Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиМуаллифлик блоглариНима сабабдан Ўзбекистонда олма етиштириш фермерларга жиддий зарар келтириши мумкин?
ДолзарбМахсусМуаллифлик блоглари

Нима сабабдан Ўзбекистонда олма етиштириш фермерларга жиддий зарар келтириши мумкин?

Мен 2012 йилдан буён Ўзбекистон мева-сабзавот тижоратида фаолият юритиб келаман ва ўша пайтда ҳам Жаҳон Банки учун бозордаги вазиятни ўрганган илк тадқиқотларимдаёқ маҳаллий деҳқонлар ёзги олма навларидан ташқари, олма етиштиришга кўп берилмаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирганман. Ушбу блогда мен ўша даврдагига нисбатан долзарброқ бўлган сабабларни тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Aввало, ҳозирданоқ, Ўзбекистондаги дастлабки кузги олмаларни йиғиб олиш бошланишидан 2 ой аввал шуни айтмоқчиманки, янги мавсумда олманинг нархи сезиларли даражада пасайишини башорат қилиш мумкин. Деҳқонлар маҳаллий бозорни деярли тўлдириб ташлашди, хўш, бу олмалар яна кимгадир керакми? Қандай қилиб Ўзбекистондан бошқа мамлакатга олма сотиш мумкин?

Келинг, гапни Ўзбекистон денгиз ёки океандан икки баравар узоқ масофада жойлашган жаҳондаги иккита мамлакатдан бири эканлигидан бошлаймиз. Яъни, Ўзбекистондан логистика арзонга тушмайди.

Олма жаҳондаги энг арзон мевалардан бири ҳисобланади. Шу боис, жаҳон олма бозоридаги ҳар қандай мамлакатнинг рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан уни арзон ташиш имкониятларига боғлиқ, чунки транспорт харажатлари маҳсулот нархида катта роль ўйнайди.

Оддий бир мисолни кўриб чиқамиз. Одатга кўра, Ўзбекистонда мева-сабзавотларнинг барча маркетинги Россияга қаратилган. Сўнгги йилларда Россияда олма учун стандарт нарх (агар биз 2017/18 йилги мавсумни ҳисобга олмасак, чунки, бу мавсумда Европада ҳосилнинг учдан бир қисми йўқотилгани сабабли табиий равишда нархлар юқори бўлган) февралда 20-25 рубл / кг ни ташкил этади. Бу омборлардаги сараланмаган олма нархига тенг бўлиб, килограммига 0,30-0,40 долларни ташкил қилади.

Олмани Фарғонадан Екатеринбургга етказиш ҳар бир килограмм ҳисобига $0,25-0,30, Москвага эса тахминан 0,35-0,40 долларга тушади. Бошқача айтганда, транспорт харажатлари ўзи Россия омборларидаги сараланмаган олманинг нархига тенг.

Ўйлайманки, ҳаммаси кундек равшанлиги учун бунга нуқта қўйиш мумкин, аммо Ўзбекистонда экспорт учун олма етиштириш – яхши ғоя ва даромадли сармоя бўла олмаслигини кўрсатадиган бир неча аниқ сабаблар бор.

Aввало, Ўзбекистоннинг иқлим шароитига тўхталиб ўтамиз. Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ёз жуда иссиқ ва қуруқ келади. Шу билан бирга, ёз ойларида тунги ва кундузги ҳарорат ўртасидаги фарқлар аҳамиятсиз бўлиши мумкин, фақат тоғли ва тоғолди ҳудудлари бундан мустасно. Бундай ҳудудларда, ҳатто Сурхондарёда ҳам М9 пайвандтагли йирик олма боғларини кўрдим, албатта, улар тўр билан қопланмаган эди. У ерда, асосан, қизил олма экилган эди. Бундай шароитда сифатли олма етиштириш, албатта, имконсиз. У ранг олмайди ва баъзи қисман куйган бўлади, демак уни кейинчалик сақлаш қийин масалага айланади. Бундан ташқари, ҳатто заиф ўсувчи пайвандтаглар ҳам гуркираб ўсади, аммо астойдил суғоришларга қарамай, мўътадил иқлимли минтақаларга қараганда ҳосилдорлик анча паст.

Умуман олганда, Ўзбекистон олмазорларида кўплаб технологик хатолар мавжуд. Aммо бундай технологияларга нисбатан яқинда илк бор дуч келган мамлакат учун бу одатий ҳолдир. Яхшиямки, бирмунча тажриба тўпланган ва 2012-2014 йилларга таққослаганда, янги ниҳоллар сифатида сезиларли ютуқлар мавжуд. Бироқ, кўплаб боғларда ҳамон маҳаллий ишлаб чиқарилган тиркамалардан фойдаланилади, дарахтлар режалаштирилган ҳосилга етганда, баъзан енгил шамол эпкинига ҳам дош беролмайди. Шунингдек, мамлакатда катта ҳажмдаги препаратларни рўйхатдан ўтказиш ва генериклардан фойдаланишдаги қийинчиликлар боис, боғларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоялаш кўнгилдагидек эмас, фермерларнинг хавфсиз муддатлар, дозалар ва улардан фойдаланиш усуллари бўйича билимлари пастлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат бор: кўплаб фермерлар ҳатто қуёшдан куйиш ва дўлдан ҳимоялашда тўрлардан фойдаланиш интенсив олма боғи учун унчалик катта бўлмаган сармоя эканлигини ҳатто англашмайди. Aйтганча, Ўзбекистондаги ушбу сармоялар ҳам Молдова, Украина ёки Европа Иттифоқи мамлакатларига қараганда, ўртача 20-40 фоиз қиммат туради, чунки технологиянинг барча элементлари, жумладан, кўчатлар ҳам четдан олиб келинади.

Интенсив олма боғига энг муҳим яна бир сармоя сабзавот ва меваларни сақлашга йўналтирилади. Чунки мевани сақлаш бизнеснинг узвий қисмидир ва усиз ҳар қандай интенсив боғ бизнес маъносига эга эмас.

Бир тонна олма сақлаш қанча туради? Газ билан бошқариладиган энг замонавий бўлмаган ва қиммат сақлаш тизими бир тонна сақлаш ҳисобига минг доллардан кам эмас. Ўзбекистон шароитида, бу бироз қимматроқ бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, мазкур рақамда қоламиз. Замонавий интенсив олма боғи гектаридан 70-80 ёки яхшироқ боғ 100 тонна маҳсулот бериши керак. Айтайлик, Ўзбекистонда 60 тонна яхши кўрсаткич, шу сабаб, фақат  60 тоннани сақлаш лозим бўлади, дейлик. Бу шундан далолатки, музлатгичлар учун олма боғининг ҳар гектарига тахминан 60 минг доллар харажат қўшилади.

Боғдорчилик ускуналари ва суғоришнинг минимал жамланмаси билан тўр ёпилган боғ (бу Ўзбекистон шароитида шарт ҳисобланади) гектарига 35-45 минг долларга тушишини ҳисобга олсак, гектарига камида 100 минг доллар сармоя киритиш лозим бўлади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас! Олма етиштириш – харажат, етиштирилган маҳсулотни сотиш орқали бу харажатларни қоплаш керак. Саралаш ва қадоқлаш учун ускуналар керак, уларнинг нархи эса боғ ҳажмига қараб 0,5-1,5 миллион AҚШ долларини ташкил этади. Фақат шундагина биз ҳеч бўлмаганда ички бозорда муваффақиятли савдо қилишимиз мумкин бўлган якуний маҳсулотни ишлаб чиқара оламиз.

Маҳсулотни сотиш – маркетингга сармоя киритиш: одамларга, кўргазмаларда иштирок этиш ва ҳоказоларни англатади. Мазкур харажатларни ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди, лекин яна ўша 100 минг доллар рақамига қайтинг. Aйтайлик, қўлимиздаги сармоянинг бори шу. Боғимиз 15 йил яшайди, у энг юқори ҳосилдорликка етганда, гектарига 60 тонна ҳосил берадиган бўлса, 15 йил ичида ҳар гектардан 680-700 тонна олма беради.

Оддий математика – биз харажатларни қоплаш мақсадида ҳар бир килограмм олма учун 15 цент соф фойда олишимиз керак. Aгар пул қийматини ҳисобга олсак ва рентабеллик йилига 20% даражасида бўлса, биз килограмм учун 20 цент даромад олишга эътибор қаратишимиз зарур.

Россияга экспорт қилиш бизга даромад келтирмайди, чунки, транспорт қимматлигини аллақачон тушуниб етганмиз. Эҳтимол, Ўзбекистон олмаларни яна қаергадир сотиши мумкиндир? Навбатдаги янгилик шундаки, ён-атрофда олма импорт қилувчи мамлакатлар йўқ, аммо йирик экспортчилар мавжуд. Булар, аввало, Эрон ва Хитойдир. Олмани узоқроққа олиб бориш янада қимматга тушади. Йирик бўлмаган ҳажмда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга сотиш мумкин, аммо бу мамлакатлар ҳам маҳаллий олма етиштиришга фаол эътибор қаратмоқда.

Тахминий ҳисоб-китобларимга кўра, Ўзбекистон 2020 йилда 1 миллион тоннагача олма йиғиб-териб олади. 35 миллион аҳолиси бор мамлакат учун бу жуда кўп. Ўзбекистон аҳолисининг бундай ҳажмдаги маҳсулотни истеъмол қилиши эҳтимолдан йироқ, чунки ушбу кўрсаткич мамлакатни жон бошига 28 кг билан олма истеъмол қилиш бўйича етакчилар қаторига киритади. Таққослаш учун: AҚШда аҳоли жон бошига тахминан 8 кг, Украина ва Полшада – 14 кг олма истеъмоли тўғри келади. Бу шуни англатадики, бир неча йилдан сўнг, бозордаги олманинг ортиқча миқдори 200-300 минг тоннадан ошади, демак, уни бирор жойга сотиш лозим бўлади. Ўзбек боғбонларига олма сотишнинг уч йўли бор:

  1. Ички бозор
  2. Экспорт
  3. Қайта ишлаш

Охиргисидан гапни бошлайман, чунки, олманинг сезиларли қисми шу тарзда сотилади, сифат параметрлари жиҳатидан катта талаб мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда талабга жавоб бермайдиган олмаларни сотиш деярли иложсиз. Олманинг кислоталилик даражаси пастлиги ва Brix индикатори нисбатан юқори эмаслиги ҳамда талабгир бозорлардан узоқлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда қайта ишлаш учун сотиб олинган олманинг ўртача нархи кг учун 15-17 цент атрофида бўлади.

Ушбу нарх олма йиғиб-териб олиш ва етиштириш харажатларининг бир қисмини қоплашга имкон беради, аммо биз бу ерда фойда ҳақида гапирмаяпмиз. Бу, олма етиштириш харажатларини қоплашга имкон бермайди, дегани.

Ички бозор фақат юқори сифатли олмаларни истеъмол қилади, демак, деҳқонлар саралаш ва қадоқлаш учун ҳам маблағ сарфлашлари керак. Бу қўшимча харажат ва қўшимча пул тикиш демакдир. Бундай олмаларга Ўзбекистондаги супермаркетлар тармоғи қанча тўлайди?

Етиштирувчилар учун деярли муқобил танловнинг йўқлиги ва бозор олма таклифлари билан тўйинганлигини ҳисобга олсак, тармоқлар, эҳтимол, ҳар кг олма учун 0,20-0,30 доллардан кўп тўламайди, сифатли олманинг чакана нархи эса 0.40-0.50 доллар атрофида бўлади.

Россия Федерациясида қадоқланган юқори сифатли олма учун улгуржи сотиб олиш нархи, агар тўғридан-тўғри супермаркетлар тармоғига етказиб берилса, кг учун 0,45-0,50 доллар атрофида бўлиши мумкинлигини ҳисобга олсак, транспорт харажатлари ўртача 0,30 долларни ташкил этса, экспорт барибир фойдасиз бўлади. Aммо бу олмани экспорт қилиб бўлмайди, дегани эмас. Тўғри, аввало ташқи иқтисодий фаолиятни соддалаштириш, давлат монополиясидан воз кечиш ва етказиб берилаётган товарлар учун 100% олдиндан тўлов талабини ҳам бекор қилиш ёки соддалаштириш лозим. Чунки, амалдаги қоидаларга кўра, Ўзбекистон олмаси Россия супермаркетларига фақат воситачи орқали етиб бориши мумкин, демак, ҳар кг олманинг нархи яна 0,1-0,15 долларга пасаяди.

Ушбу ҳисоб-китобларнинг бари шуни кўрсатадики, олма ишлаб чиқариш яқин орада ўзбек боғбонлари учун фойдасиз бизнесга айланиши мумкин. Яхши муқобил вариант – бу музлаткичларда сақланмайдиган экспортбоп ва сифатли эртаги олма етиштиришдир. Янаям яхшироғи, ўзбекистонлик боғбонлар гилос, ўрик, шафтоли, нектарин, анор, киви, ёнғоқ каби сезиларли афзалликка эга маҳсулотларни етиштиришга кўпроқ эътибор беришлари керак. Aммо, бу ерда ҳам навларни танлаш, етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш технологиялари ва айниқса, маҳсулот маркетинги масалалари муҳим роль ўйнайди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин