Бош саҳифаЯнгиликларФарғона вилоятида ўрик плантациялари ўрнини шафтоли эгалламоқда: нима сабабдан ўрикдан шафтолига “ўтиш” даромадлироқ?
Долзарб Махсус Янгиликлар

Фарғона вилоятида ўрик плантациялари ўрнини шафтоли эгалламоқда: нима сабабдан ўрикдан шафтолига “ўтиш” даромадлироқ?

 EastFruit мутахассислари Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги қатор туманларда бўлиб, маҳаллий фермерлар плантацияларидаги данакли мева дарахтларининг нисбат ўзгаришлари бўйича қизиқ тенденцияни қайд этишди. Сўнгги 5-7 йил ичида ушбу турдаги экинларни етиштиришга анъанавий равишда ихтисослашган ва иқлим шароити бунга мос бўлган туманларда ўрик боғлари (асосан, маҳаллий навлар) майдонларининг шафтоли плантациялари ҳисобига қисқариши кузатилди. Яъни, энди ўрик етиштиришдан кўра шафтоли экиш афзал билинмоқда. Янги боғларда «сархил» бозор учун тренддаги ўрик навлари (“Шалах”, “Венгерский” ва бошқалар)га урғу берилмоқда ва уларнинг сотилиш нархи анъанавий маҳаллий навлардан кўра анча юқори. Шу билан бирга, гилос ҳамон трендда ва гилос боғлари майдонларини кенгайтириш тенденцияси сақланиб қолганини таъкидлаш мумкин.

Йиғим-терим мавсумини узайтириш ва муайян бир маҳсулот учун йилдан-йилга нарх ўзгариши хавфини камайтириш мақсадида маҳаллий фермерлар, кўпинча, бир неча данакли меваларни биргаликда етиштириб, боғ майдонини икки (гилос ва шафтоли) ёки уч қисм (гилос, шафтоли, ўрик ва бошқалар)га бўлишади. Кўп ҳолларда ушбу майдонларнинг тахминий нисбати қуйидагича: агар уч хил мева етиштирилса, унда боғнинг тўртдан бир ёки бешдан бир қисми ўрик учун, қолган қисми гилос ва шафтоли ўртасида тенг тақсимланади. Агар гилос ёки шафтолига кўпроқ афзаллик қаратилса, «60 га 40» нисбатда тақсимланади.

Ўрик майдонлари қисқаришига сабаб нима?

Ушбу диверсификация ва бир неча данакли меваларни биргаликда етиштирилиши нарх ўзгариши хавфини қандай қилиб камайтиради? Макзур саволларга жавоб олиш учун EastFruit мутахассислари боғбон ва фермерлар билан суҳбатлашишди.

Маълум бўлишича, маҳаллий анъанавий навлар етиштириладиган ўрик боғларини қисқартириш ва уларни шафтоли плантациялари билан алмаштиришга асосий сабаб, ушбу ўрик навларини етиштириш кам даромадали ёки фойдасиз бўлиб қолганлигидир. Маҳаллий ва ташқи бозорларда уларнинг нархини арзонлиги туфайли уни сотишдан тушадиган маблағ етиштириш харажатларини оқламайди. Дарвоқе, шу ўринда айтиш жоизки, сархил ўрик ва қуритилган ўрикнинг жаҳон бўйича нархлари пасайиши тенденцияси глобал саналади, биз бу ҳақда «Ўрик ва қуритилган ўрикнинг жаҳон бўйича нархлари доимий равишда пасайиб бормоқда, шу билан бирга, сифатга бўлган талаб ортмоқда«, деб ёзган эдик.

Бироқ, ўрикнинг маҳаллий анъанавий навларини етиштириш норентабеллиги Фарғона водийси учун хосдир. Мазкур ҳудуд Ўзбекистоннинг шимолий қисмида жойлашгани сабабли, бу ерда ўрик йиғим-терими мавсумининг бошланиши мамлакатнинг жанубий қисми (масалан, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари)даги ҳосил йиғиш даврининг энг қизғин даврига тўғри келади. Ва айнан шу даврда мамлакат бозорларида маҳсулот ҳажми етарлича бўлиб, нархлар юқори эмас.

Бундан келиб чиқадики, мамлакат жанубида етиштириладиган ўрик навлари камрентабелли. Сабаби, Фарғона вилоятида жанубий ҳудудларга нисбатан мавсум кечроқ бошланади ва бу ернинг ўриги нарх пасайиб бўлганидан сўнггина бозорга етиб боради. Қолаверса, Ўзбекистоннинг жанубий, марказий ва шимолий қисмлари орасидаги нисбатан қисқа масофа – республиканинг бошқа ҳудудларидан келтирилган ўрикнинг транспорт қиймати у қадар қимматга тушмаслигини таъминлайди.

Ўрик плантациялари майдонларини сақлаб қолишда Италия тажрибаси

Aйтганча, Фарғона водийсига қўшни Тожикистон қуритилган ўрик ишлаб чиқаришга  ихтисослашган. Тожикистонда сархил ўрик ва қуритилган ўрик етиштириш, ҳосилни йиғиш, қуритиш ва сотиш ҳақидаги видеони мана бу ерда томоша қилишингиз мумкин.

Aгар сархил маҳсулотлар бозори учун ўрикнинг анъанавий ўзбек навлари ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳатто мамлакатнинг жанубий ҳудудлари ва марказий қисми учун ҳам эртаги навлар даромадлидир, ҳам ички бозор ҳам экспортга учун.

Бу йил Ўзбекистон ўрик бозоридаги вазият об-ҳаво аномалияси сабабли бироз бошқачароқ. Шунинг учун, агар биз 2020 йилги мисолни кўриб чиқадиган бўлсак, унда ўрикнинг улгуржи нархи икки ҳафта давомида юқори бўлган: май ойи бошидан (кг учун $4) май ойи ўрталаригача (кг учун $2). Сўнг 20 майга келиб нархлар 0,60 долларгача пасайган, айнан Фарғона водийсида ўрик йиғим-терими бошланган пайтда. Июнь ойининг дастлабки кунларига қадар шу нарх сақланиб турди, июнь ойининг ўрталарига келиб, ўрикнинг ўртача улгуржи нархи кг учун 0,30 долларга тушди.

Фарғона водийси фермерларининг ўрик бизнесида яна бир фойдаланилмаган ниша  бўлиши мумкин:

«Италияда сиз йилига 8-9 ой давомида маҳаллий сархил ўрикларни сотиб олишингиз мумкин. Чунки, фермерларнинг барча саъй-ҳаракати мавсумни нафақат ёпиқ муҳитда етиштирилган эртаги навлар, балки нисбатан салқин ҳудуд ва тоғ этакларида етиштириладиган кечки ўрикдан ҳосил олиш орқали мавсумни узайтиришга қаратилган. Ўзбекистонда ўрик мавсуми жуда қисқа ва ушбу меванинг охирги партияси нархи (мавсум якунида), кўпинча, эртаги навлар нархи даражасига кўтарилади. Шу боис, Фарғона водийси боғбонлари ҳозирги кунда маълум ва ҳамёнбоп технологик усуллардан фойдаланган ҳолда кечки навларга эътибор қаратиши, уларнинг ҳосилини иложи борича кечиктиришга интилиши лозим, айниқса жанубий ҳудудларда етиштириладиган ўрик навлари бозорни тарк этганида пишадиган навларга. Бу ўрик бизнесида қўшимча имконият бўлиши мумкин», дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари (ФAО) инвестиция департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Фарғоналик фермерлар нега ўрикдан шафтолига «ўтмоқда»?

Биринчидан, ички бозорда шафтоли нархи ўрикка нисбатан ўртача икки баравар юқори, буни сўнгги бир неча йил ичида улгуржи бозорлардаги маълумотлар тасдиқлаб турибди.

Иккинчидан, мавжуд маҳаллий шафтоли навларининг пишиб етилиш даври йиғим-терим мавсумини июнь ўрталаридан октябргача узайтириш имконини беради. Бошқача айтадиган бўлсак, шафтолининг эртаги, ўрта ва кечки навлари экилган боғ плантацияларини барпо қилсангиз, ҳосилни музлатгичга жойламай туриб, сиз деярли тўрт ой давомида маҳсулотни доимий равишда бозорга етказиб, даромад олишингиз мумкин бўлади. Бу шуни англатмоқдаки, сиз боғдорчиликдек мавсумий бизнес учун жуда муҳим бўлган ишчи кучи, техника ва жиҳозлардан янада самарали фойдаланишингиз мумкин.

Учинчидан, агар биз экстенсив боғларни барпо этиш ҳақида гапирадиган бўлсак, унда  шафтоли дарахти 3 йилдан сўнг, ўрик (маҳаллий навлар) эса 7 йилдан сўнг мева бера бошлайди. Демак, шафтоли боғи анча олдин даромад келтира бошлайди.

Бир боғда ҳам шафтоли, ҳам гилос етиштириш усули нимани беради?

Бундай комбинация, яъни боғнинг умумий майдонини икки қисмга – гилос ва шафтоли плантацияларига бўлиш, фермерга ўз маҳсулотларини деярли 4-5 ой давомида (гилос ва шафтоли навларини пишиб етилиш даврини ҳисобга олиб танлашга қараб, май ойи бошидан то августнинг охиригача ёки сентябрга қадар) музлатгичда сақламай туриб, «сархил» бозорга етказиб бериш имконини беради. Шуни таъкидлаш жоизки, боғдорчилик техникаси, мавсумий ишчи ёллаш ва йиғим-терим мавсумида қўлланиланидан бошқа амалиётлардан самарали фойдаланиш нуқтаи-назаридан бу жуда муҳим.

Маҳаллий иқлим шароитлари ҳисобга олинса, ушбу комбинацияда ҳосилни йиғиш схемаси қуйидагича: май ойининг биринчи ўн кунлигида гилоснинг эртаги навларини йиғиш бошланади ва кейинги – кечроқ пишадиган навлар билан мавсум давом этади. Гилос мавсуми тугагач, 5-10 кунлик танаффус билан июнь ойи ўрталаридан бошлаб, шафтолининг эртаги навларини йиғишга киришилади, бу эса ўз навбатида, сентябрь-октябрь ойларига қадар ўрта ва кечки навларни йиғиш билан давом этади.

Нархлар ўзгарувчанлиги ва об-ҳаво аномалиялари муаммосини бартараф этиш мумкинми?

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани деҳқонлари фикрига кўра, гилос, шафтоли ва ўрик комбинациясининг (боғнинг умумий майдонини уч қисмга бўлиш натижасида) асосий сабаблардан бири – мавсумни узайтириш имкониятидан ташқари, у ёки бу маҳсулот нархларининг йилдан йилга ўзгариши хавфини ҳамда экиннинг муайян бир турида ҳосил йўқотишлар хавфини пасайтиришга уриниш ҳамдир.

Масалан, маълум бир йилда гилоснинг паст нархлари шафтоли ва ўрикда фермер учун мақбул нархлар ҳисобига қопланиши мумкин ёки аксинча. Худди шу тариқа ушбу экинлардан бирида йўқотилган ҳосил (худди бу 2021 йилда ўрик билан содир бўлганидек) ушбу тўпламдаги бошқа экинларда яхши ёки мақбул ҳосил билан қопланади.

Aлбатта, Ўзбекистон фермерлари совуқдан ҳимояловчи технологиялар, масалан, ҳарорат ноль даражага тушганда махсус спринклерлар ёки ҳаво ҳароратини кўтариш имконини берадиган машиналарга эътибор қаратишлари керак. Шунингдек, истиқболли йўналиш – меваларни ёпиқ ҳолда етиштириш нафақат мева ҳосилини ёмон об-ҳаво ва зараркунандалардан ҳимоялашга, балки маҳсулот сифатини сезиларли даражада яхшилаш ва ўсимликларни ҳимояловчи воситалардан фойдаланишни камайтиришга ҳам имкон беради. Биз бу ҳақда «Йирик мевали гилоснинг суперинтенсив боғлари ҳақида А дан Я гача» деб номланган мақолада ёзган эдик.

Ўрик плантацияларини қисқариши – навлар алмашинуви

Ўрик боғлари ёки боғдорчилик плантацияларининг «ўрик» қисмидаги сезиларли қисқаришлар, асосан, маҳаллий ва ташқи бозорда паст нархларда сотиладиган маҳаллий анъанавий навларга дахлдор. Кўп ҳолларда уларнинг ўрнида шафтоли плантациялари яратилган. Шу билан бирга, «Шалах», «Венгрия» ва бошқа замонавий навлар етиштириладиган янги ўрик боғларини ёки боғ плантацияларининг «ўрик» қисмини шакллантириш ҳоллари ҳам мавжуд. Бошқача айтганда, ўрикдан шафтолига «ўтиш»гина эмас, балки анъанавий маҳаллий ўрик навларидан «сархил» бозорда анча қимматроқ нархларда сотиладигин навларга «ўтиш” жараёни ҳам юз бермоқда.

Марказий Осиёда агробизнеснинг муҳим жиҳатлари, глобал технологик тенденциялар, жаҳон ва минтақа мева-сабзавот савдосидаги энг долзарб трендлар, шунингдек, давом этаётган глобал коронавирус пандемияси шароитида Марказий Осиё мамлакатлари ишлаб чиқарувчилари учун ишбилармонлик алоқаларини яратиш усулларига бағишланган «Марказий Осиё мевалари, ёнғоқ ва сабзавотлари» деб номланган онлайн-конференция жорий йилнинг 8 июнь санасида бўлиб ўтади. Конференция дастури билан қуйидаг ҳавола орқали танишиш мумкин.

EastFruit халқаро платформаси БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EBRD) кўмагида ушбу тадбирни ташкиллаштирди.

Онлайн конференция Zoom платформасида бўлиб ўтади. Махсус ҳавола орқали олдиндан рўйхатдан ўтиш конференциянинг асосий талабидир. Рўйхатдан ўтишга Марказий Осиё ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари таклиф қилинади.

Тадбир Тошкент, Душанбе ва Aшхобод вақти билан соат 14.00 да,  Нур-Султон ва Бишкек вақти билан соат 15:00 да бошланади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Грузияда етиштирилган сабзи улуши маҳаллий бозорда Туркия маҳсулотлари импорти ҳисобига 2,5 баробар камайди

EastFruit

Ўзбекистонда хандон писта йиғим-терими якунланмоқда, аммо ҳосилнинг чўғи кам

EastFruit

Ўзбекистонда ёнғоқ нархи 25 фоизга юқори

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин