Бош саҳифаДолзарбМева бизнеси мавсумининг хэштеги — #freshapplecrisis
Долзарб Махсус Янгиликлар

Мева бизнеси мавсумининг хэштеги — #freshapplecrisis

Минтақанинг олма бизнесидаги мушкул вазиятга эътиборни қаратиш мақсадида, боғбонлар учун навбатдаги мураккаб мавсум истиқболларини эътиборга олган ҳолда EastFruit янги #freshapplecrisis хэштегини ишга туширмоқда. Биз олмани мақбул нархларда сотиш борасидаги қийинчиликлар тўғрисида ижтимоий тармоқларда маълумотларни эълон қилаётган барчага ушбу хэштегни қўллашни таклиф қиламиз.

“Ушбу ёз фаслида бизнинг бутун таҳлилчилар жамоамиз биргаликда бутун дунёда олма етиштириш ва истеъмол қилиш бўйича маълумотларни таҳлил қилиб чиқди. Йиғилган маълумотлар шундан далолат бермоқдаки, 2021/22 йилги мавсум ҳатто 2018/19 йилги мавсумдан ҳам анча мураккаб кечиши эҳтимоли юқори. Айни дамда, Шарқий Европа боғбонлари нафақат рекорд даражадаги ҳосил туфайли, балки улар Европа Иттифоқининг олма экспортёрлари билан ЕИ етказиб берувчиларининг анъанавий бозорлари ва ЕИ мамлакатларининг ўзидаги бозор учун рақобатга киришиши туфайли ҳам жиддий зарар кўрадилар”, дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Инвестиция маркази иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Биз нега #freshapplecrisis хэштегини қўллаётганимизни изоҳлаб берувчи айрим фактларни қуйида келтириб ўтамиз:

– Шарқий Европада олма ҳосили тарихан энг юқори миқёсга етади – деярли барча мамлакатлар ўзларининг етиштириш кўрсаткичларида рекордларни янгилайди;

– Эрон ўтган мавсумдаёқ бутун дунёда олма экспорти ҳажмлари бўйича иккинчи ўринга чиқди ва Хитойга деярли етиб олай деди! Эрон Россия олма бозорида Молдова ва Сербия билан, шунингдек, Яқин Шарқ ва Осиё бозорларида Украина ва ЕИ билан рақобатлашмоқда;

– Туркия худди Эрон сингари олма бозоридаги экспансиясини давом эттирмоқда ва ҳар мавсумда 300000 тоннага яқин олма экспорт қилмоқда. Туркия Яқин Шарқда ЕИ ва Украина билан, Россияда Молдова ва Сербия билан рақобатлашади, шунингдек, Ҳиндистонга олма етказиб бериш ҳажмларини шиддат билан оширяпти;

– Украина РФ бозорига олма етказиб бера олмайди. Бундан ташқари, у ҳанузгача Вьетнам, Ҳиндистон, Индонезия ва Миср каби олма савдоси энг тез ўсиб бораётган ва энг муҳим бозорларга эркин кириб бориш бўйича ўзаро келишилган, рақобатда устунлик берувчи шароитларга эга эмас. Бу эса ушбу мамлакат учун экспорт истиқболларини анча пасайтириб юборади;

– Россия навбатдаги рекорд ҳосилдан сўнг 2021/22 йилларда олма импортини тахминан 60-80 минг тоннага яна камайтиради, Молдова ҳам, Сербия ҳам бунча миқдордаги ҳажмлар учун муқобил бозорлар топишига тўғри келади. Бунга ҳали Эрон ва Туркиядан етказиб бериш ҳажмларининг ўсиш эҳтимолини қўшмадик;

– 2021 йилги олма ҳосилини териб олишнинг бошланиши кечикаётганига қарамасдан, Россиянинг олма бозори аллақачон арзон олмалар билан тўлиб бўлди, нархлар эса бутун тарих давомида йилнинг ушбу вақтидаги энг паст даражада қолмоқда;

– Марказий Осиёда (Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон) олма ҳосили яна рекорд даражада бўлади, чунки у ерларда олма боғлари майдонларини кенгайтириш давом этмоқда, ёш боғлар эса ҳосилга киряпти;

– Молдова ҳатто нисбатан кам бўлган 2020 йил ҳосилини тўлиқ сотиб юбора олмади, бу йил эса Молдовада олма етиштириш ўтган мавсумга нисбатан яна 150-180 минг тоннага ошиши мумкин. Бунга Россиянинг олма импортини 60-80 минг тоннага камайтиришини қўшсак, деярли бутун олма ҳосилини ушбу ягона бозорга етказиб берувчи молдован экспортёрлар учун анчагина ёқимсиз манзара ҳосил бўлади.

– Украина, Сербия ва Молдова Россиядан ташқари ҳудудлардан камида 180 минг тонна олма учун бозор топиши керак. Ҳолбуки, улар илгари уччаласини қўшганда ҳам РФдан ташқари ҳудудларда 67 минг тоннадан ортиқ олма сотмаган;

– ЕИда одатдагидан кўпроқ олма ҳосили йиғиб олинади. Демак, ушбу олма учун Яқин Шарқ ва Осиёдан етказиб бериш бозорларини топиш зарур бўлади. Бу минтақаларда эса Эрон ва Туркиянинг экспортёрлари 2018/19 йилдан буён мустаҳкам ўрин эгаллаб олган;

– Хитой ҳам 2021 йилда 2020 йилдагига нисбатан кўпроқ олма ҳосилини йиғиб олишига аломатлар бор.  Хитой дунёнинг етакчи экспортёри бўлиб қолаётганлиги ва у Россия бозорига кириб бора олмаётганлиги боис, у Осиёнинг олма бозорларига босим ўтказишда давом этади.

– Европада 2020 йилдаги пандемия даврида бирдан ошиб кетган олма истеъмоли яна пасайишига аломатлар бор. Мевалар бозорида тобора муҳимроқ роль ўйнаётган янги авлод истеъмолчилари учун олма оммабоп ва тренд мева ҳисобланмайди;

– Жанубий яримшар мамлакатлари олма етиштириш ҳажмларини 250-300 минг тоннага кўпайтириб, Хитойдан олма етказиб берувчиларнинг таъсири кучайиб бораётган Осиёга кўпроқ олма экспорт қилиши кутилмоқда;

– Европада 2020/21 йилги мавсумдан ўтувчи олма захиралари ноодатий тарзда ўта юқори бўлиб, бу бозорга қўшимча босим ўтказади ва 2021/22 йилги мавсум давомийлигини қисқартиради;

– Олма ҳосилини йиғиб теришни бошлашнинг, айниқса, Шарқий Европада кечикиши ҳам мавсум давомийлигини қисқартиради. Бу эса фермерларда ўз олмасини сотиб юбориш учун одатдагига нисбатан камида икки ҳафта озроқ вақт бўлишини англатади;

– Олма концентрати (AJC) бозордаги ўрнини бошқа оммабопроқ ичимликларга ютқазиб қўймоқда ва саноатбоп олма нархлари кўтарилиши имконсиздир;

“Контейнер инқирози” ва денгизда юк ташиш нархларининг кескин ўсиши минтақадаги Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларининг премиум бозорига кўз тиккан олма етказиб берувчилари учун катта муаммога айланади, бу эса фермерларнинг сотиш нархларига босим ўтказади;

– Дунё олма бозори учун ягона яхши хабар – бу АҚШда олма ҳосили ва экспортининг қисқаришидир.

Covid-19 пандемияси туфайли эркин саёҳатларга қўйилган чекловлар, кўргазмалар ва савдо форумларининг ўтказилмаётганлиги экспортёрларга олма сотиш учун янги харидорларни топишда қийинчилик туғдирмоқда. Бундан ташқари, бозорларга кириш бўйича расмиятчиликларни давлатлар томонидан келишиш жараёни бирдан секинлашди.

Мазкур муаммони енгиб ўтишда кўмаклашиш мақсадида биз Telegram негизида онлайн-платформа ишлаб чиқдик. У ерда хорижий харидорлар Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиёнинг олма ва бошқа меваларини сотиб олиши, шунингдек, ўз маҳсулотларини ушбу минтақада илгари суриши мумкин. Платформа EF Trade Platform деб номланади ва барча учун бепул бўлиб, маълумотларни рус ва инглиз тилларида жойлаштириш мумкин. Фойдаланувчилардан маҳсулотни реклама қилишдан аввал бириктириб қўйилган хабардаги қоидаларни диққат билан ўқиб чиқишини сўраб қоламиз!

Платформада 55 мамлакатдан 18000  нафар фойдаланувчи йиғилган бўлиб, бу ердагиларнинг кўпчилиги Россия, Украина, Ўзбекистон, Беларус, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Молдова, Грузия, Сербия ва Тожикистон компанияларидир. Бу эса уни минтақадаги мева-сабзавотлар онлайн савдоси учун энг йирик платформага айлантиради.

Биз яна олма бизнеси вакиллари мамлакатлар ичида ва халқаро миқёсда сархил олмалар истеъмолини оммалаштириш бўйича сайъ-ҳаракатларни кучайтиради, деб умид қиламиз. EastFruit бу борада доимо ёрдам беришга тайёр. Олма истеъмоли ўсмаса, мазкур бизнес резаворлар ва экзотик меваларнинг кучаяётган рақобатчилиги сабабли яқин йиллар ичида жуда жиддий барқарорлик муаммоларига дуч келади. Демак, фермерлар истеъмолчиларнинг янги авлодига мўлжалланган, янада самарали ва замонавий маркетинг ёндашувларини қидириш, ҳаракатларнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш йўлидаги интилишларини бирлаштириши лозим.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Хитой олма бозори: юқори захиралар, паст нархлар, умидсиз истиқбол

EastFruit

Янги суперфуд: украиналик фермерлар минглаб тонна маржондарахт мевасини экспорт қилмоқда

EastFruit

Реза меваларни музлатиш учун Украинада ишлаб чиқарилган ускуна: юқори сифат ва арзон нарх

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин