Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг бир қатор мамлакатларидаги бозор иштирокчилари улгуржи савдода 1 кг пиёз нархи 1 долларга етиши ҳақида очиқ гапиришмоқда. Ва бу шуни англатадики, чакана нархлар тез орада ақл бовар қилмас 1,5-2,0 долларга етиши мумкин!
Бу сценарийнинг эҳтимоли қай даражада юқори, ҳозирги ҳолатнинг ўзига хослиги нимада ва бундай нохуш прогнозларга қандай асос бор?
EastFruit таҳлилчилари Эрон, Покистон, Ўзбекистон, Нидерландия, Польша, Тожикистон, Украина, Грузия, Молдова, Қозоғистон ва Туркия пиёз бозоридаги вазиятга оид маълумотларни таҳлил қилиб, ушбу материалда дастлабки хулосаларни тақдим этишди.
Пиёз бозори муаммолари қачон бошланди?
2022 йил сентябрь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб, EastFruit лойиҳасига дахлдор мамлакатлар бозорларида пиёзнинг халқаро савдоси ҳажми кескин ошди. Талаб фаоллашишининг асосий омили 2018/19 йилги мавсумнинг такрорланиши кутилганидир, 2018 йил ёзида Европа Иттифоқи мамлакатларидаги қурғоқчилик ва кам ҳосил туфайли ҳатто Марказий Осиё давлатлари ҳам Польша, Руминия, Германия, Нидерландия ва минтақадаги бошқа мамлакатларга пиёзни автотранспорт орқали экспорт қилган. Ўша пайтда бозорда пиёзнинг умумий тақчиллиги мавжуд эди ва айниқса, қайта ишлаш эҳтиёжлари учун ишлатиладиган йирик калибрли (60 мм дан зиёд) пиёзнинг кескин дефицити юзага келган. 2022 йили Европа Иттифоқи мамлакатларида, биринчи навбатда, пиёзнинг жаҳондаги асосий экспортёри саналмиш Нидерландияда ҳам қурғоқчилик кузатилгани сабабли ёздаёқ маҳсулот нархи кўтарила бошлаган. Бироқ, кўплаб европалик трейдерлар яна бир муҳим омилни — Украина жанубида (ушбу мамлакатда пиёзни тижорат мақсадларида етиштиришнинг қарийб 80 фоизи мазкур ҳудуд улушига тўғри келади) давом этаётган урушни ҳисобга олишмади. Зеро, Украина ҳар йили 20 минг тоннага яқин сархил пиёз экспорт қилар ва баъзи мавсумларда ушбу мамлакатдан пиёз экспорти ҳатто 50 минг тоннадан ошган. Бироқ, Россиянинг Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатлари сабаб, мамлакатнинг жанубий вилоятларида пиёз етиштириш кескин камайди ва фермерлар у ерда етиштиришга муваффақ бўлган пиёзни ҳам Украинанинг бошқа минтақаларига ва айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатларига етказиб беришнинг иложи бўлмади. Шу сабабли, Украина, ҳеч кутилмаганда, пиёзнинг асосий импортёрига айланди ва ушбу маҳсулотни Польша, Руминия, Молдова, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркиядан сотиб олди. Бу ҳам бутун минтақада пиёз нархи ўсишига туртки бўлди. Айтганча, илгари Украина 2022 йилда пиёз сотиб олишга мажбур бўлган баъзи мамлакатларга ушбу маҳсулотни мунтазам экспорт қилган. Шу маънода нархлар бу қадар баландлагани ажабланарли эмас.
2022 йилнинг июнь ойи ўрталарида Покистонда сув тошқинлари содир бўлди ва шу туфайли бошқа экинлар қатори пиёз ҳосилининг ҳам катта қисми бой берилди. Натижада, жаҳондаги энг йирик пиёз экспортёрларидан бири бўлмиш Покистон пиёз импортёрига айланди. Эрон, Ўзбекистон, Туркия ва ҳатто Афғонистон ҳам ўз маҳсулотларини Покистонга етказиб бера бошлади. Сув тошқинидан сўнг 2022 йилнинг ноябрь ойи охиригача Ўзбекистон Покистонга 26 минг тоннага яқин пиёз экспорт қилди.
Барча ҳудудларда нархлар ўсишда давом этганига сабаблар етарли бўлди, зеро, уларнинг деярли ҳар бирида ўзига яраша муаммолар юзага келди.
Аномал совуқ — нархларнинг шиддат билан ўсишига яна бир сабаб
Охирги кунларда Марказий Осиёдаги аномал совуқнинг пиёз бозоридаги вазиятга таъсири ҳақида ёздик. Маълум бўлишича, Россиядан Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга кириб келган аномал совуқлар минтақадаги пиёз заҳираларига жиддий зарар етказган. Натижада, Қозоғистон ички бозорда маҳсулот тақчиллиги юзага келишидан хавотирланиб, пиёз экспортини бутунлай таъқиқлашга қарор қилди. Айни пайтда Ўзбекистон пиёзнинг нетто-экспортёридан нетто-импортёрига айланди ва трейдерлар минтақа мамлакатларида катта ҳажмда маҳсулот харид қилиш имкониятларини фаол равишда излашмоқда.
Бироқ, ҳаммаси у қадар оддий эмас, чунки, Марказий Осиё пиёзнинг асосий экспортёр мамлакатлардан узоқда жойлашган ва шу боис пиёзнинг транспортировкаси қимматга тушади. Шунингдек, ушбу минтақа мамлакатларининг жанубий ҳудудларидаги эртаги пиёзнинг янги ҳосили ҳажми ва унинг тақдири ҳам аниқ эмас, чунки совуқ унга ҳам зарар етказиши мумкин.
Нарх рекордларими ёки аввалги вазият такрорланадими? Польша, Украина, Ўзбекистон ва Тожикистон учун прогноз
Айни пайтда на Европа ва на Марказий Осиё мамлакатларида пиёзнинг улгуржи нархи рекорд даражадан ошмади. Бироқ, улар йилнинг ушбу даври учун рекорд нархлардир, демак, мутлақ рекордлар янгиланиши мумкин.
Бозор иштирокчиларининг аксарияти Марказий Осиёда нархлар яқин келажакда мутлақ рекорд даражадан ошиб кетишига, Европада эса баҳорга бориб ушбу натижаларга етиб олиниши ва ундан ошишга шубҳа қилишмаяпти.
Бу минтақаларда пиёз нархи аввал қандай бўлган ва қачон энг юқори кўрсаткичга етган?
Юқоридаги графикда кўриб турганингиздек, Тожикистон ва Ўзбекистонда пиёзнинг улгуржи нархи 2022 йил ёзида рекорд даражага яқинлашган. Шу билан бирга, йилнинг ушбу даври учун нархлар рекорд даража ҳисобланади.
Ўзбекистонда ўтган ҳафта охирига келиб, пиёзнинг улгуржи нархлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 баробар, Тожикистонда эса 3,1 баробар қимматлашди! Шу ҳафтада ҳар икки мамлакатда пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 60 АҚШ центига яқинлашиши мумкин, бу мутлақ рекорд бўлади. Одатда, бу вақтда Ўзбекистон ва Тожикистонда улгуржи савдода пиёз нархи 1 кг учун 12 дан 20 АҚШ центигача нархда бўлар эди.
Дарвоқе, Тожикистон жорий мавсумда пиёз экспортини таъқиқлаган (ўтган йилнинг август ойида). Шу сабабли, янги таъқиқ жорий этилишини истисно этиб бўлмайди, аслида, бунинг кераги ҳам йўқ, зеро, ички нархлар шундоқ ушбу маҳсулот экспорти учун қимматлик қилади. Аммо, қўшни Афғонистонда нархлар бундан ҳам юқори, шу боис, турли сценарийлар кузатилиши мумкин.
Пиёз нархлари бир-бирига яқин бўлган Украина ва Польшада бу мавсум нархлари ўхшаш тенденцияларга эга эди, аммо ҳозир сезиларли даражада фарқ қилмоқда, чунки, Украина Польшадан пиёз импорт қила бошлади, ваҳоланки, илгари у мазкур мамлакатга пиёз етказиб берар эди.
Юқоридаги графикдан кўриниб турибдики, Польшадаги нархлар ҳали ҳам 2019 йил баҳоридаги рекордлардан йироқ, Украинада эса кўрсаткичлар шунга яқинлашмоқда. Нархлар АҚШ долларида эканлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Агар маҳаллий валютадаги нархлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Украинада улгуржи нарх 2019 йилнинг май ойи бошидаги рекорд даражадан ошиб кетди.
Қозоғистондан пиёз экспорти таъқиқланиши Украинада пиёз нархи ўсишининг тезлашишига олиб келиши мумкин, чунки бу мамлакатдан ҳам Украинага маҳсулот етказиб берилган. Шунингдек, бутун минтақадаги пиёз билан боғлиқ кескин вазият, қолаверса, янги ҳосилни ҳали беш ой кутиш кераклиги ҳисобга олинса, Украинада пиёз нархи янада ошишини прогноз қилиш мумкин.
Худди шундай, Польшада ҳам, баҳорда пиёз нархи 2019 йилги рекордлардан ошиб кетиши аниқ, ўшанда пиёз 1 кг учун 90 АҚШ центига етган эди.
Рамазон ойи — мусулмон мамлакатларида пиёз бозори учун муҳим омил ҳисобланади
2023 йилнинг 23 мартидан 22 апрелига қадар бутун дунё мусулмонлари Рамазон ойи рўзасини тутишади. Бу даврда, одатда, турли маҳсулотлар, жумладан, пиёз хариди ҳажми ҳам ортади. Марказий Осиё мамлакатларида Рамазон ойида палов кўп истеъмол қилинади. Ва бунинг учун харажатлар тежалмайди, палов учун фақат юқори сифатли маҳсулотлар харид қилинади.
Бу вақтда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг жанубий вилоятларида эртаги пиёз пайдо бўлса-да, яхши палов учун ўтган йилги пиёз керак бўлади. Дарвоқе, сабзи ҳам шундай бўлиши лозим. Шу боис, март ойининг биринчи ярмида ушбу омил туфайли минтақада пиёзга (яъни, ўтган йилги пиёз ҳосилига) талаб кескин ошиши кутилади. Апрель ойининг иккинчи ярмида Марказий Осиёда пиёз нархи максимал қийматга етиши эҳтимоли ҳам бор.
Туркия — нархлар жуда юқори
Туркия бозорида пиёзга нисбатан юқори талаб нархларга тез таъсир қилди ва мавсум бошида ушбу сабзавотнинг улгуржи нархи даладан сотилганда 30 АҚШ центига кўтарилди. Айни пайтда улгуржи нарх аллақачон 1 кг учун 60 АҚШ центига яқинлашмоқда. Ушбу маҳсулотга бўлган кучли талаб йирик ҳажмдаги ички бозор ва Ироққа пиёз экспорти билан изоҳланади. 2023 йилги янги ҳосил апрель ойининг иккинчи ярмида ички бозорга чиқади, шунинг учун яқин орада Туркия бозорида пиёзнинг улгуржи нархларини пасайишига умид қилмаса ҳам бўлади.
Эрон — пиёзнинг янги ҳосили
Айни дамда Эронда пиёзнинг улгуржи нархи мамлакат ҳудудига қараб 1 кг учун 40 дан 50 АҚШ центигача шаклланган. Бундай нарх Эрон учун ҳам аномал даражада юқори, мазкур даврда пиёз нархи, одатда, сезиларли даражада паст бўлар эди.
Покистон ва Ироқ Эрон пиёзининг асосий харидорилигича қолмоқда. Қозоғистон пиёзи экспорти таъқиқлангани сабабли Россияда улгуржи нархлар кескин ошган тақдирда, яқин ҳафталарда бозорга чиқа бошлайдиган янги ҳосил пиёзи экспорти ҳам ошиши мумкин. Шу билан бирга, транспорт харажатлари ҳисобга олинса, Эрондан пиёз етказиб бериш Марказий Осиёда ушбу маҳсулотнинг улгуржи нархлари ўсишини тўхтатишга ёрдам бериши даргумон.
Афғонистон
Бу давлат Тожикистон ва Покистон билан чегарадош бўлиб, Ўзбекистон ва Тожикистондаги пиёз нархига ҳам таъсир кўрсатади. Покистондаги сув тошқинлари Афғонистонга ҳам таъсир қилди — ҳосилнинг бир қисми бой берилди. Бироқ Афғонистон маҳаллий пиёз ҳосили йиғим-терими бошлангач Покистонга пиёз экспорт қилган, чунки у ерда нархлар қимматроқ эди.
Айни пайтда Қобулда пиёзнинг чакана нархи 1 кг учун 4 доллардан ошиб кетган ва Толибон ҳукумати юқори нарх муаммосини Ўзбекистондан пиёз олиб келиш орқали ҳал қилишга ваъда бермоқда. Ўзбекистондаги нархларнинг ҳозирги даражасида бу реал вазият, аммо, кўриб турганимиздек, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам янги мавсум олдидан пиёз захираси етишмаслиги эҳтимоли юқори.
Озарбайжон
Кузда Украинага пиёз экспортини бошлаган улгуржи компаниялар нархларни дарҳол бир килограмм учун 15 дан 30 АҚШ центига оширди. Янги йилга яқинроқ бу ерда пиёзнинг улгуржи нархи 40 центгача кўтарилган ва бунга сабаблардан бири Озарбайжондан пиёз импорт қилувчи Грузиядан талаб ортиши бўлган.
Қозоғистондан пиёзи экспорти таъқиқланганидан сўнг биринчи навбатда, ушбу мамлкатдан ҳар йили 30 минг тоннага яқин пиёз импорт қиладиган Грузиядан Озарбайжон пиёзига талаб кескин ошади, бу эса улгуржи нархлар кўтарилишига олиб келади. Марказий Осиё давлатларидан ҳам талаб ўсишини ҳам ҳеч иккиланмай прогноз қилиш мумкин.
Шуни қайд этиш жоизки, Озарбайжондаги пиёз нархи Эрондаги пиёз нархига яқин.
Грузия
2023 йил бошида пиёзнинг улгуржи нархи 60 центгача кўтарилди ва бундан кейинги ўсиш Туркия, Эрон ёки Мисрдан янги ҳосил пиёзи чиқиши кутиладиган май ойига қадар давом этиши мумкин.
Шунга қарамай, ҳозирнинг ўзидаёқ, Грузияда пиёзнинг улгуржи нархи ўтган йилга нисбатан икки баробар юқори ва бу январь ойи учун рекорддир. Грузиядаги пиёз нархи бўйича мутлақ рекордни 2019 йил деб ҳисоблаш мумкин, ўшанда апрель ойи охирида улгуржи нархлар 1 кг учун 70 АҚШ центидан ошган. Бу йил, ҳозирги нарх даражаси ҳисобга олинса, пиёз нархи бу кўрсаткичдан осонгина ошади.
Молдова
Молдовада пиёз нархи мунтазам ўсиб бормоқда, аммо минтақанинг бошқа кўплаб мамлакатларига нисбатан пастроқ. Шундай бўлса-да, 1 кг учун 50 АҚШ центига яқин нархлар мазкур мамлакат учун сўнгги йилларда ва айниқса, ҳозирги давр учун рекорд даражада юқори кўрсаткичдир. Бир йил аввал нархлар деярли икки баробар паст эди.
Пиёз нархининг рекорд даражасига қарамай, Молдова учун унинг ўсиши истиқболлари жуда аниқ, чунки пиёзнинг мамлакатдаги захиралари Украина ҳамда Руминияга фаол экспорт (2022 йил кузи ва декабрь ойларидаги) фонида ўтган йилга нисбатан камроқ.
Нидерландия
Глобал пиёз бозори учун бу мамлакат муҳим экспортёр ҳисобланади, аммо 2022 йилги қурғоқчилик ушбу мамлакатда пиёз ҳосили ҳажмини камайишига олиб келди. Юқорида айтиб ўтилган бошқа муаммолар фонида 2023 йил бошидан Нидерландияда пиёзнинг улгуржи нархи 1 кг учун 55 АҚШ центига кўтарилди.
Ушбу нарх даражаси Миср, Туркия, Испания ва Жанубий Африка экспортёрлари — сотув 2019 йилги ҳажмдан ошишини кутаётганлар учун ижобий нарх истиқболларини яратади. Ўшанда Европа Иттифоқи бозорида улар Хитой ва Марказий Осиё пиёзи билан рақобатлашган эди. 2023 йилда эса Европа Иттифоқи бозорида Хитой пиёзи йўқ ва бўлиши кутилмаяпти, Марказий Осиёнинг ўзи ҳам ушбу маҳсулотни импорт қилиши керак.
Бу мавсумда Хитой пиёзни, асосан, Осиё мамлакатларига экспорт қилмоқда, чунки логистика таннархи ҳали Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулот етказиб беришга имкон бермайди ва Хитой маҳсулоти сифат жиҳатидан ҳар доим ҳам Европа Иттифоқи давлатларининг минимал талабларига жавоб бера олмайди. Бироқ, агар нархлар бундай тезликда ўсишда давом этса, вазият ўзгариши ҳам мумкин.
Хулоса шуки…
Пиёз бозоридаги глобал вазият кескин тус олмоқда. Ўзингиз ўйлаб кўринг — Филиппинда пиёзнинг чакана нархи 1 кг учун 12 долларга етди! Яъни, бу ерда пиёз гўштдан ҳам қимматроқ ва ҳатто самолёт учувчилари ҳам пиёзни мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кираётгани ҳақидаги хабарлар матбуотда тарқалмоқда! Муаммо шундаки, пиёз импорти давлат томонидан тартибга солинади, аммо жаҳоннинг бошқа мамлакатларида, кўриб турганимиздек, пиёз нархи маҳаллий рекорд даражаларга яқин ёки аллақачон ундан ошиб кетган.
Айни пайтда пиёз бозорида пайдо бўлган бўшлиқни қандай тўлдириш мумкинлиги эса аниқ эмас. Зеро, таомлар рецептида бошқа маҳсулотлар пиёз ўрнини боса олмайди. 2023 йилнинг март-апрель ойларида йиғиб олинадиган пиёз ҳосили Мисрда яхши бўлишига умид қилиш мумкин. Бироқ, кўриниб турибдики, Мисрдан пиёз сотиб олиш учун Яқин Шарқ мамлакатларидан ҳам, Европа ва Осиёдан ҳам импортёрлар аллақачон навбатда туришибди.
Шу маънода, бизнинг фикримизча, Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказда келгуси ойларда пиёз нархи янада ўсиши эҳтимоли юқори. Ва бу мавсумда янги нарх рекордларини гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!