Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон: сара гилос экспортга – нархи арзон, майда гилос ички бозорга – нархи қиммат
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон: сара гилос экспортга – нархи арзон, майда гилос ички бозорга – нархи қиммат

Ўзбекистонда гилоснинг оммавий йиғим-терим мавсуми тугашига саноқли кунлар қолди. Ўтган ҳафта охирида EastFruit мутахассислари тахмин қилганидек, 26+ калибрли сифати юқори ўзбек гилосининг нархи бу ҳафта ҳам пасайишда давом этди. Натижада, мавсум якунига келиб, нарх сўнгги йиллар билан солиштирадиган бўлсак, рекорд даражада арзон бўлди, ваҳоланки, мавсум бошида у ўта юқори эди. Гилоснинг мамлакатдаги умумий ҳосили эса сезиларли даражада камайди.

2021 йилнинг 10 июнидан бошлаб, калибри ўртача 26 мм.дан ошган гилоснинг улгуржи нархи кг учун 1,42 долларни ташкил этди, бу кўрсаткич ҳафта давомида 17 фоизга пасайган. Қолаверса, нарх ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоиз ва 2019 йилнинг худди шу кунига нисбатан учдан бир қисмга паст бўлган. Дарвоқе, катта калибрли гилоснинг нархи келгуси ҳафта бошида барқарорлашиши мумкин, чунки, унинг таъминоти камая бошлайди.

Кичик гилос (диаметри 26 мм.дан кам)га келсак, бундай нав учун ўртача улгуржи нархлар деярли ўтган йилги даражага тўғри келади – қарийб 10 минг сўм ёки кг учун 0,95 доллар.

Бундан келиб чиқмоқдаки, экспортга яроқли гилоснинг нархи мавсум давомида майда гилос нархига нисбатан анча тез пасайдими?! Бир қарашда бунда мантиқ борга ўхшайдими?! Ҳа, бу ерда мантиқ бор, фақат бунинг учун гилос бозорини биргина мамлакат миқёсида эмас, балки бутун минтақа бўйлаб кузатиш керак.

Катта калибрли ўзбек гилосининг асосий талабгори ташқи бозордир. Ўзбекистонлик истеъмолчи учун қиммат бўлгани сабабли саралаб олинган йирик гилос, асосан, чет элга жўнатилади, у ерда истеъмолчилар Ўзбекистонга қараганда анча кўп пул тўлашга тайёр. Шу боис, шубҳасиз, ўзбек гилосининг республикадан ташқаридаги нархлари нисбатан пастлиги сабабларини асосий ташқи бозорлардан излаш керак. Aниқроғи, биттасидан – ўзбек гилосининг асосий савдо бозори – Россия. Ва Россияда бу йил Туркия, Эрон, Озарбайжон экспортёрларининг гилос етказиб бериш борасидаги рақобатлашуви ўсиши кузатилди.

Хусусан, Туркия бу йил гилос учун энг муҳим бозорга кириш имкониятини йўқотди. У бозор Хитой эди, шунинг учун Россия бозорига эътиборни кучайтирди ва етказиб бериш ҳажмини оширди. Бундан ташқари, Туркияда совуқ билан боғлиқ муаммолар бўлмагани боис, гилос плантациялари сони ва уни етиштириш даражаси йил сайин ортиб бормоқда. Шунингдек, меванинг сифати бўйича Туркия Ўзбекистондан кўра анча устунликка эга, негаки, у ерда экинга ишлов беришнинг энг замонавий технологияларидан фойдаланилади, мобиль гидрокулинглар ёрдамида маҳсулот совутилади ва оптик линиялар ёрдамида сараланади. Бундай гилос харидорларни жалб қилмай қолмайди. Ва энг муҳими, у супермаркетлар пештахтасида ҳам, истеъмолчининг уйига етиб боргач ҳам узоқ вақт сархиллигича сақланиб туради.

Логистика харажатлари жиҳатидан Ўзбекистондан катта устунликка эга бўлган Грузия ҳам сўнгги пайтларда Россия бозорига тобора кўпроқ гилос етказиб бера бошлаганини қайд этиш жоиз. Тўғри, Грузиядан гилос экспорти ҳажми ҳали у қадар катта эмас.

Россия бозорига гилос етказиб бериш даври Ўзбекистон экспорти мавсуми билан бироз мос келувчи Молдова эса бу йил экспорт ҳажмини яна пасайтириши мумкин. Демак, ушбу омил яқин келажакда нархларга таъсир кўрсатмайди.

Кичик калибрли (26 мм.дан кам) гилос ҳақида сўз юритадиган бўлсак, унинг асосий талабгори ички бозордир. Ва бу ерда яққол тушунарли қоида ишлайди: май ойининг биринчи ўн кунлигидан бошланган (йиғим-терим мавсумининг боши) юқори нархлар ой охирига келиб, сезиларли даражада пасаяди ва сўнг мавсум охиригача анчайин суст равишда тушиб боради. Бу ҳолат истеъмолчиларнинг “кейинга қолдирилган” талабига дахлдор: юқори бошланғич нархларни кўрган   харидорларнинг кўпчилиги нарх пасайишига умид қилиб, вақт ўтишини кутади, мабодо, гилосни харид қилгудек бўлса ҳам оз миқдорда олади. Сўнг эса нархларнинг сезиларли даражада пасайиши ва йиғим-терим мавсуми якуни яқинлашиб бораётганлиги маҳсулотга бўлган талабни оширади. Шу тариқа калибри 26 мм.дан кам гилос нархлари июнь ойида секин суръатда пасаяди ёки барқарорлашади, кўпинча талабнинг ушбу даврда ошиши гилос нархининг бироз кўтарилишига ҳам сабаб бўлади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин