Бош саҳифаЯнгиликларУкраина малинаси илк бор АҚШ ва Канадага экспорт қилинди!
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Украина малинаси илк бор АҚШ ва Канадага экспорт қилинди!

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, бу йил Украинада резавор бизнеси учун катта воқелик юз берди – илк бор Украинада етиштирилган малинанинг музлатилган ҳолдаги йирик партиялари АҚШ ва Канадага экспорт қилинди.

Украина мева-сабзавот ассоциацияси (УМСА) бу мамлакат учун муҳим саналмиш мазкур битимнинг тафсилотларига ойдинлик киритди – малинанинг битта партияси Канадага юборилди. АҚШга эса малинанинг бир денгиз контейнери миқдоридаги партияси жўнатилди. Логистика тахминан бир ярим ой давом этди ва харидор етказиб берилган маҳсулот сифатидан қониқиш ҳосил қилди. Энди украиналиклар билан ҳамкорликни мунтазам давом эттириш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Ушбу воқеликнинг Украинада резавор етиштиришни ривожлантириш ва музлатишдаги аҳамияти қуйидаги омил билан изоҳланади: украиналик етказиб берувчилар маҳсулот сифати ҳамда логистика талабларига юқори даражада жавоб бера олди. Шунга кўра, украиналик малина экспортёри FDA (The United States Food and Drug Administration) сертификатидан муддатидан аввал муваффақиятли ўтди.

Бу тадбирнинг иккинчи муҳим жиҳати шундаки, Америка Қўшма Штатлари ва Канада анъанавий равишда импорт қилинадиган малина учун бошқа йирик импортёр-мамлакатларга нисбатан юқори нарх тўлайди. Бу эса Украина экспортёрлари учун маҳсулот сифатини яхшилашга сармоя киритишда яхши имкониятлар яратади. Табиийки, импорт нархи юқори бўлиши маҳсулотларнинг юксак сифат параметрларига боғлиқ. FDA эса етказиб берувчининг ҳисобидан ўз стандартлари ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни қайтармоқда ва муаммо ҳақидаги тўлиқ маълумотни, жумладан, экспортёр-фирма номини ҳам эълон қилади. Шунинг учун экспорт қилувчи мамлакат ва етказиб берувчи компания ўз обрўсини ўйласа, талабларга риоя қилиши зарур.

«АҚШ ва Канада жаҳонда музлатилган малинанинг энг йирик импортерлари ҳисобланади ва дунё миқёсидаги умумий импорт ҳажмида ушбу мамлакатларнинг улуши қиймат жиҳатидан қарийб 80 фоизни, жисмоний жиҳатдан эса қарийб 65 фоизни ташкил қилади. Бироқ, Украина анъанавий равишда музлатилган малинани, асосан, Польшага экспорт қилган. Польша жаҳоннинг бошқа мамлакатларига Украина малинасининг реэкспортидан яхши даромад олади. Шу маънода музлатилган малинани ушбу резаворнинг импорт нархлари юқори бўлган мамлакатларга тўғридан-тўғри етказиб беришга киришиш Украинада ушбу бизнесни янада ривожлантириш учун муҳим қадамдир. Зеро, бу ҳолда резавор музлатувчилар музлатилган малинани қайта ишлаш ва тозалашнинг технологик даражасини ошириши ва маҳсулот етиштирувчиларга юқори нарх тўлаши мумкин. Ўз навбатида, малина етиштирувчилар маҳсулот сифатини яхшилашга ҳаракат қилишади», – дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Биз Польшага резаворлар экспорт қилганда Украина неча миллион доллар йўқотиши ҳақида ёзган эдик. Бошқача айтганда, бу даромад Украина резаворларини реэкспорт қилаётган польшалик воситачиларда қолади. Бироқ, сўнгги йилларда Украинадан музлатилган малина экспортини диверсификациялашда ижобий тенденция кузатилмоқда. Хусусан, Украина малинасининг Германия, Франция, Италия ва Голландияга тўғридан-тўғри экспорти сезиларли даражада ошди. АҚШ ва Канаданинг музлатилган малина импорт қилувчи давлатлар рўйхатига кириши экспортни янада диверсификациялаш имконини беради. Айниқса, украиналик малина етиштирувчилар шу йилнинг ўзидаёқ, экин майдонларини сезиларли даражада кенгайтирмоқчи. Бу хусусда «Малина шов-шуви – 2» сарлавҳали мақоламизда ўқинг.

Шуниси қизиқки, УМСА ушбу муваффақиятли етказиб бериш туфайли ассоциация аъзолари билан сархил ва музлатилган сабзавотлар, мевалар ҳамда резаворлар экспорти бўйича савдо платформасини яратиш ва Украина супермаркетлари тармоғига кириш бўйича музокараларни тиклади.  Агар мазкур режалар амалга оширилса, бу Украинанинг экспорт бозоридаги ўрнини жуда ҳам мустаҳкамлаши мумкин. Бироқ, сўнгги вақтга қадар Украина экспортёрлари ўзаро келиша олишмади.

Қайд этиш жоизки, АҚШ музлатилган малинани, асосан, Чили, Мексика ва Сербиядан импорт қилади. Шу билан бирга, музлатилган малина экспорти бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллаган Сербия ушбу бозорни ўзининг устувор мақсадларидан бири ҳисоблаб, АҚШга резаворлар етказиб беришни фаол равишда оширмоқда. 2020 йилда Сербия АҚШга илк бор 10 минг тоннадан зиёд музлатилган малина экспорт қилган эди ва экспорт ҳажми бўйича деярли Мексикага етиб олган. Солиштириш учун айтадиган бўлсак, Польша АҚШга 2020 йили атиги 281 тонна малина экспорт қилган. АҚШга Польшанинг музлатилган малинаси экспорти динамикаси кетма-кет бир неча йил давомида салбийлигича қолмоқда – 2018 йили Польша АҚШга 400 тоннадан зиёд малина етказиб берган эди.

Канада музлатилган малинани Чили, Сербия, АҚШ ва Мексикадан импорт қилади. Сербия Канадага ҳам экспортни кўпайтирмоқда ва 2020 йилда музлатилган малинани рекорд ҳажмда – 6,8 минг тонна етказиб берди. Польша Канадага тахминан АҚШга етказгани каби музлатилган малина экспорт қилади.

Шунга кўра, музлатилган малина экспорти бўйича жаҳондаги беш йирик экспортёрдан бири бўлмиш Украина учун ушбу икки муҳим савдо бозоридан жой эгаллаш жуда муҳим. Бу, айниқса, 2022-2024 йилларда резаворларнинг барча турларини етиштириш ўсиши кутилаётган фонда айни муддаодир. Умид қилиш жоизки, нафақат резавор етиштириш ҳажми, балки унинг сифати ҳам ўсади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин