Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон янги мавсумда Россияга хурмо, олхўри, шафтоли ва қовун экспортини камайтирди
Долзарб Махсус Янгиликлар

Ўзбекистон янги мавсумда Россияга хурмо, олхўри, шафтоли ва қовун экспортини камайтирди

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, 2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Россия бозорига бир қатор мева ҳамда полиз маҳсулотларини етказиб беришни кескин қисқартирди.

2021 йил учун шафтоли, нектарин ва олхўри экспорти натижаларини ҳозирданоқ сарҳисоб қилиш мумкин, чунки, октябрь ойида бу турдаги меваларни Ўзбекистондан етказиб бериш, одатда, ё умуман бўлмайди ёки минимал даражада қолади. Шунингдек, одатда, сентябрь ойига келиб, ўзбек қовунининг асосий қисми аллақачон экспорт қилинган. Хурмо экспорти эса календарь йили охиригача давом этади, шунинг учун август-сентябрь ойларидаги маълумотлар экспортёрлар учун мавсум боши нечоғли муваффақиятли бўлганини таҳлил қилиш имконини беради.

Маълумки, 2021 йилда Ўзбекистондаги данакли мевалар баҳорги аёзнинг икки тўлқинидан жиддий зарар кўрди (боғни совуқдан қандай ҳимоялаш ҳақида бу ерда ўқинг). Шу сабабли, олхўри ва шафтоли экспортининг пасайиши қисман ҳосилдорлик пастлиги билан боғлиқдир.

Шунингдек ўқинг: Ўзбекистонга Покистон ва Эрондан импорт қилинган картошкаларда олтинранг ва нимранг нематодалар билан зарарланиш ҳолатлари тизимли равишда аниқланган

Россияга шафтоли ва нектарин экспорти 4 минг тоннага ёки 11% га  сезиларли пасайди. Мавсум давомида Ўзбекистон ушбу мевалардан 30,6 минг тоннани Россия бозорига экспорт қилди. Россияга ўзбек шафтолиси экспортининг камайиши Эрон ва Грузияга шафтоли ҳамда нектарин етказиб берувчи йирик давлатлар рейтингида Ўзбекистонга яқинлашиш имконини берди. Бу давлатлар етказиб беришни сезиларли даражада оширди. Бироқ 2021 йил охирига келиб, Ўзбекистон Россияга шафтоли етказиб берувчи иккинчи йирик экспортёрлигича қолиши эҳтимоли баланд.

Ўзбекистон мавсум давомида Россияга 7,2 минг тонна сархил олхўри экспорт қилди. Бу 2020 йилга нисбатан 2,2 минг тонна ёки 22 фоизга кам. Шундай қилиб, ўзбек олхўрисининг Россияга экспорти ҳажми кетма-кет учинчи йил қисқариб бормоқда. Бу Туркия учун Россия Федерациясига олхўри етказиб берувчилар рейтингида Ўзбекистонни четлаб ўтиш, Озарбайжон ва Эрон учун эса Ўзбекистонга яқинлашиш имконини берди.

Қовун бўйича Ўзбекистондан Россияга экспорт ҳажми 5,6 минг тоннага етди – бу 2020 йилга нисбатан 6 фоиз ёки 346 тоннага кам. Қозоғистон эса Россияга қовун экспортини 40 фоизга ошириб, 10,1 минг тоннага етказди ва асосий етказиб берувчига айланди. Россияга қовун экспортини янада кескин, бирданига тўрт баробар оширган Туркия бўлди, бироқ у ҳозирча Ўзбекистондан кейин учинчи йирик етказиб берувчилигича қолмоқда.

Ўзбекистон экспортёрлари учун хурмо мавсумининг бошланиши ҳам унчалик яхши бўлмади. Бироқ, тан олиш керак, нархлар 2020 йилга нисбатан юқори. 2021 йилнинг сентябрь ойида Россияга етказиб беришлар ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 23 фоизга кам. Август ойида эса экспорт деярли йўқ эди. Умумий экспорт атиги 3,1 минг тоннага етди, 2021 йилда Озарбайжон ва Эрондан Россияга 40 минг тоннадан ортиқ хурмо экспорт қилинди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

2021 йилнинг ўтган 11 ойида Ўзбекистонга картошка импорти 2020 йилги умумий кўрсаткичдан ошиб кетди

EastFruit

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги фаолияти учун 100 кг гача оғирликдаги дронлардан фойдаланишга рухсат берилди

EastFruit

Ўзбекистонда бир ҳафта ичида қовун нархи бир ярим баробар ошди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин