Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳон мева-сабзавот бозоридаги ўсиш тўлқинини «қўлга киритиш» ва инвестицион имкониятларни бой бермаслик учун нима қилиш керак? (I қисм, видео)
ВидеоДолзарбМахсусЯнгиликлар

Жаҳон мева-сабзавот бозоридаги ўсиш тўлқинини «қўлга киритиш» ва инвестицион имкониятларни бой бермаслик учун нима қилиш керак? (I қисм, видео)

Нега Ўзбекистон ўзига хос қулай иқлим шароити, сабзавот ва мева етиштириш борасида кўп асрлик анъаналарига эга бўла туриб, кўпинча, ушбу сектордаги катта имкониятлар ва трендларни бой бериб қўймоқда? Мева-сабзавот бизнесининг муваффақиятли ривожланишига нималар тўсқинлик қиляпти? Бугун Ўзбекистонда қайси экинларга сармоя киритиш истиқболли ҳисобланади?

Шу ва бошқа саволларга БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак “Ўзбекистон мева-сабзавот секторидаги энг яхши инвестицион нишалар” деб номланган миллий онлайн конференцияда жавоб берди. Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбир шу йилнинг  1 июнь санасида бўлиб ўтган эди. Тадбир ташкилотчиси – ФАО/ЕТТБнинг мева-сабзавот савдосини ривожлантириш лойиҳаси, EastFruit халқаро платформаси ва Fruit-Inform лойиҳаси.

Ўзбекистон учун муайян экин ёки мева-сабзавот бизнесидаги маълум бир сегментнинг сармоявий жозибадорлигини қандай аниқлаш мумкин? Биз EastFruit халқаро жамоаси билан ишлаб чиққан ва бир неча мамлакатларда синовдан ўтказган муаллифлик методологияси мавжуд. Методология универсал эмас – ҳар бир мамлакат учун алоҳида мослаштирилади, лекин унинг тамойиллари бир хил – ҳозирги кунда халқаро ва маҳаллий трендларни назарда тутган ҳолда инвестиция самарадорлигига таъсир қилувчи энг муҳим омилларни ҳисобга олишдир. Ўзбекистон учун биз кўплаб турли омилларни ҳисобга олдик. Масалан, ҳар бир экиннинг экспорт  имкониятлари ва истиқболларини баҳолашда 10 дан ортиқ омиллар ҳисобга олинди”, деди иқтисодчи ўз тақдимоти аввалида.

Андрий Ярмак Ўзбекистон ташқи савдо бозорларидан жуда узоқда жойлашганлиги, шу боис, ўта арзон маҳсулотларни экспорт қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлади: “Ўзбекистон юқори сифатли, яъни, истеъмолчи учун қимматли ва нархи баланд маҳсулотларни экспорт қилишга эътибор қаратиши керак. Бунинг учун бу ерда барча шарт-шароит мавжуд: ажойиб иқлим, жуда ҳам юқори сифатли маҳсулот етиштира оладиган меҳнатсевар маҳаллий аҳоли. Шундагина мамлакатнинг асосий камчилиги – қиммат ва узоқ логистика жиддий муаммо бўлмай қолади, чунки бу ҳолатда транспорт харажатларининг маҳсулот нархидаги улуши паст бўлади«.

Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг нетто-экспортёри бўлгани сабабли, жаҳон бозоридаги тенденцияларни ҳисобга олиши шарт.

Муайян бир маҳсулотга жаҳондаги талаб қанчалик тез ўсса, Ўзбекистон учун бу сегмент шунчалик истиқболли бўлади. Зеро, шу тарзда «тўлқин ичига сакраш» мумкин, яъни, бозор ўсса, у билан бирга ўсиш ва агар бозорда турғунлик юзага келса ёки ҳатто савдо тушиб кетса, маҳсулот нархи бўйича кескин рақобатга киришиш керак бўлади – бу ҳар қандай экспортёр ва инвестор учун исталмаган сценарийдир«, деди эксперт.

Ишчи кучи харажатлари улуши омилига келсак, бу ҳам муҳим жиҳатдир. Иқтисодчининг таъкидлашича, агар Ўзбекистондаги ишчи кучи нархи Германия, АҚШ ёки ҳатто Молдова ва Туркиядаги меҳнат харажатлари билан солиштириладиган бўлса, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар катта устунликка эга. Бинобарин, маълум маҳсулот ҳосилини етиштириш учун қанча кўп қўл меҳнати талаб қилинса, ушбу маҳсулот бозорида Ўзбекистон шунчалик афзалликка эришади. Тўғри, шуни инобатга олиш керакки, мамлакат тараққиёти, фуқаролар фаровонлиги юксалиб бориши билан бу афзаллик босқичма-босқич камаяди.

Экиннинг қандайдир тури, масалан, гилос ҳақида сўз борганида биз бу ҳақда умумий гапирмаймиз, яъни, хом ашё эмас, сифатли маҳсулотни назарда тутамиз. Гилос мисолида Ўзбекистон учун биринчи вазифа сифатли маҳсулот етиштиришни ўрганиш, яъни, асосий  бозорларда талабгир бўлиши мумкин бўлган истиқболли ва жаҳон бозорида оммабоп ҳисобланадиган навлардаги йирик мевали гилосларни етиштириш назарда тутиляпти. Кейин эса уни товарга айлантиришни ўрганиш керак, яъни, уни тўғри ва тез совута олиш, оптик саралаш линиялари ёрдамида калибр ва ранг бўйича саралаш, тўғри қадоқлаш ва, албатта, сифатни йўқотмаган ҳолда маҳсулотни харид қилгач, мамнун бўладиган, яхши нарх тўлайдиган ва яна янги буюртмалар билан қайтиб келадиган истеъмолчига етказиб беришни!

Шу сабабли, ҳар бир экин учун уни етиштириш технологиялари ва тажрибасини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Аммо, шуниси ҳам борки, кўпинча, сифатсиз маҳсулотлар етиштириш бўйича «совет» тажрибаси замонавий бозор талаблари нуқтаи назаридан ҳосилнинг инвестицион жозибадорлигига зарар етказади. Ҳозирги кунда интернет ривожи туфайли замонавий технологиялар ҳамда ёндашувлар ҳақидаги билим ва маълумотларга эга бўлиш анча осонлашди. Биринчи босқичда сизга мева-сабзавот бизнесининг маълум бир сегментини ривожлантиришда муваффақият қозонган Голландия, Чили, Польша, АҚШ сингари мамлакатлардан агроном ёллаш керак бўлиши мумкин, аммо бошқа барча маҳаллий мутахассислар ундан ўрганишлари керак бўлади. Ҳозир бу Ўзбекистон учун салбий омил, чунки сиз ўз мутахассисларингизни тайёрлашга сармоя киритишингиз керак, лекин бу тўсиқ эмас, чунки ҳатто хорижликлар бошчилигида ҳам Ўзбекистонда бошқарув ходимларини ўқитишнинг умумий нархи бошқа кўплаб мамлакатларга нисбатан паст бўлади. Бошқа томондан, юқори сифатли маҳсулот олиш товарлар нархини ошириш ва бу харажатларнинг ўрнини ортиғи билан қоплаш имконини беради«,  деди Андрий Ярмак.

Ўзбекистоннинг иқлим шароити – максимал даражада фойдаланиш керак бўлган афзалликдир. Бироқ, бу ҳар бир конкрет минтақа ва лойиҳа учун аниқланиши лозим, чунки бу сизга Худо томонидан берилган имтиёз ва унинг учун пул тўламайсиз. Ўзбекистонда шундай афзалликлар бор, улардан фойдаланиш зарур”, дея қўшимча қилди эксперт.

У Ўзбекистондаги сув билан боғлиқ вазиятдан ҳам жуда хавотирда эканини айтди.

Чуқурлиги 200 ва ундан ортиқ метрли қудуқлар мавжуд бўлиб, улардан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун катта ҳажмда сув чиқарилади. Айни пайтда мамлакатнинг ушбу «олтин захиралари»ни сарфлаб юбормаган ҳолда мавжуд сувдан янада оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ечим замонавий технологиялар, хусусан, сувни кўпроқ  тежаш ва юқори ҳосил олиш имконини берувчи ерости томчилатиб суғориш усулидан фойдаланиш бўлиши мумкин.

Бу масалага, албатта, эътибор қаратиш лозим, чунки, менимча, бу мамлакат хавфсизлигига таҳдиддир: 150-200 метр чуқурликдаги қудуқлардан сув чиқариб етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш билан сиз сувингизнинг «олтин захира”сини экспорт қиляпсиз. Ва айни дамда сабзавот ва меваларингизни жуда арзон сотяпсиз. Стратегик захираларни арзон сотиш эса яхши ғоя эмас”, дея тушунтирди Андрий Ярмак ўз позициясини.

Ички бозорнинг ўсиш истиқболларига келсак, Ўзбекистон аҳолиси кўплиги ва мукаммал демографик ҳолати туфайли улкан ички бозорга эга. Бу ҳам мамлакат учун сармоявий жозибадорлик нуқтаи назаридан катта афзаллик, чунки асос – ривожланган ички бозор бўлса, экспортни ривожлантириш анчайин осон. Зеро, экспорт ҳар доим ички савдодан кўра юқори даражадаги риск ҳисобланади.

Андрий Ярмак Ўзбекистондан экспорт қилинадиган энг истиқболли экинларни санаб ўтди. Ҳайрон қоласиз – улар орасида ўрик йўқ! Тафсилотлар мақоланинг иккинчи қисмида.

ФАО, ЕТТБ ва EastFruit ҳамкорлигида ташкил этилган ва 2022 йилнинг 1 июнь санасида ўтказилган “Ўзбекистон мева-сабзавот сектори – энг яхши инвестицион нишалар” деб номланган Миллий онлайн конференциянинг видеоёзуви:

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин