Бу йил ўзбек мева бизнеси қийин мавсумни бошдан кечирмоқда. Совуқ туфайли кўплаб асосий меваларни етиштириш ҳажми камайди. Натижада, уларнинг нархи юқори даражага кўтарилиб, мазкур ҳолат экспорт ҳажмига ҳам, ички истеъмол ҳажмига ҳам салбий таъсир қилди.
EastFruit мутахассислари 2021 йилги мавсумда эртаги олма нархи Ўзбекистонда 2020 ва 2019 йилдаги ўртача нархдан камида 2,5 баравар юқори эканлигига эътибор қаратишмоқда. 2021 йилнинг 24 июнидан бошлаб, эртаги навларнинг ўртача улгуржи нархи кг учун 13000 сўм ($ 1.23)ни ташкил этди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2020 йил, июнь ойининг иккинчи ярмида ушбу маҳсулот учун ўртача улгуржи нархлар 2,5 баравар, 2019 йилнинг шу даврида эса 3,5 баравар паст бўлган эди.
EastFruit мутахассисларининг баҳосига кўра, 2016 йилдан то 2020 йилгача Ўзбекистондан эртаги олма экспорти ҳажмининг динамикаси барқарор ўсишни кўрсатди. Экспорт даромади 2,1 миллион АҚШ долларидан 6,2 миллион долларга ўсди, аммо, 2021 йилда биз, ички бозорда юзага келган нархларга асосланган ушбу кўрсаткичда кескин пасайишни кўришимиз эҳтимоли баланд.
Ўрик, бодом ва қисман гилос билан бўлгани сингари 2021 йилги мавсумда Ўзбекистонда эртаги олма нархлари юқори бўлишининг асосий сабаби об-ҳаво аномалияларидир – 2021 йилнинг февраль ойидаги кескин исишни, ундан кейин эса совуқ ҳаво ҳукм сурганлигини назарда тутяпмиз. Aмалдаги нархларга қараганда, об-ҳавонинг кутилмаган ўзгаришлари натижасида Ўзбекистоннинг эртаги олма навлари ҳосилига катта зарар етди.
EastFruit Ўзбекистонда экспорт учун олманинг кечки навларини етиштириш маҳаллий деҳқонларга қимматга тушиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Бироқ, ушбу мақолада эртаги навлар бўйича вазият бутунлай бошқача экани ҳам айтилган.
Олма етиштирувчи ва экспорт қилувчи йирик мамлакатларда йиғим-терим август ойи ярмидан бошланади. Ўзбекистонда эса иқлим шароити туфайли апрель ойи охиридан бошлаб олманинг эртаги навлари бозорга чиқади. Голден Делишез каби кечки навлар эса кўпинча, июль ойи охирида, деярли икки ой олдин мавжуд бўлади.
Шу сабабли, майдан августга қадар Ўзбекистон шимолий мамлакатларга, биринчи навбатда, Россияга олма экспорт қилиш учун беқиёс имкониятга эгадир. Статистик маълумотлар шуни тасдиқлайдики, Ўзбекистон эртаги олма бўйича ушбу экспорт нишаси учун ҳаракатни давом эттирмоқда.
Манба: Trade Map
Жадвалда кўриб турганингиздек, Ўзбекистондан эртаги олма экспорти барқарор ўсиш тенденциясига эга. 2020 йилда экспорт рекорд даражадаги 6,2 минг тоннага етган.
“Эртаги олманинг асосий афзаллиги шундаки, у кечки олма билан таққосланганда, Ўзбекистон учун жуда яхши экспорт нишасидир. Уни сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмасига катта сармоя киритишга ҳожат йўқ. Кўплаб боғбонлар ва сармоядорлар бу омилни муносиб баҳолай олмайди. Агар 1 гектар боғни ҳисобга оладиган бўлсак, замонавий мева омборига йўналтирилган сармоялар ҳажми боғ яратиш, суғориш, кўчатлар ўтқазиш, дўлдан ҳимояловчи тўрлар ва ҳаттоки техникага сарфланган инвестициядан ошиб кетади! Иккинчи муҳим афзаллик – ёзда нархларнинг юқори эканлиги. Ҳозирги вақтда Россия бозорида юқори сифатли олма, одатда, Жанубий Яримшар мамлакатлари – Жанубий Aфрика, Чили, Янги Зеландия ва бошқалардан келади. Шу билан бирга, ўзбек олмаси ҳам агар совуқлик занжири узилмаса, сархиллигича сақланади», дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) инвестиция бўлими иқтисодчиси Aндрий Ярмак.
Бироқ, бу йил Ўзбекистон эртаги олма экспортини ўтган йилларга нисбатан кўпайтира олмаслиги эҳтимоли юқори. Зеро, ички нархлар жуда юқори бўлиши баробарида яна бир салбий омил мавжуд – Россияда июнь ойи катта миқдордаги олма захиралари рекорд даражага кўтарилди ва шу вақт ичида бу маҳсулотлар учун паст нархлар қайд этилди.
Aммо қўшни Тожикистонда эртаги олмага совуқдан етган зарар Ўзбекистондагичалик эмас. Шунинг учун, 2021 йилнинг 24 июнида эртаги олманинг ўртача улгуржи нархи кг учун 0,62 долларни ташкил этди, яъни, бу Ўзбекистонга нисбатан 2 баравар паст кўрсаткичдир. Нархлардаги бундай фарқ ва яқин масофани ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ўрик ёки малина билан бўлгани каби ушбу маҳсулотнинг импортёрига айланиши эҳтимоли ҳам мавжуд, дейиш мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!