Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда банан истеъмоли юқори суръатлар билан ўсишда давом этмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда банан истеъмоли юқори суръатлар билан ўсишда давом этмоқда

2022 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 баробар кўп банан импорт қилди. Бундан ташқари, қайд этилган даврда ушбу маҳсулот импорти ҳажми кетма-кет иккинчи йил икки баробар ўсишни намоён этмоқда, дея қайд этди EastFruit таҳлилчилари.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг ўтган 10 ойи давомида Ўзбекистонга 112,3 минг тонна банан импорт қилинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 баробар кўпдир. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2021 йилнинг 10 ойида мамлакатга 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробар кўп банан импорт қилинган.

Юқоридаги диаграммадан кўриниб турибдики, 2020 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга банан импорти ҳажми 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга камайган. Коронавирус пандемияси билан тарихга муҳрланган 2020 йилга қадар Ўзбекистонда банан истеъмоли жуда тез ўсган, аммо COVID-19 ўсиш тенденциясини тўхтатиб қўйган эди. Бунинг ортида турган омиллардан бири вируснинг Хитойдан жўнатилган бананлардан юқиши ҳақидаги асоссиз миш-мишлар бўлди. Бундай миш-мишларда ҳеч бир мантиқ йўқ бўлишига қарамай,  Ўзбекистонда ушбу маҳсулот истеъмолига салбий таъсир кўрсатди.

Бироқ, статистик маълумотларга кўра, кейинги йилларда Ўзбекистонда ушбу маҳсулот истеъмоли ҳажми нафақат тикланган, балки юқори суръатлар билан ўсиб бормоқда. EastFruit мутахассислари бир неча бор қайд этганидек, бунинг асосий омилларидан бири мамлакатдаги банан савдосига жуда муҳим таъсир кўрсатувчи савдо нуқталари — супермаркетлар тармоғининг кенгайишидир.  Супермаркетлар учун банан жуда қулай маҳсулотдир, чунки, уни бутун йил давомида катта ҳажмда тўғридан-тўғри импорт қила олиш имонияти сабаб, бозордагидан кўра арзонроқ сотиш мумкин. Шу боис, банан Ўзбекистон супермаркетларида энг кўп сотиладиган мева ҳисобланади. Маkro (Ўзбекистон) супермаркетлар тармоғи томонидан ўтказилган онлайн сўров натижаларига кўра, ушбу тармоқнинг ҳар учинчи харидори бананни ўзининг севимли маҳсулоти деб атаган ва ушбу мевани харид қилмай туриб, дўконни тарк этмаслигини айтган. Шундай қилиб, мамлакатда супермаркетлар тармоғига тегишли дўконлар сони ортиши билан банан истеъмоли ҳам ортиб боради.

Мамлакат ҳукуматининг бананга нисбатан импорт божхона тўловларини ноль қийматга тушириш тўғрисидаги қарори  Ўзбекистонда ушбу маҳсулот истеъмоли ўсишига қўшимча рағбат бўлди. 2021 йилнинг октябрь ойи бошидан Ўзбекистонда ушбу маҳсулот импорти учун ноль ставка бўйича божхона тўлови тартиби амал қилмоқда. 2022 йилнинг 17 ноябрида мамлакат ҳукумати қарори билан банан ва цитрус меваларни олиб кириш бўйича божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати яна олти ойга узайтирилди.

Ўзбекистонга бананнинг асосий етказиб берувчиси — худди аввалги йиллардагидек Эквадордир. 2022 йилнинг январь-октябрь ойларида  ушбу маҳсулот импортининг 99,2 фоизи Эквадор ҳиссасига тўғри келади.  Импортнинг қолган қисми етказиб берувчи мамлакатлар ўртасида қуйидагича тақсимланган: Қозоғистон – 426 тонна;  Туркия — 197 тонна;  Ҳиндистон — 144 тонна;  Қирғизистон — 99 тонна.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистондаги корхонада брокколи карамидан пюре ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

EastFruit

Хитойда қулупнайга талаб ортиши туфайли ушбу турдаги резаворни етиштириш ҳажми ортмоқда

EastFruit

Андижонда тўрт қаватли бино томида иссиқхона барпо этилди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин