Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда пиёз экспортига қўйилган чекловлар бекор қилинди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда пиёз экспортига қўйилган чекловлар бекор қилинди

Марказий Осиёдаги энг йирик пиёз экспортёри ушбу маҳсулот экспортига қўйилган чекловни бекор қилди – Ўзбекистон минтақада пиёз экспортига қўйилган таъқиқни муддатидан аввал бекор қилган иккинчи давлат бўлди, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари.

“2023 йил 15 мартдан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати пиёз нархи барқарорлашгани сабабли пиёз экспортига қўйилган вақтинчалик чекловни бекор қилди”, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондан сўнг 2023 йилнинг 20 январь санасида Ўзбекистон ички бозорда ушбу маҳсулот нархини барқарорлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йил апрель ойи охирига қадар пиёз экспортига вақтинчалик чеклов ўрнатилганлигини эълон қилган эди. Кейинги икки ҳафта ичида қўшни давлатлар – Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари  ҳам худди шундай қарор қабул қилди.

Бироқ, 2023 йил 3 март куни Қирғизистон Марказий Осиё минтақасида пиёз экспортига қўйилган таъқиқни муддатидан аввал бекор қилган биринчи мамлакат бўлди.  Тахминан икки ҳафта ўтгач, Марказий Осиёдаги иккинчи давлат — ушбу минтақада пиёзнинг энг йирик экспортёри ҳисобланадиган Ўзбекистон ҳам экспортга қўйилган чекловни муддатидан аввал бекор қилди.

Қайд этиш жоизки, Марказий Осиёнинг беш давлатидан учтаси йирик пиёз экспортёри бўлиб, Ўзбекистон ташқи бозорларга маҳсулот жўнатиш бўйича катта фарқ билан улар орасида энг йириги ҳисобланади.  Ўзбекистон йилига 200 минг тоннадан ортиқ, Қозоғистон 100 минг тонна, Тожикистон 80-95 минг тонна пиёз экспорт қилади.

EastFruit таҳлилчилари аввалроқ қайд этганидек, сўнгги бир ой ичида икки асосий омил таъсирида Ўзбекистонда пиёзнинг улгуржи нархлари динамикасида пасайиш тенденцияси шаклланган.  Биринчиси, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонга пиёз импортининг  ошиши, иккинчиси, февраль ва март ойи бошларида ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати кескин кўтарилишидир. Зеро, бу номақбул шароитларда сақланаётган пиёз захиралари хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатди. Қолаверса, мамлакатда янги пиёз ҳосили йиғим-терим мавсуми яқинлашиб келаётгани ҳам фермер ва трейдерларни ўтган йилги пиёзнинг мавжуд захираларини тезроқ сотишга ундамоқда.

EastFruit‘нинг нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 2023 йил 10 февралдан 10 мартга қадар Ўзбекистонда пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 8000 дан 6000 сўмгача, яъни, бир ой давомида 25 фоизга пасайган.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда пиёзнинг улгуржи нархлари пасайиши натижасида, EastFruit мева-сабзавот маҳсулотларининг улгуржи нархларини ҳафталик мониторинг қилиб борадиган  мамлакатлар орасида энг паст даражага тушди. 2023 йил 17 март ҳолатига кўра, ушбу  мамлакатларда пиёзнинг ўртача улгуржи нархи (1 кг учун АҚШ долларида) қуйидагича шаклланди: Ўзбекистон – $0,53; Грузия — $0,70; Тожикистон — $0,71; Молдова — $0,91; Польша — $0,97; Украина — $1,23.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин