Бош саҳифаМева-сабзавот бозориЧакана савдо тармоқлари аудитиТошкентдаги ритейл-аудит натижаларига кўра, Cаrrefour ўз позициясини бой берди, янги тармоқ эса лидерликни кўзламоқда (2021 йил, июль)
Долзарб Махсус Чакана савдо тармоқлари аудити

Тошкентдаги ритейл-аудит натижаларига кўра, Cаrrefour ўз позициясини бой берди, янги тармоқ эса лидерликни кўзламоқда (2021 йил, июль)

Беш мамлакатнинг саккизта шаҳри – Киев, Одесса, Днепр (Украина), Кишинёв (Молдова), Тбилиси (Грузия), Тошкент (Ўзбекистон), Душанбе ва Хўжанд (Тожикистон)даги супермаркетлар тармоқларининг мева-сабзавот бўлимлари бўйича анъанавий чораклик аудит ўтказилди. Ушбу вазифани 2021 йилнинг 8-9 июль кунлари EastFruit лойиҳаси жамоаси амалга оширди.

Тошкентда жамоа вакиллари 9 та супермаркетлар тармоғидаги 28 та дўконга ташриф буюришди. Мakro ва Маkro Express 24/7, Коrzinka, HAVAS, Green Apple, Andalus, Cаrrefour, Baraka Маrket ва Asia.uz кабилар шулар жумласидандир. Aудит бир вақтнинг ўзида лойиҳанинг бошқа мамлакатлардаги ҳам, бир хил методологияга мувофиқ амалга оширилди.

Asia.uz супермаркетлар тармоғи ҳар чоракда ўтказиладиган чакана аудитга илк бор киритилди, у ҳақида кўп нарса маълум эмас, чунки, тармоқнинг Интернетдаги саҳифалари деярли янгиланмайди ва расмий веб-сайти йўқ. Ушбу супермаркетлар тармоғи Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсида 4 йилдан зиёд вақт давомида ишлаётгани маълум, холос.

Сўнгги бир йил ичида бизнинг аудит супермаркетлар тармоқлари миқдори бўйича сезиларли даражада кенгайди. 2020 йилнинг июнь ойида фақат учта тармоқни кўриб чиққан эдик – Маkro, Коrzinka, HAVAS. Шунга қарамай, баъзан  рейтингларни ўтган йилги мониторинг билан таққослаймиз. Кейинчалик супермаркетлар тармоғини баҳолашни батафсил кўриб чиқиш таклиф қиламиз.

Маҳсулот ассортименти

Korzinka тармоқнинг мева-сабзавот бўлимида маҳсулот ассортименти бўйича етакчиликни сақлаб турибди. Шу билан бирга, Коrzinka пештахталарида янги сабзавот ва меваларнинг ўртача позицияси 2020 йилнинг июнь-июль ойларига нисбатан 3,4 фоиз камайди.

Рейтингнинг янги иштирокчиси – пештахталарида маҳсулотларнинг кенг ассортиментини тақдим этаётган Asia.uz тармоғи иккинчи ўринни эгаллади.

Илгари маҳсулот ассортиментида етакчи саналган Маkro супермаркетлар тармоғи олтинчи ўринни эгаллади. 2020 йилнинг июнь-июль ойларига нисбатан ассортимент қисқариши деярли 15%ни ташкил этди. Биз буни аввалги аудиторлик текширувимизга киритилган Тошкентдаги иккита энг йирик Маkro савдо шохобчалари – Samarkand Darvoza ва Compass савдо марказларида жойлашган мазкур тармоққа тегишли супермаркетларнинг ёпилиши билан боғладик.

Позициялар сони бўйича HAVAS ва Baraka Market аутсайдерга айланди. HAVASда 2020 йилнинг июнь-июль ойларига нисбатан маҳсулотлар ассортименти 3,1 фоиз камайди.

Baraka Market ҳали ҳам маҳсулот ассортименти рейтингида аутсайдер ҳисобланади. Баъзи дўконларда биз энг кенг тарқалган позицияларни топа олмадик, банан, лавлаги, сабзи, карам, бодринг шулар жумласидандир.

Аудит давомида Тошкент супермаркетларида резаворлар билан ишлаш борасида жиддий муаммолар борлиги аниқланди. Биз қулупнайни фақат 28 дўконнинг иккитасидан топдик (Asia.uz ва Коrzinka тармоқлари). Голубика Green Appleнинг фақат битта дўконида бор экан. Ваҳоланки, илгари уни Коrzinka ва Маkro тармоқларида тез-тез учратиш мумкин эди. Малина Andalus, Asia.uz, Korzinka ва Green Apple тармоқларининг 5 та дўконидан топилди.

Маҳсулот сифати

Дарҳол қайд этиш керакки, 2021 йилнинг июль ойида Тошкент супермаркетларидаги нуқсонли маҳсулотлар улуши у қадар катта эмас ва 0,2% дан 5,1% гача кўрсаткичдадир. Кузатув маҳали нуқсонли маҳсулотлар орасида,  кўпинча, қуйидагиларга дуч келдик: карамнинг барча тури, гилос, кўкат ва лимон.

Маkro тармоғи маҳсулот сифати бўйича етакчига айланди. У ердаги сифатсиз маҳсулотлар улуши атиги 0,2 фоизни ташкил этди. Сўнгги пайтларда Маkro  маҳсулотлар сифати бўйича сезиларли ютуқларга эришди, ташқи кўриниши бузилган маҳсулотларни зудлик билан пештахталардан олиб ташлаш орқали.

Бу сафар мева-сабзавот маҳсулотларининг сифати билан боғлиқ энг ёмон ҳолат  Baraka Market тармоғида кўзга ташланди. У ерда сифатсиз мева-сабзавотлар улуши 5,1 фоизни ташкил этди. Шуни таъкидлаш жоизки, мева-сабзавотларнинг кичик ассортименти мавжуд бўлган дўконларда, ҳатто битта нокондицион позиция оқибатида ҳам нуқсонли маҳсулотлар фоизи ошади, шунинг учун бундай тармоқларда маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Мева-сабзавотлар бўлими сифати

Сархил сабзавот ва мевалар бўлимининг сифат мезонига кўра, 2 нафар лидер аниқланди. Улар – Green Apple ва рейтингимизнинг янги аъзоси – Asia.uz тармоғидир. Ҳар иккала тармоқ ҳам дўконлар сони жиҳатидан кичик бўлишига қарамай, мева-сабзавот бўлими сифатига катта эътибор қаратади. Бошқа томондан олиб қаралса, кичик тармоқларда бўлим сифатини назорат қилиш катталарига қараганда анчайин осон.

Бизнинг собиқ лидеримиз Carrefourнинг позицияси сезиларли даражада ёмонлашди. Тармоқда, кўпинча, бўлим позициялари учун нарх белгилари етишмовчилигига дуч келинди.

Рейтингнинг аутсайдерлари –  Baraka ва HAVAS тармоқлари бўлди. Иккала тармоқда ҳам товарлар нархи туширилган ёзув етишмовчилиги ва мева-сабзавот бўлимининг нотўғри жойлашуви (дўконнинг кираверишида эмас) муаммоси мавжуд эди.

Маҳсулот нархи

Baraka Market дўконлар тармоғи, ниҳоят, «уй олдида» форматини оқлади ва мева-сабзавот маҳсулотларини паст нархларда таклиф этмоқда. Бундан ташқари, HAVAS дискаунтерлари тармоғида ҳам анча паст нархларни кўриш мумкин.

2021 йилнинг март ойида жуда арзон нархларни таклиф қилган Cаrrefour  нархлар рейтингида аутсайдерга айланди. Бошқа тармоқлар билан таққослаганда, Cаrrefourда мева-сабзавотлар нархи жуда баланд.

2020 йилнинг июнь-июль ойларига нисбатан ўртача чакана нархлардаги сезиларли ўзгариш мева- сабзавот позицияларининг аксариятида қайд этилган. Нархлар тушган ягона позиция – пиёз. Нархлар пасайиши ўтган йилга нисбатан 12 фоизни ташкил этди. Банан учун чакана нархлар йил давомида деярли ўзгармади. Қолган маҳсулотлар нархларининг сезиларли даражада кўтарилиши кузатилди. Хўраки лавлаги ва сабзи чакана нархларнинг ўсиши бўйича аниқ лидерга айланди. Ушбу маҳсулотлар учун чакана нархлар 2020 йилнинг июнь-июль ойларига нисбатан 3,5 баравар ва мос равишда 3,4 баравар ошди. EastFruit ушбу позицияларнинг Ўзбекистонда йилнинг шу даврига хос бўлмаган юқори нархлари сабаблари ҳақида ёзган эди. Олма нархлари ҳам сезиларли даражада ошди – 1,9 баравар ва бу, нархларнинг рекорд даражага кўтарилишига олиб келди.

Умумий баҳо

Тошкентда ўтказилган аудитимиз умумий рейтингида тўрт мезон бўйича илк бор икки супермаркет тармоғи бир вақтнинг ўзида етакчига айланди. Бу Green Apple ва рейтингимизнинг янги аъзоси – Asia.uz тармоғидир. Ушбу тармоқларда мева-сабзавот бўлимининг энг яхши сифати қайд этилган.

Тармоқ аудитининг доимий иштирокчилари Маkro ва Коrzinka мос равишда учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллади. Маkroнинг мева-сабзавот бўлимидаги товарлар энг яхши маҳсулот сифатини олди ва Коrzinka бўлим ассортименти бўйича етакчига айланди.

Бу йил март ойида ўтказилган аудитнинг етакчиси – Carrefour ўз позицияларини бой бериб, 9 имкониятдан атиги 6-ўринни ва стандарт форматдаги тармоқлар орасида сўнгги ўринни эгаллади.

Aжабланарлиси, рейтингда аутсайдерлар ҳам иккита бўлди. Улар Baraka Market ва HAVAS тармоғи бўлиб, ассортименти кам, мева-сабзавот бўлимидаги сифат бўйича ҳам сўнгги ўринларда.

Тошкентдаги супермаркетлар тармоғларини позициялаштириш

2021 йилнинг июль ойида Тошкентдаги супермаркетларни позициялаштириш матрицасини кўриб чиқамиз ва 2021 йилнинг март ойи натижалари билан таққослаймиз.

Келинг, ижобийсидан бошлайлик: бу сафар ҳеч бир супермаркет тармоғи “Исталмаган” сегментга кирмади. 2021 йилнинг март ойида ушбу сегментга Baraka Market ва Маkro Express кирган, аммо иккала тармоқ ҳам нарх сиёсати бўйича сезиларли иш олиб бориб, дискаунтерлар сегментидаги HAVAS тармоғига қўшилган.

«Премиум» ва «Оптимум» сегментларида рокировка бўлиб ўтди. Маkro ва Коrzinka «Оптимум» сегментига ўтишга муваффақ бўлди, Green Apple ва Cаrrefour, аксинча, «Премиум» сегментига ўтди. У ерда бизнинг янги иштирокчимиз – Asia.uz тармоғи ушбу тармоқлар билан бирга жойлашган. Қайд этиш жоизки, Маkro, Коrzinka, Green Applе, Asia.uz ва Andalus тармоқлари 2021 йилнинг июлида «Оптимум» ва «Премиум» сегментларининг деярли чегарасида жойлашган. Шунинг учун навбатдаги аудитнинг 2021 йил кузида ўтказилиши жараёнида вазият сезиларли даражада ўзгариши мумкин.

Aнъанавий аудиторлик текширувимиз натижаларини хулоса қилар эканмиз, келгусида Ўзбекистон чакана савдо тармоқларининг мева-сабзавот савдосидаги рақобат супермаркетлар тармоғи ривожига ижобий таъсир кўрсатишини кутмоқдамиз. Шундагина мева-сабзавот бўлими сифати, хусусан, унинг маълумотлилик даражаси ҳамда супермаркетларнинг Ўзбекистон учун ноанъанавий товар позициялари, масалан, резаворлар ишида айтишга арзигулик ютуқларни кўрамиз.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда киви етиштиришнинг ўзига хос хусусиятлари – тажрибали боғбон билан суҳбат

EastFruit

Шарқий Европада олмага бўлган талаб қониқарли эмас, лекин нархлар ҳозирча 2018/19 йилги мавсумдагига нисбатан баланд

EastFruit

Молдовада паст сифат туфайли пиёзнинг янги ҳосили нархи пасаймоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин