган юк ташиш қийматларини сезиларли даражада оширишга мажбур қилди ва табиийки, ушбу устама улгуржи ва чакана нархларда акс этмай қолмади.
  5. Чакана ва улгуржи нархларнинг юқорилигини ҳисобга олган ҳолда уруғ картошкасига талаб кескин ўсди. Чунки картошка етиштириш рентабеллиги ошиб кетди. Шунга кўра, сотиладиган картошканинг бир қисми уруғ учун олиб қўйилиб, бозорга етиб бормади.

Аҳоли жон бошига истеъмол ҳажмларининг ўсиши

2000 йилдан 2020 йилгача жон бошига картошка истеъмол қилиш йилига 30 кг дан 100 кг гача етиб, 3,3 марта кўпайди. Бунда, энг тез ўсиш 2006 йилдан 2008 йилгача бўлган даврда кузатилган, кейин эса 2016 йилга қадар анча мўътадил суръатларда ортиб борган. Ўсишнинг пасайишига, яъни сўнгги 4 йил ичида йиллик суръат 4 фоизга тушганига қарамай, «пасайиш» тенденцияси ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ўтган йили бу кўрсаткич ўзгаришсиз қолганлиги катта эҳтимол билан картошка нархининг кескин кўтарилиб кетгани билан изоҳланади холос.

Республика аҳолисининг ўсиш суръатлари билан биргаликда бу жиҳат талабга нисбатан жиддий босим юзага келтирмоқда. Ушбу икки омилнинг ўзига хос иттифоқи шундан далолат берадики, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун ички бозорга картошка етказиб бериш ҳажмларининг йиллик ўсиши (ишлаб чиқариш + импорт) 5,5-6,5% ни ташкил қилиши керак. Жорий йил ҳақида гапирсак, Ўзбекистоннинг ички картошка бозоридаги таклифнинг прогноз ҳажми, яъни талабни мувозанатлаштира оладиган даража 3,63-3,67 миллион тоннани ташкил этади.

Уруғчилик

Ўзбекистонда картошка нархини пасайтиришга имкон бермайдиган яна бир муҳим омил мавжуд. Бу мамлакат ичкарисида сифатли картошка уруғини етиштиришнинг йўқлиги омилидир. Ўзбекистонга ташриф буюрган халқаро экспертларнинг аксарияти мамлакатнинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатда юқори сифатли картошка уруғини етиштиришни йўлга қўйиш жуда қийин, ҳатто имконсиз бўлиши мумкин деган тўхтамга келганлар.

Шунга кўра, керакли даражада сифатли картошкадан юқори ҳосил олиш учун ушбу мамлакат доимий равишда уруғлик картошкасини импорт қилиши керак бўлади. 2018 йилда 34 минг тоннадан ортиқ уруғлик картошкасини импорт қилган Ўзбекистон бу борада бўйича дунёда 12-ўринни эгаллади! Ўзбекистонга уруғлик картошкасининг етказиб берувчи асосий давлатлар Қозоғистон, Нидерландия ва Россия ҳисобланади. Шунга кўра, бундай картошканинг нархи транспорт ва сотувчи устамасидан келиб чиққан ҳолда, уни мустақил равишда етиштириш имконига эга бўлган мамлакатларга қараганда камида икки баравар юқори бўлади. Уруғлик картошка эса, одатда, уни етиштириш харажатларида энг катта улушни эгаллайди.

Шу сабабли, республикада арзон картошка ишлаб чиқаришнинг зарур ўсиш суръатларини таъминлаш учун Ўзбекистон картошка етиштиришга мос агроиқлим зоналарини излашга эътибор қаратиши керак. Ҳатто Ўзбекистонга яқин бўлган қўшни давлатлардан бирида уруғлик картошкасини етиштириш ва уни бождан озод қилиш дастури ҳам эҳтимол яхши ечим бўлиши мумкин.

Шуни таъкидлашни истардикки, биз мамлакатнинг ўз навларини кўпайтириш ҳақида гапирмаяпмиз. Гап айнан уруғчилик ҳақида, яъни Нидерландия ёки бошқа исталган мамлакат селекциясининг элита ёки супер элита серҳосил навларини импорт қилиш ва уни иккинчи репродукцияда кўпайтириш ҳақида бормоқда. Шу тариқа картошканинг ўртача ҳосилдорлигини, сифатини ошириш ва таннархини камайтириш мақсадида ундан Ўзбекистонда экин материали сифатида фойдаланиш мумкин.

Дарвоқе, апрель-май ойларида Россия ва бошқа совуқ мамлакатларга экспорт қилиш учун мамлакатнинг жанубий вилоятларида эртапишар “ёш” картошкани саноат усулида етиштириш ҳам импорт қилинадиган қиммат уруғлик картошка харажатларини қоплашнинг ажойиб усули бўлиши мумкин. Бу вақтда у ерларда картошка нархи одатда нисбатан юқори бўлиб, пўстлоғи юпқа, “эрта” ёки “ёш” тоифага кирадиган картошкани ҳатто 5-10 баравар қимматга сотса бўлади. Бу  транспорт харажатларини ҳам бемалол қоплайди.

Хулоса ва прогнозлар

Ўзбекистонда картошканинг юқори нархлари енгиш мушкул бўлган бир қатор омиллар билан изоҳланиб, улардан энг муҳими аҳолининг юқори талабидир. Бироқ, ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, аҳоли даромадлари ошиши билан арзон калория манбаи сифатида картошка истеъмоли пасайиб боради. Қоида тариқасида, аҳоли даромадларининг ошиши билан қайта ишланган картошка маҳсулотларига, хусусан, уларни музлатилган картошка-фри шаклида истеъмол қилишга қизиқиш ортади. Янги картошкани жон бошига истеъмол қилиш кўрсаткичлари камаяди.

Шу боис келгусида аҳоли даромадлари даражасининг ўсиши Ўзбекистонда картошка истеъмолининг ўсиш суръатларига тузатувчи таъсир кўрсатиши аниқ. Уруғлик картошка муаммосини тезда ҳал этиб бўлмаслиги сабабли, Ўзбекистонда картошка нархлари даражаси катта эҳтимол билан узоқ вақт давомида нисбатан юқори бўлиб қолади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Россия ижтимоий тармоқларида лавлаги ва сабзининг қимматлиги кенг муҳокама қилинмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда олчанинг нархи қанча ва энг арзон нарх қаерда?

EastFruit

Қозоғистон ТоBRFV таҳдиди туфайли Туркманистондан сабзавот импортига вақтинча таъқиқ қўйди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин