EastFruit маълумотларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида ўзбекистонлик экспортчилар янги ҳосилнинг мева-сабзавот ассортименти ва таклифлар ҳажмини фаол кўпайтирмоқда. Aйни пайтда Ўзбекистондан 2021 йилда йиғиб-териб олинган мева-сабзавотларнинг барчаси экспорт қилиняпти. Фақат иссиқхонада етиштирилган помидор, бодринг ва булғор қалампири бундан мустасно. Ташқи бозорда пиёз, карам, пекин карами, саримсоқ ва лавлаги, мевалардан – ўрик ва гилосга талаб юқори.
Хўш, таклиф этилаётган тўпламдан, аслида, қай бир маҳсулот оз ёки кўп ҳажмда Ўзбекистондан ташқи бозорга реал йўналтирилмоқда? Ва маҳсулот қайси йўналиш бўйича юборилади?
Юк машиналари қидируви бўйича сўровларга қараганда, энг катта ҳажмдаги экспорт эртаги пиёз ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирги кунда ушбу маҳсулот Ўзбекистоннинг жанубий вилояти – Сурхондарёдан жўнатилмоқда. Маҳсулотнинг озроқ қисми эса Сирдарё ва Тошкент вилоятлари (мамлакатнинг ўрта чизиғи)дан юборилади.
Ўзбекистон пиёзи, одатда, Россиянинг шимолий ва марказий қисмларида жойлашган шаҳарларга етказиб берилади – у ерда барча транспорт воситаларининг 80 фоизигача брон қилинади. Ўзбекистоннинг эртаги пиёзини жўнатиш бўйича иккинчи ўринни Украина ва Беларусь эгалламоқда. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон пиёзи нарх жиҳатидан Украина бозорида рақобатдош бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин, чунки ҳозирги пайтда у ерда сифатли маҳсулотлар Ўзбекистон пиёзини Украинага олиб бориш нархидан арзонроқ сотилмоқда. Эҳтимол, импортчилар етказиб бериш пайтига қадар Украинада пиёз нархи ошиб кетишини кутишаётгандир. Юклар Латвия ва Молдовага ҳам юборилди, бу ерда нархлар ҳали ҳам паст эди, энди аста-секин ўса бошлади.
2021 йилнинг 5-май ҳолатига кўра, ўзбекистонлик экспортчилар FCA шартларига кўра, бир килограмм эртаги пиёзни $0,15-0,16 AҚШ долларига сотишмоқда. Қўшни Тожикистонда эса худди шу маҳсулот икки баравар арзонроқ сотиляпти.
Умуман олганда, Ўзбекистондан эртаги пиёз экспорти ҳажмини аниқлаш ҳали мушкул, негаки, эртапишар сабзавотларнинг экспорт мавсуми атиги бир неча ҳафтагина аввал бошланди. Умуман, жорий йилда ушбу маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш потенциали ва истиқболлари шубҳалилигича қолмоқда. Ўзбекистондан эртаги қишки пиёзни экспорт қилиш ҳажмига таъсир этувчи асосий омиллар қуйидаги мақолада батафсил баён қилинган: «Ўзбекистон эртаги пиёз етиштиришни кўпайтириб, катта таваккал қилмоқда – EastFruit».
Aвтотранспорт воситалари қидируви бўйича сўровларда иккинчи ўринни экспорт истиқболлари анчайин кенг ҳисобланган карам эгаллади. Карам транспортига бўлган талаб пиёз транспортига бўлган талабдан тахминан уч баравар кам эканлигини қайд этиш жоиз. Карамнинг янги ҳосили ҳам, асосан, мамлакат жануби – Сурхондарё вилоятидан юборилади. Бироқ, эртаги пиёздан фарқли ўлароқ, карамнинг тахминан 70%и Украинага, қолган қисми Беларусь, Россия ва Латвияга юборилади.
4-5 май ҳолатига кўра, карамнинг янги ҳосилини қуйидаги нархларга кўра, Ўзбекистондан жўнатиш таклиф қилинмоқда: оқ карам – кг учун 0,2 доллар, Пекин карами – 0,5 доллар / кг, гулкарам – 0,5 доллар / кг.
Эртаги сабзи Қозоғистонга, саримсоқ Россияга, лавлаги Украинага бироз камроқ етказиб берилади.
Янги ҳосилнинг данакли меваларига келсак, сўнгги бир ҳафта давомида гилосни Фарғона водийсидан Москвага олиб бориш учун транспорт воситасини қидиришга уринишлар бўлди. Янги ҳосил ўриклари эса ташқи бозорга жўнатилмади. Шубҳасиз, бу эртапишар ўрик навларига совуқ уриши натижасида зарар етиши туфайли нархлар юқорилагани билан боғлиқ.
4-5 май ҳолатига кўра, EastFruit Trade Platform савдо майдончасида, асосан, Ўзбекистон гилосига FCA шартларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир кг учун 8-10 доллардан нарх таклиф қилинмоқда. Қизиғи шундаки, худди шу платформада Эрон гилоси ўртача 4 баравар арзонроқ таклиф этиляпти. Шуниси ҳам борки, худди ўрик сингари Ўзбекистондаги эртапишар гилос ҳам совуқдан кучли зарар кўрган.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!