Бош саҳифаЯнгиликлар2021 йилги мавсумда Ўзбекистондан шафтоли экспорти кескин камайиши мумкин
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

2021 йилги мавсумда Ўзбекистондан шафтоли экспорти кескин камайиши мумкин

EastFruit мутахассислари шафтоли экспорти мавсуми бу даврда фаол бўлишига қарамай,  Ўзбекистондан экспорт жуда паст даражада эканлигини қайд этишмоқда. Уларнинг фикрича, ўзбек шафтолиси экспорти жорий мавсумининг тахминан бешдан бир қисми бой берилди, деб ҳисоблаш мумкин.

Шафтоли Ўзбекистон мева сегментида экспорт даромадларининг иккинчи муҳим манбаи бўлиб, сархил хўраки узумдан кейин иккинчи ўринда туради. Шафтолининг Ўзбекистондан экспорти июнь ойида –  республикада ушбу мевани оммавий йиғиб олиш билан бошланади. Йилдан-йилга ўзгариб турувчи об-ҳаво шароитларига қараб, ташқи бозорга йиллик жўнатмалар ҳажмининг 3% дан 16%игача июнь ойига тўғри келади. Сўнгги 5 йил ичида июнь ойида  Ўзбекистондан шафтоли экспорти ҳажми бир минг тоннадан бир неча минг тоннагача, 2020 йилда эса 12 минг тоннани ташкил қилди! Aммо, EastFruit мутахассисларининг фикрига кўра, бу йилги мавсумда июнь ойида шафтоли жуда кам партияларда ташқи бозорга жўнатилган.

Июль ойида Ўзбекистондан шафтоли экспорти фаол босқичга ўтади, бу ойда ташқи бозорларга жўнатилмалар ҳажми умумий йиллик экспорт ҳажмининг учдан бир қисмидан тортиб ярмигача тўғри келади. Aммо, бир неча кундан сўнг июль ойининг биринчи ўн кунлиги тугашига қарамай, шафтоли экспорти бўйича фаоллик йилнинг шу даври учун жуда пастлигича қолмоқда.

Шунингдек ўқинг: Россияда шафтоли йиғим-терими мавсуми бошланди

Aсосий сабаб, ушбу мавсумда Ўзбекистонда шафтоли нархи юқори эканлигидир. 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, республика пойтахтининг улгуржи бозорларида сифатли шафтолининг улгуржи нархи кг учун 18 000 сўмни ($1,7) ташкил этди, бу 2020 йилнинг шу санасига нисбатан тахминан 3 баравар, 2019 йилга нисбатан эса 4 баравар юқоридир. Таққослаш учун, ўзбек шафтолиси учун асосий ва анъанавий экспорт бозори – Россияда ушбу меванинг ўртача улгуржи нархи атиги 20 центга қимматроқ ва шу санада кг учун 1,9 доллар бўлган. Шу билан бирга, Туркиялик экспортёрлар шафтоли таъминотини FCA шартлари бўйича кг учун 0,90-0,95 доллар нархида таклиф қилишмоқда. Бундан ташқари, 2021 йилнинг июль ойи бошида Тожикистонда шафтолининг ўртача улгуржи нархлари Ўзбекистонга нисбатан 3 баравар, Грузияда эса 4,5 баравар паст бўлган. Шунга мувофиқ, ушбу мамлакатлар экспортёрлари шафтолини Россия бозорига Ўзбекистондан кўра анча паст нархларда етказиб бериши мумкин.

Ўз навбатида, Ўзбекистондаги шафтоли учун юқори нархлар 2021 йилги мавсумда ҳосил паст бўлганидан далолат бермоқда. Бунинг сабаблари жорий йил қиши ва эрта баҳорда Ўзбекистонда кузатилган об-ҳаво аномалияларидир. Тўғри, шафтоли экспорт қилувчи асосий ҳудудлар – Фарғона водийси ва Хоразм вилояти об-ҳаво аномалияларидан нисбатан камроқ зарар кўрди. Аммо Ўзбекистоннинг марказий зонаси ва жанубий қисмидаги шафтоли боғлари совуқдан катта зарар кўрган. Март ойи охирида мамлакатнинг марказий ва жанубий қисмларида об-ҳаво аномалияларидан шафтоли ҳосилига етган зарар 50% дан 70% гача баҳоланган эди.

2021 йилнинг июнь ойи ўрталарида EastFruit: «Россия бозорида Туркия билан рақобатлашиш учун Ўзбекистонда шафтоли нархи кескин пасайиши керак«, деб ёзган эди. Аммо республикада ушбу мева нархи ҳали-ҳануз сезиларли даражада юқори. Бошқа мамлакатлар, яъни Россия бозоридаги асосий рақобатчиларда мазкур меванинг нархи Ўзбекистондагидек қиммат эмас.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон шафтоли экспортини фаол ошириб бормоқда ва мамлакат 2018 йилдан буён жаҳондаги энг йирик экспортёрлар ўнталигига кирган. 2017 йилдан 2020 йилгача шафтоли экспорти қарийб икки баравар, яъни 43,1 мингдан 85,8 минг тоннагача ошди. 2020 йилда Ўзбекистон шафтоли экспортининг жисмоний ҳажми бўйича жаҳонда 5-ўринни ва қиймат жиҳатидан 8-ўринни эгаллади.

Шафтолини Ўзбекистондан оммавий экспорт қилиш муддати қарийб 100 кун давом этишини ҳисобга олсак, унинг бешдан бир қисми ўзбекистонлик экспортёрлар учун бой берилган, деб ҳисоблаш мумкин. Бинобарин, ўтган йилги натижаларга эришиш ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. 2021 йилги мавсумда шафтоли экспорти кўрсаткичлари унинг Ўзбекистон ва ташқи бозордаги нархларининг кейинги динамикасига боғлиқ бўлади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин