Бош саҳифаМева-сабзавот бозориЧакана савдо тармоқлари аудити2022 йилнинг июль ойидаги ритейл аудит натижалари: Тошкент супермаркетлари орасида янги лидер – Маgnum тармоғи
ДолзарбМахсусЧакана савдо тармоқлари аудитиЯнгиликлар

2022 йилнинг июль ойидаги ритейл аудит натижалари: Тошкент супермаркетлари орасида янги лидер – Маgnum тармоғи

Беш мамлакатнинг етти шаҳри — Киев ва Днипро (Украина), Кишинёв (Молдова), Тбилиси (Грузия), Тошкент (Ўзбекистон), Душанбе ҳамда Хўжанд (Тожикистон) супермаркетлари тармоғидаги мева-сабзавот бўлимларининг ҳар чоракдаги анъанавий аудити 2022 йилнинг 5-7 июль кунлари EastFruit лойиҳаси жамоаси томонидан ўтказилди. Мониторинг қоидалари ва тафсилотлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Жамоа Тошкент шаҳридаги 12 та супермаркетлар тармоғининг 32 та дўконида бўлди – Маkro ва Маkro Express 24/7, Коrzinka ва Smart, Havas, Green Apple, Аndalus, Cаrrefour, Baraka Market, Asia.uz, Маgnum ва Bi1.

Smart супермаркетлар тармоғи ҳар чоракдаги чакана савдо аудитига илк бор киритилди. Ушбу тармоқ Коrzinkaнинг «уй яқинида» форматидаги тармоғидир. Smart 2011 йилда ишга туширилган бўлса-да, у ҳали кенг кўламда ривожланмаган. Ҳозирги кунда тармоқнинг жами 5 та дўкони мавжуд бўлиб, уларнинг охиргиси жорий йил апрель ойида очилган.

2021 йилнинг июль ойида биз 9 та супермаркетлар тармоғини кўриб чиққан эдик – Маkro ва Маkro Express, Коrzinka, Havas, Green Apple, Аndalus, Cаrrefour, Baraka Маrket ва Asia.uz.  Ўтган бир йил давомида аудитимиз янги киритилган супермаркетлар тармоғи сони бўйича кенгайди – Smart, Маgnum ва Bi1 қўшилди.

Шундай қилиб, супермаркетлар тармоғини батафсил баҳолашга ўтамиз.

Маҳсулотлар ассортименти

Коrzinka тармоғи мева-сабзавот бўлимларидаги маҳсулот ассортименти бўйича ўз етакчилигини сақлаб қолди.  2021 йилнинг июль ойидан буён ундаги ассортимент 11,5% га ошган.

Маҳсулотлар ассортименти бўйича рейтингдан иккинчи ўринни Маgnum эгаллади. Мева-сабзавот бўлимининг майдонлари ҳисобга олинса, ушбу тармоқдаги ассортимент анча юқори бўлиши мумкин эди.

Маkro Express ва Baraka Market тармоқлари позициялар сони бўйича аутсайдер бўлди. Маkro Expressда 2021 йилнинг июлига нисбатан бир қатор маҳсулотлар ассортименти 10,6% га қисқарган. Масалан, мониторингга киритилган тармоқ дўконларининг бирортасида кўкатларни топа олмадик. Baraka Market, аксинча, ўз ассортиментини 8,5% га оширди, аммо бу ҳали ҳам етарли эмас ва тармоқ ассортимент бўйича охирги ўринни эгаллади.

Havas тармоғи ўтган йилнинг июль ойидан буён мева-сабзавот маҳсулотлари ассортиментини 13,8 фоизга кўпайтирди. Cаrrefour тармоғининг маҳсулотлар ассортиментида жуда катта пасайиш кузатилди. Ушбу тармоқдаги мева-сабзавот бўлими пештахталаридаги маҳсулотлар асортименти 23,7% га қисқарган!

Маҳсулотлар сифати

Тошкент шаҳридаги мева-сабзавот бўлимларида маҳсулотлар сифати юқори даражадалигича қолмоқда. 2022 йилнинг июль ойида нуқсонли маҳсулотлар улуши тармоқлар ассортиментида 3,6% дан ошмаган (Havas), 4 тармоқ – Маgnum, Smart, Маkro ва Green Appleда нуқсонли маҳсулотлар улуши нолга тенг бўлди. Мониторинг пайтида нуқсонли маҳсулотлар орасида биз, кўпинча, қуйидаги маҳсулотларга дуч келдик: олма, помидор, кўкатлар, гилос.

2022 йилнинг март ойида ўтказилган аудит давомида Asia.uz тармоғида қайд этилган ностандарт ёндашувни (яъни, барча нуқсонли товарлар алоҳида позицияда арзонлаштирилган нархда йиғилиб сотилиши) кузатиш мумкин. Аммо шуни қайд этиш жоизки, ушбу позиция ҳажми сезиларли даражада камайган, бу ёзда мевалар нархи пасайиб бораётгани ва истеъмолчиларнинг уларга нисбатан талаби ортаётганидан далолатдир. Хуллас, дўкон пештахталарида маҳсулотлар камроқ бузилмоқда.

2022 йил, март: Asia.uz

2022 йил, июль: Asia.uz

Бўлим сифати

Сархил сабзавот ва мевалар бўлимининг сифат мезонига кўра, “Маgnum” тармоғи “Информативлик” ва “Мерчандайзинг” кичик тоифаларида энг юқори балл тўплаб, етакчи бўлди.  Ҳозирги пайтда тармоқ Тошкент шаҳрида фақат иккита дўкон билан намоён бўлмоқда, бу эса мева-сабзавот бўлими сифатини таъминлаш вазифасини соддалаштиради.

Magnum

Asia.uz тармоғи “Мерчандайзинг” ва “Комфорт” кичик категориялари бўйича юқори балл тўплади ва бўлим сифати бўйича рейтингнинг иккинчи қаторидан жой олди.

Рейтинг аутсайдери энг паст “Информативлик” билан Маkro Express тармоғи бўлди. Тармоқда товарлар учун нарх белгилари етишмаслиги, шунингдек, мева-сабзавот бўлимининг бироз ичкарироқда жойлашуви ҳам ҳисобга олинди.

Информативлик Тошкент супермаркетларининг “энг заиф” нуқтасилигича қолмоқда. Агар «Комфорт» тоифасида тармоқлар томонидан олинган энг юқори балл максимал 10 баллдан 8,25 балл (ўртача  10 баллдан 6,7 балл)ни, «Мерчандайзинг» тоифасида энг юқори балл 10 баллдан 8 баллни (ўртача 10 баллдан 5,9 балл) ташкил этган бўлса, «Информативлик» тоифасида яққол оқсаш кузатиляпти — энг юқори балл 10 баллдан атиги 6 балл (ўртача 10 баллдан 4,8)ни ташкил этди.

Маҳсулот нархи

Havas тармоғи мева-сабзавотларнинг арзонлиги, яъни “нархлар пастлиги рейтинги”да етакчига айланди. Ундан кейин Baraka Market ва Маgnum ҳамёнбоплик бўйича рейтингдан жой олди. Иккала тармоқ ҳам бизнинг 2022 йил март ойида ўзказилган охирги аудитимиздан буён ўзининг нарх сиёсати борасида сезиларли даражадаги саъй-ҳаракатлари кўриниб турибди, улар рейтингнинг қуйи поғонасида эди.

Carrefour тармоғида нафақат мева-сабзавот маҳсулотлари ассортименти сезиларли даражада қисқарган, балки нарх сиёсати ҳам ёмонлашган, бу эса тармоқни нархлар рейтингида аутсайдерга айлантирди. Ушбу тармоқда Ўзбекистон пойтахти супермаркетлари орасида энг қиммат нархда  олма, тарвуз, банан, шафтоли, картошка, лавлаги, карам сотилаётгани аниқланди.

Аксарият мева-сабзавот позициялари учун ўртача чакана нархларда 2021 йилнинг июлига нисбатан сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Ўтган йилги ўта юқори нархлардан кейин сабзи ва лавлаги нархи пасайиш бўйича етакчи бўлди. Йил давомида ушбу турдаги маҳсулотлар нархлари мос равишда 58,2% ва 46,5% га пасайган. Бу йил ёзда Тошкент супермаркетларида ўтган йилга нисбатан нархи 45,4 фоизга пасайган анча арзон олмани ҳам учратиш мумкин. Бунга Ўзбекистон бозорига импорт қилинган олманинг рекорд даражада кўпайиши ҳам қўшимча фактор бўлди.

Нархлар ўсиши бўйича лидер сариқ пиёз бўлди — унинг нархи ўтган йилнинг июль ойига нисбатан 2,5 баробар ошди.  Шунингдек, ушбу даврда 70,9 фоиз қимматлашган оқ бошли карам кейинги ўриндан жой олди.

Умумий баҳо

Аудит натижаларига кўра, Маgnum тўрт мезон – бўлим сифати, нархлар, маҳсулот сифати ва  ассортимент бўйича умумий рейтингда етакчи бўлди. Тармоқда мева-сабзавот маҳсулотлари ва бўлимнинг энг юқори сифати, шунингдек, етарлича кенг ассортимент ва нисбатан арзон нархлар қайд этилди.  Иккинчи ўринни бизнинг аввалги лидер – Коrzinka тармоғи эгаллади.

Рейтингимизга киритилганидан буён биринчи марта Baraka Market тармоғи ўз нарх сиёсатини сезиларли даражада яхшилаган ҳолда бизнинг рейтингда аутсайдерликдан «ўртача» ўринга ўтди.

Рейтингимиз аутсайдерига кутилмаганда Bi1нинг “уй яқинида” форматидаги супермаркетлар тармоғи айланди. Фикримизча, мазкур тармоқ мева-сабзавот бўлимини ривожлантиришга етарлича даражада эътибор қаратмаяпти, ушбу тармоқ хусусий марка остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга кўпроқ урғу бермоқда. Бундай маҳсулотлар Ўзбекистон чакана савдоси тарихида биринчи бор чет давлатга экспорт ҳам қилинди.

Тошкент шаҳридаги супермаркетлар тармоқларининг жойлашуви

2022 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳридаги супермаркетларнинг жойлашув матрицасини кўриб чиқамиз ва уни 2022 йил март ойидаги натижалар билан солиштирамиз.

Havas тармоғи дискаунтерлар сегментида мустаҳкам ўрин эгаллади, бу унинг чакана савдо бозорида танлаган позициясига жуда мос келади. Шунингдек, нарх сиёсати ва тармоқни оптималлаштириш устида жиддий иш олиб борган Baraka Market тармоғи номақбул сегментдан дискауентерлар сегментига ўтди.

Маkro Express тармоғида нарх сиёсати нуқтаи назаридан ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилди, аммо ҳозирча тармоқ номақбул сегмент ва «Дискаунтер» сегменти оралиғидаги чегара позициясини эгаллаб турибди.

Cаrrefour ва Bi1 тармоқлари бўлим ва маҳсулотлар сифатининг ёмонлашуви туфайли «Премиум» сегментидан номақбул сегментга ўтди.

Маkro ва Аndalus тармоқлари «Премиум» сегментига ўтди ва рейтингнинг янги вакили Smart тармоғи ҳам у ерга жойлашди.

Коrzinka ва Asia.uz «Оптимум» сегментида тўхтади, Green Apple ва Маgnum тармоқлари ҳам уларга қўшилди. Magnum 2022 йилнинг март ойидан бошлаб, мева-сабзавот бўлимининг нарх сиёсатида сезиларли ижобий ўзгаришларни намоён қилди.

Анъанавий аудитимиз натижаларини сарҳисоб қилар эканмиз, шуни қайд этишни истардикки, ҳақиқатан ҳам, кўплаб тармоқлар мева-сабзавот бўлимининг нарх сиёсатини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Бу эса ўсиб бораётган рақобат муҳитида муваффақият омилидир. Яқин келажакда ўсиб бораётган рақобат шароитида ким муваффақиятли ривожлана олишини ва ҳар бир тармоқнинг танлаган стратегияси нечоғли тўғри эканини кўрамиз. EastFruit жамоаси, ўз навбатида, 2022 йилнинг куз фаслида навбатдаги аудит билан боғлиқ вазиятни тезкорлик билан акс эттиришга ҳаракат қилади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин