Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон 2022 йилда олма, банан, киви, цитруслар ва бошқа мевалар импортини кескин оширди
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистон 2022 йилда олма, банан, киви, цитруслар ва бошқа мевалар импортини кескин оширди

EastFruit таҳлилчиларининг хабарига кўра, Ўзбекистон 2022 йилда мева ва ёнғоқлар импорти ҳажмини кескин оширган, шу билан бирга, ушбу турдаги маҳсулотларнинг нетто-экспортёрилигича қолган. Хусусан, 2022 йилнинг 10 ойида мамлакатга мева импорти ҳажми рекорд даражадаги 90 миллион долларга етди, бу 2021 йилнинг шу давридаги импортга нисбатан 2,1 баробар, 2020 йилнинг январь-октябрь ойларидаги импортга нисбатан қарийб уч баробар кўпдир.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмакнинг фикрича, импортнинг бундай юқори суръатларда ўсиши, қисман, Ўзбекистонда халқаро савдони либераллаштириш давом этаётгани билан изоҳланади. Хусусан, яқинда цитрус мевалар ва банан ҳамда бошқа бир қатор маҳсулотлар импорти учун ноль қийматдаги божлар муддати яна бир бор узайтирилди.

Импортнинг кескин ошишига яна бир сабаб, 2021 йилда олма ҳосилининг муваффақиятсизликка учрагани ва 2021-2022 йилларнинг қишки мавсумида унинг нархи кескин ошиши бўлди.  Учинчи сабаб – мамлакат аҳолиси сони жадал ўсиб бораётгани ва Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари давом этаётгани ҳамда 2022 йилда мамлакатга келган хорижликлар сони ортишидир. Тўртинчи сабаб, албатта, импорт қилинган мевалар савдосида энг фаол ҳисобланадиган озиқ-овқат чакана савдосининг давом этаётган динамик ривожланиши«, дейди Андрий Ярмак.

Шу билан бирга, эксперт импорт ўсишида ижобий жиҳатлар кўпроқ, деб ҳисоблайди: “Импорт қилинадиган маҳсулотлар маҳаллий фермерларга бироз босим ўтказади, аммо бу босим у қадар кучли эмас. Зеро, Ўзбекистон меванинг нетто-экспортёрилигича қолмоқда ва 2022 йилда мева экспорти ўсишда давом этди. Импорт маҳсулотлари ташқи кўринишидан қадоқланишига қадар янги, юқори сифат стандартларини намоён этмоқда, бу маҳаллий маҳсулот етиштириш, унга ишлов бериш ва логистика борасида сифат ўзгаришларига олиб келади. Бундан ташқари, импорт истеъмолчи учун ҳамёнбоп маҳсулотлар ассортиментини кенгайтириш ва уларнинг нархини пасайтириш имконини беради. Негаки, Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳамон куздан баҳоргача –  мева-сабзавот маҳсулотларига Шарқий Европа мамлакатлари (Украина, Молдова, Грузия каби мамлакатлар) истеъмолчиларига нисбатан қимматроқ нарх тўлашмоқда. Ва фақат ёз фаслида мамлакатда мева-сабзавот нархлари даражаси рақобатбардош бўлади.

Табиийки, импорт билвосита экспортга ҳам, фермерлар даромадига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, чунки, юқори сифат стандартлари маҳсулотларни талабчан бозорларга юқори нархларда сотиш учун кўпроқ имкониятлар эшигини очади”, дейди ФАО иқтисодчиси.

Агар мева ва ёнғоқлар савдоси кўрсаткичларига қайтадиган бўлсак, 2022 йилнинг 10 ойида экспорт ҳажми импортдан 5,6 баробар ошган. Мева импортининг деярли ярми банан улушига тўғри келди. Ўзбекистонга банан импорти январь-октябрь ойларида қиймат жиҳатидан 2,2 баробар, жисмоний жиҳатдан эса 90 фоизга ошиб, ойига 11,2 минг тоннага етди (бу ерда батафсилроқ).

Ўзбекистонга олма импорти энг кескин ўсди – қиймат бўйича 4,6 баробар ва жисмоний жиҳатдан 5,8 баробар. Импортёрлар 10 ой давомида 10,6 миллион долларлик 25,3 минг тонна маҳсулот импорт қилган. Ўзбекистоннинг энг кўп “импорт қилинадиган” мевалари рейтингида мандарин ва апельсин учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллади, уларнинг импорти ўрта ҳисобда икки баробар ошди.

Ҳисобот даврида Ўзбекистонга нок импорти 65 фоиз, киви импорти 2,2 баробар, лимон импорти 5 баробар, ананас импорти 80 фоиз ошди. Деярли барча экзотик мевалар импорт ўсишининг жуда юқори динамикасини кўрсатди.

Бананнинг асосий етказиб берувчисилигича қолган Эквадордан ташқари, Эрон, Туркия, Покистон, Хитой, Миср, Польша ва Озарбайжон ҳам Ўзбекистонга мева етказиб бериш ҳажмини кескин оширди. Афғонистон Ўзбекистонга қуритилган мевалар етказиб беришни, Молдова ва Украина эса сархил олма экспортини кўпайтирди. Эрон ва Туркиядан Ўзбекистон энг кенг ассортиментдаги мева ва ёнғоқларни импорт қилган.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин