Бош саҳифаЯнгиликларДомино эффекти: энди Ўзбекистонда ҳам картошка қимматлай бошлади
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Домино эффекти: энди Ўзбекистонда ҳам картошка қимматлай бошлади

EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, Россия ва Беларусь картошка бозоридаги вазиятдан сўнг Ўзбекистонда ҳам ушбу сабзавот нархи кўтарила бошлаган. Сўнгги икки ҳафта ичида 2021 йилги картошка ҳосилининг ўртача улгуржи нархи 17%га ошди, ваҳоланки, шу пайтга қадар нарх август ойи бошидан буён барқарор сақланиб турган эди.

Шу билан бирга, ҳозир Ўзбекистонда картошка нархи охирги уч мавсумнинг энг юқори даражасига чиқди ва ҳозир 3500 сўм/кг (1 кг учун 0,33 доллар) ни ташкил этмоқда. 2020 йили бу вақтда картошка нархи 3000 сўм/кг (0,29 доллар)дан ошмаган, 2019 йили эса 2200 сўм/кг (0,23 доллар) бўлган эди.

Аввалги мавсумларда октябрь ойидаги картошка нархи ўсиши у қадар сезиларли бўлмаган ва йил охирига қадар нархлар даражасида сезиларли ўсиш кузатилмаган. 2021 йилда эса вазият бутунлай бошқача. Зеро, айнан картошка Ўзбекистон мева-сабзавот секторида асосий импорт позицияси ҳисобланади. Бундан ташқари, импорт ўрнини босишга уринишларга қарамай, мамлакатга картошка импорти тез суръатлар билан ўсишда давом этмоқда.

Шунга кўра, Ўзбекистонда, кўпинча, картошка нархи, асосий етказиб берувчи-мамлакатлардаги нархлар даражасига боғлиқ.

Ўзбекистон картошкани қайси мамлакатлардан импорт қилади? Ўтган йилларда Ўзбекистонга ушбу сабзавотнинг асосий етказиб берувчилари Қозоғистон, Россия ва Қирғизистон бўлди. 2020 йилда етказиб беришнинг 76 фоиз улуши Қозоғистонга, 17 фоизи Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келди. Бошқача айтганда, тахминан 93% картошкани Ўзбекистонга фақат икки давлат – Россия ва Қозоғистон етказиб берди. Шу билан бирга, бу мамлакатлардан картошка импортининг чўққиси айнан сентябрь-ноябрь ойларига тўғри келди, яъни, бу давр –  йиғим-терим пайти ва Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистон бозорларида картошка бўйича максимал ҳажмда таклифлар бўладиган даврдир.

Бироқ, 2021 йили Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам нархлар баланд ва тез суръатда ўсиб бормоқда. Бундан ташқари, EastFruit Россия картошка бозоридаги ҳақиқий ажиотаж ҳақида хабар берди. У ерда нархлар сўнгги бир неча йил ичидаги рекорд даражага етди ва бозор иштирокчилари картошка нархи янада ўсишини кутишмоқда.

Ҳозир Ўзбекистонда картошка нархи Россия ва Беларусга қараганда паст. Бундан ташқари, Беларуснинг ўзида ҳам картошка билан боғлиқ ҳолат шунга ўхшаш ва нархлар рекорд даражада юқори. Шунга кўра, бу мамлакатлардан картошка импортини фаоллаштириш учун Ўзбекистон ушбу сабзавотнинг ички улгуржи нархларини сезиларли даражада ошириши ёки муқобил етказиб берувчиларни топиши керак бўлади.

Дарвоқе, шундай етказиб берувчилар бу йил қисман топилди. 2021 йилнинг ўтган 7 ойида Эрон Ўзбекистонга 119 минг тонна картошка, яъни, Ўзбекистон умумий импорти ҳажмининг деярли 39%ини экспорт қилди. Иккинчи ўринни Қозоғистон эгаллади, лекин бу ерда ҳам ҳозир нархлар фаол ўсиб бормоқда ва дефицитни юзага келтирмоқда. Аммо бошқа томондан, Покистон 24% улуш, яъни 76 минг тонна картошка етказиб бериш ҳажми билан учинчи ўринни эгаллади. Қизиғи шундаки, минтақадаги энг арзон картошка ҳозир Тожикистонда – килограмм учун атиги 22 цент ва бу кўрсаткич Ўзбекистонга нисбатан 11 центга арзон. Шундай экан, ҳозир Тожикистон картошкасини сотиб олган маъқул бўлиши мумкин. Шунингдек, картошка Ўзбекистондан икки баравар арзон сотиладиган Польша ва Молдовадан маҳсулот харид қилишга уриниб кўриш мумкин. Бироқ, бу мамлакатлардан картошка импорт қилиш юқори логистика ҳаражатлари ҳисобига қимматроқ тушади.

Қайд этиш жоизки, Покистон ва Эрондан импорт ҳам Ўзбекистонда картошка нархи янада ўсишини тўхтатиб туришга ёрдам бериши даргумон. Ахир, улар Россия бозорига ҳам сабзавотлар етказиб беришда жуда фаол. Бу шуни англатадики, бунда ҳам, агар Ўзбекистондаги нархлар сезиларли даражада кўтарила бошламаса, Россия бозори Ўзбекистон бозорига нисбатан анча жозибалилигича қолади.

Расмий маълумотларга кўра, 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми 1,5 миллион тоннадан ошди, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 фоиз кўпдир. Лекин, биз Ўзбекистон демографияси ва мамлакатда аҳоли жон бошига картошка истеъмоли ўсишини батафсил таҳлил қилиб ўрганганимизда маълум бўлишича, Ўзбекистонга картошка импорти анча вақтга қадар нисбатан юқори бўлиб қолаверади. Ва агар импорт қилинган картошка қимматроқ бўлса, ички бозорда ҳам нарх кўтарилиши эҳтимоли юқори.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистондан рекорд ҳажмда олхўри экспорт қилинди

EastFruit

Ўзбекистонда тадқиқ қилинаётган помидор навлари жазирама иссиққа бардошлилигини кўрсатмоқда (видео)

EastFruit

Ўзбекистонда қудуқларни бурғилаш ва сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатнома олишнинг янги тартиби жорий этилиши режалаштирилмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин