Бош саҳифаДолзарбЎзбекистон, Қозоғистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида интенсив боғдорчилик ҳамда олма бизнесидаги энг катта 10 муаммо
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистон, Қозоғистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида интенсив боғдорчилик ҳамда олма бизнесидаги энг катта 10 муаммо

EastFruit янгича боғдорчилик технологияларини Марказий Осиё мамлакатларидаги маҳаллий шароитга мослаштириш муаммоларига бир неча бор эътибор қаратган. Интенсив олма боғлари биринчилардан бўлиб инвестиция объектига айлангани сабабли, айни соҳада энг катта тажриба тўпланган ва энг кўп хафсаласи пир бўлганларининг ҳам аксарияти мева-сабзавот бизнесига дахлдор ушбу йўналишда қайд этилган.

Яқинда биз эълон қилган материал жуда катта акс-садо берди. Унда ушбу мамлакатда интенсив боғларда олма ҳосилининг реал ўртача ҳосилдорлиги экиннинг тўртинчи йилида ҳар гектарига 7 тоннага етгани, аслида эса бу рақам камида 5 баравар кўп бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритилган.

Биз энг кўп учрайдиган хатоларни изоҳлаб бериш ва уларни ушбу материалда таҳлил қилиш учун минтақада катта тажрибага эга бўлган бир нечта халқаро экспертлар билан боғланишга қарор қилдик. Мутахассис амалиётчилардан ҳар бирининг батафсил фикрларини умумлаштириб, қуйида келтирилган бир нечта энг муҳим хулосаларга эътибор қаратдик. Улар муҳимлик даражасига қараб эмас, балки стратегиядан ихтисослашувга қараб жойлаштирилган. Бироқ, ушбу муаммолар ёки хатоларнинг ҳар бири ўз ўрнида жуда катта аҳамиятга эга ва корхонани тўлиқ банкротликка олиб бориши мумкин.

  1. Мулкдор ёки инвестор хўжалик фаолиятини назорат қилмайди ва бу ишни мутахассисларга эмас, балки яқин ёки узоқ қариндошларига топширади. Кўпинча, мулк эгалари қариндоши ёки яқин дўсти ўз мавқеини суистеъмол қилиши мумкинлигига ишонмайди, аммо кўп ҳолларда бу ачинарли ҳақиқат бўлиб чиқади – ахир, боғда кўплаб операцияларни бажариш керак, буни эса фақат мутахассис тушуниши мумкин. Кўп ҳолларда бундай суистеъмолчиликлар корхона эгаси учун хунук оқибатларни олиб келиб, боғ ва бизнесни сақлаб қолиш деярли имконсиз ишга айланади. Шунинг учун биз олма бизнесига сармоя киритишни фақат доимий равишда ўзи ўша ерда бўлиш ва барча жараёнларни шахсан ўзи назорат қилишни режалаштирганларга маслаҳат берамиз. Акс ҳолда, муваффақиятсизликка учраш эҳтимоли жуда катта.
  2. Гигантомания. Боғдорчиликда умуман тажрибага эга бўлмаган минтақадаги кўплаб фермер хўжаликлари етиштириш технологиясининг барча элементларига риоя қилишнинг жисмоний ва техник имкониятларига эътибор бермай, улкан олма плантацияларини барпо этмоқда. Натижада, миқдор сифатни йўқ қилади. Шунингдек, кўпчилик бир йил ичида минг гектар ерда олма боғини яратиш деярли мумкин эмаслигини англаб етмай, буни уддалашга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун сизга биринчи босқичда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ ва нисбатан кичик ҳажмдаги плантацияларни режалаштиришни маслаҳат берамиз. “Оз бўлса ҳам соз бўлсин”. Бизнесни кенгайтириш қочмайди. Илк тажрибани тўплаб, мутахассислар гуруҳини тайёрлаб олгандан кейин ҳам бу ишни қилиш мумкин, молиявий нуқтаи назардан шу йўл тўғри.

Сиз учун қизиқ бўлиши мумкин: Нима учун Ўзбекистонда олма етиштириш маҳаллий боғбонларга зарар етказиши мумкин?

  1. Иқлими мақбул бўлмаган шароитларда боғ барпо қилиш. Бу Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларида кенг тарқалган муаммо. Кўпинча, масалан, иқлими ўсишга имкон бермайдиган ҳудудларда қизил олманинг улкан плантацияларига дуч келасиз. Шу боис, бу ернинг иқлими ўзи олма етиштириш учун мосми ва қайси навлар энг яхши натижаларни кўрсатиши мумкин, деган саволларга жавоблар олдиндан аниқ бўлмоғи лозим. Қолаверса, ҳатто пул тўлашингизга тўғри келса ҳам, кўчат етказиб берувчиларнинг маслаҳатларини мустақил халқаро экспертлар ёрдамида қайта-қайта текшириш зарур.
  2. Кадрлар етишмовчилиги. Бу, одатда, инвесторларни тўхтата олмайди. Бироқ, ҳатто технология элементларидан биттасига риоя қилмаслик ҳам бутун бизнесни барбод қилиши мумкин. Агар хўжаликда тажрибали агроном ва мутахассислар гуруҳи бўлмаса, у ҳолда ҳатто қиммат ташқи консалтинг хизматлари ҳам муаммоларнинг барчасини ҳал қилиб бермайди. Шунинг учун сизга боғдорчилик йўналишидаги бизнесга киришаётганда, аввало, малакали кадрлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қиламиз. Бундан ташқари, агар имкон бўлса, ўз мутахассислар гуруҳингизни тайёрлаш учун вақт ажратишингиз ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Ахир, технологиялар муттасил ривожланиб бормоқда, шу боис, ходимларнинг хорижий тилни билиши ва жаҳондаги етакчи мамлакатларнинг илғор олма боғларига мунтазам равишда сафар уюштириши, турли халқаро тренинглар ва малака ошириш курсларида иштирок этиши муҳимдир.

Олма боғини нотўғри буташ қандай қилиб бир-икки йиллик ҳосилнинг йўқотилишига олиб келиши ва инвесторлар учун улкан зарар келтириши мумкинлиги ҳақидаги видеони томоша қилинг.

  1. Сифатли консалтинг йўқлиги – бу энг муҳим нуқта. Кўпинча, миллионлаб доллар сармоя киритган бизнес эгалари консалтинг учун бир неча минг долларни тежашга ҳаракат қилишади. Аммо, одатда, иқлим хусусиятларини ҳисобга олсак, олма дарахти ўзини қулай ҳис қилмайдиган Марказий Осиёда Нидерландия ёки Польшада иш берувчи ютуқларни кўр-кўрона кўчириб олиш мумкин эмас. Кадрлар йўқлиги, сифатсиз кўчат материаллари, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг арзон ва сифатсиз воситалари, ускуналар ва бошқа техникалар етишмаслиги вазиятни янада мураккаблаштиради. Бундай шароитда ҳамма маслаҳатчилар ҳам, агар ўз обрўсини қадрласа, ҳатто катта пул эвазига-да ишлашга рози бўлмайди. Шунга кўра, боғ барпо этишдан олдин сиз консалтинг хизматлари бозорини яхшилаб ўрганишингиз ва ўз жамоангизнинг профессионал ўсиши ҳамда ривожланишига имкон берувчи юқори сифатли техник кўмак ҳақида ўйлашингиз керак.

Дарвоқе, худди шу нарса бозор таҳлилига ҳам тааллуқли – бу борада пулни тежаш керак эмас, чунки у сизга маҳсулотни юқори нархларда сотишга ёрдам беради. Сотувчилар томонидан кўчатлар ва технологиянинг бошқа элементларига доир бепул қўллаб-қувватлашни консалтинг деб бўлмаслигини тушуниб олиш керак, чунки ушбу компаниялар инвестор етказиб берилган маҳсулот учун пул тўлаган пайтдаёқ ўз фойдасини олиб бўлган.

  1. Замонавий технологиялардан “хўжакўрсин”га фойдаланиш. Гап кўчат материаллари, ихота дарахтлари, суғориш тизимлари, техника ҳамда боғдорчилик, олмани сақлаш ва қайта ишлаш учун ускуналар ва бошқалар ҳақида бормоқда. Паст навли кўчат материаллари, сифати паст суғориш тизимлари ва тирговичлар сотиб олиш бизнесда ҳалокатли оқибатларга олиб келади. Биз инвестор боғ тирговичлари учун бетон устунларни ўзи мустақил ўрнатишга қарор қилгани сабабли бир зумда бутунлай барбод бўлган боғни кўрганмиз. Шунинг учун, агар сиз интенсив боғ яратишга қарор қилган экансиз, номаълум етказиб берувчилардан шубҳали технологик элементларни харид қилмаганингиз маъқул. Худди шу тариқа, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан пул тежаш ҳам ҳосил ёки унинг сифати батамом йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин. Сифатсиз олма сифатлисидан ўртача 10-20 баравар арзонроқ туради.

Яна ишлаб чиқариш ва савдо соҳасидаги глобал ва минтақавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда 2021/22 йилги мавсумда олма нархларининг эҳтимолий ўзгаришлари прогнози ҳақидаги видеони томоша қилинг.

  1. Масъулиятсизлик– минтақа бошига битган балодир. Ишнинг белгиланган муддат ва ҳажмларига риоя қилмаслик, қоидаларни ўзгартириб юбориш, керакли дори-дармонларни турли хил генериклар билан алмаштиришга тез-тез уринишлар ишнинг аниқ режаси ва тузилишини бузиб, технологик жиҳатдан бетартиблик келтириб чиқаради. Табиийки, бундай ҳолатда улар боғни эксплуатация қилишга ҳамон катта маблағ сарфлагани ҳолда тўртинчи йили ҳам 35-40 тонна ўрнига 7 тонна ҳосил олишади-да!
  2. Замонавий омборхонаси бўлмаган катта олма боғи. Кўплаб инвесторлар 20-30-40-100 гектар майдонда олмани бир айланиб териб олиш ва сотиш мумкин эмаслигини шунчаки тушунишни истамайдилар. Шунингдек, кўпчилик англамайдики, боғнинг ҳар гектарига ҳисоблаганда олма сақлаш ва уни қайта ишлашга тикиладиган маблағ кўчатлар, суғориш, тирговичлар, тўр ва ҳаттоки техникаларга сарфланган маблағлардан ҳам ошиб кетиши мумкин! «Сақлаш – бу алоҳида бизнес эмас, балки мева-сабзавот етиштириш бизнесининг ажралмас қисмидир» – бу ФАО инвестициялар департаменти иқтисодчиси Андрей Ярмакнинг кўп йиллар давомида юзлаб минтақавий тадбирларда қайта-қайта тилга оладиган гапидир. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, кўплаб омбор ускуналарини етказиб берувчилар айтганидек, меваларни сақлаш қўшимча даромад олиш манбаи эмас. Бу шунчаки сақланиши лозим бўлган олма навларини етиштирувчи ҳар қандай тижорий боғдорчилик хўжалиги учун заруратдир. Тўғри, боғ барпо этиш билан бир пайтда омборхона қуриш шарт эмас, чунки бундай эҳтиёж бир неча йил ўтгач юзага келади.
  3. Меваларни ўз билганича сақлаш ҳам жуда кенг тарқалган. Афтидан, инвесторлар пулни тежаш мақсадида шундай қилишяпти, аммо бу жуда ачинарли. Агар тайёр ва анчадан буён муваффақиятли ишлаётган ечимлар мавжуд бўлса, юз минглаб бошқа инвесторлар томонидан аниқ ўйлаб топилган, синаб кўрилган нарсаларни қайтадан ихтиро қилишингиз шарт эмас.
  4. Боғдорчилик корхонаси томонидан яроқсиз олмани ўзида қайта ишлашга сарфланган сармоялар аксарият ҳолларда бу пулнинг тўлиқ йўқотилишига олиб келади. Бундай корхоналар, одатда, ишламай ётади. Иш юриб кетган тақдирда ҳам қайта ишлаш боғдорчиликка деярли алоқаси бўлмаган бутунлай алоҳида бизнесга айланади.

Масалан, кўпинча боғбонлар тўғридан-тўғри сиқилган шарбат ишлаб чиқаришга маблағ тикадилар, аммо фақатгина олма шарбатини, яъни ассортиментнинг битта позициясини сотиш жуда қийин. Оқибатда, қайта ишлаш мақсадида 20 тагача мева- сабзавот турларини сотиб олиш, кўплаб рецептлар ишлаб чиқиш, маркетинг ва сотувга маблағ ажратиш, устига-устак ўз хомашёсининг нархини ҳам тўғри баҳолаш зарур. Ахир, хомашё қанча арзон бўлса, бизнесдан келадиган фойда шунча юқори бўлади. Шунинг учун, сизга имкони борича боғда чиқиндилар, яъни қайта ишланадиган олма бўлмаслигини маслаҳат берган бўлардик. Энг яхши фермер хўжаликларида, сотишга яроқсиз олма улуши 5 фоиздан ошмайди, шу сабабли чиқинди қийматини ошириш юз минглаб доллар сарфлашдан кўра, уни шунчаки йўқ қилиб юбориш ёки профессионал қайта ишловчиларга сотган афзалроқ.

Немислар айтганидек, бошлаб олиш ҳамиша қийин бўлган. Шунинг учун, албатта, хатоларга йўл қўйилиши турган гап. Ушбу муаммолар, одатда, вақт ўтиши билан йўқ бўла бошлайди, улар туфайли тушкунликка тушиш керак эмас. Белгиланган мақсад сари олға одимланса, ҳар қандай фермер хўжалиги муваффақиятга эришади. Аммо агар сиз фақат ўз хатоларимдан келиб чиқиб тажриба орттираман, десангиз, у ҳолда муваффақиятни узоқ вақт кутишингизга тўғри келади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда олчанинг нархи қанча ва энг арзон нарх қаерда?

EastFruit

Қозоғистонда йилига 200 минг тонна картошка қайта ишланадиган завод қурилади

EastFruit

Тожикистонда лавандани муваффақиятли етиштириш учун барча шароитлар мавжуд (фото)

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин