Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон Россияга сархил олхўри экспортини кўпайтириш имкониятига эга
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон Россияга сархил олхўри экспортини кўпайтириш имкониятига эга

EastFruit таҳлилчилари 2021 йилги мавсумда ўрик экспортининг ўта паст ҳажми ва Ўзбекистондан шафтоли экспортининг прогноз қилинаётган кескин пасайиши фонида яна бир данакли мева экспортини кўпайтириш имкониятларига эътибор қаратишмоқда. Бу, Россия бозорига сархил олхўри юборишдир. Россияга катта миқдорда олхўри етказиб берувчи Молдовада бу йил унинг эртаги навларини йиғиб олиш мавсуми икки ҳафтага кечикмоқда. Бундан ташқари, жорий мавсумда Ўзбекистонда олхўри нархининг 2020 ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан юқори бўлишига қарамай, у Россия олхўри бозорининг яна бир муҳим иштирокчиси бўлмиш Туркия экспортёрлари таклиф этаётган нархларга нисбатан тўлиқ рақобатбардошдир.

Россия ўзбек мева-сабзавотларининг асосий ва анъанавий экспорт бозори бўлиб, сархил олхўрининг жаҳондаги энг йирик импортёрларидан бири ҳисобланади. Сўнгги бир неча йил ичида ушбу мамлакат йилига 75 мингдан 80 минг тоннагача сархил олхўри импорт қилди. Ушбу маҳсулотни Россия бозорига энг йирик етказиб берувчиси – Молдова. EastFruit мутахассисларининг фикрича, сўнгги бир неча йил ичида Россия бозорига олиб келинган сархил олхўрининг умумий ҳажмидан 38 дан 48 фоизигача Молдова ҳиссасига тўғри келади. Молдовадан Россияга сархил олхўри экспорти июль ойи ўрталаридан бошлаб, ушбу меванинг эртаги навларини йиғиш бошланиши билан старт олади. Aммо, 2021 йилги мавсумда мамлакатда олхўрининг эртаги навларини йиғиш июль охири – август бошларида, ўтган йилга нисбатан камида икки ҳафта кеч бошланиши кутилмоқда. Қолаверса, эртаги олхўри ҳосили жуда юқори бўлиши кутилмаяпти.

Ушбу ҳолат Россия бозоридаги бошқа йирик иштирокчиларга сархил олхўри етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини беради, улардан бири Ўзбекистондир. 2017-2020 йилларга оид статистик маълумотларга кўра, Россия бозорига олхўри импортининг умумий ҳажмида Ўзбекистон улуши 15% дан 28% гача бўлган. Ўзбекистондан ушбу бозорга сархил олхўри экспорт қилиш мавсуми республиканинг жанубий вилоятларида эртаги навлар йиғиш бошланганда, яъни май ойида старт олади, фаол босқич эса июнь ойидан бошланади. Умуман олганда, қулай иқлим шароити туфайли олхўрини Ўзбекистондан Россия бозорига экспорт қилиш мавсуми Молдовага нисбатан 1,5-2 ой аввал бошланади.

2021 йилги мавсумда эса Молдовада олхўрининг эртаги навлари ҳосили одатдагидан кечроқ йиғиб олинаётгани сабабли, ушбу мамлакат экспортёрларининг Россия бозорига “кириб келиши” камида икки ҳафтага кечикмоқда. Бу, Россия олхўри бозорининг бошқа йирик иштирокчиси бўлмиш Ўзбекистон экспортёрларининг мазкур маҳсулотни кўпроқ ҳажмда етказиб бериш имкониятларини икки ҳафтага узайтиради дегани. Бироқ, ўрик ва шафтоли билан бўлгани каби, гап ушбу маҳсулот нархида, аниқроғи, унинг Россия бозорида рақобатдошлигидадир. Бошқа данакли мевалар сингари Ўзбекистондаги олхўри ҳосилига ҳам бу йилги об-ҳаво аномалиялари таъсир қилди – қиш фаслида ҳаво ҳароратини аномал исиб кетиши ва ундан кейин қаттиқ совуқлар кузатилди. 2021 йилнинг март ойи охирида мамлакатнинг жанубий қисмида олхўри ҳосилига етган зарар 70 фоизгача баҳоланган эди. Бу йили олхўри ҳосили ўтган йилларга қараганда паст, буни Ўзбекистонда олхўрининг амалдаги нархлари тасдиқлайди, зеро, нархлар ўтган йилларнинг шу даврига нисбатан бир неча баравар юқори. 2021 йил, 8 июль ҳолатига кўра, мамлакатнинг пойтахт бозорларида олхўри учун ўртача улгуржи нархлар кг учун 0,75 доллар даражасида. Ўзбекистон экспортёрлари ташқи бозорларга олхўри етказиб беришни FCA шартлари бўйича тахминан шу нархларда таклиф қилишмоқда.

Яхши янгилик шундаки, Россиянинг олхўри бозорида учинчи ўринни эгаллаган яна бир асосий иштирокчи Туркия экспортёрлари таклиф этаётган сархил олхўри нархлари ўзбекистонлик экспортёрлар таклиф этаётган нархлардан анча юқори. 8 июль ҳолатига кўра, Туркия экспортёрлари FCA шартлари бўйича 1 кг олхўрини 1,1 доллардан етказиб беришни таклиф қилишмоқда. Сўнгги йилларда Россияга сархил олхўри импортининг умумий ҳажмида Туркиянинг улуши 6% дан 18% гача бўлган.

Бундан ташқари, пасайиш тенденциясига қарамай, Россияда сархил олхўри учун ўртача улгуржи нархлар Ўзбекистондагидан тахминан 2,5 баравар юқори даражада сақланмоқда, июль ойи бошида нархлар кг учун 1,90-2,0 доллар бўлди.

Шундай қилиб, Молдова экспортёрларининг Россия бозорига камида икки ҳафтага кечикиб «кириши» ва ўзбек олхўрисининг амалдаги нисбатан рақобатдош нархлар ўзбекистонлик экспортёрлар учун Россияга етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришда қулай имконият яратмоқда.

Шуни қайд этиш жоизки, Ўзбекистондан сархил олхўрини ташқи бозорга етказиб беришдан тушадиган даромад миқдорини ўрик ёки шафтоли экспортидаги миқдор билан таққослаганда олхўри бўйича кўрсаткич ўрик ёки шафтолига қараганда анча паст. 2017 йилдан то 2020 йилга қадар сархил олхўридан экспорт даромади йилига 14 миллиондан 20 миллион долларгача бўлган. Шунга қарамай, 2021 йилги мавсумда Ўзбекистондан ўрик экспортининг ўта паст ҳажми ва шафтоли экспорти ҳажмининг сезиларли даражада пасайиши билан боғлиқ прогноз фонида олхўри экспорти бўйича вазият анча умидбахшдир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин