Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон ўриги, олхўри, шафтоли, нектарин ва бодом қиммат бўлади – совуқда нобуд бўлган ҳосил баҳоси
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон ўриги, олхўри, шафтоли, нектарин ва бодом қиммат бўлади – совуқда нобуд бўлган ҳосил баҳоси

EastFruit мутахассислари  Ўзбекистонда данакли мева (гилос, ўрик, шафтоли  ва олхўри)лар, шунингдек, бодом етиштиришда март ойидаги совуқ келтирган зарарнинг дастлабки қийматини ҳисоблаб чиқишди. Биз кутганимиздек, данакли мевалар учун зарар кескин ўсган.

Ўзбекистон Россияга шафтоли, нектарин (луччак шафтоли) ва олхўри етказиб беришда иккинчи ўринда тургани, бу мамлакатга янги ўрикнинг асосий етказиб берувчиси ҳисоблангани учун ушбу мева ҳосили камайиши РФдаги данакли мевалар нархларига тубдан таъсир  кўрсатади. Ўрик ҳосили камайиши қуруқ мевалар бозорига янада кўпроқ таъсир этади, яъни туршак экспорт қилинадиган қуруқ  меваларнинг асосий туридир. Россиялик импортчилар  Ўзбекистоннинг ҳўл ва қуруқ меваларига муқобил қидиришига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг февралидаги иссиқдан кейин ой охиридаги биринчи қаттиқ совуқ тўлқини Ўзбекистоннинг ўрта қисмидаги эртапишар ўрикларга жиддий зарар етказди. Биринчи совуқ тўлқинидан кейинги нобудгарчиликлар ҳақида бу ерда ўқиш мумкин.

Агар эртаги ўрик ҳосилининг қисман нобуд бўлиши ёқимсиз, лекин оғир бўлмаган бўлса, кейинги вазият кўпчилик боғбонлар учун таҳдидли тус олди. Негаки, совуқнинг иккинчи тўлқини нафақат ўрик, балки  март ойи ўрталарида гуллашга улгурган бошқа данакли меваларнинг ҳам нобуд бўлишига сабаб бўлди.

Ҳозирги пайтга келиб, Ўзбекистонда ўрик ва бодом ҳосилининг ярмидан кўпроғи нобуд бўлгани маълум. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда, гарчи, бошқа  мевалар ҳосили ёмон бўлмаса-да, гилос ҳосили деярли бутунлай йўқ бўлган. Шафтоли ва олхўри бўйича йўқотишлар ўрик ва бодом, шунингдек, гилосдан кўра камроқ бўлиши мумкин. Аммо, энг асосийси, ҳосилнинг сифатидир. Бу ўринда совуқ мевалар гуллаганда ва ҳатто улар гуллаши олдидан юз бергани учун жиддий муаммолар кутилмоқда. Яъни бу ҳолат мевада нуқсон бўлишига олиб келади ва тўлақонли чангланишга ҳалақит беради.

Шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, олдинда ҳали вегетация (ўсиш)нинг яна бир неча ойи бор, улар яна нохуш сюрпризлар олиб келиши ҳам мумкин.

Энди қайси ҳудудлар кўпроқ, қайсилари камроқ зарар кўргани, шунингдек, ёмон об-ҳавони данакли мевалар ва бодом қаерда енгиб ўтгани ҳақида батафсилроқ ҳикоя қиламиз. Биз Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган 30 нафардан зиёд боғбон ва фермерлар ўртасида сўровнома ўтказдик. Улар  республикадаги мева ва реза мевалар ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 95%ини  шакллантиради (Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг 2020 йилдаги қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажми тўғрисидаги ҳисоботидаги маълумотларга кўра).

Данакли мевалар ҳосили  нобуд бўлишининг умумий  манзарасида кам зарар кўриш бўйича Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ажралиб туради. Бу ҳудудда ўрик ҳосили нобудгарчилиги атиги 10% атрофида бўлди. Бошқа ҳудудлардан фарқли ўлароқ, бу ҳудудларда жорий йилнинг февраль ойида қаттиқ иссиқ кузатилмади. Масалан, Урганч (Хоразм вилоятининг маъмурий маркази)да ўртача ҳарорат мамлакатнинг қолган қисмига қараганда сезиларли паст бўлди ва ой давомида фақат бир марта  +15 даражадан ошди. Нукус (Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий маркази)да февраль ойи ўртача ҳарорат янада паст бўлди. Бундай об-ҳаво шароитлари баҳорга тақвим доирасида ўтишни таъминлади, мева дарахтлари “эрта уйғонишига” йўл қўймади. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Шубҳасиз, мамлакатда ўрикдан кам ҳосил етиштирилгани сабабли унинг нархи ошади,  Хоразм ва Қорақалпоғистон боғбонлари эса бу йил  ўрикдан яхши даромад олишлари мумкин бўлади.

Жадвалдан кўриниб  турибдики, Ўзбекистоннинг кўпгина ҳудудларида – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар (13 тадан 9 таси) йўқотган ўрик ҳосили 40%дан 90%гачани ташкил этади. Республиканинг бу ҳудудлари етиштириладиган мевалар умумий ҳажмининг 88%ини беради. Боғбон ва фермерлар ўртасида ўтказилган сўровномалар натижасидан маълум бўлишича, бу ҳудудларда, асосан, ўрикнинг кечки навлари ҳосили сақлаб қолинган, аксинча, эртаги ва ўртаки навлар нобудгарчилиги 70% дан 99%гача дея баҳоланмоқда.

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида истиқомат қилувчи фермер – Азизбек Ҳамралиевнинг айтишича,  Ўзбекистон учун нисбатан янгилик бўлган ва маҳаллий шароитларга мослаштирилган ўрикнинг кечки навлари (масалан, «OrangeRuby» нави) совуққа анча чидамли кўринади. Боғбоннинг сўзига қараганда, ҳозирча бу ва бошқа янги кечки навларда зарар умуман кўзга ташланмади. Унинг фикрича, ўрикзорларни  эртапишар ва кечки навлар ўртасида тақсимлаш йўли билан шакллантириш,  майдан то сентябрга қадар бир маромда ҳосил олишни таъминлаши мумкин, бу эса бутун жаҳон тренди ҳисобланади (бу мавзуда батафсил ФАО иқтисодчиси Андрей Ярмак тақдимотига қаралсин). Шу билан бирга, EastFruit таҳлилчилари  ўрикзорларни бу тахлит барпо этиш совуқлардан кўриладиган зарарни ҳам камайтиради, чунки бундай ҳолатларда кечки навлар кўпроқ ҳимояланган бўлади, деб ҳисоблайди.

Икки совуқ тўлқинидан  кўпроқ ўрик ва бодом   «жабрланди». Ўзбекистон бўйича ўрик ҳосилининг ўртача нобудгарчилиги ҳозирги пайтда 60-65%га етиши мумкин. Бодом ҳосили  йўқотилиши ҳам шу атрофда ёки ҳатто бироз юқори бўлиши ҳам мумкин, дейилмоқда.

Ўзбекистонда шафтоли, нектарин ва олхўри ҳосилининг ярмидан ортиғи йўқотилган бўлиши мумкин.

Гилос ҳосили Фарғона водийсида анча кам нобуд бўлди. Аммо, бу ерда ҳам 5-15% ҳосил кам бўлиши, шунингдек, мева сифати билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. Пойтахт вилоятида эса гилос нобуд бўлди, дастлабки маълумотларга деярли барча ҳосил йўқотилган – фермерлар аввал кутганларининг фақат 10%и атрофида гилос олишга умид қилишмоқда. Бухоро ва Самарқанд вилоятларида кутилган ҳосилнинг фақат 50-70%ини йиғиб-териб олинади. Мамлакат бўйича ўртача ҳисоблаганда, йўқотилган ҳосил 25-30% деб баҳоланмоқда.

Андижон (Жалолқудуқ тумани)лик фермер Фазлиддин Абдураҳимовнинг фикрича, кўрилган зарарнинг бугунги баҳолари дастлабки  ҳисобланади, февраль ва март совуқларидан кўрилган зарар ҳозир тахмин қилинаётганидан анча кўп бўлиши ҳам мумкин: «Яқинда бўлиб ўтган совуқлар изғириндан аввал гулламаган данакли мева турларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Кўп йиллик тажрибадан келиб чиқиб айтишим мумкинки, совуқлар гуллаш олдидан юз берган бўлса ҳам, ҳаво исигандан кейинги гуллашда ҳам куртаклар ўзини тутиб қололмайди ва тўкилади. Хуллас, биз бу ҳолатларда ҳам ҳосилни йўқотамиз. Шунинг учун бир неча ҳафтадан кейингина  совуқдан кўрилган зарарни аниқ баҳолаш мумкин бўлади».

Сўровномаларда қатнашган бир неча фермерлар ҳозирги вақтда айрим мева дарахтларидаги гуллар “соғлом” кўринмайди, нисбатан «мажҳул» кўринишда, деб қайд этишди. Улар февраль ва март ойларидаги совуқлардан кейин гуллаган бўлса-да, бўлажак ҳосил ҳажми ва сифатига ишонч йўқ. Ҳар қандай ҳолатда миқдорий йўқотишдан ташқари, мевалар сифати пасайишини ҳам кутишга тўғри келади. Чунки, гуллаш вақтидаги совуқ ҳосил  нуқсонланишига олиб келади. Хусусан, совуқ гилоснинг тўлақонли чангланишига халал беради.

Бу қадар сезиларли йўқотишлар, бир тарафдан ички мева бозорида нархлар кўтарилишига олиб келади. Иккинчи томондан, сифати паст меваларни баланд нархда сотиш ҳам имконсиз. Шу билан бирга, шарбат, пюре, концентрат ва қуруқ мева ишлаб чиқарувчилар учун таклифлар камаяди ва демак, бу ерда ҳам нархлар ошиб кетишини кутиш мумкин.

EastFruit  маълумотларига кўра, 2020 йили Ўзбекистон Россия бозорига $224 млн.га яқин 217 минг тоннадан ортиқ янги ва қуритилган мева ҳамда ёнғоқ экспорт қилган. Бироқ, 2021 йили Россияга Ўзбекистондан мева экспорти ҳажми кескин тушиб кетиши, шубҳасиздир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин