Беш мамлакатнинг етти шаҳри — Киев ва Днепр (Украина), Кишинёв (Молдова), Тбилиси (Грузия), Тошкент (Ўзбекистон), Душанбе ва Хўжанд (Тожикистон)даги супермаркетлар тармоқларининг мева-сабзавот бўлимларида 2023 йил 14-16 март кунлари EastFruit лойиҳаси жамоаси томонидан анъанавий аудит ўтказилди. Батафсил маълумотлар ва мониторинг қоидалари ҳақида бу ерда ўқишингиз мумкин.
Жамоа Тошкент шаҳридаги 11 та супермаркетлар тармоғининг 30 та дўконида бўлди — Маkro ва Маkrо Express, Коrzinkа ва Smart, Havas, Green Apple, Аndalus, Cаrrefour, Baraka Market, Маgnum ва Bi1 тармоқлари дўконларида.
Аввалги мониторингимиз натижаларига кўра яхши натижаларни кўрсатган Asia.uz супермаркетлар тармоғи аудит ўтказилмади. Сабаби, айни пайтда ушбу тармоқнинг Тошкент шаҳридаги аксарият дўконлари ёпилган, бу эса ўз навбатида супермаркетлар тармоғини кенгайтиришда дўконлар жойлашувини пухта ўйланган ҳолда танлаш муҳимлигини ва тармоқни кенгайтиришда ҳаддан зиёд шошилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини яна бир бор тасдиқлади.
Келинг, энди супермаркетлар тармоқларини батафсил баҳолашга ўтамиз.
Маҳсулот ассортименти
Мева-сабзавот бўлимларида маҳсулотлар ассортименти бўйича шубҳасиз, етакчи Коrzinkа тармоғилигича қолмоқда. Ундаги ассортимент Тошкент супермаркетлари орасида ўртача кўрсаткичдан қарийб 56,3 фоизга юқори ва шу билан бирга у фаол ўсмоқда: 2022 йил март ойидан буён 2,7 фоизга ошди.
Маgnum маҳсулот ассортименти бўйича иккинчи ўриндан жой олди. Ваҳоланки, ушбу тармоқдаги ассортимент мева-сабзавот бўлими эгаллаган майдон ҳисобга олинса, анча юқори бўлиши мумкин эди.
Маgnum
Baraka Market тармоғи позициялар миқдори бўйича аутсайдерга айланди. Ушбу тармоқда маҳсулот ассортименти 2022 йилнинг март ойига нисбатан 17,3 фоизга камайган. Мисол учун, мониторингга киритилган учта дўконнинг иккитасида биз ҳатто сабзи сингари оддий сабзавотни ҳам топа олмадик.
Маkro Express тармоғи ўтган йилнинг март ойига нисбатан мева-сабзавот маҳсулотлари ассортиментини 21,1 фоизга ошириб, ушбу кўрсаткич бўйича етакчи бўлди. Бу истеъмолчиларнинг асосий эҳтиёжларини инобатга олиш ва дўконларда фреш ҳамда ультра-фреш маҳсулотлар ассортиментига эътиборни кучайтиришга қаратилган янгиланган сиёсат натижасидир. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида Маkro Express’нинг 22 та филиали фаолият юритмоқда. Илгари улар сони 30 та дўкондан ошар эди. Шундай қилиб, компания миқдордан сифатга ўтди.
Cаrrefour тармоғи маҳсулот ассортименти бўйича антирекорд ўрнатди. Ушбу тармоқдаги мева-сабзавотлар ассортименти 25,6 фоизга камайган.
Маҳсулот сифати
Тошкент шаҳридаги супермаркетларнинг мева-сабзавот бўлимларида маҳсулотлар сифати анча юқори даражадалигича қолмоқда. 4 тармоқ (Smart, Маgnum, Green Applе ва Мakro Express)да битта ҳам нуқсонли позиция кўзга ташланмади. Коrzinkа, Маkrо ва Cаrrefour тармоқларида нуқсонли товарлар улуши 1% дан ошмади. Havas ва Аndalus’да нуқсонли маҳсулотлар 2% дан камроқ даражада кузатилди. Bi1 тармоғида нуқсонли позициялар тақдим этилган мева-сабзавот ассортиментининг 2,5 фоизини ташкил этди. Маҳсулот сифати бўйича рейтинг аутсайдери — нуқсонли маҳсулотларнинг 4,6% улуши билан Baraka Market тармоғи бўлди.
Мониторинг пайтида нуқсонли маҳсулотлар орасида биз, кўпинча, қуйидаги позицияларга дуч келдик: кўкатлар, олма, мандарин, пиёз.
Бўлим сифати
Сархил мева-сабзавотлар бўлимининг сифат мезонига кўра, Маgnum тармоғи лидер бўлди. Тармоқ “Kомфорт” тоифасида анча юқори баллга эга бўлгани ҳолда “Информативлик” ва “Мерчандайзинг” тоифаларида энг юқори баллни қўлга киритди. Ҳозирги кунда ушбу тармоқнинг Тошкент шаҳрида фақат иккита дўкони фаолият кўрсатмоқда, бу эса табиийки, мева-сабзавот бўлими сифатини таъминлаш вазифасини соддалаштиради.
Рейтинг аутсайдери “Информативлик” ва “Мерчандайзинг” тоифаларида энг паст баллга эга “Маkro Express” тармоғи бўлди.
Тошкентдаги супермаркетларнинг “энг заиф” жойи ҳамон информативликдир. Агар «Комфорт» тоифасида тармоқлар олган энг юқори балл максимал 10 дан 9 балл бўлса (ўртача 7 балл), «Мерчандайзинг» тоифасида энг юқори балл 10 дан 7 балл (ўртача 5,7 балл)ни ташкил этяпти. «Информативлик» тоифасида яққол “оқсаш” кузатилмоқда — энг юқори балл 10 дан атиги 6 балл (ўртача 4,9)ни ташкил этди.
Маҳсулотлар нархи
Havas дискаунтерлар тармоғи энг арзон нархдаги мева-сабзавотлар билан етакчига айланди. Ундан сўнг “Green Apple” ва “Bi1” нархлар ҳамёнбоплиги рейтингидан жой олди. Green Apple тармоғида борщ тўпламининг энг арзон сабзавотлари аниқланди ва Bi1 тармоғида нисбатан арзон борщ тўпламидаги энг арзон иссиқхона маҳсулотлари аниқланди.
Умуман олганда, энг қиммат нархдаги мева-сабзавот маҳсулотларини биз Маkrода қайд этдик. Мakrо Тошкент шаҳридаги аудитга киритилган барча тармоқлар ичида сабзавотлар (ҳам борщ тўплами, ҳам иссиқхона маҳсулотлари)нинг энг юқори нархларини тақдим этган.
Аксарият мева-сабзавот позициялари учун ўртача чакана нархларда 2022 йилнинг март ойига нисбатан сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Нархлар ўсиши бўйича етакчи сариқ пиёз бўлди — унинг нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 81,5 фоизга ошган. 2023 йил бошидан буён пиёз Ўзбекистонда ҳам, минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам ва бошқа давлатларда ҳам нарх ошиши бўйича рекордчи бўлди. Январь ойида Ўзбекистонда пиёз захираларининг бир қисми музлаб қолди ва мамлакат импорт ҳажмини ошира бошлади. Бугунги кунга келиб, пиёз бозоридаги вазият аста-секин меъёрига тушмоқда ва экспорт чекловлари бекор қилинган.
Нархларнинг сезиларли ўсиши кузатилган иккинчи позиция — бу помидор. Унинг нархи кескин ўсиши жорий йил март ойида бошланди. Бозор иштирокчиларининг фикрига кўра, бунинг асосий сабаби, январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда катта миқдордаги ҳосилнинг бой берилишидир.
Ўтган йилнинг март ойига нисбатан учта позиция бўйича нархлар пасайган. Оқ бош карам, олма ва лимон нархлари шулар жумласидандир. Ушбу турдаги маҳсулотлар нархлари мос равишда 25,7%, 15,9% ва 12,1%га арзонлашди.
2022 йил охирида лимон нархи жуда паст эди ва ўшандан бери бироз ўсишга муваффақ бўлди.
Умумий баҳо
Аудит натижаларига кўра, тўрт мезон (бўлим сифати, нархлар, маҳсулот сифати, ассортимент) бўйича умумий рейтингда Маgnum тармоғи лидер бўлди. Мазкур тармоқда мева-сабзавот бўлими ва мева-сабзавот маҳсулотларининг энг юқори сифати, шунингдек, тақдим этилган сабзавот ва меваларнинг етарлича кенг ассортименти қайд этилди.
Иккинчи ўринни мева-сабзавот бўлимидаги энг кенг ассортиментга эга Коrzinkа эгаллади.
Коrzinkа
Рейтингимиз аутсайдери – «уй яқинида» форматидаги Baraka Market тармоғидир. Ушбу тармоқда мева-сабзавотларнинг энг кичик ассортименти (барча тармоқлар бўйича ўртача кўрсаткичдан деярли 60% паст) ва сифатсиз маҳсулотларнинг энг катта фоизи қайд этилди.
Тошкент шаҳридаги супермаркетлар тармоқларининг жойлашуви
2023 йил март ойида Тошкент шаҳридаги супермаркетларнинг жойлашув матрицаси билан танишинг. Ушбу кўрсаткичларни 2022 йилнинг ноябрь ойидаги натижалар билан солиштирамиз.
Havas тармоғи дискаунтерлар сегментидан мустаҳкам ўрин эгаллади, бу унинг бозордаги чакана савдо бозорида ўрнига жуда мос келади. Bi1 тармоғи ҳам мева-сабзавот бўлимининг нарх сиёсати устида ишлаган ҳолда ушбу сегментга ўтди.
Маkro Express ижобий ўзгаришларга қарамай, «Премиум» сегментига ўта олмади ва номақбул сегментда қолди. Baraka Market тармоғи ҳам номақбул сегментга ўтди.
Cаrrefour ва Мakro «Премиум» сегментида қолди. Smart, Аndalus ва Коrzinkа ҳам ушбу сегментга ўтди, чунки мева-сабзавот маҳсулотлари нархи бошқа тармоқларга нисбатан юқори бўлди.
Маgnum тармоғи, аксинча, нархлар борасида сезиларли даражада ишлади ва Green Apple тармоғи жойлашган «Оптимум» сегментига ўтди.
Умуман олганда, ҳозир Ўзбекистон ритейлида сукунат кузатилмоқда: кўплаб тармоқлар янги дўконлар очиш суръатини сезиларли даражада пасайтирган (дўконлар сонини фаол ошираётган Коrzinkа тармоғидан ташқари) ва бу “Asia.uz” тармоғи тажрибасини ҳисобга олсак, эҳтимол бу мақбул вазиятдир.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!