Бош саҳифаЯнгиликларРоссияда мева-сабзавотлар нархи ошишига Роспотребнадзор сабабчи экани айтилмоқда
Янгиликлар

Россияда мева-сабзавотлар нархи ошишига Роспотребнадзор сабабчи экани айтилмоқда

Глобал логистика машаққатларига қўшимча равишда Роспотребнадзор назорати кучайтирилиши туфайли мева-сабзавотларни етказиб бериш жараёни кечикяпти. Буларнинг бари харид нархлари ошишига сабаб бўлади ва товарлар сотилмай, омборларда туриб қолиб, яроқсиз ҳолга келади.

Россияда импорт қилинадиган сабзавот ва мевалар тақчиллиги нархлар ошишига олиб келди. Етказиб беришнинг кечикишига Роспотребнадзор назорати кучайиши сабаб, зеро, бу импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари солинган юзлаб контейнерлар портларда тўпланиб қолишига олиб келди.  Апельсин, узум, қалампир, анор каби мева-сабзавот маҳсулотлари шулар жумласидандир, деб ёзмоқда Business FM “Ведомости” ҳамда ритейлерларнинг маълумотларига таяниб.

Санкт-Петербургдаги «Реалъ» Савдо уйи» тармоғининг ҳаммуассиси Александр Мишинский вазиятни қуйидагича изоҳлади:

– Тақчиллик жуда кучли, цитрус мевалар нархи осмонга кўтарилди, айниқса, улгуржи савдода.

– Бу нима билан боғлиқ?

– Бу ўринда ҳаммаси тушунарли. Туркияни ёпишди, бошқа жойларда эса ҳосил ҳали йўқ. Ҳозир энг юқори нархлар мавсуми, йиғим-теримлар якунланган ва янгилари ҳали йўқ, шунингдек, логистика билан боғлиқ муаммолар ўзгаришсиз қолди. Бундан ташқари, бошқа харажатлар ҳам қимматлаган: қадоқлаш, ишчи кучи. Умумий инфляция қаторига маҳсулот тақчиллиги ҳам қўшилди. Мисол учун, биз апельсинга буюртма бердик ва барча етказиб берувчиларимиз орасидан фақат иккитаси килограмм учун 130-140 рублдан ошмайдиган нархни айтди. Ваҳоланки, аввалроқ улар дўкон пештахталарида 80 рубль эди. Муаммо шундаки, биз дўкон пештахталаридаги нархни ошира олмаймиз. Яъни, ҳукуматнинг ижтимоий аҳамиятга молик товарларни минимал устама билан сотиш истаги амалга ошди, аксарият товарлар – сабзавотлар, борш тўплами ёки банан ва цитрус мевалар ҳозир ноль ёки минус устамада сотилмоқда.

Янги йилдан кейин мен Туркияга бордим, у ерда дўкон пештахтасидаги лимон бизнинг пулда 15 рубль, апельсин эса 30 рубль турибди. Табиийки, бизда ўша лимонлар ташиш ноқулайлиги учун 150 рублдан сал пастроқ. Агар таъминот йўлга қўйилса, нарх тушиши керак.

«Ашан» чакана савдо тармоғи матбуот хизмати сабзавот ва меваларни етказиб беришдаги кечикишларни тасдиқлади: «Ҳақиқатан ҳам, хориждан олиб келинаётган сабзавот ва меваларни етказиб беришда қийинчиликлар бор, назорат кучайтирилгани сабабли товарларнинг божхонадан ўтиши жараёни узоқ давом этмоқда. Биз божхона расмийлаштируви жараёнининг тезлиги у ёки бу мамлакатдан етказиб беришнинг барқарорлиги ҳамда сифатига боғлиқ эканини тушунамиз ва бу ҳолат вақтинчалик деб умид қиламиз. Кечикиш ўртача етти кунни ташкил қилмоқда, лекин, баъзи ҳолларда икки ҳафтадан ошиб кетиши, бу эса товарлар сифатига таъсир қилиши мумкин. Шу муносабат билан, биз бир қатор товарларни сотиб олиш нархлари ошганини кўрмоқдамиз, аммо, мижозларга мақбул нархларни таъминлаш учун етказиб берувчилар билан ушбу масалалар борасида иш олиб боряпмиз. Бугунги кунда дўконларимиз ассортиментида сабзавот ва мевалар тўлиқ тақдим этилган».

Шунингдек ўқинг: Беларусь изидан Россияда ҳам сабзавотларнинг чакана нархлари бўйича устамалар чекланиши кутилмоқда

Роспотребнадзорнинг нашрга берган изоҳига кўра, ушбу давлат муассаси хавфли маҳсулотлар, жумладан, таркибида «декларация қилинмаган кимёвий моддалар» бор товарлар айланмасини назорат қилади. Туркия, Эрон, Миср, Жанубий Африка, Вьетнам ва бошқа мамлакатлардан етказиб бериш устидан ўрнатилган назорат ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб кучайтирилди. Шу сабабли, лимон, мандарин, қалампир, узум, анор, ялпиз, олма, грейпфурт, апельсин ва нок етиштирувчи 88 фермернинг маҳсулот импорти тўхтатилди. Ўтган йил охирида Туркия ва Эрондан қалампир, узум, анор, 2022 йилнинг январидан бошлаб эса Туркиядан апельсин ва грейпфрут  импорти ҳам тўхтатилди. Идора таъқиқланган маҳсулотлар бошқа давлатлар орқали йўналтирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Маҳсулотлар сифати текширилар экан, дўконлар омборлардаги нархлар юқорилиги сабабли кўплаб маҳсулотларни сотиб олишдан бош тортмоқда.  «Фруктовиков» компаниясининг савдо бўлими бошлиғи Руслан шундай дейди:

– Импорт қилинган сабзавот ва меваларни етказиб бериш муаммоси – ҳақиқатан ҳам шундай муаммо мавжудми?

– Ҳа, мавжуд.

– Бунга сабаб нима?

– Юқори харид нархи билан уни сотиб олиш осон эмас.

– Улар энди омборда ётадими?

– Ҳа.

– Нарх юқори бўлгани учун тармоқлар уларни сотиб олмаяптими?

– Ҳа, кўпчилик шу сабабли сотиб олмаяпти. Нарх ёрлиқлари шундайки, у фойдасиз бўлиб бормоқда. Ҳатто карам ҳам килограмми 80 рублдан сотилмоқда.

— Эртаги карам эмас, оддий карам, шундайми?

– Ҳа.

– Демак, улар тураверади ва  сифати бузилади?

– Эҳтимол, шундайдир, уларга талаб йўқ, чунки, маҳсулот бундай нарх ёрлиқлари билан на дўконлар, на кафе ва ресторанлар – ҳеч ерда сотиб олинмайди, бундай нархда сотиш фойда келтирмайди. Ҳозирча, афтидан, улар ўрнига бошқа маҳсулотлар қўлланмоқда.

– Сизда-чи, қандай ҳолат?  Ёки импорт билан шуғулланмаяпсизми?

– Биз ҳамма позицияларни ҳам олмаймиз. Савдоси юришмайдиган товарларни харид қилмаймиз, карамни, масалан. Ҳозир ҳатто Щи ва Борш пиширадиган ошхоналар,  эҳтиёжни жуда ҳам камайтириб, унинг ўрнини бошқа таом билан алмаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳеч ким олмаяпти, биз ҳам олмаймиз. Ҳозир савдоси юришаётган маҳсулот (эҳтимол, ягона маҳсулот) – мандарин, у адекват нархда.

Логистика билан боғлиқ жиддий муаммолар ҳозир бутун жаҳонда кузатилмоқда.  Портлардаги карантинлар, ишчилар, хусусан, маҳсулот ташувчи юк машиналарининг ҳайдовчилари билан боғлиқ қийинчиликлар ва бу глобал муаммоларга Россиядаги охири йўқ назорат процедуралари ҳам қўшилган.

Бундан бир неча ой аввал уларга Роспотребнадзор назорати ҳам қўшилди, бу табиий равишда ушбу маҳсулотни Россияга олиб кириш билан боғлиқ жараёнларни узайтирди. «Товар эса тез бузилувчан», дейди Fruitnews ахборот агентлиги бош директори Ирина Козий:

«Бундай туриб қолишлар  маҳсулотларнинг бузилиши дегани. Ачинарлиси шундаки, кўплаб сифатли мева етиштирувчилар Россия бозори билан ишлашдан бош тортади. Биз ҳозир аниқ-тиниқ кўраётган ҳолат, масалан, марокашликларнинг Россия мева-сабзавот бозоридан аста-секин чиқиб кетишидир. Хусусан, ишлаб чиқарувчи корхоналар, экспортёр-етказиб берувчиларнинг ўзлари айтишмоқдаки, уларда маҳсулот етказиб бергач, бунинг учун тўлов олишга, партиялар қайтарилмаслиги ёки йўқ қилинмаслигига умуман ишонч йўқ. Ва табиийки, биз мазали помидорлар ва мандаринларни бой берамиз. Ҳозир текширувга яна бири қўшилди ва жараён янада мураккаблашди»

Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига етказиб беришдаги узилишлар ҳақида ҳеч қандай маълумот келмади, дейилмоқда. Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, мандарин ва клементин импорти ўтган йили 25 фоизга қисқарган. Ушбу меваларнинг тахминан ярми Туркиядан, қолганлари Марокаш ва Покистондан келтирилди.  Апельсин импорти 7 фоизга камайди. Унинг асосий етказиб берувчиси Миср бўлиб, ушбу мамлакат апельсин импортининг  60 фоиздан ортиқ ҳажмини етказиб бермоқда.

Грейпфрут импорти деярли 33 фоизга камайди.  Унинг 60 фоиздан ортиғи Туркиядан келтирилади.  Туркия булғор қалампирини етказиб бериш бўйича учинчи, помидор бўйича иккинчи ўринда туради.  Миср ўтган йили картошка импорти борасида етакчи (жами импорт ҳажмининг тахминан 50 фоизи билан) бўлди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Хитой Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида логистика марказларини ташкил этади

EastFruit

Музлатилган резавор ва мевалар бозори 2023/24 йилги мавсумга тайёрми?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин