2022 йилда минтақадаги бир қатор давлатлар ҳукуматлари иқтисодиётида асосий «бош оғриғи» карамнинг қимматлиги бўлишини ким ўйлабди, дейсиз?! Бироқ, бу факт – озиқ-овқат инфляцияси ушбу мамлакатлар аҳолисининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ва ундаги «асосий скрипка»лардан бири бўлмиш «борш тўплами» сабзавотлари нархининг тез ўсаётганидир.
Бироқ, EastFruit экспертлари қайд этганидек, минтақанинг бир қатор мамлакатлари раҳбариятининг озиқ-овқат инфляциясига қарши курашиш усуллари иқтисодчиларни ҳайратга солмоқда. Бозор шароитларининг максимал шаффофлиги ҳар доим рақобатни ва товар ҳамда хизматларнинг янада самарали алмашинувини рағбатлантириб, нархлар пасайишига ва уларнинг юксак барқарорлигига олиб келса-да, Қозоғистон, Россия ва Беларусь тескари таъсир кўрсатувчи автаркия услубини танламоқда.
Хўш, «автаркия» ўзи нима? Ажабланарлиси шундаки, бир неча ўн йиллар давомида идеал автаркиянинг энг ёрқин намунаси бўлмиш постсовет ҳудудида бу атама ҳатто иқтисодий адабиётларда ҳам деярли учрамайди.
Автаркия – мамлакат ўзини-ўзи тўлиқ таъминлашга ва савдони максимал даражада чеклашга интиладиган иқтисодий тизим. У қадар салбий тизимга ўхшамайди, шундай эмасми? Масалан, карамни хориждан келтирмасликнинг нимаси ёмон? Аммо, агар карам билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш мумкин бўлса, унда, масалан, денгизга чиқиш имкони бўлмаган Беларусь лосослари ҳақида нима дейиш мумкин? Ёки айтайлик, агар иқлими уларни етиштиришга имкон бермаса, Беларусь гилос ва шафтолини қаердан олади? Афсуски, амалиёт шуни кўрсатганки, автаркия – бу утопиядан бошқа нарса эмас.
40-50 ва ундан ортиқ ёшга кирган, собиқ СССР тузуми даврида ўсиб-улғайган кишиларга бу нималарнидир эслатмаяптими? Сир эмаски, автаркия нимага олиб келишини бу одамларнинг бари ўз кўзи билан кўрган – зарур товарларнинг доимий тақчиллиги, кам ассортимент, қора бозор, аҳолининг даромадлари пасайиб кетиши.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда Россия озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, сабзавотларнинг жаҳондаги кўплаб мамлакатлардан олиб кирилишини таъқиқламоқда. 2022 йилдан бошлаб, Европа Иттифоқи ва жаҳоннинг бир қатор бошқа давлатларидан сабзавот ва мевалар (шунингдек, бошқа маҳсулотлар) импортига эмбарго жорий этган Беларусь РФга жуда тез етиб олмоқда. Бу ҳам камлик қилгандек, яқинда Беларусь сабзавот ҳамда олма экспортига таъқиқ жорий этишга қарор қилди, ҳатто маъмурий равишда бир қатор сабзавот ва мевалар учун максимал чакана нархларни белгилади! Бу маҳсулотларнинг нархини пасайтиришга ёрдам бердими? Албатта, йўқ, бундан ташқари, қўлда назорат қилиш режимига тушиб қолган товарларнинг реал нархлари барқарор ўсишда давом этяпти, давлатнинг саъй-ҳаракатлари эса нархлар ўсишига янги импульс бермоқда.
Бироқ, келинг, сабзавот ва меваларнинг рекорд даражада юқори нархлари кузатилаётган Россияга қайтайлик. Россия чегараларда мева-сабзавот импорти устидан ҳаддан зиёд назоратни кучайтиргани яхши бўлмади. Албатта, агар етакчи ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг аксарияти сенга ўз маҳсулотини етказиб бера олмаса, чегараларда назоратни кучайтириш орқали сабзавот ва мевалар сифатини ошириб бўлмайди. Текширувлар пайтида сабзавот ва мевалар сифати ўсмайди, аксинча, камаяди. Зеро, мева-сабзавот маҳсулотлари чегарада 7-10 ёки ундан кўпроқ кун давомида ножоиз шароитларда ушлаб турилса, табиийки, ушбу маҳсулотлар сифати яхшиланиб, арзонлашиб қолмайди.
Ва янада ажабланарлиси, Россия ҳукуматининг мавжуд бозор муаммоларига қўшимча равишда борш тўплами сабзавотлари бўйича устамаларни 5% гача чеклаш истаги ҳақидаги хабарлардир! Қизиқ, супермаркетларни бундай маҳсулотларни зарар билан сотишга ким мажбурлай олади? Албатта, маъмурий ва норасмий тарзда мажбурлаш мумкиндир, аммо бундай ҳолларда улар бу маҳсулотларни фақат расмий равишда пештахталарнинг кўз илғамас жойида сақлашади. Ачинарлиси, бу ўринда ҳамма зарар кўради: истеъмолчи ҳам, мамлакат бюджети ҳам, фермерлар ҳам, супермаркетлар ҳам.
Қозоғистон ҳам жорий йилда картошка ва сабзи экспортига таъқиқ жорий қилди, бу эса фермерларга катта йўқотишлар олиб келди. Келгуси йили вазият ҳукумат ҳаракатлари туфайли фақат ёмонлашиши мумкинлиги тушунилиб, яқинда таъқиқ бекор қилинди. Зеро, жаҳон бозорларидан яхшигина узоқда жойлашган мамлакат учун тез бузиладиган маҳсулотлар бозорини қўлда бошқариш жуда хавфлидир.
Афсуски, автаркияга интилиш мисоллари ҳатто постсовет маконининг чегараларидан ташқарига ҳам чиқади. Туркия иқтисодиёти энг хавфсиз иқтисодиёт бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бироқ, иқтисодиёт ва фискал сиёсатга маъмурий аралашувнинг янада кучайиши, маълумки, миллий валюта курсининг рекорд даражада қадрсизланиши ва узоқ йилларга татигулик рекорд даражадаги инфляция кўринишидаги ҳалокатли оқибатларга олиб келди. Афсуски, яқинда мамлакат раҳбарияти муаммони бундан ҳам кескинлаштириш йўлида яна бир ишончли қадамни ташлади – Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигига мева-сабзавот ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишни чеклаш ваколати берилди! Ҳозирча бу вариант қўлланмади, аммо ушбу янгиликдан саноатдаги сармоявий муҳит, албатта, яхшиланиб қолмади. Бундан ташқари, фермерларнинг айтишича, сабзавот ва мева етиштириш фойдасиз, чунки, турк лирасининг қадрсизланиши ўсиш харажатлари кескин ошишига олиб келади, мева-сабзавотларни сотишдан тушган даромад эса дарҳол қадрсизланади.
Афсуски, Украинада ҳам 2022 йил бошида 11 турдаги озиқ-овқат бўйича давлат назорати қайта жорий қилинди. Бироқ, сабзавот ва мевалар ҳали бу рўйхатга киритилмаган. Дарвоқе, айнан давлат томонидан назорат қилинадиган маҳсулотлар бундан кейин қимматлашди. Ушбу вақтинчалик ва нотўғри ечим яқин келажакда бекор қилинади, деб умид қилишдан ўзга чора йўқ, чунки, у буткул самарасиз эканлиги ҳозирданоқ аён бўлмоқда. Шу билан бирга, Украина баъзи қўшниларидан фарқли ўлароқ, маҳсулот экспорти ёки импортини чекламаяпти ва ҳатто бундай мақсади борлиги ҳақида айтмаяпти ҳам. Бундан ташқари, яқинда Украина Туркия билан эркин савдо шартномасини имзолади, бу умумий мева-сабзавот бизнесига ижобий таъсир кўрсатади.
Шунга қарамай, мева-сабзавот бозорини ривожлантиришнинг минтақавий тенденциялари, умуман олганда, салбийлигича қолмоқда. Савдодаги кўплаб чекловлар инвесторларнинг давлат ўйин қоидаларини кескин ўзгартириши мумкин бўлган фаолият билан шуғулланишни истамаслигига олиб келади. Улар хавф-хатар камроқ бўлган ҳудудларни излашади, ҳатто дотациялар ҳам уларни фикридан қайтара олмайди. Айтганча, дотациялар ҳаводан олинмайди – бу истеъмолчи ва фермерлардан солиқ шаклида йиғиб олинган пулдир. Демак, бундай мамлакатларда сабзавот ва меваларнинг номинал нархлари, шунингдек, истеъмолчиларнинг улар учун реал харажатлари ҳам ошади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!