Бош саҳифаМева-сабзавот бозориЧакана савдо тармоқлари аудитиКоrzinka тармоғи яна етакчи: 2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги ритейл-аудит натижалари
ДолзарбМахсусЧакана савдо тармоқлари аудитиЯнгиликлар

Коrzinka тармоғи яна етакчи: 2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги ритейл-аудит натижалари

Беш мамлакатнинг еттита шаҳри — Киев ва Днепр (Украина), Кишинёв (Молдова), Тбилиси (Грузия), Тошкент (Ўзбекистон), Душанбе ва Хўжанд (Тожикистон)даги супермаркетлар тармоғининг мева-сабзавот бўлимларида EastFruit лойиҳаси жамоаси 2022 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари анъанавий аудит ўтказди.

Жамоа Тошкент шаҳридаги 12 та супермаркетлар тармоғининг 32 та дўконида бўлди — Маkro ва Маkrо Express, Коrzinka ва Коrzinka Smart, Havas, Green Apple, Аndalus, Cаrrefour, Baraka Market, Asia.uz, Маgnum ва Bi1 шулар жумласидандир.

Ўтган бир йил давомида бизнинг аудитимиз янги киритилган супермаркетлар тармоғлари билан кенгайтирилди (Коrzinkа Smart, Маgnum ва Bi1 қўшилди). 2021 йилнинг ноябрь ойида биз 9 та супермаркетлар тармоғини кўриб чиққан эдик – Маkrо ва Маkro Express, Коrzinkа, Havas, Green Apple, Аndalus, Cаrrefour, Baraka Market ва Asia.uz. Шундай бўлса-да, айрим вазиятларда рейтингларни ўтган йилги мониторинг билан солиштирамиз.

Энди супермаркетлар тармоғини батафсил баҳолашга ўтсак.

Маҳсулот ассортименти

Мева-сабзавот бўлимларидаги маҳсулотлар ассортименти бўйича, шубҳасиз, Кorzinka тармоғи етакчилигича қолмоқда. Ундаги ассортимент Тошкентдаги супермаркетлар бўйича ўртача кўрсаткичдан деярли 70 фоизга юқори ва шу билан бирга у фаол равишда ўсиб бормоқда: 2021 йилнинг ноябрь ойига нисбатан мазкур тармоқнинг мева-сабзавотлар ассортименти 9,6 фоизга ошган.

Маgnum мева-сабзавотлар ассортименти бўйича иккинчи ўриндан жой олди. Ваҳоланки, ушбу тармоқдаги ассортимент мева-сабзавот бўлими эгаллаган майдон ҳисобга олинса, анча юқори бўлиши мумкин эди.

Magnum

Baraka Market тармоғи мева-сабзавотлар ассортименти бўйича аутсайдерга айланди. Ушбу тармоқда маҳсулотлар ассортименти 2021 йилнинг ноябрига нисбатан 6,2% га камайган. Мисол учун, мониторингга киритилган тармоқ дўконларининг ҳеч бирида биз петрушкани топа олмадик, тармоқнинг баъзи дўконларида апельсин, лимон ва киви ҳам йўқ эди.

“Havas” тармоғи ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён мева-сабзавот маҳсулотлари ассортиментини 21,8 фоизга кўпайтирган!

Cаrrefour тармоғи маҳсулот ассортименти бўйича антирекорд ўрнатди. Ушбу тармоқдаги мева-сабзавот бўлими ассортименти 23,6 фоизга камайган.

Маҳсулот сифати

Тошкент шаҳри супермаркетларининг мева-сабзавот бўлимларида маҳсулотлар сифати анча юқори даражада бўлиб қолмоқда. Маgnum тармоғида бирор бир нуқсонли позиция қайд этилмади. 4 та тармоқ (Green Apple, Маkro, Коrzinka Smart ва Коrzinka)да нуқсонли маҳсулотлар улуши 1 фоиздан ошмади. Cаrrefour, Havas, Маkro Express 24/7 ва Baraka Market тармоқларида бузилган маҳсулотлар 2%дан камроқ даражада қайд этилди. Аndalus ва Asia.uz тармоқларида қарийб 3 фоиз нуқсонли товарлар аниқланди. Маҳсулот сифати бўйича рейтинг аутсайдери (бузилган маҳсулотлар улуши 5%) Bi1 тармоғи бўлди.

Мониторинг пайтида нуқсонли маҳсулотлар борасида биз кўпроқ қуйидаги позицияларга дуч келдик: кўкатлар, помидор, бодринг, карам, пиёз, банан.

Бўлим сифати

Тошкент шаҳри супермаркетларининг мева-сабзавот бўлимининг сифат мезонига кўра, 2 та етакчи – Маkrо ва Маgnum тармоқлари аниқланди.  Маkro тармоғи «Информативлик» кичик тоифасида (қолган икки кичик тоифадаги анчайин юқори баллар билан) энг юқори балларни тўплади. Маgnum «Информативлик» ва «Мерчандайзинг» бўйича етакчига айланди. Ҳозирги пайтда ушбу тармоқ Тошкент шаҳрида фақат иккита дўкон билан намоён бўлмоқда, бу эса табиийки, мева-сабзавот бўлими сифатини таъминлаш вазифасини соддалаштиради.

Makro

Энг паст “Мерчандайзинг” ва дўконлар тўрида нотўғри жойлаштирилган, у қадар жозибали бўлмаган мева-сабзавот бўлими билан Маkro Express тармоғи рейтинг аутсайдери  бўлди.

Ўзбекистон пойтахтидаги супермаркетларнинг “энг заиф” нуқтаси ҳамон информативликдир. Агар “Комфорт” тоифасида тармоқлар олган энг юқори балл мумкин бўлган максимал 10 баллдан 9 балл (ўртача – 10 баллдан 7,3 балл), “Мерчандайзинг” тоифасида энг юқори балл 10дан 7 балл (ўртача 10 баллдан 5,6 балл) бўлса, «Информативлик» тоифаси ортда қолмоқда — энг юқори балл 10дан атиги 6 баллни ташкил этди (ўрта ҳисобда — 10 дан 4,8).

Маҳсулот нархи

Havas дискаунтер тармоғи мева-сабзавотларнинг умумий ҳисобдаги арзон нархлари бўйича етакчига айланди. Ундан сўнг нархлар ҳамёнбоплиги рейтингидан Asia.uz ва Baraka Market ўрин олди. Asia.uz тармоғида энг арзон сабзавотлар (ҳам борщ тўплами сабзавотлари, ҳам иссиқхона маҳсулотлари), Baraka Маrket тармоғида эсa олма ва бошқа мева (банан, апельсин, мандарин, лимон, киви, узум)лар аниқланди.

Умуман олганда, энг қиммат мева-сабзавот маҳсулотлари Маkro Expressда қайд этилди. Шу билан бирга, таҳлил қилинган мева-сабзавот тўпламларидан маҳсулотларнинг бир қисми – кўкатлар ва узум ушбу тармоқда умуман йўқ.

Аксарият мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича ўртача чакана нархларнинг 2021 йил ноябрь ойига нисбатан сезиларли ўзгариши қайд этилди.

Нархлар ўсиши бўйича бодринг етакчи бўлди — унинг нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2,6 баробар ошди. Жорий йилнинг октябрь ойида бошланган нархлар ўсишини мавсумий деб аташ мумкин, аммо бу йил ушбу маҳсулот нархи ўтган йилларнинг шу даврига нисбатан анча тез ўсиб бормоқда.

Кейинги ўринларда йил давомида 96,3 фоизга қимматлашган пиёз жойлашган.

Нархлар пасайиши бўйича етакчилар оқ карам ва лимон бўлди. Йил давомида ушбу турдаги маҳсулотлар нархлари 47,2 ва мос равишда 42,7 фоизга пасайган. Нархлар сезиларли даражада тушиб кетган яна бир товар позицияси авокадодир. Йил давомида унинг нархи 35% га тушди. 2022 йил бошидан бошлаб, авокадо ўзбекистонлик истеъмолчилар учун анчайин ҳамёнбоп бўлиб  қолгани ҳақида бу ерда ёзган эдик.

Умумий натижа

Аудит натижаларига кўра, тўрт мезон (бўлим сифати, нархлар, маҳсулот сифати, ассортимент) бўйича умумий рейтингда Коrzinka тармоғи ўз етакчи ўрнини тиклади. Ушбу тармоқда мева-сабзавотларнинг энг кенг ассортименти, шунингдек, бўлимнинг яхши сифати ва нисбатан паст нархлар қайд этилди.

Korzinka

Иккинчи ўринни маҳсулотларининг мукаммал сифати билан Маgnum тармоғи эгаллади.

Рейтингимиз аутсайдери «уй яқинида» форматидаги Bi1 супермаркетлар тармоғи бўлди. Юқорида айтганимиздек, ушбу тармоқда хусусий маркали маҳсулотларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда ва тармоқ ривожида мева-сабзавот бўлимининг аҳамияти масаласига урғу берилмаётгандек  кўринади.

Тошкент шаҳридаги супермаркетлар тармоқларининг жойлашуви

2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги супермаркетларнинг жойлашув матрицаси билан таништирамиз ва уни 2022 йилнинг июль ойидаги натижалар билан солиштирамиз.

HAVAS ва Baraka Market тармоқлари дискаунтер сегментидан мустаҳкам ўрин эгаллади, бу уларнинг чакана савдо бозорида эгаллаган ўрнига жуда мосдир.

Маkro Express тармоғида нарх сиёсати бўйича салбий ўзгаришлар юз берди ва тармоқ «Дискаунтер» сегментидан номақбул сегментга ўтди. Bi1 тармоғи ҳам номақбул сегментда қолди.

Cаrrefour тармоғи мева-сабзавот бўлимининг сифат сиёсатини такомиллаштириб, Маkro ва Маgnum тармоқлари жойлашган «Премиум» сегментига ўтди. Magnum тармоғи «Оптимум» сегментидан “Премиум” сегментига ўтган, чунки ундаги мева-сабзавот маҳсулотларининг нархи бошқа тармоқларга нисбатан анча қимматлашди.

Аndalus ва Коrzinka Smart, аксинча, сезиларли даражада нархлар устида ишлади ва Коrzinkа, Asia.uz ва Green Applе жойлашган «Оптимум» сегментига ўтди.

Тармоқлардан ҳар бирининг танлаган стратегияси нечоғли тўғри эканини 2023 йил баҳорида EastFruit ўтказадиган навбатдаги аудит давомида кўришимиз мумкин бўлади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин