Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиЎзбекистон – 2021: мева, ёнғоқ, узум – нархлар, маҳсулот етиштириш ва экспорт бўйича якуний таҳлил
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон – 2021: мева, ёнғоқ, узум – нархлар, маҳсулот етиштириш ва экспорт бўйича якуний таҳлил

EastFruit жамоаси 2021 йил қиш ойларида ва эрта баҳорда кузатилган об-ҳаво аномалияларини Ўзбекистон мева-сабзавот бизнесидаги 2021 йилги асосий воқелик сифатида қайд этди. Топ-10 асосий воқеликларнинг батафсил тавсифини бу ерда ўқинг: 1-қисм, 2-қисм.

Мазкур материалда 2021 йили Ўзбекистондаги совуқ ҳаво мева, ёнғоқ ва сабзавотлар нархига, шунингдек, мамлакатнинг мева ва ёнғоқ экспортига қандай таъсир қилгани батафсил таҳлил қилинади. Ушбу шарҳдан қуйидаги мевалар бўйича вазият таҳлилини топиш мумкин: ўрик, олма, нок, гилос, шафтоли, нектарин, олхўри, хурмо, бодом, грек ёнғоғи, писта ва, албатта, хўраки узум.

Шундай қилиб, об-ҳаво аномалиялари туфайли Ўзбекистоннинг кўплаб асосий мевалари, айниқса, эртаги навлар сегментида маҳсулот етиштириш  ҳажми кескин камайди.  2021 йилда уларнинг нархи юқори бўлиб, бу экспорт ҳажмига ҳам, ички истеъмол ҳажмига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

EastFruit таҳлилчилари прогноз қилганидек, ўрик ҳосили совуқдан энг кўп зарар кўрган. 2021 йилги йиғим-терим мавсумида ўрикнинг ўртача улгуржи нархлари 6-7 баробар юқори бўлди ва 13 000 сўмдан 40 000 сўм/кг гача ўзгариб турди, 2019-2020 йилларда эса ўртача улгуржи нархлар 2000 дан 6000 сўм/кг гача бўлган.

Бундай нархлар ва ҳажмлар билан ўрикни ташқи бозорга жўнатиш ҳажми кескин камайди. 2021 йилда экспорт жисмоний жиҳатдан атиги 9,5 минг тоннани ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан қарийб олти баробар қисқарди ва охирги 5 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушди. Бунгача Ўзбекистон ўрик экспортини фаол ошириб борган, 2020 йилда мамлакат ушбу сархил мева экспорти бўйича жаҳонда Испаниядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган эди.

Об-ҳаво аномалияларидан зарар кўрган мева ва ёнғоқлар рўйхатини олма, нок, шафтоли/нектарин, олхўри, хурмо, гилос, грек ёнғоғи, хандон писта ва бодом давом эттирди.

Олма: июнь ойининг учинчи ўн кунлигида (2021 йил) – эртаги олма навлари учун йиғим-терим мавсумида ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 2020 ва 2019 йиллардаги нархлардан камида 2,5 баравар юқори бўлди. Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон шимолий мамлакатларга, биринчи навбатда, Россияга эртаги олма бўйича экспорт нишасини топди. Бироқ, 2021 йилда бундай нархлар билан экспорт ҳақида гапиришга ҳожат ҳам бўлмади. Яна бир омил ёзда Россияда олма нархининг кутилмаганда тушиб кетиши бўлди, чунки, минтақанинг аксарият мамлакатларида захиралар рекорд даражада юқори эди, ҳатто Туркия ва Эрон ҳам олма етказиб беришни кескин оширди.  Шу билан бирга, кўпчилик Россияда ёзда олмага талаб доим кескин камайиб кетишини унутган кўринади, зеро, бозорда мавсумий резаворлар, мева-сабзавотлар пайдо бўлади.

2021 йилнинг июнь ойи охирида EastFruit мутахассислари ушбу йилда Ўзбекистондан “ёзги” олма экспорти ўтган йилларга нисбатан кескин камайишини прогноз қилишган эди. Кейинчалик ташқи савдо статистикаси маълумотлари буни тасдиқлади: 2021 йилнинг май-июль ойларида Ўзбекистондан олма экспорти ҳажми 6,0 минг тоннани ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 2,8 баробар камайди ва бу сўнгги 5 йилдаги энг паст кўрсаткичдир.

Ўртапишар ва кечки олма навларига келсак, уларнинг оммавий йиғим-терим мавсуми якунида, 2021 йилнинг сентябрь ойи охирида EastFruit мамлакатнинг турли ҳудуларида совуқнинг олма ҳосилига таъсири ҳақида батафсил сўз юритилган мақолани эълон қилди. Умуман олганда, об-ҳаво аномалиялари Ўзбекистонда олма ҳосилига жиддий зарар етказди. 2021 йилда олманинг ўртача улгуржи нархи 2020 ва 2019 йилги мавсумларга нисбатан камида 30 фоизга юқори бўлди.

Нок ҳосили олма ҳосилидан кўра эрта совуқдан кўпроқ зара кўрди.  Ҳатто 2021 йилнинг октябрь ойи охирида кечпишар навлар йиғим-терими мавсуми якунида ҳам нокнинг ўртача улгуржи нархи 22 000 сўм/кг бўлди, бу 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 38 фоиз ва 2019 йилнинг шу санасига нисбатан уч баробар юқори кўрсаткичдир.

2021 йилнинг ноябрь ойи бошидан 25 декабрига қадар нокнинг улгуржи нархлари яна 14 фоизга ошди ва барча рекордларни янгилади.

Ўзбекистон нокнинг нетто-импортёри бўлса-да,  мамлакат 2020 йилнинг июнь ойидан сентябрь ойигача 1,1 миллион долларлик 1,0 минг тонна маҳсулот экспорт қилган.  2021 йилнинг худди шу даврида ҳосил пастлиги ва нокнинг юқори нархлари фонида унинг экспорт ҳажми жисмоний жиҳатдан қарийб 3 баробар, экспорт тушуми эса 4,5 баробар қисқарди.

Шафтоли/нектарин: 2021 йил мавсумида ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 2020 ва 2019 йилги мавсумга нисбатан 2,5-3 баравар юқори эди. 2021 йилда шафтоли ва нектарин экспорти 2020 йилга нисбатан 36 фоизга камайган ҳолда 55,2 минг тоннани ташкил этди.  Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Ўзбекистон 82,2 минг тонна шафтоли ва нектарин экспорт қилиб, ушбу маҳсулотни экспорт қилувчи мамлакатлар рейтингида жаҳонда 5-ўринни эгаллаган.

Олхўри: Ўзбекистонда 2021 йил мавсумининг аксарият қисмида олхўрининг ўртача улгуржи нархлари 2020 ва 2019 йилги мавсумга нисбатан қарийб 3 баробар юқори бўлди. Бундан ташқари, 2021 йилда мавсум ҳам қисқа бўлди – сентябрнинг иккинчи ўн кунлигида улгуржи бозорда олхўри бўйича таклифлар деярли бўлмади, 2020 йилда эса бу маҳсулот ноябрь ойи ўрталарига қадар бозорда мавжуд бўлган.

Юқори нархлар ва қисқа мавсумга қарамай, сархил олхўри экспорти жисмоний жиҳатдан 2020 йилга нисбатан атиги 14 фоизга камайди. Шу билан бирга, Ўзбекистондан сархил олхўри экспорти кетма-кет иккинчи йил қисқармоқда, бу эса ўз навбатида, 2021 йилги мавсумда ҳосилнинг нисбатан пастлиги –  якунланган йилда экспорт қисқаришига ягона сабаб эмаслигидан далолатдир. Қолаверса, 2020 ва 2021 йилларда ушбу маҳсулотнинг экспорт ҳажми жисмоний жиҳатдан ҳатто 2017 ва 2018 йиллардагидан ҳам паст бўлди. 2019 йил ҳисобга олинмаганда, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистондан олхўри экспорти динамикасида барқарор пасайиш тенденцияси кузатилмоқда.

Хурмо: 2018 ва 2019 йилларда икки йил кетма-кет хурмо экспорти камайганидан сўнг 2020 йили Ўзбекистон ушбу маҳсулотни рекорд ҳажмда экспорт қилди ва ҳатто жаҳондаги энг йирик хурмо экспортёрлари Топ-4 лигига кирди. Аммо 2021 йилда яна ўша муаммо – об-ҳаво аномалиялари туфайли хурмонинг оммавий йиғим-терими одатдагидан 10 кун кеч бошланиб, 2021 йилги ҳосил 2020 йилгига нисбатан паст бўлди. Бундан ташқари, 2021 йилда экспортёрларнинг фермерлардан харид қилиш нархлари ўтган йилга нисбатан юқори бўлди: 2021 йилнинг октябрь ойи бошида харид нархлари ўтган йилги даражалардан қарийб 30 фоизга, октябрь ойи ўрталарига келиб эса 70 фоизга баланд эди.

Ўзбекистондан хурмо экспорти мавсуми август ойининг учинчи ўн кунлигида бошланиб, келаси йилги январь ойининг иккинчи ярмида тугайди. Лекин энг фаол фаза сентябрдан декабргача бўлган давр ҳисобланади, бу умумий экспорт ҳажмининг қарийб 98 фоизи демак.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг август ойи бошидан декабрь ойи охирига қадар хурмо экспорти жисмоний жиҳатдан 74,6 минг тоннага етди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга кам кўрсаткичдир.

Ўз-ўзидан аёнки, Испанияда хурмо ҳосилининг камайиши Ўзбекистонга ўз меваси учун қимматроқ нарх белгилаш имконини берган бўлса-да, Ўзбекистонда ҳам ҳосил кутилганидан паст  бўлди. Шунга кўра, маҳаллий истеъмолчилар ушбу анъанавий мева учун кўпроқ пул тўлашига тўғри келди, афтидан, Ўзбекистонда унинг истеъмоли камайган кўринади.

Гилос ҳосили бошқа турдаги данакли мевалар билан солиштирганда об-ҳаво аномалияларидан камроқ зарар кўрди. Аниқроғи, гилоснинг эртаги навлари, шунингдек, гилос бошқалардан кўра эртароқ пишиб етиладиган ҳудудларда ушбу меванинг ҳосили зарар кўрди.

Шу боис, 2021 йилги мавсумда гилоснинг бозорда йирик партияларини пайдо бўлиши ва бу меванинг оммавий  йиғим-терим даври ўтган йилга нисбатан 7-10 кун кечроқ ва анча юқори нархларда бошланди. Йиғим-терим мавсуми бошида гилоснинг ўртача улгуржи нархлари унинг калибрига қараб, ўтган йилги кўрсаткичдан 1,5-2 баробар юқори бўлди. Кейин, йиғим-терим мавсуми фаол фазага кирган сари нархлар кескин пасая бошлади, оммавий йиғим-терим мавсуми охирига келиб, ўртача улгуржи нархлар калибрга қараб, ўтган йилги нархларга нисбатан 10-25% паст эди. Йирик калибрли гилос нархининг пасайиш суръати кичик калибрли гилосга нисбатан юқори бўлди.

EastFruit таҳлилчилари “Ўзбекистон: сара гилос экспортга – нархи арзон, майда гилос ички бозорга – нархи қиммат” деб номланган мақолада нима сабабдан экспортбоп (йирик калибрли) гилос  нархи мавсум давомида кичик калибрли гилос нархига нисбатан анча тез пасайганини изоҳлашди.

Шундай бўлса-да, гилос данакли мевалар орасида Ўзбекистон 2021 йилда экспорт ҳажмини кескин оширган ягона мева бўлди, жисмоний жиҳатдан эса экспорт 2020 йилги 29,3 минг тонна (56,4 млн. долларлик)га нисбатан икки баробар ошиб, 60,1 минг тонна (83,1 млн. долларлик)ни ташкил этди.  Бу Ўзбекистондан гилос экспорти бўйича тарихий рекорд кўрсаткичдир. Бироқ, гилос экспорт нархи антирекордга яқин бўлди.

Грек ёнғоғи: Ўзбекистонда ёнғоқ йиғим-терими сентябрь ойи бошида бошланади. 2021 йилнинг сентябрь ойи ўрталарида эса EastFruit таҳлилчилари фермерлар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида ёнғоқнинг ушбу турини йиғиб олиш учун об-ҳаво аномалияларидан зарар кўришнинг дастлабки ҳисоб-китобларини ўтказишди. Фермерларнинг фикрига кўра, ёнғоқ ҳосилининг совуқдан зарари мамлакат ҳудудига қараб, 5% дан 50% гача бўлган. Ўзбекистон бўйича ўрта ҳисобда ёнғоқ ҳосили 20-30 фоизга камайган.

Ёнғоқнинг оммавий йиғим-терим мавсуми якунига кўра, пўстлоқли грек ёнғоғининг ўртача улгуржи нархлари ўтган йилги даражадан 30-40 фоиз юқори бўлди.

Нисбатан юқори нархларга қарамай, 2021 йил ҳосилидан ёнғоқ экспорти ўсди. Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2021 йилда 2,2 минг тонна (8,5 млн. долларлик) ёнғоқ экспорт қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний жиҳатдан 63 фоиз, экспорт тушуми бўйича эса 25 фоиз кўпдир.

Хандон писта: писта ҳосилига совуқдан етган зарар ёнғоқ ҳосили кўрган зарардан сезиларли даражада кўпроқ эди. Бу эса ушбу маҳсулотнинг юқори нархларида акс этди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хандон писта, асосан, мамлакатнинг тоғли ҳудудларида ёввойи ҳолда ўсади. Тўғри, кейинги йилларда Ўзбекистонда маданий хандон писта етиштиришга бўлган қизиқиш муттасил ортиб бормоқда, ҳатто улкан режалар ҳам тилга олинмоқда. Қолаверса, Ўзбекистонда хандон писта етиштириш учун шароитлар деярли идеал даражада.

Мамлакатда хандон писта ҳосилини йиғиб олиш август ойининг биринчи ўн кунлигида бошланиб, сентябрнинг учинчи ўн кунлигида тугайди. Йиғим-терим мавсуми якунига кўра, яъни, 2021 йилнинг сентябрь ойи охири ва октябрь ойи бошида хандон пистанинг ўртача улгуржи нархлари 160 минг сўм/кг ни ташкил этди. Бу 2020 ва 2019 йилларнинг шу даврига нисбатан 60 фоиз юқори кўрсаткичдир. Хандон пистанинг улгуржи нархлари 2021 йилнинг декабрь ойи охиригача шу даражада сақланиб қолди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Калифорния штатида хандон писта қандай етиштирилишини ушбу видеода кўришингиз мумкин.

Бодом: EastFruit мутахассислари 2021 йил март ойида кузатилган иккинчи совуқ тўлқинидан сўнг Ўзбекистон фермерлари ва боғбонлари ўртасида ўтказган сўров натижаларига кўра, бодом ҳосилининг бой берилиши мамлакат ҳудудига қараб, 30% дан 90% гача баҳоланган эди. Паст ҳосил кутилаётгани боис, Ўзбекистонда бодом нархи “осмонга кўтарилди”.  2021 йилнинг март ойи охиридан июнь ойи ўрталарига қадар пўстлоқли бодомнинг ўртача улгуржи нархи икки баробар – 50 000 сўм/кг дан 100 000 сўм/кг гача ошди, бу 2020 йилнинг худди шу санасидагидан қарийб 80 фоиз юқори кўрсаткичдир. Нархлар шу даражада 20 августгача – ўртапишар бодом навларининг янги ҳосили йиғиб олиниши бошлангунга қадар сақланиб турди.

Бироқ, кейинчалик бодомнинг улгуржи нархлари туша бошлади ва бозорда барқарор пасайиш тенденцияси шаклланди. 2021 йилнинг август ойи охиридан ноябрь ойи охиригача пўстлоқли бодомнинг ўртача улгуржи нархлари 2,5 баробар пасайиб, 40 000 сўм/кг га етди. Натижада, 2021 йилнинг ноябрь ойи охиридан декабрь ойи охиригача бодомнинг ўртача улгуржи нархлари 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоиз паст бўлди.

Ҳосил бой берилиши кутилаётгани ва Ўзбекистонга ушбу маҳсулот импортининг деярли йўқлиги фонида бодом нархи бундай кескин тушиши нима билан изоҳланади?

Ўзбекистоннинг EastFruit жамоаси фикрига кўра, бунга икки сабаб бор.  Биринчидан, энг ёмон йўқотишни кутиш фақат июль ойининг охирида бошланадиган эртаги бодом навларида ўзини оқлади. Йиғим-терими август ва сентябрь ойларининг иккинчи ярмида бошланадиган ўртапишар ва кечки навларда ҳосил кутилганидан яхши бўлди.  Иккинчи сабаб – Ўзбекистонда бодом плантацияларининг кенгайтирилиши. Жорий йилда бозорга мева бера бошлаган янги бодомзорлардан маҳсулот келгани ҳам нарх-навога жиддий таъсир қилди.

Узум: ҳосилдорлик паст, лекин маҳсулот етиштириш ҳажми кўп

Ўзбекистонда қиш ойлари ва баҳорнинг дастлабки икки ҳафтасида кузатилган об-ҳаво аномалиялари узум ҳосилига жиддий таъсир кўрсатмади.

Бироқ, баҳорги ёғингарчиликнинг нисбатан камлиги, марказий зона ва жанубий вилоятларнинг айрим ҳудудларида суғориш билан боғлиқ муаммолар, ёзнинг ўтган йилларга нисбатан иссиқ ва қуруқ келиши Ўзбекистонда 2021 йилги узум ҳосилдорлиги пасайишига олиб келди.

Шунга қарамай, узумзорлар майдонларини кенгайиши ҳисобига 2021 йилда хўраки узум етиштириш ҳажми 2020 йилга нисбатан юқори бўлди. Сўнгги тўрт йилда 52 минг гектар янги узумзорлар барпо этилди.  2021 йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 90 минг гектар майдонда узум етиштирилмоқда.  Натижада, 2021 йилги мавсумда Ўзбекистонда узумнинг ўртача улгуржи нархлари 2020 йилга нисбатан 25 фоиз арзонроқ бўлди.

Экспорт мавсуми қизғин паллада Ўзбекистон фермерлари ва экспортёрлари Россия бозорида хўраки узумнинг  катта ҳажмдаги таклифларга дуч келишгани ажабланарли эмас. Август ойи охири ва сентябрь ойи бошида Москванинг энг йирик мева-сабзавот улгуржи бозори – “Фуд Сити” том маънода Ўзбекистон узумига тўлиб кетди ва унинг нархи ниҳоятда паст бўлди. Бу табиий ҳол, чунки, кейинги йилларда Туркия, Ҳиндистон, Молдова, Арманистон, Эрон ва Озарбайжон каби рақобатдош давлатлардан узум етказиб бериш ҳажми ортиб бормоқда. Ушбу мамлакатларнинг аксарияти замонавий ва чакана савдо учун қулай қадоқдаги навларни таклиф қиляпти.

Ўзбекистонда етиштирилаётган узум навларининг ташқи бозордаги рақобатбардошлиги масаласига, жумладан, янги ташқи бозорларини очиш имкониятларига келсак, EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, бу масалада истиқболлар у қадар қувонарли эмас. 2021 йилнинг май ойида эълон қилинган Ўзбекистонда энг оммабоп хўраки узум навлари рейтинги таҳлил қилинган материал фермерлар ва экспортерлар орасида жиддий муҳокамага сабаб бўлди.

Ўзбекистон Марказий Осиёда хўраки узумнинг энг йирик экспортёри бўлиб, ушбу маҳсулотни экспорт қилувчи жаҳоннинг энг йирик Топ-15  мамлакатлари қаторидан жой олган. Бундан ташқари, узум Ўзбекистон мева-сабзавот тармоғидаги асосий экспорт позицияси ҳисобланади, айниқса, майиз экспортини ҳам ҳисобга олсак. Афсуски, ўзбек узумининг экспорти фақат постсовет ҳудудидаги мамлакатлар билан чекланган – Ўзбекистондаги хўраки узумнинг деярли бутун экспорт ҳажмини уч давлат: Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон сотиб олади.

Давлат раҳбари 2021 йилнинг июль ойида узумчилик ва узумни саноатда қайта ишлашни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг 44 та ҳудудида янги экспортбоп плантациялар ташкил этиш вазифасини қўйган эди. Бу муаммони ҳал қилиш учун бюджетдан қўшимча субсидия ва компенсациялар ажратиш, узумчиликда фойдаланиладиган техника ва технологиялар олиб кирилишини рағбатлантириш, солиқ имтиёзларини бериш, узумзорлар барпо этишни молиялаштириш учун банк ресурсларидан $100 млн.  миқдорида маблағ ажратиш, хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда янги серҳосил, уруғсиз, совуқ ва касалликларга чидамли узум навларини яратиш кўзда тутилган.

2021 йилда экспорт ҳажмининг жисмоний кўрсаткичлар бўйича ўсиш суръатига кўра, хўраки узум сархил мева сегментида гилосдан кейин 2-ўринни эгаллади. 2021 йилнинг июнь-декабрь ойларида (Ўзбекистондан хўраки узум экспорти мавсуми июнь ойининг иккинчи ярмида бошланади) Ўзбекистон жами 213,6 минг тонна (145,7 млн долларлик) хўраки узум экспорт қилди. 2020 йилнинг шу даврига нисбатан узум экспорти ҳажми жисмоний жиҳатдан 63 фоизга, экспорт тушуми эса 16 фоизга ошди.

Жисмоний ҳажм ва тушум ўсишидаги бундай жиддий фарқ 2021 йилда Ўзбекистон хўраки узумини ташқи бозорларга жўнатиш нархи 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 30 фоиз арзонлашгани билан изоҳланади. 2021 йилда логистика харажатлари кескин ошганини инобатга олсак, узум етиштирувчиларнинг бундай экспортдан тушган даромади янада камайди, деб тахмин қилиш мумкин.  Бу эса ўз навбатида, бутун узумчилик тармоғини модернизация қилиш зарурлигини англатади, хусусан, навларни алмаштиришдан тортиб, ишлов бериш, совутиш, қадоқлаш ва логистика таъминотини такомиллаштиришгача бўлган жараёнларни қамраб олган ҳолда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин