Бош саҳифаЯнгиликларТожикистон олмага тўлиб-тошган — ҳатто чакана нархлар ҳам рекорд даражада паст
Долзарб Махсус Янгиликлар

Тожикистон олмага тўлиб-тошган – ҳатто чакана нархлар ҳам рекорд даражада паст

Олма ҳосилини йиғиш ва сотиш Тожикистонда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан эрта бошланади. Ушбу мамлакатнинг жанубий вилоятларида ҳатто «Голден Делишез» каби кузги навлар ҳам июль охири ва август ойи бошларида пишиб етилади. Бироқ, кузги олма навларининг асосий қисми иқлими мўътадил ҳудудларда етиштирилади ва ҳозир олмани сақлашга жойлаштириш жараёнининг энг юқори чўққисидир, демак, айни пайтда ҳосил ва унинг сифати борасида дастлабки хулосалар чиқариш учун энг қулай пайт.

EastFruit таҳлилчиларининг фикрига кўра, ҳозирги вақтда бозорлар том маънода олманинг турли навлари билан тўлиб-тошган. Ушбу турдаги мева жуда кўп бўлишига қарамай,  савдодаги асосий таклиф паст сифатли олма бўлиб, уни узоқ вақт сақлаш мумкин эмас.

«Ҳатто чакана савдода ҳам олма нархи бир кг учун 40 АҚШ центидан паст (тахминан 4 сомони) –  бундай нарх Тожикистонда узоқ вақтдан бери кузатилмаган эди. Одатда, мамлакатда олма учун минимал нархга фақат октябрь ойининг ўрталарида, сақлаш керак бўлган маҳсулотларнинг бари жойлаштириб бўлингач ва сақлаш мумкин бўлмаган олма арзон нархда сотилганида гувоҳ бўлиш мумкин. Шунинг учун яқин бир ой ичида олма нархи қандай даражага етишини тахмин қилиш ҳам қийин», дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) маслаҳатчиси Бахтиёр Aбдувоҳидов.

Шунингдек, ФАО маслаҳатчиси сифатли олманинг бари анча юқори нархларда сақлаш учун жойлаштирилишини қайд этди. Бундан ташқари, сифатли олма нархи йил давомида ўзгармади – у, одатда, йилдан-йилга стандартга айлана бориб, кг учун 5 сомони (0,44 доллар)ни ташкил этмоқда. Тўғри, бу ерда ҳам нархнинг муайян бир салбий тенденцияси сезилмоқда, яқинда бундай олманинг нархи 6 сомони (0,53 доллар) эди.

Дарвоқе, 2020 йилнинг кузида олмани сақлаш учун жойлаштирган тадбиркорлар  уни баҳоргача сақлай олишди ва яхшигина даромад қилишди. Ўзингиз ўйлаб кўринг – олма хариди 5-6 сомонидан эди, март ойида эса унинг 1 кг 13-14 сомонидан сотилди. Олмани апрелгача сақлаганлар, уни сотиш орқали янада кўпроқ даромад олишлари мумкин бўлди: сифатига қараб, 1 кг олма 15-17 сомонидан сотилди.

Бироқ, ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди – 2019 йилда, масалан, олма нархи сақлаш вақтида умуман ошмаган – 1 январдан апрель охирига қадар нарх 1 кг учун 5 сомони даражасида сақланиб турган ва ҳатто сақлаш мавсуми охирида 4 сомонигача тушган. Мамлакатда олмани боғбонларнинг ўзлари эмас, воситачилар сақлагани боис, бу бизнес кейинчалик даромадсиз бўлиб чиқди. Aммо ўтган мавсумда сақлаш рентабеллиги мева сақлаш омборлари қурилишига қизиқишни оширди. Янги ҳосил учун кўплаб омборлар қурилди ва улар турли ўлчамда бўлиб, бу ҳозирча юқори сифатли олма нархларини сақлашга мўлжалланмаган олма баҳосидаги пасайиш даражасида ушлаб туриш имконини бермоқда.

Улгуржи нархлар бўйича олиб борган мониторингимиз шуни тасдиқладики, ҳозир Тожикистонда кўпгина олма навларининг нархи ўтган йиллардагидан анча паст. Шу билан бирга, маҳаллий бозор мутахассислари замонавий олма боғлари майдони доимий равишда кенгайиб бораётганини тасдиқлашмоқда. Мамлакатнинг кўплаб сармоядорлари интенсив боғдорчиликдан хафсаласи пир бўлганига қарамай, бир қанча боғбонлар яхши сифатли олма етиштиришни ўрганишди. Бахтиёр Aбдувоҳидовнинг сўзларига кўра, ҳатто 2021 йилда эртаги олма сегментида ҳам тожик олмаси сифатининг сезиларли ўсиши кузатилган. Aйтганча, биз бир йил аввал Марказий Осиёда боғдорчиликнинг топ-10  муаммоси ҳақида батафсил сўз юритган эдик. Кўриниб турибдики, кўпчилик бундан хулоса чиқарган.

Тожикистон, қўшни Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, бу йил баҳоридаги совуқлардан унчалик зарар кўрмади. Ва олма сегментида ҳеч бир йўқотишлар кўзга ташланмади. Шу билан бирга, Тожикистон олма экспортига эътибор қаратмайди, Ўзбекистон эса жуда кўп эртаги олма навларини экспорт қилади.

Олма экспорти мавжуд эмаслиги тожик боғбонлари ва айниқса, олма сақлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар муайян муаммолар туғдириши мумкин. Олманинг ички бозори тўйинганида (худди 2018/19 йилги мавсумда бўлгани каби) олма нархи барқарорлашади ва сақлашдан даромад бўлмайди – фақат зарар кўрилади. Шунинг учун ҳам жаҳоннинг аксарият мамлакатларида ё олма етиштирувчилар ёки олмани ўзи ўстирувчи кооперативлар уни сақлаш билан шуғулланади. Масалан, AҚШда апрель ойида олманинг улгуржи нархи, одатда, сақлашга жойлаштириш пайтидан кўра 10-15 фоиз паст бўлади. Ва Тожикистонга бундай ҳолат тез орада “етиб келиши” мумкин.

Қолаверса, шуни ёдда тутиш керакки, жаҳонда олма етказиб бериш ҳажми тобора ортиб бормоқда, унинг савдоси эса камаймоқда. Шу сабабли, EastFruit таҳлилчилари ижтимоий тармоқлар учун #freshapplecrisis хештегини ишга тушириб, 2021 йилда олмани ҳаддан зиёд кўп етиштириш ҳамда унинг нархлари пастлаши хавфи масаласига бутун жаҳон эътиборини қаратмоқда. Бу шуни англатадики, жорий мавсумда Тожикистонда олма сақлашдан даромад топиш истиқболлари умуман аниқ эмас.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Бразилияда Purple Gala навли тўқ қирмизиранг олма тақдим этилди

EastFruit

Марказий Осиёнинг ёзги иссиқ иқлимида иссиқхонани қандай совутиш керак (видео)?

EastFruit

Иссиқхонада юқори сифатли резавор ҳосилини олишда тукли ари билан чанглатиш муҳим, аммо бу қиммат усул (видео)

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин