Бош саҳифаМева-сабзавот бозориЧакана савдо тармоқлари аудитиТошкент шаҳридаги супермаркетлар ўртасида рақобат кучаймоқда: 2022 йилнинг март ойидаги ритейл-аудит натижалари
ДолзарбМахсусЧакана савдо тармоқлари аудитиЯнгиликлар

Тошкент шаҳридаги супермаркетлар ўртасида рақобат кучаймоқда: 2022 йилнинг март ойидаги ритейл-аудит натижалари

EastFruit лойиҳа жамоаси   2022 йилнинг 17-18 март кунлари тўрт мамлакат шаҳарлари – Кишинёв (Молдова), Тбилиси (Грузия), Тошкент (Ўзбекистон), Душанбе ва Хўжанд (Тожикистон)даги супермаркетлар тармоғининг мева-сабзавот бўлимлари бўйича анъанавий аудит ўтказди.  Афсуски, Украинадаги вазият яна икки шаҳар – Киев ва Днепр (Украина)да аудит ўтказиш имконини бермади.

Тошкент шаҳридаги жамоа вакиллари 11 та супермаркетлар тармоғининг 32 та дўконида бўлишди. Булар – Маkrо ва Маkrо Express 24/7, Коrzinka, HAVAS, Green Applе, Аndalus, Cаrrefour, Baraka Market, Asia.uz, Маgnum ва Bi1 тармоқларидир.

Маgnum ва Bi1 супермаркетлар тармоқлари ритейл-аудитга биринчи маротаба киритилди. Уларнинг Ўзбекистонда фаолият бошлаши ва улкан режалари ҳақида қуйидаги материаллардан ўқиш мумкин: “Маgnum Ўзбекистондаги анъанавий бозорлар билан қандай рақобатлашмоқчи?” ва “Франциянинг «Вi1» тармоғи Ўзбекистон бозорида тез экспансияни режалаштирмоқда”.

Шунингдек, лойиҳанинг Ўзбекистон жамоаси Asia.uz тармоғи бўйича 2022 йил бошидан буён мониторинг ўтказмоқда.

2021 йилнинг март ойида биз фақат 8 та супермаркетлар тармоғини кўриб чиққан эдик, булар – Маkro ва Маkrо Express 24/7, Коrzinka, HAVAS, Green Apple, Аndalus, Cаrrefour ва Baraka Маrket тармоқларидир. Шундай бўлса-да, айрим вазиятларда рейтингларни ўтган йилги мониторинг билан солиштирамиз.

Аудит лойиҳанинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби анъанавий методология бўйича ўтказилди ва ушбу мақолада супермаркетлар тармоғига берилган баҳони батафсил кўриб чиқамиз.

Маҳсулотлар ассортименти

Cаrrefour тармоғи мева-сабзавот бўлимларидаги маҳсулот ассортименти бўйича етакчига айланди. Аммо, Cаrrefour пештахталарида сархил сабзавот ва меваларнинг ўртача сони 2021 йилнинг мартига нисбатан жуда оз даражада кўпайган – 0,9 фоиз.

Маҳсулот ассортименти бўйича рейтингдаги иккинчи ўринни бир йил аввалги етакчи – Коrzinka тармоғи эгаллади. Ушбу тармоқдаги ассортимент 2021 йилнинг март ойидан бери 9,9 фоизга камайган.

Ўтган йилнинг март ойидан буён HAVAS тармоғи мева-сабзавот бўлимидаги позициялар миқдорини 17,8 фоизга ошириб, мева-сабзавот маҳсулотлари ассортиментини кўпайтириш бўйича етакчиликка эришди.

Маkro Express ва Baraka  Маrket тармоқлари позициялар миқдори бўйича аутсайдер бўлди. Маkro Expressда маҳсулот ассортименти 2021 йилнинг март ойига нисбатан 16,8 фоиз камайган.

Baraka Market маҳсулот ассортименти бўйича рейтингнинг анъанавий аутсайдери ҳисобланади.  Ушбу тармоқнинг алоҳида дўконларидан энг кенг тарқалган маҳсулотларни ҳали ҳам топиб бўлмайди – лавлаги, карам, кўкатлар шулар жумласидандир.

Март ойидаги аудит давомида, ўтган йилгидек, супермаркетлар тармоғида узум мавжудлиги тахмин қилинган эди. Бу сафар биз уни 32 та дўкондан атиги 6 тасида (Green Apple, Аndalus, Asia.uz, Маgnum ва Bi1 тармоқлари) ёки аудит учун танлаб олинган жами дўконлар сонининг 19 фоизида (2021 йил март ойида 23%) учратишга муваффақ бўлдик.

Маҳсулотлар сифати

Тошкент шаҳридаги супермаркетларнинг мева-сабзавот бўлимларида маҳсулотлар сифати юқори даражадалигича қолмоқда. Тармоқлар ассортиментида 2022 йилнинг март ойида нуқсонли маҳсулотлар улуши 1,5 фоиздан ошмаган, 4 тармоқ – “Bi1”, “Маgnum”, “Аndalus” ва Baraka Marketда сифатсиз маҳсулотлар умуман учрамади.  Мониторинг пайтида нуқсонли маҳсулотлардан, кўпинча, қуйидагиларга дуч келдик: барча турдаги карам, апельсин, мандарин ва олма.

Asia.uz тармоғининг ностандарт ёндашуви қайд этилди – барча нуқсонли маҳсулотлар алоҳида позицияда, ягона арзонлаштирилган нархда жамланган.

Asia.uz

Бўлим сифати

Сархил сабзавот ва мевалар бўлими сифати бўйича рейтингнинг янги тармоғи Magnum «Информативлик» ва «Комфорт» тоифалари бўйича энг юқори балл тўплаган ҳолда етакчи бўлди. Бироқ, бунга сабаб, айни пайтда Тошкент шаҳрида тармоқнинг иккитагина дўкони мавжуд эканлиги ва бу мева-сабзавот бўлими сифатини таъминлаш вазифасини соддалаштириши бўлиши мумкин.

Маgnum

Asia.uz тармоғи “Мерчандайзинг/маҳсулот тақдимоти” ва “Комфорт”  тоифалари бўйича энг юқори балл тўплаган ҳолда бўлим сифати борасида рейтингнинг иккинчи қаторидан жой олди.

Рейтинг аутсайдери Makro Express тармоғи бўлди.  Тармоқда товарлар учун нарх белгилари йўқлиги ва мева-сабзавот бўлимининг  нотўғри жойлашуви (дўконга кираверишда эмас) қайд этилди.

Мева-сабзавот бўлимларининг информативлик даражаси аввалгидек, Тошкент шаҳар супермаркетларининг “заиф” нуқтасилигича қолмоқда. Масалан, агар “Комфорт” тоифасида тармоқлар олган энг юқори балл мумкин бўлган максимал 10 баллдан 8,5 балл (ўртача – 10 дан 6,8 балл)ни ташкил этган бўлса, “Мерчандайзинг” тоифасида энг юқори балл 10 дан 7,5 балл (ўртача 10 дан 6,0 балл)ни ташкил этган. «Информативлик» тоифасида эса нарх белгиларининг ўқилиши, маҳсулот ишлаб чиқарилган мамлакат тўғрисидаги маълумотлар, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотлар бўйича оқсашлар мавжуд – энг юқори балл 10 дан 6,5 баллгачани ташкил этди (ўртача – 10 дан 4,5 балл). Маҳсулотларнинг нарх белгиларида биз  ишлаб чиқарувчи мамлакат ҳақидаги маълуотни асосан тропик ва цитрус меваларда кўришимиз мумкин, аммо бошқа импорт қилинган маҳсулотларда ишлаб чиқарувчи ва маҳсулот етиштирилган мамлакат ҳақидаги маълумот ҳеч қаерда кўрсатилмаган.

Маҳсулотлар нархи

Asia.uz тармоғи мева-сабзавотлар арзонлиги бўйича етакчига айланди. Ушбу тармоқ Тошкентдаги барча супермаркетлар тармоқлари ичида энг арзон олма, апельсин, лавлаги ва сабзини таклиф қилмоқда. Унинг ортидан нархлар арзонлиги рейтингида аудитнинг аввалги таймерлари – Кorzinka ва Маkrо жойлашди. Коrzinkaда энг арзон мандарин (Покистонда етиштирилган), лимон (Туркия маҳсулоти) ва пиёз, Маkrода эса бодринг бор эди.

Мониторингнинг янги иштирокчиси – Маgnum тармоғи нархлар рейтингида аутсайдерга айланди.

2021 йилнинг март ойига нисбатан ўртача чакана нархларнинг сезиларли ўзгариши аксарият мева-сабзавот маҳсулотларида қайд этилди. Нархлар пасайиши бўйича банан етакчилик қилмоқда, унинг нархи ўртача 26,8 фоизга пасайган. Импорт  маҳсулотларининг нархи пасайишига, асосан, ҳукуматнинг октябрь ойида божхона тўловларини нолга тушириш тўғрисидаги қарори таъсир кўрсатди.

Нархлар ўсиши бўйича етакчи ўринни оқ карам эгаллади – унинг нархи 2,8 баробар ошган. Бу йил Ўзбекистондан карам экспорти рекорд кўрсаткичга етганини аввалроқ ёзган эдик. Бу мамлакат ички бозорида нархлар ўсишининг сабабидир.

Пиёз 2021 йилнинг март ойига нисбатан 90,3 фоизга қимматлашган. EastFruit таҳлилчилари бунинг сабабларини таҳлил қилишган.

2021 йилнинг октябрь ойидан бошлаб, Ўзбекистонга олма импорти ҳам божхона тўловларидан озод қилинган бўлса-да, ушбу маҳсулот нархи ўтган йилга нисбатан ўртача 51,4 фоиз юқорилигича қолмоқда. Ҳозирги вақтда сархил олманинг машҳур навлари бўйича улгуржи нархлар (ҳатто ўртача сифатлисининг ҳам) импорт қилинадиган цитрус мевалар ва банан нархларидан юқоридир.

Умумий баҳо

Тошкент шаҳридаги супермаркетлар тармоқларининг умумий рейтингдаги позицияси

Тошкент супермаркетларининг 2022 йил март ойидаги жойлашув матрицасини кўриб чиқамиз ва 2021 йилнинг ноябрь ойидаги натижалар билан солиштирамиз.

Baraka Market ва Маkro Express номақбул сегментда “паст сифат, юқори нархлар” билан ўзгаришсиз қолди, яъни, бу икки тармоқнинг мева-сабзавот бўлимлари ўз нарх сиёсати устида фаол ишлаши, сифат ва ассортиментни яхшилаши зарур. Шунингдек, аудит давомида “Barakа Мarket» тармоғи бошқа савдо тармоқлари билан рақобатга дош бера олмагани сабаб Тошкент шаҳридаги дўконлари сонини сезиларли даражада камайтирганини гувоҳи бўлдик.

Green Apple тармоғи «Оптимум» ва «Премиум» сегментлари оралиғидаги чегара позициясидан «Оптимум» ва «Дискаунтер» сегментлари оралиғидаги чегара позициясига ўтди. Бу  нархлар борасидаги ижобий силжишни кўрсатмоқда. Аммо, тармоқнинг мева-сабзавот бўлимларида сифат кўрсаткичлари пасайган.

Carrefour ҳали ҳам «Премиум» сегментида қолмоқда, унинг ёнидан бизнинг аудитимизга янги қўшилган – Маgnum ва Bi1 тармоқлари жой олди.

Маkro тармоғи «Премиум» сегментидан «Оптимум» сегментига қайтди.  Корzinka ва Asia.uz тармоқлари ҳам «Оптимум» сегментидан жой олди. Аndalus «Оптимум» сегментидан «Оптимум» ва «Премиум» сегментлари оралиғидаги чегара позициясига ўтди.

Анъанавий аудитимиз натижаларини сарҳисоб қилар эканмиз, шуни қўшимча қилмоқчимизки, Ўзбекистон чакана савдо тармоқларининг мева-сабзавот савдоси бозорида рақобат кучайган ва яқин келажакда унинг янада кучайишини кутиш мумкин. Шундай қилиб, мавжуд барча тармоқлар бозорда ўз позицияларини сақлаб қолиш ва истеъмолчилар талабларини қондириш учун кўпроқ ҳаракат қилишлари лозим. Биз, ўз навбатида, 2022 йилнинг июнь-июль ойларида ўтказадиган навбатдаги аудитимизда вазиятни тезкор тарзда акс эттиришга ҳаракат қиламиз.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин