Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳоннинг йирик ўрик экспортчиси – Ўзбекистон бу йил нетто импортёрга айландими?!
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Жаҳоннинг йирик ўрик экспортчиси – Ўзбекистон бу йил нетто импортёрга айландими?!

EastFruitнинг Ўзбекистондаги таҳлилчилари бу йил мамлакатдан сархил ўрик экспорти деярли йўқлиги ҳақида хабар беришмоқда. Ваҳоланки, ҳозир экспорт мавсуми қизғин паллага кирган. Ички бозорда ўрик юқори нархда экани ва қўшни Тожикистонда нисбатан арзонлиги сабабли, Ўзбекистон бу йил қўшни мамлакатдан ушбу мевани импорт қилмоқда. Шундай қилиб, ўрик экспорти бўйича жаҳон миқёсидаги етакчилардан бири бўлмиш Ўзбекистон айни дамда унинг импортчисига айланди.

Aсосий сабаб, шубҳасиз, Ўзбекистон боғбонлари ишининг «белига тепган» ва Тожикистон ҳосилига у қадар салбий таъсир кўрсатмаган қаттиқ совуқлардир. Февраль ойи охири ва март ойининг ўрталарида республика ҳудудларига тўсатдан кириб келган совуҳ ҳаво оқими бу йил данакли мевалар, айниқса, ўрик ҳосилига катта зарар етказди. EastFruit мутахассислари зарарни аниқ ҳисоблашган кўринади: 2021 йили Ўзбекистонда ўрикнинг юқори нархлари бўйича прогнозимиз 100 фоиз реалликка тўғри келди. Ўшанда биз, Ўзбекистонда ўрик ҳосили бой берилиши эҳтимолини камида 60-65 фоизга баҳолагандик. Шу билан бирга, ҳақиқий зарар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлиги қайд этилган. Бундан ташқари, об-ҳавонинг таъсири  Ўзбекистонда ўрик ҳосили сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган эдик.

Буларнинг бари бозордаги реал ҳолат мисолида тасдиғини топди. Аслида, ҳозир Ўзбекистон ўригини унинг асосий экспорт бозори ҳисобланадиган Россияга экспорт қилишда иқтисодий маъно йўқ. Ўзингиз ўйлаб кўринг: 2021 йилнинг 21 май ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг анъанавий экспорт бозори пойтахти – Москвада ўрикнинг ўртача улгуржи нархи бир кг учун 2,74 долларни ташкил этди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ички бозоридаги ўрик йиғим-терим мавсуми қизғин паллада бўлишига қарамай, калибри, нави ва бошқа сифат кўрсаткичларига қараб, 26 000 сўм/кг ($2,5) дан 58 000 сўм/кг ($5,5) гача бўлган.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистон узум навларининг рейтинги – тармоқ учун берилган баҳо

Шуни қайд этиш жоизки, ҳозир Ўзбекистонда нархлар ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 6,5 баравар юқори кўрсаткични ташкил этмоқда.

Aммо ҳосилга нисбатан анча кам зарар етган Тожикистонда ўрикнинг нархи бир кг учун $0,79-1,06  атрофида, яъни Ўзбекистонга нисбатан 3-5 баравар паст. Тожикистонда ўрик нархининг нисбатан анча пастлига қўшимча омиллардан бири (яхши ҳосилдан ташқари), Қирғизистон билан чегаранинг тўлиқ ёпилишидир. Чунки, одатда, экспорт Қирғизистон орқали амалга оширилади. Шу боис, энди Ўзбекистон учун ўрикни Тожикистондан олиш афзалдир. Тўғри, Тожикистонда ўрикка кўпроқ қуритилган мева тайёрлаш учун эътибор қаратилади, унга ҳўл мева бозори маҳсулоти сифатида қаралмайди. Шу сабабли, Тожикистон ўриги экспорти, асосан, Қозоғистон ва Россия бозорларида Ўзбекистон ўрик экспортининг ўрнини боса олмайди.

Aйтганча, Ўзбекистондан ўрик экспортининг деярли йўқлиги туфайли бу йил Россияда ўрикнинг улгуржи нархи ўтган йилга нисбатан юқори, аммо бу ўсиш атиги 25 фоиз, холос. Бунинг сабаби, жаҳон ўрик бозорида етакчи экспортчилардан бири ҳисобланадиган Туркия, Россия ўрик бозорида бу йил рақобат йўқлиги боис асосий етказиб берувчига айланди. Бошқача айтганда, туркиялик боғбонлар бу йил ўрик ҳосилидан яхши даромад олишмоқда. Туркия ўригини нархи FCA (Туркия) шартларига кўра бир килограмм учун $1,50-1,60 атрофида.

2021 йилда Европа Иттифоқида ўрик ҳосили ўтган йилга нисбатан 20 фоиз ва 2015-2019 йилги ўртача кўрсаткичга нисбатан 40 фоиз камайишини ва Молдовада мавсум икки ҳафта кечикишини ҳисобга олсак, бу мавсум Туркия учун ўрик борасида жуда муваффақиятли бўлиши мумкин. Россия учун эса ушбу мавумда Туркиядан ташқари сархил ўрик импорт қилинадиган бошқа мамлакат йўқ.

EastFruit маълумотларига кўра, 2021 йилга қадар ўрик мевалар орасида энг тез ўсиб бораётган Ўзбекистон экспорт позицияси бўлиб, унинг миқдор кўрсаткичи ҳар йили деярли бир ярим баравар ўсди. Ва бу ҳолат ўрик экспорти нархларининг глобал пасайиш тенденциясига қарамай юз берди. Бироқ, бу йил, албатта, ҳаммаси кескин ўзгариши мумкин ва ўрикнинг жаҳондаги нархи сўнгги бир неча мавсумга нисбатан рекорд даражага кўтарилиши эҳтимоли бор.

Trademap маълумотларига кўра, 2020 йили Ўзбекистондан сархил ўрик экспорти рекорд даражадаги 74,5 минг тоннани ташкил этди. Ундан аввалги йиллар кўрсаткичи эса қуйидагича: 2019 йил – 58 минг тонна, 2018 йил – 43 минг тонна,  2017 йил – 23 минг тонна.

2020 йилда Ўзбекистон ўрик экспорти ҳажми бўйича жаҳонда иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўрин Испанияга тегишли бўлиб, ушбу мамалакат 2020 йилда ташқи бозорларга 96 минг тонна ўрик экспорт қилди. Ўтган йили Ўзбекистон сархил ўрик экспорти ҳажми бўйича илк бор ҳатто Туркиядан ҳам устун келди. Бироқ, бу йил Туркия қуритилган ўрик ва туршак етиштиришни камайтирадиган кўринади, чунки сархил ўрикни сотиш кўпроқ даромад келтириши эҳтимоли баланд. Бундан ташқари, EastFruit экспертлари 2021 йилда Туркия ўрик экспорти бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатга айланишини истисно этишмайди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин