Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳон мева-сабзавот бозоридаги ўсиш тўлқинини «қўлга киритиш» ва инвестицион имкониятларни бой бермаслик учун нима қилиш керак? (II қисм, видео)
ВидеоДолзарбМахсусЯнгиликлар

Жаҳон мева-сабзавот бозоридаги ўсиш тўлқинини «қўлга киритиш» ва инвестицион имкониятларни бой бермаслик учун нима қилиш керак? (II қисм, видео)

Нега Ўзбекистон ўзига хос қулай иқлим шароити, сабзавот ва мева етиштириш борасида кўп асрлик анъаналарига эга бўла туриб, кўпинча, ушбу сектордаги катта имкониятлар ва трендларни бой бериб қўймоқда? Мева-сабзавот бизнесининг муваффақиятли ривожланишига нималар тўсқинлик қиляпти? Бугун Ўзбекистонда қайси экинларга сармоя киритиш истиқболли ҳисобланади?

Шу ва бошқа саволларга БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак «Ўзбекистон мева-сабзавот секторидаги энг яхши инвестицион нишалар» деб номланган миллий онлайн конференцияда жавоб берди. Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбир шу йилнинг  1 июнь санасида бўлиб ўтган эди. Тадбир ташкилотчиси – ФАО/ЕТТБнинг мева-сабзавот савдосини ривожлантириш лойиҳаси, EastFruit халқаро платформаси ва Fruit-Inform лойиҳаси.

Ўзбекистонда агробизнес юритишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида материалнинг биринчи қисмида ўқинг.

Спикер Ўзбекистоннинг иқлим шароити ҳамда сабзавот, мева, резавор ва ёнғоқларнинг жаҳон бозоридаги тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда инвестор учун даромад келтириши мумкин бўлган энг жозибадор экинлар ҳақида сўз юритди. Эътиборлиси, Ўзбекистон мева-сабзавотчилик тармоғига сармоя киритишдаги энг истиқболли йўналишларнинг илмий асосланган бундай рейтинги мамлакатда илк бор тақдим этилди.

Ушбу рейтингга кўра, ҳозирги кунда сармоя учун  5 та экин – гилос, голубика, сархил малина, кўкатлар ва  помидор энг истиқболли ҳисобланади. Уларнинг деярли барчаси анча юқори нархга эга ва мазкур турдаги экинларнинг деярли ҳаммаси учун Ўзбекистонда уларни етиштириш технологияларини ривожлантириш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Ва бу асосий муаммо ҳисобланади.

Гилос

Андрий Ярмакнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда гилос етиштиришнинг деярли барча технологиялари кенг кўламли бўлиб, йирик мевали гилоснинг суперинтенсив боғлари энг яхши истиқболга эга. Мутахассиснинг фикрича, бундай боғлар ҳозир етиштириладиган гилосдан 4-5 баробар ва ундан ҳам  қимматроқ, экспорт қилинадиган юқори сифатли гилос ҳосилини олиш имконини беради.

Ҳозир Ўзбекистон йилига 140-180 минг тонна гилос ҳосилини йиғиб, энг истиқболли бозор ҳисобланмиш Хитойга экспорт ҳажми умумий ҳосилнинг бир фоизига ҳам бормайди! Нега Ўзбекистон гилосни Хитойга экспорт қилишга рухсатномаси бўла туриб, бу маҳсулотнинг энг даромадли бозори (у ерда деярли ҳеч қандай рақобатчи йўқ), яъни, Хитойга гилос етказиб бермаяпти?!

Бунинг сабабларини мутахассис аниқ билади: “Чунки Ўзбекистонда жаҳон бозори, хусусан, Хитой бозори талаб қиладиган гилос тури, яъни, қиммат нарх тўланишига муносиб маҳсулот жуда кам етиштирилади. Шунинг учун гилос Ўзбекистон учун энг истиқболли экин деганда, мавжуд гилос ҳақида эмас, балки Ўзбекистонда етиштирилиши мумкин бўлган (йирик; калибр, ранг ва сифат бўйича сараланган; транспортировка жараёнида сифатини йўқотмасдан талабчан бозорларга етиб борадиган, яъни, тўғри совутилган ва қадоқланган) гилос ҳақида гапирмоқдамиз. Бироқ бундай гилос етиштириш учун Ўзбекистонда билим, технология ва малакали агрономлар етишмайди. Демак, ҳозир йўналтирилиши мумкин бўлган энг яхши сармоя оддий гилос дарахтларидан иборат улкан боғларни яратиш эмас, балки бозорда харидоргир – йирик калибрли гилосни етиштириш бўйича агрономларни ўқитишдир”.

Голубика

Ўзбекистонда инвестицион жозибадорлик бўйича иккинчи ўринда голубика (мамлакатда деярли етиштирилмайди ёки жуда кам ҳажмда етиштирилади) турибди. Лекин мамлакатда ушбу экинни жуда кам ҳажмда етиштирилиши ёки деярли етиштирилмаслиги ажабланарли, чунки голубика кўп йиллар давомида жаҳон мева-сабзавот бозорининг энг тез ривожланаётган сегменти бўлиб келмоқда, лекин негадир бу тенденцияни Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиёда умуман пайқашмаган! Энг қизиғи шундаки, Ўзбекистон ички бозорида голубиканинг нархлари бошқа мамлакатлардагидан бир неча баробар юқори. Аниқроғи, бу ерда ички талаб шаклланмоқда, лекин маҳсулот етиштириш даражаси анча ортда қоляпти. Шу боис, Ўзбекистонда голубикадан ҳозирча фақат маҳаллий импортёрлар ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар даромад олмоқда. Аммо ушбу турдаги мева Ўзбекистон жанубида иссиқхона шароитида етиштирилса, қишда ҳам уни экспорт қилиш мумкин. Ва умуман олганда, мамлакатдаги қулай иқлим ушбу резавор билан узоқ вақт давомида бозорда бўлиш имконини беради.

Сархил малина

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда етиштирилаётган малинанинг сифати жуда паст. У кўпроқ қайта ишлаш учун мос маҳсулот – сифат бўйича энг сўнгги синф, ҳатто музлатилгандан кейин ҳам фақат мураббо ёки шарбат ишлаб чиқариш учун қўллашга яроқлидир. Дарвоқе, ҳатто шу ҳолатда  ҳам уни етиштириш фермерлар учун жуда даромадли ва биз шундай малина экиладиган майдонлар доимий равишда кенгайиб бораётганини кўряпмиз.

Нега Ўзбекистонда истеъмолчилар малинани кам сотиб олади? Чунки у юқори сифат кўрсаткичларига эга эмаслиги ва ташқи кўриниши талабга жавоб бермаслиги, оптимал таъм сифатига эга бўлмагани учун бозор ва супермаркетларга деярли «етиб бормайди». Лекин агар ҳақиқатан ҳам, юқори сифатли малина етиштирилса, Ўзбекистонда ҳам юқори ҳосил, ҳам баланд нархларга эга бўлиш  ва ушбу резаворнинг ички бозорини сезиларли даражада кенгайтириш мумкин.

Сархил кўкатлар

Сархил кўкатлар инвестиция учун қизиқарли, биринчи навбатда, бу жуда кўп қўл меҳнати билан етиштириладиган қимматли маҳсулот. Қолаверса, “кўкат” дейилганда ўзбекистонлик истеъмолчилар унинг бир неча туринигина билишади, аслида, кўкатлар ассортименти жуда катта. Ва мазкур тоифа доирасида жуда кўп қизиқарли бозор нишалари мавжуд. Мамлакатда технология ривожланишининг даражаси билан савдога салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълум нюанслар мавжуд, аммо ҳозирча бу сегмент анча сиғимли ва экспорт учун имкониятлар мавжуд. Қолаверса, Ўзбекистоннинг иқлим шароити қишда ҳам очиқ майдонда кўкатлар етиштириш имконини беради, бу эса нарх жиҳатидан афзаллик деганидир. Бироқ, сифат бўйича ҳам афзалликларни излаш керак.

Иссиқхона помидори

Ўзбекистон иссиқхона помидорлари ассортиментини кенгайтириб, думалоқ қизил, транспортабеллиги юқори арзон нарх сегментидаги помидор етиштириш босқичидан ўтди. Бироқ, мамлакатдаги сабзавотчилик секторидаги мавжуд ассортимент ҳали ҳануз етарли эмас. Демак, помидор етиштириш ва унинг экспортини янада ривожлантиришда жиддий истиқболлар мавжуд. Ўзбекистоннинг ички бозори ҳам анча кенг ва ўсишда давом этмоқда. Шу билан бирга, мамлакат ушбу саноатнинг икки долзарб муаммосини зудлик билан ҳал этиши зарур:  иссиқхоналар экин етиштириш даврида узлуксиз газ таъминотидан кафолатли фойдалана олмаслиги ва иссиқхона хўжаликларининг аксарият қисмида олган кредитларини тўлаш билан боғлиқ муаммолар. Кредит муаммоси ўзбек валютасининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши, кредитлар долларда берилгани натижасида юзага келган.

Музлатилган сабзавот, мева ва резаворлар

Андрий Ярмак, шунингдек, музлатилган сабзавот, мева ва резаворлар Ўзбекистонда жуда истиқболли сармоявий ниша эканлигига эътибор қаратди: “Бу Ўзбекистон учун ажойиб имконият, чунки, биринчи навбатда, сизнинг логистикангиз жуда узоқ ва иқлимингиз мураккаб. Шунинг учун мева-сабзавот етиштиришда кўп йўқотишлар ва чиқитлар юзага келади. Музлатилган маҳсулотлар эса ҳатто икки йил давомида сақланиши мумкин. Фақат шуни эътиборга олиш керакки, бугун жаҳонда музлатилган маҳсулотларнинг юқори сифатлисига талаб тобора ортиб бормоқда. Музлатилган маҳсулотларнинг афзаллиги шундаки, уларни сархил сабзавот ва мевалардан фарқли ўлароқ, исталган масофага ва жаҳоннинг исталган нуқтасига экспорт қилиш мумкин. Қолаверса, сизда қуёш нури жуда кўп, бу эса юқори BRIX қийматларини олиш имконини беради, яъни, сиз сифат ва нарх бўйича қўшимча устунликка эга бўласиз”.

Мутахассис ўз тақдимотида Ўзбекистонда етиштирилаётган, бироқ халқаро талабларга жавоб бермайдиган ёки юқори сифатли уруғлик/кўчат/навлардан фойдаланиш ҳамда маҳсулотни замонавий усулларда етиштириш технологияларини жорий этиш ва уларга қатъий риоя қилган ҳолда даромад олиш мумкин бўлган қатор экинларни номлади. Ушбу рўйхатга сарсабил, хўраки узум, киви, иссиқхона қалампири, маймунжон, хандон писта, хурмо, эртаги олма (августгача пишиб етиладиган олма назарда тутилмоқда, чунки бу даврда бозорда рақобат бўлмайди), нок, шафтоли, музлатилган қулупнай, батат (ширин картошка) ва бодомни киритиш мумкин. Ва бу истиқболли инвестицияларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Андрий Ярмакнинг фикрича, сифат ва маркетингга таянилса, деярли барча экинлар Ўзбекистон учун қизиқарли бўлиши мумкин.

Хандон писта ва ёнғоқ

Андрий Ярмак ёнғоқ турларига алоҳида эътибор қаратишни маслаҳат берди. Хандон писта ва  ёнғоқнинг хар хил турлари Ўзбекистон учун жуда истиқболли ҳисобланади. Уларни етиштириш учун шароитлар Ўзбекистон ва жаҳондаги жуда кам мамлакатларда идеалдир ва бу имкониятдан фойдаланиш керак! Шунингдек, худди «музлатилган» маҳсулотлар сингари ёнғоқ ҳам узоқ вақт давомида сақланиши ва дунёнинг исталган нуқтасига етказиб берилиши мумкин. Бундан ташқари, ёнғоқ қиммат маҳсулотдир, шунинг учун қиммат логистика муаммо бўлмайди ва ёнғоқ боғи фермерларнинг бир неча авлодига даромад келтириши мумкин, бу эса  оилавий бизнеснинг истиқболини таъминлайди.

Киви

Ўзбекистон учун қизиқарли экинлардан яна бири киви. У ҳам 10 йилдан зиёд вақтдан буён жаҳондаги тренд экинлардан бири бўлиб келмоқда. Мутахассиснинг сўзларига кўра, Италияда кўплаб фермерлар узум плантацияларини киви плантацияларига алмаштирган ва бу уларнинг даромадларини кескин ошириш имконини берган. Шу билан бирга, киви етиштириш учун пергола керак бўлади (бу Фарғонада узум етиштириш усулига ўхшайди) ва технологик жиҳатдан хўраки узумни етиштиришдан унчалик фарқ қилмайди. Бироқ, бу ерда навларни ва уларнинг қишга чидамлилигини яхши таҳлил қилиш, шунингдек, бу экин учун оптимал микрозоналарни аниқлаш керак. Мисол учун, Грузия узоқ вақтдан бери саноат миқёсида киви етиштирмоқда, бу мевани ҳатто Япония ва Германияга юқори нархларда экспорт ҳам қилмоқда.

Анор ва ўрик

Рейтингдан жой олмаган, лекин Ўзбекистонда кўпчилик экаётган анор ҳам сармоя учун истиқболли экин бўлиши мумкин. Бироқ, ҳозирча технологик муаммолар жуда кўп ва улар саноат миқёсида анор етиштириш жараёнида қандай ҳал қилиниши аниқ эмас. Хусусан, аксарият ҳудудларда анор қишлаши учун кўмилади, акс ҳолда уни совуқ уриши эҳтимоли юқори. Шунингдек, замонавий анор навларининг сифатини пасайтирадиган зараркунанда ва касалликларга тааллуқли кўплаб масалалар ҳамда маҳаллий иқлимга мослашиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Аммо мамлакатдаги энг оммабоп экинлардан бири бўлмиш ўрик ҳатто топ-20 таликка ҳам кира олмади. Бунинг сабабини Андрий Ярмак қуйидагича изоҳлайди: “Биринчидан, ўрик анча арзон мева. Шунинг учун уни узоқ масофаларга экспорт қилиш қимматга тушади. Агар ўрикнинг юқори нарх сегментидаги эртаги навлари етиштирилса (масалан, иссиқхонада), бу экин жуда даромадли бўлиши мумкин.»

Маърузачи яна икки муҳим жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтди – экологик соф маҳсулот етиштириш ва иссиқхонада нафақат сабзавот, балки резавор, гилос ва данакли меваларни ҳам етиштириш масаласи. Органик маҳсулот – истиқболли йўналиш, аммо у анъанавий сабзавот ва меваларни етиштиришдан фарқли ўлароқ, юқори малакали мутахассисларни талаб қилади. Мамлакатнинг савдо бозорларидан узоқлиги ва кўпгина органик мева-сабзавотларнинг паст транспортабеллиги ҳисобга олинса, органик сабзавот ва меваларни қайта ишлаш сегментига эътибор қаратган маъқул. Иссиқхонага келсак, жаҳондаги айнан шу сегмент максимал даражада тез ривожланмоқда. Шу боис, Ўзбекистон қизиқарли ва даромадли тенденцияларни яна бир бор ўтказиб юбормаслик учун бу борада пайдо бўлаётган кўплаб нишаларга эътибор қаратиши керак.

ФАО, ЕТТБ ва EastFruit ташаббуси билан 2022 йилнинг 1 июнь санасида ўтказилган “Ўзбекистон мева-сабзавот секторидаги энг яхши инвестицион нишалар” деб номланган Миллий онлайн конференциянинг видеоёзуви:

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин