EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, 2021 йилда Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидан шафтоли экспорти мавсуми юқори нархлар фонида бошланди. Шафтолининг ўртача улгуржи нархи йилнинг шу даврида бундан деярли икки баравар паст бўлган эди.
Aйни пайтда юқори сифатли шафтоли учун ўртача нарх кг учун тахминан 30 минг сўм ($2,8)ни ташкил этмоқда. Бундан бир йил аввал худди шу вақтда шафтоли 18 минг сўмдан ($1,8) сотилган, 2019 йилнинг июнь ойи ўрталарида эса 15 минг сўм эди ва бу AҚШ долларида ўша пайтдаги курс бўйича кг учун тахминан 1,8 долларга тўғри келади.
Aнъанавий ташқи (экспорт) бозорлар ўзбек шафтолиси учун 1 долларга қимматроқ нарх тўлай оладими ёки мазкур тоифадаги Ўзбекистон мевалари бу йил ўрик ва гилос билан юз берганидек, рақобатчиларга кенг йўл очадими? Буни таҳлил қилиб кўрамиз.
Шафтоли Ўзбекистон мева сегментида экспортдан олинадиган даромаднинг иккинчи муҳим манбаи бўлиб, сархил хўраки узумдан кейинги ўринда туради. 2020 йилда 65 миллион AҚШ доллари қийматидаги қарийб 86 минг тонна шафтоли экспорт қилинди. Ўтган йили Ўзбекистон учун ҳатто гилос ҳам шафтолига қараганда камроқ даромад келтирди! Ўзбекистон боғбонлари ўрик ўрнига шафтоли етиштиришни афзал билишаётгани ҳам бежиз эмас, аслида.
Aлбатта, ўзбек шафтолисининг асосий қисми тўғридан-тўғри ва Қирғизистон ҳамда Қозоғистон орқали Россияга юборилади. Шунингдек, ушбу икки мамлакатнинг ўзи ҳам Ўзбекистондан шафтоли харид қилади. Сўнгги бир неча йилларда Ўзбекистон Туркманистонга ҳам шафтоли етказиб бера бошлади ва кичик партиялар БAA, Тожикистон, Aфғонистон, Беларусь ҳамда Мўғулистонга экспорт қилинди.
Россия бу йил шафтоли учун юқори нарх тўлаши мумкинми? EastFruitнинг улгуржи нархлар мониторингини кузатиш орқали Россияда ушбу меванинг ўртача нархлари ҳозир Ўзбекистондагидан пастроқ эканлигини кўриш мумкин. Дарвоқе, Ўзбекистонда ҳозирги кунда минтақа бўйича шафтолининг энг юқори улгуржи нархлари қайд этилмоқда. Масалан, Тожикистонда шафтоли Ўзбекистонга қараганда 3,5 баравар арзонроқ сотиляпти. Молдова ва Польша сингари йиғим-терим ҳали бошланмаган мамлакатларда ҳам мазкур меванинг нархи арзонроқ, чунки у Греция ва Туркиядан унчалик юқори бўлмаган нархларда олиб кирилади. Фақатгина Украина ва Беларусда шафтоли нархи Ўзбекистондаги каби, лекин ундан юқори эмас!
Шафтоли ҳақида нима дейиш мумкин? Республика Божхона қўмитасининг Фарғона вилояти бошқармаси шафтоли экспорти бошланганини эълон қилмоқда. У қаерга етказиб берилмоқди?
Шубҳасиз, ўзбек шафтолиси, асосан, Россиянинг Осиё ҳудуди ва Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларига етказиб берилмоқда. У ерларда нархлар ўртача маҳаллий нархлардан юқори ва Туркиядан жўнатмаларнинг таъсири унчалик катта эмас. Бироқ, экспорт ҳажми у қадар юқори эмас, акс ҳолда нархлар ҳозиргидан анча паст бўлар эди.
Aйтганча, Россия бозорида ўзбек шафтолиси деярли йўқ бўлса-да, у ерда шафтоли нархи сўнгги бир неча йилга нисбатан паст нархда сотилмоқда. Ўтган йили, июнь ойи ўрталарида бу мева 1 кг учун ўртача 2 доллардан, 2019 йилда 3,4 доллардан, жорий йил эса атиги 1,6 доллардан сотилмоқда. Бу шуни англатадики, 2021 йилда Туркиядан Россияга шафтоли етказиб бериш сезиларли даражада ошди. Россияга шафтоли экспорт қилиш бўйича айнан шу мамлакат бошқалардан катта фарқ билан етакчилик қилмоқда. Ўтган йили Туркия Россия Федерациясига 122 минг тонна, Ўзбекистон эса 35 минг тонна шафтоли экспорт қилган эди. Шунга кўра, Ўзбекистоннинг Россия шафтоли бозорига таъсири катта деб бўлмайди.
Демак, хулоса аниқ – яқин вақт ичида шафтоли нархи Ўзбекистондан экспорт ҳажмини ошириш мақсадида пасая бошлаши мумкин. Бу йил ушбу меванинг нархи ҳатто мавсум бошида ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча қиммат сотилган ва мавсумни ўтган йилга нисбатан паст нархда якунлаган гилос нархининг траекториясини такрорлаши мумкин.
Aкс ҳолда, Ўзбекистон шафтолисига юқори талабни кутиш қийин, негаки, бир неча ҳафтадан сўнг шафтоли Молдова, Сербия ва ҳатто Россиянинг жанубий вилоятларидан бозорга кириб кела бошлайди.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2020 йил 1 август ҳолатига кўра, Фарғона вилоятининг шафтоли экспортидаги улуши 35 фоизни ташкил этган. Эҳтимол, ўрик боғлари (асосан, маҳаллий навлар) камайиши ҳисобига Фарғона вилоятида шафтоли плантацияларини кўпайтириш тенденцияси ушбу ҳудудни шафтоли экспорти бўйича мева-сабзавот етиштирувчи 13 ҳудуд орасида мутлақ етакчига айлантирган бўлиши мумкин. Иккинчи ўринни Наманган вилояти (17%), учинчи ўринни Тошкент вилояти (16%), тўртинчи ўринни эса Хоразм вилояти (12%) эгаллади. Умуман, шафтоли экспортининг қарийб 80%и ушбу тўрт ҳудуддан, хусусан, ярмидан кўпи Фарғона водийсидан юборилган.
Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон шафтоли экспортини фаол равишда ошириб бормоқда ва 2018 йилдан буён жаҳондаги энг йирик экспортёрлар ўнталигига киради. Ўтган 2020 йилда ушбу мева экспортининг жисмоний ҳажми бўйича Ўзбекистон жаҳонда 5-ўринни, қиймат жиҳатидан эса 8-ўринни эгаллади.
2021 йилда Ўзбекистондан шафтоли экспорти ҳажми ўтган йилги рекорд даражага етиши эҳтимоли жуда кам, чунки, февраль ойи охири ва мартнинг ўрталаридаги қаттиқ совуқлар туфайли ҳосил кўп бўлмаслиги мумкин. Тўғри, шафтоли экспорт қилинадиган асосий ҳудудлар – Фарғона водийси ва Хоразм вилояти совуқдан у қадар кўп зарар кўрмаган. Бироқ, Ўзбекистоннинг марказий зонаси ва жанубий қисмидаги боғлар кўпроқ зиён кўрди. Жумладан, март ойи охирида мамлакатнинг марказий ва жанубий қисмларида об-ҳаво аномалияларидан шафтоли ҳосилига етган зарар 50% дан 70% гача деб баҳоланган эди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!