Бош саҳифаДолзарбМосквадаги «Фуд Cити» бозори Ўзбекистон узумига тўла, нархлар арзон ва пасайишда давом этмоқда
Долзарб Махсус Янгиликлар

Москвадаги «Фуд Cити» бозори Ўзбекистон узумига тўла, нархлар арзон ва пасайишда давом этмоқда

EastFruit таҳлилчиларининг хабар беришича, Россия бозорида Ўзбекистон узуми бўйича таклиф талабдан сезиларли даражада оша бошлади ва бу нисбат нархларнинг пасайиш тенденциясини шакллантирди. Ўтган бир ой ичида Россия чакана савдо тармоқлари Ўзбекистондан узум сотиб олиш нархларини 25-30 фоизга пасайтирди.

Шу билан бирга, бозор иштирокчилари Ўзбекистон узумининг жорий баҳоси ўтган йилнинг шу давридаги нархларга қараганда 20-30 фоиз паст бўлишига қарамай, яқин келажакда нарх яна пасайишини тахмин қилишмоқда.

Ўзбекистондан хўраки узум экспорт қилиш мавсуми июль ойидан бошланади ва йиллик экспорт ҳажмининг катта қисмини ташкил этувчи энг фаол босқич августдан ноябргача давом этади. Ҳозир мавсумнинг айни қизғин даври. Шунинг учун муайян хулосалар чиқариш пайти келди ва бозор иштирокчилари Россияда ўзбек узумининг нархлари билан боғлиқ вазият бу маҳсулотни етиштирувчилар ва экспортёрлар фойдасига эмаслигини айтишмоқда.

EastFruit нашрига берган интервьюсида Ўзбекистондаги йирик экспорт компанияларидан бири «Musaevs Exim» МЧЖ раҳбари Нодирбек Мусаев ҳозирги вазиятни қуйидагича изоҳлади: “Менинг фикримча, бу йил Ўзбекистонда узум етиштиришнинг умумий ҳажми ўтган йилгидан кўра кўпроқ. Шунга кўра, ички бозорда таклиф юқори ва нархлар 2020 йилга қараганда пастроқ. Масалан, 2021 йилда ўзбекистонлик экспортёрларнинг маҳсулот етиштирувчилар ва улгуржи сотувчиларга тўлайдиган харид нархи 2020 йилга нисбатан ўртача 30 фоиз арзонроқдир».

«Aвгуст ойининг бошидан шу ой охиригача Ўзбекистондан Россия бозорига хўраки узум етказиб бериш ҳажми шу қадар тез ўсдики, ҳозир Москвадаги энг йирик улгуржи савдо бозори «Фуд Cити» Ўзбекистон узумига тўла», – дейди жаноб Мусаев.

Шунингдек ўқинг: Aфғонистон Тожикистондан хўраки узум импортини тиклади

У, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги хўраки узум савдосининг айрим нав хусусиятлари ҳақида гапирди: «Тез орада Россия бозорида таниқли бўлмиш «Тойфи» навли узумини етказиб бериш бошланади. Бироқ, Россия ритейлерлари унга нисбатан ҳам анча паст харид нархини айтишмоқда. Шу билан бирга, ўзбек фермерлари ўтган йилги харид нархлари юқори бўлганини ҳисобга олган ҳолда юқори нарх кўрсаткичларига риоя қилишда давом этишмоқда (1 кг учун тахминан 0,5 доллар), бу эса «Тойфи» узумининг эскпорти экспортёрлар учун ҳозирги босқичда паст рентабелли бўлишидан далолат беради», – дейди эксперт.

Шунингдек, мутахассис ўзбекистонлик узум етиштирувчилар эътиборини  оқ узум навлари тоифасидаги рақобатнинг Россия бозоридаги юқори даражасига қаратди.

«Шуни қайд этишни истардимки, Россия бозорида ўзбек узумининг айнан оқ навлари, масалан, «Ҳусайни» ва унинг бошқа турлари, хусусан, «Дамские пальчики» кабилар бўйича кўплаб таклифлар мавжуд. Бундан ташқари, оқ узум навлари учун Россия Федерациясида бошқа мамлакатлардан кўплаб таклифлар мавжуд ва бу сегментда рақобат анча юқори. Лекин Россия бозорида рангли навларга талаб юқори, ўзбек экспортёрларининг эса бундай узум бўйича таклифлари кўп эмас. Билишимча, Ўзбекистондаги янги узумзорларнинг катта қисмига оқ узум навлари экилмоқда. Бу шуни англатадики, Ўзбекистонда мазкур сегментдаги таклиф ўсишда давом этади. Aммо бугунданоқ оқ узум навлари савдосида қийинчиликлар кўзга ташланяпти. Бошқача айтганда, узум етиштириш даражаси ўсиб бормоқда, лекин унинг ташқи бозорлари кенгаймаяпти. Замонавий дунёда ҳар қандай маҳсулотни ишлаб чиқариш –  ишнинг ярми, холос. Кимга, қаерга ва қандай сотиш керак – бу масалани ҳал қилиш жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораётган бир шароитда деярли шунча куч ва ҳаракат талаб этади», дейди Нодирбек Мусаев.

Экспортёрнинг фикрича, Россия бозорида ўзбек узуми нархининг пасайиш тенденцияси давом этиши яқин келажакдаги энг катта эҳтимолий сценарий ҳисобланади. Aгар янги савдо бозорларини қидириш ҳақида гапирадиган бўлсак, унда EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, Ўзбекистон учун бу борада ҳам истиқбол қувонарли эмас. Хусусан, яқинда Ўзбекистонда хўраки узумнинг энг машҳур навлари рейтинги билан чоп этилган материалимиз саноатда шошилинч чоралар кўриш зарурлигини яққол кўрсатди. Ва Россия бозорида бугун ўзбек узуми нархи пасайганлиги бунинг яна бир тасдиғидир.

Ўзбекистон хўраки узумнинг Марказий Осиёдаги энг йирик экспортёри ва ушбу маҳсулотнинг жаҳондаги энг йирик 15 экспортёри қаторига киради. Бундан ташқари, узум Ўзбекистоннинг мева -сабзавот сегментидаги асосий экспорт позициясидир. 2017 йилдан 2019 йилга қадар мамлакат ташқи бозорларга 117 мингдан 138 минг тоннагача сархил узум экспорт қилди ва экспортдан тушган даромад йилига 98 миллион доллардан 121 миллион долларгача бўлган қийматни ташкил этди. 2020 йилда эса Ўзбекистондан хўраки узумнинг экспорт ҳажми 141 минг тонна (133 миллион доллар)га етди.

Ўзбекистон узумининг асосий ташқи бозорлари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бўлиб, уларнинг Ўзбекистондан сархил узумнинг умумий экспортидаги улуши қарийб 98-99 фоизни ташкил қилади. Ўз навбатида, ўзбек узуми постсовет ҳудудидан ташқарида деярли маълум эмас. Узумни Германияга кичик ҳажмда экспорт қилиш ҳам шу мамлакатда яшовчи постсовет мамлакатларидан келган муҳожирларга сотилади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Туркия бу йил 200 миллион долларлик хўраки узум экспортини режалаштирмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда хандон писта йиғим-терими якунланмоқда, аммо ҳосилнинг чўғи кам

EastFruit

Ўзбекистонда ёнғоқ нархи 25 фоизга юқори

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин